Асосий мавзулар
19 август 2021

Назарбоев ўзининг қўғирчоқ “Ёввойи”сини қўйиб юборди

Эрдўғон ҳукумати қозоғистонлик “Дикий” (“Ёввойи”) лақабли криминал авторитет Арман Жумагелдиевни ҳибсга олишни сўради, бироқ Назарбоев ҳукумати ўзининг чўнтак “ўғри”сини аввал ҳибсга олиб, сўнгра тезда қўйиб юборди.

Арман “Дикий”ни Туркия ҳукуматининг сўровномасига ҳисбга олиш амалиёти шу июль ойининг ўртасида Нурсултон шаҳрида амалга оширилди. Қозоғистон пойтахтидаги нуфузли ресторанларида дам олаётган Арман “Дикий” ва унинг шериклари мамлакат полицияси томонидан ҳибсга олинган.

Бироқ орадан икки-уч кун ўтгач, Нурсултон шаҳри полиция департаменти: “Арман Жумагелдиев ва яна 6 нафар фуқаро полиция идорасига профилактик суҳбат учун олиб келинди ҳамда тегишли суҳбатдан сўнг қўйиб юборилди”, деган мазмундаги расмий баёнот берди.

Қозоғистон пойтахти полиция департаментининг бу баёнотида Арман “Дикий” ва унинг шериклари нима сабабдан “профилактик” суҳбатга олиб кетилгани айтилмаган. Полиция идорасининг расмий хабарида: “Нега профилактик суҳбатга айнан “Дикий“ ва унинг шериклари олиб кетилди?” деган саволга ҳам жавоб йўқ.

Лекин Россия ва Туркия оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Арман “Дикий” ва унинг шериклари Туркия ҳукуматининг талабномаси асосида ҳибсга олинган. Рус ва турк матбуотининг айтишича, расмий Анқара расмий Нурсултондан Арман Жумагелдиевни сўрашига июль ойида Истанбулда содир этилган шов-шувли жиноят сабаб бўлган.

Қозоғистонлик криминал авторитет Арман Жумагелдиев Истанбулда россиялик йирик тадбиркор, Набережний Челнидаги “Гаффаров и партнеры” жамғармаси асосчиси Эрик Гафаровни уч кун мобайнида қийноққа солган ҳамда ўлжасининг 700 минг доллар пулини тортиб олган.

Бу ҳақда Эрик Гаффаровнинг ўзи ҳам ижтимоий тармоқларда видеочиқиш қилиб, Арман Жумагелдиев уни алдов йўли билан чақириб олиб, кейин одамлари билан кишанлагани, қийнагани ва 700 минг доллар пул талаб қилганини айтди.

“Арман “Дикий” ва унинг одамлари уч кун мобайнида менинг баданимга қиздирилган дазмол босиб, айтилган суммани топиб беришимни талаб қилишди. Шунда ҳам пул беришдан бош тортганим эдим, “Дикий” менинг бир бармоғимни кесиб олди. Охири бу қийноқларга чидай олмай, талаб қилган пулларини бериб қутулдим”, дейди ўз видеочиқишида Эрик Гафаров.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига Эрик Гафаров кесиб олинган бармоғининг ва дазмол билан куйдирилган баданининг фотосуратларини ҳам қўйди.

Уч кунлик зиндондан ва даҳшатли қийноқлардан қутулгач, Эрик Гафаров Истанбул шаҳри полициясига мурожаат қилган. Турк полицияси Арман Жумагелдиевнинг баъзи шерикларини қўлга олган, лекин тўдабошининг ўзини ушлай олмаган.

Чунки Арман “Дикий” зудлик билан Туркиядан чиқиб кетишга эришган.

Шундан сўнг расмий Анқара расмий Нурсултонга Арман Жумагелдиевни ҳибсга олиш бўйича халқаро талабнома жўнатган.

Бироқ Қозоғистон ҳукумати ўзининг қўғирчоқ “ўғри”сини номига ҳибсга олиб, кейин қўйиб юборган.

Нега қозоқ ҳукумати турк ҳукуматининг сўровномасини ўринлатмади?

“Элтуз”га яқин ва бир-биридан мустақил манбаларнинг айтишича, Арман Жумагелдиев Қозоғистон махсус хизматларининг югурдаги бўлиб, ўз вақтида уларнинг анча-мунча жиноий “илтимос”ларини бажариб қўйган.

“Дикий”нинг қозоқ МХҚсига ўтказиб қўйган жойлари бор. Ўз вақтида махсус хизматларнинг топшириғи бўйича Арман ҳукумат чизган чизиқда юришни истамаган кўплаб тадбиркорларнинг мулкини давлат амалдорларига олиб берган ва ҳаттоки қозоқ мухолифатчиларнинг попугини пасайтириб берган”, дейди жиноят оламига яқин манбалардан бири.

Унинг айтишича, Арман Жумагелдиевнинг кўзир номерларидан бири ўз ўлжасини кечки овқатга ёки дўстона суҳбатга чақириб, кейин кишанлаб, қийноққа солишдир.

“Худди шу йўл билан “Дикий” 2019 йил ноябрь ойида Истанбулда ўзбекистонлик авторитет Равшан “Золотой”ни (Равшан Муҳиддиновни – “Элтуз”) суҳбатга чақириб, кейин кишанлаган ва қийноққа солган”, дейди “Элтуз” манбаси.

Собиқ Совет Иттифоқи ҳудудидаги давлатларнинг диктатор раҳбарлари, айниқса, Марказий Осиё республикалари золимлари зулмда шу қадар ҳаддидан ошганларки, улар ҳаттоки жиноят оламида ҳам ўз фаворитларига, яъни ёқимтой ва яқин одамларига эга.

Шундай золимлардан бири Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев бўлиб, унинг криминал доиралардаги ёқимтойи “Дикий” (“Еввойи”) лақабли Арман Жумагалдиевдир.

Бокс бўйича жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритган чимкентлик Арман “Дикий” жиноят оламига 2003 йилнинг охирида кириб келган. Ўшанда у шериклари билан икки йигитга ўқ узиб, ярадор қилган. 2005 йилда эса “Ёввойи” лақабли Арман Жумагелдиев шериклари билан Чимкентдаги “Турист” меҳмонхонасига бостириб кириб, у ердаги одамларни талашган.

Ана шу босқинчиликдан сўнг Арман “Дикий” илк марта шартли равишда жазоланган. Айнан мана шу воқеадан кейин у диктатор Нурсултон Назарбоевнинг режимига хизмат қила бошлаган.

Золим режим томонидан қозоқ махсус хизматларига бириктириб қўйилган Арман Жумагалдиев ҳукуматнинг чизиғида юришни истамаган тадбиркорларга босим ўтказишни, уларни талашни бошлаган. Хусусан, 2008 йилда у қозоғистонлик “пиво қироли”, “Чимкент-Пиво” корхонасининг раҳбари Тўхтар Тўлашевни талаган.

Бундан ташқари, Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитасининг топшириғи бўйича Арман Жумагалдиев Назарбоевга мухолиф кишиларни, шу жумладан, журналистларни қўрқитиш, бадном қилиш ва ўлдириш ишларида ҳам фаол қатнашган.

Масалан, 2005 йилги президент сайловидан олдин Арман “Дикий” ўзининг жиноий шериклари билан мухолиф номзод Жармахон Туёқбой уюштирган бир неча тадбирни бузган, мухолифатчиларни калтаклаб, ҳаттоки тушлик пайти ўтирган ресторанларидан ҳам ҳайдаб чиқаришган.

Бундай илтифотнинг эвазига Назарбоев ҳукумати ва махсус хизматлари Арман Жумагелдиевнинг қолган жиноятларига кўз юмишган ва ҳаттоки бир неча халқаро жазодан ҳам қутқаришган.

Қўғирчоқ “ўғри” Арман Жумагелдиевнинг шу йил июль ойида Назарбоев ҳукумати томонидан Эрдўғон ҳукуматининг расмий сўровномасидан қутқариб қолиниши қозоқ ҳукуматининг ўзининг марионетка “Ёввойи”сига кўрсатган навбатдаги илтифотидир.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
22 октябр 2021
Ҳафта ўтиб яна сиз билан кўришиш насиб этди. Мағрурсиз, масрурсиз ва орангизда ҳаётга мафтун, севгидан мажнун кишилар бор.   Бугун мен 24 ...
10 ноябр 2015
Акмал Набиев Eltuz.com Қиш мавсуми яқинлашгани сабаб кейинги пайтларда ўзбеклар муҳокама қилаётган асосий мавзулардан бири уйни иситиш, қандай қилиб ...
21 апрел 2016
Май ойида Мерсин маҳкамаси 36 ёшли ўзбек аëл Гулчеҳра Исоқулованинг 3 яшар қизи Туаннани тепкилагани билан боғлиқ жиноят ишини ...
26 сентябр 2020
Ўзбек эстрадаси хонандаси ва кинолардаги турли роллари билан актриса сифатида танилган 34 яшар Муниса Ризаева очиқ кийинганлиги сабабли ижтимоий тармоқларнинг радикал диндор ва муҳофазакор ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...