Асосий мавзулар
5 октябр 2023

Вақт машинаси: Туркистон юрти таназзулининг сабаблари

XIX аср ўрталарига келиб Туркистондаги уч мамлакат – Қўқон, Хива ва Бухоро хонликларини уч йирик империя – Буюк Британия, Россия ва Хитой тобора исканжага олиб келмоқда эди.

Тўғри, Хитой ҳали у даражада хавфли эмасди, аммо Шарқий Туркистонни Қўқон хонлигидан тортиб олганди. Британия эса Ҳиндистонни мустамлака қилиб, афғон тупроқларига кириб келаётган эди.

Аммо Ўрта Осиё учун энг хавфлиси барибир Чор Россияси бўлиб қолаётганди. У аллақачон Кавказ ва Эронда сиёсий позициясини мустаҳкамлаб олган, Еттисув ва Туркистон шимоли – Жанубий Қозоғистонга яқинлашиб қолганди.

Амир Музаффархон

Россия хавфи ана шундай энг жиддий бўлиб турган бир пайтда бу учала хонлик сиёсий иттифоқ тузиш ўрнига бир-бирларининг гўштини ейиш билан овора эди.

Қўқон хони Муҳаммад Алихон Шарқий Туркистонни – Уйғуристонни озод қилиш учун Хитой билан курашаётган пайтда Бухоро амири Насруллонинг Қўқон ҳудудларига хавф солиши сиёсий хоинликдан бошқа нарса эмасди.

1841 йилда амир Насрулло Қўқонга бостириб кириб, Муҳаммад Алихон ва унинг онаси, шоираи даврон Нодирабегимни шаҳид қилди.

Амир Насрулло

Амир Насрулло бутун Туркистонни Бухоро атрофида бирлаштиришга ҳаракат қилган-да, дейдиган тарихчиларимизга айтиш мумкинки, у Бухоро амирлигини қисман кучайтиргани билан аслида Туркистонни заифлаштирди.

Унинг яна бир катта хатоси Россия империяси билан яқинлашишга бўлган ҳаракатларидадир. Амир Насрулло 1830 йилдаёқ Россия билан дипломатик муносабатлар ўрнатиш ҳаракатини бошлайди.

Унга буни бош маслаҳатчиси ва артиллерия вазири бўлган асли табризлик Абдусамадхон ўргатган бўлса керак. Чунки Эрон, айниқса, Озарбайжон аллақачон Россиянинг таъсирига тушиб бўлган эди.

Буюк Британия элчиси Артур Конноли

Бу одамнинг Россия хуфияси бўлгани эҳтимоли йўқ эмас. Сабаби, Бухоронинг Россия билан яқинлашиши айнан Абдусамадхоннинг амир саройида юқори лавозимга эришганидан кейинги жараёнларга тўғри келиши жудаям шубҳали.

Бухоро амири Петербургга ўз мулозими Болтақули Раҳматбек ўғли Чиғатойбек (Раҳматбеков)ни йўллайди. Рус ҳукумати вакиллари билан учрашган Болтақули чегара божларини қисқартириш ва замбарак ясайдиган пўлат қуювчи усталар билан ёрдам беришларини сўраб мурожаат қилади.

Аммо бу пайтда Россия Туркистондан ҳали узоқда ва унинг муаммолари унчалик қизиқ бўлмагани туфайли Россия ҳукумати Болтақулига рад жавобини беради.

Инглиз элчилари Артур Конолли ва Чарльз Стоддарт билан учрашув

Амир Насрулло 1838 йил ёзида Болтақулини яна Петербургга юборади. 1838 йил 5 август куни Петербургга етиб келган Болтақули Раҳматбек ўғли бу сафар Россиядан Бухоро учун тоғ кончилиги мутахассислари – геологларни сўрайди.

Бухоро амири рус геологлари ёрдамида олтин ва бошқа қимматбахо маъданларни топишни мақсад қилгани аён. У бу мурожаати билан нафақат Бухоро, балки бутун Туркистон тақдирини ҳал қилиб бўлганди.

Ўз тупроқларида қимматбаҳо маъданларни топишни бошқа мамлакатдан илтимос қилишдай катта сиёсий кўрлик бўлмаса керак. Россия амир Насруллонинг бу таклифига қизиқиш билдиради ва таклифни қабул қилади.

Рус ҳукумати геолог олим Е.А.Кавалевский бошчилигидаги илмий экспедицияни Бухорога юборади. Бу гуруҳ Бухорога етиб кела олмайди. Кўчманчи қабилалар ҳужумларига учраган экспедиция аъзолари ярим йўлдан орқага қайтиб кетадилар.

Бу орада амир Насрулло Бухорога келган инглиз дипломатлари Чарльз Стоддарт ва Артур Коннолини жосусликда айблаб ҳибсга олдиради. 1841 йил Бухорога келган рус элчиси Константин Фёдорович Бутенев гўё инглиз элчиларини озод этишни сўраб амирга илтимос қилган эмиш.

Аммо амир айнан рус элчиси келиб кетганидан кейин инглиз дипломатларини қатл қилдиради. Негадир ўта шубҳали, тўғрими? Инглиз дипломатларини қатл қилдиришдай калтабинлик, дунё геосиёсатида бурнидан нарёғини кўра билмаслик нафақат Бухоро, балки бутун Туркистонни бошқараётган элитанинг нақадар аҳмоқ бўлганини кўрсатиб берганди.

Инглиз элчиси Чарлз Стоддарт

Инглиз фуқаролари қатл эттирилиши Британия-Туркистон муносабатлари кескин совишига олиб келганди. Бу айнан Россия империяси учун айни муддао эди.

1857 йилда Бухоро Россияга катта элчилар юборади. Бу элчилар таркибида машҳур шоир Аҳмад Дониш ҳам бўлган. Россия ва Бухоро ўртасида бу сафар жиддий сиёсий алоқалар ўрнатилганди.

Орадан бир йил ўтиб, 1858 йилда рус элчиси Игнатьев Бухорога келиб, амирлик билан шартнома тузиб кетади. Бухоро ўз мустақиллигини йўқотишига бор-йўғи ўн йил қолаётган эди. У ёғи ўзингизга маълум.

Рус қўшинлари Тошкентни қамал қилаётган бир пайтда Бухоро амирлиги Қўқон хонлигига сиёсий ва ҳарбий ёрдам бериш ўрнига унинг ерларига (Ўратепа) бостириб келади.

Бухоронинг Қўқон хонлиги орқасидан пичоқ уриши ҳам тасодиф бўлмаса керак. Бу ерда фақат хоинона сиёсат ётган.

Тез орада Россия нафақат Қўқон хонлиги, балки Бухоро амирлиги ерларини ҳам бирин-кетин босиб ола бошлади. Энди Бухорога ҳеч ким – на Қўқон, на Хива, на Афғонистон ва на Британия империяси ёрдам бермаслиги аниқ эди.

Натижада амир Насруллонинг ўғли амир Музаффар Бухоро амирлиги ва деярли бутун Туркистон мустақиллигини бой берганди.

Ихтиёр Эсанов
Тарихчи, Eltuz.com

Тағин ўқинг
26 июн 2018
Сил касаллиги ташхиси билан «Сангород»га этап қилинган Муҳаммад Бекжон ўзининг соппа-соғ эканини эътироф этишига қарамай, даволовчи врач унга 10 ...
4 март 2016
Пул эвазига оëқ тўпи ўйинини спектаклга айлантирган келишилган ўйинлар қироли Cамвел Бабаянни рассом Элсевар ҳажв қилди. Рассом Элсевар Eltuz.com
8 феврал 2018
Бир гуруҳ ўзбек фаоллари ва ҳуқуқ ҳимоячилари 5 февраль куни Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовга ёдгорлик яратмасликни сўраб британиялик ...
21 июл 2017
Ўзбекистон ҳукумати давлат органлари рахбарларига берилиши мумкин бўлган қурол-яроғлар рўйҳатининг таҳрирдаги лойиҳасини очиқлади. “Қурол тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...