Асосий мавзулар
25 сентябр 2024

Вақт машинаси: Ёш хиваликлар ва Исломхўжа

Саид Муҳаммад Раҳимхон II Россия империясига ўз юртини бой берган Хиванинг охирги ҳукмдори эди. Аммо тан олиш керак, у ҳар ҳолда амир Музаффар ва Худоёрхондан кўра анча дурустроқ подшо эди. 

Маърифатли хон Хивада маданият, адабиёт ва санъатнинг гуллаб-яшнашига эътибор қаратган. Бежиз бу диёрда Комил Хоразмий, Аваз Ўтарлар камол топмаган эди. 

Хоннинг ўзи ҳам Феруз тахаллусида ижод қилган. Айнан Ферузхоннинг қарори билан Исломхўжадай буюк давлат арбоби бош вазирликка тайинланган. 

Исломхўжа ва бевосита хоннинг ўзи ҳам ислоҳотлар тарафдори эди. Исломхўжа Туркистонда куртак ёзаётган жадидчилик ҳаракатининг Хоразмда шаклланишига, қанот ёзишига кенг йўл очиб беради. У замонасининг буюк иқтидор эгаси эди. 

Кексайиб бораётган хоннинг ўрнига валиаҳд тайёрлаш ва келажакда хонликка кўтариладиган шахснинг маърифатли, иқтидорли бўлишини ўйлаб, бутун умидини шаҳзода Асфандиёрга тикади. 

Асфандиёрхон рус-тузем мактабида ўқитилади. Улғайгач, Москва ва Петербургга саёҳатга юборилади. Асфандиёрхон Европа тараққиёти билан танишиб, худди Исломхўжа каби илғор янгиликларга интилувчи, Хоразмда жадидчиликка кенг йўл очувчи, халқаро сиёсат билан қизиқувчи шахс бўлиб етишади. 

Айнан Асфандиёрхон ва унинг устози – бош вазир Исломхўжа даврида давлат ишларига етук шахслар, жадидлар жалб қилинади. Исломхўжа, Комил Хоразмий, Бобоохун Салимов раҳбарлигида Хивада капиталистик муносабатлар, ишлаб чиқариш, саноат индустрияси куртак очиб, тараққий қила бошлайди. 

Худди Бухородагидек, Хивада ҳам ёш хиваликлар – жадидлар ҳаракати пайдо бўлади. Рус чоризмига қарши курашаётган рус зиёлилари, рус талабаларининг ҳам ёш хиваликлар ҳаракати шаклланишида озми-кўпми роли борлигини тан олиш керак. 

Масалан, 1898 йилда рус талабалари Кисляков, Андреев ва Сафонов Россиядан Хивага сургун қилинади. Уларнинг таъсирида шаклланган бир қанча ёш хиваликлар кейинчалик Хоразм большевиклар партиясининг ўзагини ташкил қиладилар. Шулардан энг машҳури Полвонниёз Юсупов эди. 

Ёш хиваликлар Россиядаги жадидлар билан ҳам муттасил алоқада бўлиб турадилар. 1905 йилда Нижний Новгород шаҳрида Холисжон Борудий раҳбарлигида татар зиёлиларининг таъсис мажлиси бўлиб ўтади. Мажлисда Туркистон, хусусан, Хоразм жадидлари билан алоқаларни йўлга қўйиш вазифалари белгилаб олинади. 

Татар зиёлилари Тавфиқ Биккулин, Юсуф Аҳмедов каби атоқли педогогларни Хивага юборадилар. Хоразм жадидлари хонлик ҳудудида ўзларининг 8 та мактабини очишга муваффақ бўладилар. 

1904 йил 10 ноябрь куни Саид Муҳаммад Раҳимхон II рухсати билан Хивада янги услубдаги мактаб очилади. Бу мактабга Туркиядан махсус домла – Ҳусайн Кушай ўғли таклиф қилинган эди. 

Европача илк мактабда 55 та ўқувчи таҳсил олади. 1906-1907 йилларда домла Ҳусайннинг саъй-ҳаракатлари билан Урганчда қизлар мактаби ҳам очилади. 

Хива хонлигида мамлакатни кучли тараққиёт йўлига, керак бўлса, мустақилликка олиб чиқа оладиган прогрессив куч – Хива жадидлари ҳаракати шаклланаётганди. Улар орасидан замонасининг 40 дан ошиқ ажойиб, илми етук шахси етишиб чиққанди. 

1901 йилда Хоразм жадидларининг раҳбари ва ҳомийси бўлган Матмурод девонбеги вафот этгач, жадидлар ҳаракатининг раҳбарлиги ва ҳомийлиги Исломхўжа, Бобоохун Салимов қўлига ўтади. 

Жадидлар орасида Ҳусайнбек Матмуродов, Аваз Ўтар, Комил Хоразмий, Назар Шоликоров, Худойберган Девонов, Муҳаммад Расул Мирзо, Бекжон Раҳмонов, Полвонниёз Юсупов ва бошқа етук шахслар бор эди. 

Исломхўжа бошчилигидаги жадидлар бўлғуси хон – Асфандиёрдан катта умидлар қиладилар. Исломхўжанинг маслаҳати билан Асфандиёр Аҳмаджон Агиевдан рус тилини ўрганади. 

Асфандиёр ва бошқа зодагонларнинг фарзандлари маърифатли бўлиб етишишлари учун Хивага рус, татар, турк, озарбайжон газета ва журналлари буюртирилиб келтириларди. Асфандиёрга газеталарнинг тушунмаган жойларини жадид Рамазон Сайдашев таржима қилиб турарди. 

Дарҳақиқат, Исломхўжанинг ислоҳотлари оламшумул эди. Саид Исломхўжа 1907 йилда Хива хонлиги бош вазири этиб кўтарилгач, жуда катта ислоҳотларни бошлайди. У Хивада дорихона, почта, телеграф, янги услубдаги мактаблар очтиради. Хиванинг кўркига кўрк қўшиб турган Ичанқалъа ансамблини қурдиради. Асфандиёрхоннинг тахтга ўтиришида катта ёрдам берган ҳам Исломхўжа эди.

Исломхўжа халқаро сиёсатга қизиқарди. Албатта, у Хиванинг мустақил ва кучли давлат бўлиши тарафдори эди, бу эса, табиийки, чор Россияси ҳукуматига ёқмасди. 

Чор Россиясининг махфий хизматлари кучайиб бораётган ёш хиваликлар, яъни Хоразм жадидлари ҳаракатининг попугини пасайтириш йўли Исломхўжани йўлдан олиб ташлаш, деб қарагани табиий. 

Шунинг учун феодал, илмсиз, порахўр беклар, реакцион руҳонийлар табақаси орқали Асфандиёрхонни Исломхўжа ва жадидлар ҳаракатига қарши гиж-гижлайдилар. 

1913 йил 9 август куни Асфандиёрхон Исломхўжани кечгача атайин ушлаб ўтиради. Кечаси қоронғуда уйига қайтаётган Исломхўжа қотиллар томонидан хоинона ўлдирилади. 

Исломхўжанинг жанозасида хон кўзларига ёш олади, албатта, бу сохта кўз ёшлари эди. Исломхўжанинг ўлимини тафтиш қилган комиссия ишга жиддий қарамади. Шундан ҳам бу ишда коррупция ва ҳукмфармоларнинг қўли борлигига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. 

Агар Исломхўжа Россия империясига содиқ киши бўлганда, албатта, қотиллар ва уларнинг орқасида турган гуруҳлар топиб жазоланарди. Жазо бўлмаганидан руҳланган реакцион кучлар бироз ўтиб Исломхўжанинг ўғли Абдусаломхўжани ва унинг ёрдамчиси Райимберганни ҳам ўлдиртириб юборадилар. 

Исломхўжа ўлдирилмасидан олдин Асфандиёрхонга генерал-майор унвони, “Авлиё Станислав”, “Муқаддас Анна” орденлари берилиши, 1911 йилда император Николай II нинг хос аёнлари қаторига қўшилиши, 1913 йилда Николай II томонидан Асфандиёрхонга ҳазрати олийлари мақоми тақдим этилиши ҳам тасодифмикин? 

Қолаверса, бу Хоразм жадидларининг танобини тортиб қўйишга берилган аванс ва мукофот бўлганмикин, деган саволлар чарх ураверади. Исломхўжанинг ўлимидан сўнг чиндан ҳам жадидлар ҳаракатига жиддий зарба берилади.

Тарихчи Ихтиёр Эсанов

Тағин ўқинг
21 январ 2016
ЎзТВ журналистлари Зафар ва Диëр Имомхўжаевлар олиб борган “Соккер клуб” ва “Футбол шарҳи” кўрсатувлари эфирдан олиб ташланди ва уларнинг ...
2 декабр 2024
Президент Шавкат Мирзиёев фармонига мувофиқ, Қуролли Кучларида ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда хизматни ўташ билан боғлиқ чекловлар ўрнатилади. Президент ...
14 март 2024
МИБ Зангиота тумани бўлими томонидан 98,4 млн сўмлик 435 та ижро ҳужжатлари тегишли қонунларга зид равишда тугатилиб, «МИБ портали» ...
16 январ 2024
Салом қадрли мухлислар, бугун 16 январь Элтуз ўзининг кундалик кўрсатувларини давом эттиради. Россияда мардикорлик қилган 35 яшар ўзбек Шехназар ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...