UzPoster
9 сентябр 2019

Ёки инвестор қўрқяпти, ёки кимдир арзон олмоқчи

Ўзбекистоннинг энг машҳур меҳмонхонаси анча арзон нархда сотувга қўйилганига бир неча ой бўлганига қарамай, шу пайтгача унинг харидори топилаётгани йўқ.

Аввалига 33 миллион долларга савдога қўйилган “Ўзбекистон” меҳмонхонасининг нархи сентябрь ойига келиб 8,4 миллион доллар арзонлашди. Аммо унинг шу нархда ҳам сотилиши гумон бўлиб турибди. 

Ҳозир бу меҳмонхона “Otel O‘zbekiston” қўшма корхонасига тегишли. Унинг 80,13 фоиз улуши давлатга қарашли. Савдога айнан шу улуш қўйилган.  

Уни сотиб олганлар 99 йил муддатга “Ўзбекистон” мажмуаси бинолари ва унга қарашли майдонда жойлашган инфратузилма объектларидан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритади. 

Шунингдек, янги хўжайин бинонинг ташқи кўринишини ўзгартирмаслик ва ўн йил давомида унинг ҳозирги фаолият турини сақлаб қолиш мажбуриятини олиши керак. 

Савдо шартларига кўра, меҳмонхонанинг янги эгаси унинг қийматини уч йил давомида тўлаши ва уни модернизация қилиш учун 100 миллиард сўм, яъни 10,6 миллион доллар инвестиция киритиши керак. 

Иқтисодчи, инвестициялар бўйича таҳлилчи Ўроз Ҳайдаров “Элтуз” билан суҳбатда Ўзбекистондаги энг машҳур ва, айтиш мумкинки, энг гавжум меҳмонхонанинг нархи бунчалик тез ва катта миқдорда тушириб борилишига шубҳа билан қараётганини билдирди. 

Унинг таъкидлашича, ҳукуматнинг давлатга қарашли ортиқча активларни хусусий инвесторларга бериш қарори жуда тўғридир. 

Аммо у “Ўзбекистон” меҳмонхонасини тезда қутулиш керак бўлган давлат активлари сирасига киритмаслигини айтади. 

“Билишимча, тўрт юлдузли “Ўзбечка” (меҳмонхонанинг халқ орасида кенг тарқалган номи- таҳ.) нафақат Тошкентдаги, балки бутун Ўзбекистондаги шу тоифадаги энг кўп мижоз келадиган отель ҳисобланади. Шунинг учун унинг баҳоси жуда тез пасаяётгани шубҳа уйғотмай қолмайди.

Эътибор беряпсизми, меҳмонхонанинг нархи аввалига 33 миллиондан 29,7 миллионга туширилган эди. Орадан кўп вақт ўтмай, нарх 24,7 миллион долларгача пасайди. Бундай актив учун нарх жуда ҳам тез арзонлашяпти”, дейди таҳлилчи.

Ҳозир Ўзбекистонда туризм энг жадал суръатларда ривожланаётган соҳа ҳисобланади. Мамлакатга келаётган сайёҳлар сони тобора ошиб бормоқда. 

“Аслида бундай шароитда туризм инфратузилмаси объектлари нархи ошиб бориши керак, – дейди таҳлилчи Ўроз Ҳайдаров. – Биз эса тескари жараённи кўряпмиз.

Бу ўринда иккита хулосага келиш мумкин. Биринчи хулоса шуки, инвесторлар ҳали ҳам Ўзбекистонга сармоя ётқизишга ишонч билдираётгани йўқ.

Иккинчи хулоса эса бозор иқтисодиётига ўтаётган давлатларга хос коррупцион схемаларга бориб тақалади. Яъни кимлардир шундай қимматбаҳо объектни арзонроқ нархда олиш учун ўйин қилмоқда”.

“Ўзбекистон” меҳмонхонаси бўйича навбатдаги савдолар 16 сентябрда ўтказилиши режалаштирилган. Ҳозирда бир неча харидор давлатга қарашли бу активга қизиқиш билдираётгани маълум қилинмоқда.

“Агар шундай ҳам арзон нархда савдога қўйилган меҳмонхона бу сафар ҳам сотилмаса, биз айтган иккинчи хулосада жон борлиги янада ойдинлашади”, дейди инвестициялар бўйича таҳлилчи Ўроз Ҳайдаров “Элтуз” билан суҳбатда.

“Элтуз”нинг Ўзбекистондаги ҳамкори

Тағин ўқинг
17 феврал 2021
Бу Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида яшовчи ночор оиланинг уйи. Бу уйда Норбек хотини ва икки боласи билан яшайди. У ...
20 апрел 2019
Кўплаб манбаларда Муҳаммад CАВ туғилган кунлари турлича талқин қилинади, бироқ саҳиҳ дея аталган кўп манбаларда 571 йилнинг 20 апрели ...
23 феврал 2020
Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 2019 йилги пахта йиғим-терими даврида мажбурий меҳнатдан фойдаланишга йўл қўйганлиги туфайли маъмурий жавобгарликка ...
19 октябр 2015
Элтуз манбаларига кўра, туман бўйича ҳозирча учта мактаб ўқувчиларининг пахта теримига чиқарилгани ҳақида аниқ маълумотлар бор. Булар Олтинкўл тумани, ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...