Асосий мавзулар
10 феврал 2023

РТдан ваъз: Зилзила олдидан

Ўткан хафта Қахрамон Мараш, Малатия, Усмония, Адана, Хатай ва Ғози Антепдаги юртдошларим учун оғир бўлди. Улар Туркия тарихидаги оғир кўргилик, ер қимирлашини бошдан кечиришди. Малатияда 14 яшар ўзбек қиз бетон тагида мажақланиб ўлди.

МС: Овонг оғо. Ўт балоси, сув балоси, қум, чигиртка  босиши, ер дарпаниши ва гўринар гўринмас балодан тонгрини ўзи соқлосин бизани. Бечоралара ичим увишди. Лекин тушунмаян ерим бор. Урганчда, стадионни ëниндо одомло кўна кўрпа, кўна кўшкил, иштон жемперлани мошно ортип Тошкента аккетиб дуриптило. Туркияга иярамиз дап. Туркия даган юрт бизара ëқин. Туркманистоннан ўтиб, Эронни бир отлосоқ Туркия.
Лохотрончила кўпайди. Шу эски кийимлани самолёта пул тўлаб иваргандан гўра, самолёт пулини бариб қўяварсала яхши эди.

РТ: Матчонбой. Бировнинг қозони олдига бориб чўмич кўтариб мусибатдан фойда қиламан деб ўз пластигини қўйиб пул йиғаëтганлар назоратга олиниши керак.

МС: Оғо, неужели шу туркиядагилар ер дарпанганини алдиннан билмабди.

Илмга ишонинг!

Туркия ва Турк дунëси лидери Мустафо Камол Ғози Пошшо Отатурк «Агар менинг гапим билан илм тескари келса менга эмас илмга ишонинг» деган. Нидерландиялик сейсмолог  Фрэнк Хугербитс, Туркиядаги ер қимирлашини фожеадан бир неча  кун олдин ер ости тектоник ўзгаришлар таҳлили асосида аниқлаган.  У 2023 йилнинг 3 февраль куни Туркия хукумати ва жамоатчилигини камида 7,5 баллик зилзила бўлишидан огоҳлантирган. Туркиянинг мулла ва чўпчакчилардан иборат ҳукумати эса олимнинг гапини эътиборга ҳам олмай, «шведларни ер ютсин» дея қарғаш билан банд бўлган. Умуман ҳар қандай ҳукумат Отатуркнинг илмга ишониш ҳақидаги ўгитига амал қилса кам бўлмайди.
МС: Оғо, Ўзбекистондам ўйлани ер дарпанганда оғдорилмаслиқини ташкириб бошлабдила.

РТ: Момоқалдироқ гумбирламаса мужик чўқинмайди. Туркиядаги зилзила ваҳимаси босилганидан кейин ҳаммаси эсдан чиқади. Узоғи билан бир ой!

МС: Дуз оғо, ер дарпанганини ҳаммадан бирин итлар сезади акан.

РТ: Ғалати туюлиши мумкин, аммо одамларни қутқаришда замонавий техникадан кўра, ўргатилган итлардан кўпроқ самара келмоқда. Европа Иттифоқи Туркияга 1200 махсус қутқарувчи мутахассис билан бирга 70 та ўргатилган ит юборди. Бу итлар 48 соат ичида ўнлаб одамларни қутқаришга улгуришди. Мексика ҳам 16 кўппак юборди Туркияга.

МС: Ит вопо – хотин жопо. Лекин мўллолани ойтиши бўйинча итлани ўлдирса совоп бўлади акан.

РТ: Муллаларнинг гапини қўй Матчонбой. Тошкент ҳақида гаплашсак. Тошкентда Генплан қабул қилинмагунича товуқ катаги ҳам қурилмайди. Мирзиëев янги қурилишларга мораторий эълон қилди. Бўлди, лафа тугади.

МС: Ман ишонмадим би гапа. Вуннан алдин саксан марта ҳар дулли гап ойтди улли ëшулли. Оғочлани касмиймиз дади, лекин касип ëтибдила. Ғўч йигитни балли гаппи бўлмийди. Ҳам ойтоди, ҳам қойтади.

РТ: Бу муаммоларнинг бариси саводсизлик билан боғлиқ. Мана Элтуз дўсти Ғайрат Омон ëзибди:
Бу йил университетни тамомлайдиган студентлар ишхонамизга практикага келишди якинда. Компьютерда матн теришни билишмайди. Хаммасини бир жойга йиғиб, диктант олдим. Хаммаси 2 бахо ҳам олишолмади. Ғиж-ғиж хато. Айримлари исм-фамилиясини ёзишда ҳам хато килишди. Диплом ишини 400 долларга ёздиришаркан. Давлат имтиҳонлари учун хозирдан 200 доллардан йигишяпти экан. Эртага бу 4 йил университетда ўқиганлар бу саводи билан нима каромат курсатишади? Алҳол, бу миллий фожеа»

МС: Қарсилдап учиб гурсилдап сингой бла. Ина бир студент  ўқиш ўннина ИШИДни қўшиқини ишитиб беш йила қомолди.

РТ: Техника университетида Суриядаги жиходчиларга ошиқ бўлиб нашида эшитадиганлар ўқийдими фақат. Ўзбекистонга четдан келтирилган текстил станокларини ишлатадиган мутахассис йўқ. Техника университетини битирган овсар ИШИД ашласини айтади холос. Қолган университет ва институтлар ëппасига қоракаларни чиқариб ëтибди. Мамлакатда оддий ҳамшира етишмайди. Ҳаммаëқни кинначи босиб кетди.

Саводсизлиги боис имтиҳондан йиқилган студентлар видеомурожаат қиламан деган шантаж билан домлаларга қарши ҳужумга ўтди.

Шулардан бири билан гаплашдим.

Амалий математика факультетида ўқир экан. Пифагор ким, десам, билмайди. Карра жадвалини биласанми, десам: “Ока, калькульяторда шессекунд қарабероқоли,” дейди.

Ректорнинг ўрнида бўлсам, бу студентни математика факультети ëнига 2 км яқинлаштирмаслик ҳақида суд қарори чиқартирардим.

Филология факультетида ўқийдиган шантажчи блогердан Навоий ҳақида сўрасам, Бухорога қўшни вилоят, деди. У болани география факультетига срочно перевод қилиш керак.

Саводсиз яна бир студент ҳатто ўз паспорти ичидаги ëзувни ҳижжалаб ўқиди.

Ëзишни билмас экан. СМСни аудио қилиб ташашга ўрганиб қолибди.

Фалокатни сезиш

МС: Дуз оғо Ўзбекистонда ер дарпанса нишатамиз бохтим қоро…

РТ: Салвадор Далининг бир асари бор. «Гражданлар урушини олдиндан ҳис қилиш» деган.
Рассом дўстим Ҳакимжон Турдиев эса 1985 йили «Зилзила олдидан» дея номланган расм чизган эди.
Расмда зиллат ва ғафлатга ботган Тошкент маҳалласи тасвирланган эди.

Зилзилани эса фақат ит ва кучуклар сезгани расмда акс этган эди.

Бу расм Москвадаги Манеж майдонида намойиш қилинганида мунаққидлар мақтовига сазовор бўлди.

Таниқли мунаққид бу расмдаги мажоз кодини очиб берган эди.

Мунаққидга кўра, расм бутун мамлакат кутаëтган ижтимоий зилзила ҳақида ишорат эди.

Албатта биз мунаққиднинг бу гапига эътибор бермадик. Сал ўтмай Совет Иттифоқининг оëғи осмондан келганида Ҳакимжон чизган расм ҳақида эсладик.

Рассом савқи табиий бир ҳис билан улкан талафотни сеза олган ҳолда тасвирлаган эди.
Бугун Тошкент зоҳиран тинч. Аммо Тошкент итлари занжирини узиб осмонга қараб увилламоқда.

МС: Бу гапа тарс потя уриш гарак. Ер дарпанмасин. Шу ўтришимиз законний. Яхшиси сиз бир эртак айтиб беринг.

Эртак эмас бўлган воқеани айтай.

Бухорода 17 яшар қиз Дамас мошинни ўғирлаб қочди

Бу одамнинг этини жимирлатган дахшатли ўғирлик 2 февралдан 3 февралга ўтар кечаси Вобкентнинг Халач қишлоғида содир бўлди. Қоп-қора тун. Узоқдаги чўлда шоқоллар увиллайди. Совуқ шамол танани тешгудай найза санчади. Симëғочдаги куйиб қолган лампочка қалпоғи тарақ-туруқ қилади. Булутлар орасидан мўралаган ой дарвоза олдида турган Дамас машинани ëритади. Шу пайт (дада дааам деган криминал кинодаги мусиқани эшитдим деб тасаввур қилинг) Машинага шу қишлоқда яшайдиган 17 яшар қиз яқинлашади. Машина эшиги очиқ қолган. Калит ҳам турибди. Қизгина хуркак кийик каби бир сакраб машина рулига ўтириб газни босади. Дамас ғилдираги тагида мудраган икки қора мушук икка ëнга миëв деб қочади. Мана 17 яшар қиз, катта йўлда катта тезлик билан Мунисанинг ашласини эшитиииб кетмоқда… Худди шу пайтда кадр узилиб Халач қишлоғидаги дарвоза кўринади. Уй эгаси сийгиси келиб кўчага чиқса мошин йўқ. Вай билат. Мошн қони?

Камбағалди уйи куйса куйсин, дамаси ўмарилмасин. Дамас –  бу йўлкўлик камбағал учун.
Уй эгасининг дод фарëди уйқуда ëтган Халач қишлоғини ҳушëр торттирди.

Одамлар дод фарëдга ўрганиб қолган. Кимнидир эри уради, кимнингдир боласи қимор ўйнаб катта суммага тушади. Шу кунда бировнинг уйига хўрсиниб борсанг увиллаб чиғади. Аммо ҳеч кимнинг бошига мошиндан айрилиш фожиаси тушмасин. Хотин йўлда, бола белда. Аммо мошн олиш учун котта пул керак. Бўлибам дамас.
Милисага телефон қилишди.
Нега ўғирланди. Бу мошн дегани ким минса юриб кетаверадими. Нега калитни мошнда қолдирдинг. Нега ичкарига киритиб қўймадинг.
Бу савол-жавобдан машина эгасининг бошига оғриқ кирди. Аммо Бухоро миршаббошиси УГОН деган қизил тугмани босиши билан мудраб ëтган бутун ментура оëққа қалқди.
Менинг милициям – қўриқлар мени. Нафақат мени балки дамасимни ҳам қўриқлайди.
Ўмарилган Дамас А-380 автомобиль йўлининг 369-километрида тўхтатилди. Ўғригина қизнинг қўлига кишан солиб олиб кетишди.
Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 267-модда 2-қисми “г” банди (Транспорт воситасини олиб қочиш) айби билан жиноят иши қўзғатилди.
Ўғри қиз қамағда. Дамас жарима майдонида. Адолат эса тантана қилганидан Вобкент қумларида рақсга тушиб ëтибди.
Бу рақсга Халач қишлоғи аҳолиси ҳам қўшилди. «Эй, ўйнасиней. Бахтиëрлар ўйнасин. Усул билан..»
Бу пайтда қамағда ëтган қиздан конвой бача сўради. «Ҳай нега угон қилдинг»
«Ўша бача нервимга тегувди. Наказат қилдим» деди 17 яшар ўғригина қиз.
Эртак тугади.

Тиббиёт вазирининг гапи

МС: Да. Бухорони қизларини ичинда ўти бўлади. Маккам ушиди. Қоққондо қонингни, силкканда жонингни олоди хоропло. Ина соғлиқни соқлаш министрам бухородан. Баракат топиб юрибди бират.

РТ: Соғлиқни сақлаш вазири Ўзбекистонни тузган Файзулла Хўжа авлоди.
МС. Таварик, таварик…
РТ: Лекин шу вазир Файзулла Хўжа авлодига ярашмайдиган гап айтди. Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов касаллардан «совға» олишни олқишлади.
«Агар беморни меҳр билан даволасангиз, ўзи рози бўлиб баракасини бериб кетади”деди вазир.
Вазир ўз гапида учта месседж берди.
1. Давлат шу кунда қашшоқ ва шу боис докторлар ойлиги ошмайди.
2. Касалларга мўлтирасанг ўзи билиб беради, устида пичоқ ушлаган жарроҳга.
3. Борига шукр қилиш керак.
Ҳурматли вазир сизга бир шеър айтай эшитинг.
Залолатли гапни айтсанг бир қатор
Сен албатта бўлажаксан хору зор.
P.S
Рассом Туз доимо Ўзбекистон давлатини тузган ва шу давлат йўлида жонини тиккан Файзулла ва Усмон Хўжа авлодларига ўз ҳурмат ва эътиборини билдириб келади. Юрт оталари бўлган бу оила мансуби Амрилло Иноятовдан бу қадар ярашиқсиз ва сиëсий коррект бўлмаган гапни эшитиб оғриндим.  Кошки, вазир бу гапни айтмасайди, биз эса элаштирмасайдик. Аммо айтилган гап отилган ўқ. Жаноб вазир, Ўзбекистоннинг паспортига қашшоқ деб ëзилган турғунлари юрт ошиб Хиндистон, Россия ва Туркияда катта пул тўлаб, даволаниб юрибди. Камига йўл ҳаражати, меҳмонхона тўловлари. Ўзбекистонда ишлайдиган тиббий суғурта тизими яратилса врачларга катта ойлик тўлаш имкони дарров хосил бўлади. Ўз армиясини боқа олмаган халқ бегона армияни боқади. Ўз тиббиëтини тўғри изга қўймаган давлатнинг аҳволи эса сиз айтгандай. 10 йил ўқиган доктор бемор кўзига «меҳр билан боқиб» садақа тиланади. Бу ерда бир синиқлик бор. Буни биласиз. Ундан кўра, ҳудди ғарбдаги каби врачнинг тиббий суғуртадан катта ойлик олишини жорий қилиш керак.
Битта савол бор. Мабодо ер қимирлаб, Ўзбекистон сенати ва Олий мажлисининг барча депутатлари ва сенаторлари том босиб қолиб ўлса Ўзбекистон жамияти нима йўқотади? Масалан,  электр трансформатор, ëки газ ГРП куйса, ë бўлмаса водопровод тизими ëрилса жамият зарар кўради ва бу муаммо дархол билинади. Олий мажлис мансублари йўқ бўлиб қолса, жамиятга таъсири қандай бўлади?
МС: Оғо, шўрда тўхтаб ëнқи гапни ойтинг!
Ассалом Ўзбекистон, жума муборак!

@rassom Tuz

Тағин ўқинг
9 феврал 2016
9 феврал куни Швецияда таниқли уламо Обидхон қори Назаровга суиқасдда уринишда айбланган Юрий Жуковскийга чиқарилган ҳукмга нисбатан аппеляция маҳкамаси ...
4 апрел 2021
Ўзбекистон жазони ижро этиш тизимида “биринчи рақамли жаллод” сифатида ном чиқарган Нозим Жумаев биринчи апрель куни Бухорода кўмилди. Бундан олдин у ...
3 январ 2020
Каримов даврида, тўғрироғи 1997 йили Ўзбекистонда бошланган президент томонидан йилларни номлаш анъанаси 2020 йилга келиб унутилди. Шавкат Мирзиёев ҳукумат ...
16 май 2017
«Оила ва жамият» газетаси (10.05) мобил алоқа компаниялари «хизматларининг миллий маънавиятимизга таҳдиди» ҳақида бонг урди. Унда мобил алоқа операторлари ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...