Асосий мавзулар
13 декабр 2021

Озодбек ўтирган турма нозирининг ҳикояси

Қашқадарë вилоятида жойлашган Шайхали қамоқхонасида нозир бўлиб ишлаган 38 ёшли Ғаффор Акмалов жазони ижро қилиш тизимларидан ноҳақ бўшатилганидан шикоят қилиб «Элтуз»га мактуб юборибди.

УЯ64/33, УЯ64/49, УЯ64/61- жазони ижро этиш колонияларида маҳкумлар устидан назоратчи бўлганини ëзган мактуб муаллифи ўзи ишлаган даврга оид тафсилотларни ҳам баëн қилади.

Акмаловга кўра, у қўриқлаган қамоқхонада амалдаги маданият вазири  Озодбек Назарбеков ва журналист Ҳамза Жумаев диний айбловлар билан жазо ўтаган. Шунингдек, Ғаффор Акмалов қамоқда жазо ўтаган «Ал вакил» мусиқий гуруҳи қўшиқчилари ҳамда хонанда  Алишер Раҳматуллаевни ҳам назорат қилганини ëзади.

Ғаффор Акмалов илтимосига кўра, «Элтуз» унинг мактубини тўлалигича эълон қилади. Муаллиф имлоси сақланди

Мактуб

Ассалому алайкум. Мен камбағал оилада ўсиб улғайдим. Мен ёшлигимдан ҳарбий соҳага қизиқиб, ҳарбий бўламан деб, спорт билан шуғулланиб юрардим. Ҳарбий хизматни ўтаб қайтгач, Қашқадарё вилоятининг Шайхали пасёлкасида жойлашган, ИИВ қоровул қўшинларига қарашли 7533-ҳарбий қисмга шартнома асосида, ишга кириш учун Шаҳрисабз тумани мудофаа ишлари бўлими орқали керакли барча ҳужжатларни тайёрладим. Шахсий жилдим Қашқадарё вилояти мудофаа ишлари бошқармасида текширилиб, қарор чиқариш учун кетди. Мен ҳақиқат бор деб юрардим. Кўпчилик инсонлар пора бермасанг, ишга олмайди, деганида ишонмагандим…. Ишга кириш учун икки йил сарсон бўлдим. Охири тегишли давлат органларига ёзма равишда шикоят қилавердим… Ёзувчи деган номим чиқиб кетди… Охири ишга кирдим. Аммо ҳарбий соҳада ҳам адолат йўқ экан. Мен жангавор хизматни, асосан, УЯ64/33, УЯ64/49, УЯ64/61-жазони ижро этиш колонияларида ўтаб, маҳкумларнинг устидан назорат қилганман. Қўшин назоратчилар наряди бошлиғи лавозимида ишлаганман. Қамоқхоналарда ҳам ҳақиқат йўқ. У ерда маданият вазири Озодбек Назарбеков қамалиб чиққан экан, диний оқим билан. Ўзим қамоқхоналарда «Ал вакил» гуруҳини, журналист Ҳамза Жумаевни, қўшиқчи Алишер Раҳматуллаевни ва кўплаб таниқли кишиларни -раҳматли Аҳмаджон Одиловни Жаслиқ қамоқхонасига олиб кетишаётганини кўрдим. Ҳақиқатпарастлигим сабабли фақат мени Тошкент шаҳри Миробод тумани Амиробод кўчасида жойлашган, ИИВ қоровул қўшинларига қарашли 7531-ҳарбий қисмга ротация қилиб, иш жойимни ўзгартиришди.

Ғаффор Акмаловнинг қамоқхона нозири бўлиб ишлаган вақтидаги сурати

Ҳарбий қисмда ишлаб юрганимда, бир неча марта мен ва бошқа ҳарбий хизматчиларнинг ҳақ-ҳуқуқи командирлар томонидан поймол бўлди. Ҳақ-ҳуқуқимни талаб қилиб, тегишли давлат органларига ёзма равишда мурожаат қилдим ва командирларнинг кўзига ёмон кўриниб қолдим.

7531-ҳарбий қисм қўмондонлиги менга ҳар хил айблар қўйиб, устимдан салбий ёзувларни қайд қилиб, шахсий жилдимга тикиб, уни Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани мудофаа ишлари бўлими архивига махфий почта билан жўнатди ва 2013 йил 4 декабрда мени ишдан бўшатишди. Қоровул қўшинлари қўмондони, генерал-майор Димитрий Паннинг олдига бориб, илтимос, менга ёрдам беринг, ишлай, дегандим, русчасига мени ҳақорат қилиб ташлади…

Тегишли давлат идораларига мурожаат қилдим, лекин фойдаси бўлмади. Икки ёш фарзандим бор. Қизим ногирон…. Илтимос, ИИВ қоровул қўшинларидаги ишимни тиклашимга, амалий равишда ёрдам беринглар.

Мактубнинг иккинчи қисмида Ғаффор Акмалов Тошкент шаҳри ҳокимига қарашли ширкатда ишлаб, ноҳақликларга нишон бўлганидан шикоят қилади.

Тошкент шаҳри ҳокимига қарашли «Акфа-Артель» компанияси корхоналарида 7 йил ишладим. Шу даврлар мобайнида менга таътил берилмади, байрам кунлари ҳам ишлатишди. Корхонада иш вақти кўп, маоши оз.

Ғаффор Акмаловнинг ҳозирги вақтдаги сурати

Ҳақ-ҳуқуқингизни талаб қилсангиз, Меҳнат кодексининг 100-моддаси билан бўшатади, якуний ҳисоб-китоб қилинмайди. Касал бўлишга ҳаққимиз йўқ. Касал бўлиб, касаллик варақаси олиб келиб, кадрга топширсангиз, пулини тўлашмади Рустам исмли бухгалтер. Иш вақти тугагач, ишчиларни йиғиб, раҳбар ўринбосари Бунёд Ҳасанов Бунёд 20 дақиқа мажлис қилади. Ахир чарчаган ишчиларга мажлис ёқадими… Мен ҳамманинг олдида унга иложи бўлса, мажлисни иш вақти тугашига 20 дақиқа қолганда қилсангиз бўлмайдими, деб савол бердим…

Кейин менга асоссиз туҳматлар қилиб, айблар қўйиб, пулимни ҳам, ажратиладиган озиқ-овқатни ҳам бермасдан, ишдан бўшатиб юборди… «Артел»да ҳам адолат йўқ экан. Кимга шикоят қилсанг, қилавер, қўлингдан келганини қил, деб бақирди… Меҳнат инспекциясига бориб, дардимни айтсам, ёрдам бера олмаймиз, Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашли-ку у корхона, деди…

Демак, Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан барча вазирликларнинг мансабдор шахслари қўрқаркан… Ҳақиқат фақат эртаклару киноларда экан…

Хатимнинг ҳаммасини эълон қилинг… Ҳамма билиб қўйсин…

Ғаффоров Акмал Холмирзаевич

Тошкент шаҳри, Миробод тумани.

«Элтуз» нашри мактубда келтирилган шикоятлар борасида Жазони ижро этиш бош бошқармаси ва бошқа мутасаддилардан жавоб кутади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
3 июл 2016
Туркия аэропортида 28 июн кечаси уюштирилган бомбали ҳужум пайтида ҳалок бўлган наманганлик Аброржон Устабоев ва тошкентлик Мухиддинов Самад Муродовичлар ...
19 ноябр 2019
«Тошкент савдо маркази»га  (собиқ «Абу Сахий» МЧЖ) қарашли бозордаги дўконлари бузилишидан норози бўлган 700 дан ортиқ фуқаро 16 ноябрь ...
19 май 2018
Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида бошланғич синф ўқувчилари манглайига ручка билан «2» қўйган ўқитувчилар иши прокуратурага оширилди. Тошкент вилояти халқ ...
17 июл 2022
Ҳурматли каналимиз обуначилари ва азиз меҳмонлар! Элтуз почтасига келган, ўзбекистонлик таҳлилчи томонидан битилган қуйидаги мақолани рус тилидан сиз учун ...
Блоглар
26 март 2023
Тошкентда Рауф Парфининг илк ҳайкали очилади. 27 март соат 11 да Тадбир Амир Темур проспектидаги ...
21 март 2023
Элтуз ўзининг кундалик кўрсатувларини давом эттиради. Бугунги кўрстувимизга ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларидан буён АҚШда яшаётган ...
13 март 2023
«Елтуз» каналида ўз видеоблогини юритаётган АҚШда яшаётган 70 ёшли қишлоқ хўжалиги мутахассиси Исмоил Оспанов апрел ...