• Фото: Podrobno.uz
Асосий мавзулар
28 октябр 2019

Ўзбекистон жиддий қуролни илк бор амалда синамоқда

Ўзбекистон ҳарбийлари илк бор бор ҳаво ҳужумидан мудофаага мўлжалланган FD-2000 ракеталарининг амалий синовларини ўтказмоқда

Мазкур синовлар Қашқадарё вилоятида жойлашган ҳаво ҳужумидан мудофаа ва ҳарбий ҳаво кучлари қисмлари иштирокида ўтказилаётгани мамлакат бу зенит ракета мажмуаси (ЗРМ) айнан жанубий ҳудудлар мудофаасини кучайтиришга мўлжалланаётганига ишорадир. 

Хитойда HQ-9 (HongQi-9, “Хунци-9”, “Қизил байроқ-9”) номи билан аталадиган бу қурилма хорижга FD-2000 номи остида экспорт қилинади.

FD-2000 Россиянинг С-300 типидаги худди шундай мажмуа асосида яратилган. Аммо унинг имкониятлари, баъзи манбаларга кўра, оригиналидан кўра анча паст.

Шунга қарамай, “Элтуз” билан суҳбатлашган манбанинг билдиришича, бу ЗРМ анча жиддий қурол ҳисобланади. 

У 30 км.гача баландликдаги нишонни ура олади, қўллаш масофаси эса 200 километргача етади. Ракетасининг оғирлиги 1300 кг, унинг жанговар каллаги эса 180 кг.дир. Бу ЗРМ бир вақтнинг ўзида 100 тагача нишонни кузатиб, 8 тасига зарба бера олади. 

“Ўзбекистоннинг бу ЗРМни сотиб олиши марҳум президент Ислом Каримовнинг сиёсий капризлари билан боғлиқ, – дейди “Элтуз” манбаси. – Мамлакатимиз Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)дан чиққанидан кейин Каримов Россияга қурол таъминотида ҳар доим муқобил йўл борлиги кўрсатиб қўйиш мақсадида Хитойдан шундай қурилма сотиб олишга қарор қилган эди”.

Баъзи маълумотларга кўра, Ўзбекистон КХШТдан чиққанидан кўп ўтмай, 2013 йилдаёқ бу ЗРМни харид қилиш бўйича шартнома тузган. Мамлакат бор-йўғи битта дивизион ЗРМ сотиб олган.

Шунингдек, бундай қурилмани Туркманистон ҳам сотиб олгани тўғрисида маълумотлар бор. Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, қўшни мамлакат бу қуролини имкони бўлди деганча кўз-кўз қилишдан бўшамаган. 

Ўзбекистон Хитойдан FD-2000 сотиб олгани ва уни жанговар сафга қўшгани тўғрисида илк маълумотлар 2018 йилда пайдо бўлганди. 

Ўшанда Чирчиқдаги полигонда амалдаги президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Ўзбекистоннинг МДҲнинг бирлашган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига кирувчи қисмлари томонидан ҳарбий машқлар ўтказилгани ҳақида хабарлар эълон қилинганди. 

2018 йилда бу ЗРМ Тошкент яқинидаги жойлаштирилганига доир маълумотлар ҳам юзага чиққанди. 

“Лекин бу қурилма билан илк амалий машғулотлар Қашқадарёда жойлаштирилган ҳарбий қисмлар иштирокида ўтказилаётгани унинг айнан шу ҳудудда жойлаштирилиши ёки жойлаштириб бўлингани эҳтимолидан дарак беради”, дейди “Элтуз” манбаси.

Яқиндагина Россия Тожикистонда ўзининг С-300 зенит ракета мажмуаларини жойлаштирди. У Россиянинг ушбу мамлакатдаги ҳарбий базасининг таркибий қисми бўлади. 

“Россия жанубда собиқ СССР давридаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини деярли тиклаб бўлди,- дейди “Элтуз” манбаси. – Энди Тожикистонда С-300 бор. Ўзбекистон ва Туркманистон эса унинг муқобили бўлган FD-2000 ни жанговар постга қўйди. Ҳеч шубҳа йўқки, улар МДҲнинг ҲҲМ бирлашган тизими таркибида ишлайди”.

Унинг фикрича, ушбу ЗРМлар собиқ иттифоқнинг жанубий чегараларини ҳимоялаш учун етарлидир. Чунки асосий хавф туғиладиган Афғонистон томондан авиация ва ракеталар иштирокида жиддий таҳдид ҳозирча йўқ.

“Аммо келажакда Ўзбекистон Россиядан янги авлод зенит ракета мажмуаларини сотиб олмайди, деб ўйлаш хатодир. Янги қурилмалар Ўзбекистоннинг мудофаа қудратига ишончни янада мустаҳкамлаш учун ҳам керак”, деди “Элтуз” манбаси.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
26 январ 2024
Май ичсанг, оқилу доно билан ич, Ёки бир гул юзли зебо билан ич. Оз-оз ич, гоҳ-гоҳ ич, ё яширин ...
24 март 2017
23 март куни футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг саралаш босқичида Ўзбекистон терма жамоаси Сурияга ютқазди. Анча суст кечган ўйин якунида ...
18 апрел 2018
Имомларга ва мусулмонлар диний идорасининг уй-жойга муҳтож ходимларига намунавий уйлар бепул берилади. Президент 16 апрелда имзолаган “Диний-маърифий соҳа фаолиятини ...
10 май 2018
Очиқ манбалар бўйича суриштирув ўтказувчи Open Source Investigations (OSI) журналистлар гуруҳи Иноятовлар оиласининг навбатдаги йирик сармоясини топди. Санкт-Петербургдан 30 ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...