Дайжест
29 феврал 2016

Берилмаётган маошлар, гапирилмаётган ҳақиқат ва ёлғонлар тегирмони

Ўзбек газеталарини ўқиркан, тағин ташвиқот пардаси ортидаги жамият муаммолар, вақтида берилмаётган иш ҳақи, матбуотда урчиётан ёлғонлар, синаётган корхоналар ва ҳатто болалар боғчаларида паспорт режимига оид тафтишлар ўтказилаётгани кўзга ташланади.

Наҳотки иш ҳақи вақтида берила бошласа? Ишонмай туринг!

Norma.uz интернет нашрида ўтган йили Жиноят кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар хўжалик юритувчи субъектлар ва бошқа ташкилотларга иш ҳақи, нафақа ва стипендиялар, уларга тенглаштирилган тўловларни тўлаш учун пул маблағлари беришни асоссиз равишда кечиктирган банкнинг мансабдор шахси ёки хизматчиси жиноий жавобгарликка тортилишини кўзда тутишини маълум қилди.

Аммо бунга ишониб энди ҳамма иш ҳақини вақтида олар экан, деган хаёлга борманг. Чунки янги қўшимчалар банк иқтисодий ёки бошқа (масалан, пул маблағларини инкасса қилиш бўйича прогноз кўрсаткичлар бажарилмагани) сабабларга кўра мазкур мажбуриятни бажаришга қодир бўлмаган тақдирда унинг мансабдор шахслари ва хизматчилари жавобгарликка тортилмаслигини ҳам кўзда тутади.

Бу эса иш ҳақини вақтида оламан, деб овора бўлмасликни англатади. Чунки нақд пул муаммоси долзарб бўлиб турган Ўзбекистонда банклар иш ҳақини вақтида бермаслик учун асосли баҳона топа олиши сир эмас.

Ўзбекистонда иш ҳақи ўз вақтида берилмаётган ташкилотлар сони кун сайин ошиб бораётгани ҳам шундан далолат беради.

Ёшларни алдамаймиз, деб кимни алдаяпмиз?

“Халқ сўзи” газетаси “соғлом тафаккур – тараққиёт омили” эканини даъво қилар экан, президентнинг 1990 йил 5 июнда айтган сўзларидан иқтисос келтиради.

Мана ўша иқтибос: “Ёшларга фақат ҳақиқатни гапириш керак. Қуруқ сўзлар, сафсаталар уларнинг меъдасига теккан. Ёшларнинг ижтимоий адолатга бўлган ишончини тиклаш вазифаси биз учун жуда муҳимдир”.

Бугун Ўзбекистонда ҳар соҳада ёлғон ҳукмрон экани кўп айтилади. Ҳатто ёлғон гапирмайлик деб турган мақола муаллифи ҳам дарҳол ёлғон ёза кетади.

“Ўзбекистонда ижтимоий адолат тараққиётнинг амалда ўзини оқлаган, ёруғ истиқболимизни белгилаб берган юксалиш йўли – “ўзбек модели”да ўз ифодасини топган”, дейди муаллиф.

Тараққиётнинг “ўзбек модели” бугун мамлакатни қандай аҳволга солганини халқ ўз тақдири мисолида кўриб турибди.

НТТлар давлатдан миллиардлаб сўм маблағ олади

“Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ривожланишининг сифат ва миқдор ўзгаришлари” мавзусида конференция ўтказилгани ҳақида хабар берган “Ўзбекистон овози” газетаси давлат нодавлат ташкилотларга миллиардлаб сўм маблағ бераётганини маълум қилади.

Ёзилишича, сўнгги 8 йил мобайнида НТТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятлари бошқа институтларининг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳа ва дастурларини қўллаб-қувватлаш учун давлат бюджетидан 47,7 миллиард сўм сарфланган.

“Минтақавий мулоқот” халқаро ноҳукумат ташкилотининг Ўзбекистондаги вакиласи Мьюша Север эса “Ўзбекистон фуқаролик жамияти қуриш, хусусан, бу жараёнда ННТлар, сиёсий партиялар, ОАВлар фаолияти самарадорлигини юксалтиришда юқори натижаларга эришаётгани”ни айтиб, ёлғон тегирмонига янада кўпроқ сув қуяди.

Ҳукуматдан пул оладиган НТТ ва ОАВлар нега унинг чизган чизиғидан чиқмаётгани сабаби балки мана шу маблағларда эмасмикин?!
Минглаб кичик тадбиркорлар сингани эълон қилинди

“XXI аср” газетаси Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоят прокуратурасининг ахбороти эшитилганини хабар қилди.

Маълум бўлишича, бугунги кунда вилоятда рўйхатдан ўтказилган 15 минг 375 та кичик тадбиркорлик субъектининг 1779 таси тугатилган, 1532 тасининг фаолияти тўхтатилган.

Бу рақамлар вилоятдаги жами кичик тадбиркорлик субъектларининг қарийб чорак қисми синганини англатади.

Буни паспорт режими дейдилар…

“Қадрият” газетаси Гулистон шаҳрида паспорт режимини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга оид маълумотларни эълон қилди.
Мақолада ёзилишича, 2015 йилда шаҳардаги 10 мингга яқин объект, 4 мингдан ошиқ ҳовли, қарийб 5,5 мингта хонадон, бундан ташқари, юзлаб меҳмонхоналар, ётоқхоналар, корхона ва ташкилотлар, бозорлар, болалар боғчалари (!) да паспорт режими бўйича текширувлар ўтказилган.

Паспорт режими қоидаларини бузганлардан эса жарималар ундирилган. Хусусан, фуқаро Равшан Ғаниев чет эл фуқароларини қабул қилиш тартибини бузиб, уларга яшаш имкониятини яратиб бергани учун 2 миллион 368 минг сўмлик жаримага тортилган.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
11 апрел 2018
Шоир Шавкат Раҳмон ижодига оид кўрсатувда унинг Усмон Азим, Хуршид Даврон ва Муҳаммад Солиҳ билан тушган фотосурати 3 апрель ...
28 ноябр 2023
Элтуз порталига келган навбатдаги бешта мактубни эътиборингизга тақдим этамиз. Улар Ўзбекистоннинг Қашқадарё, Тошкент, Фарғона вилоятларидан келган. Дастлабки мактуб Қашқадарёнинг ...
9 апрел 2020
 МОСЁ ТЕСТ БИЛАН МУТОЛАА  (Давоми) «Соф санъат» Балки «Мосё Тест»нинг ўз тафаккури устидаги истибдодини битта Эдгар По эмас, балки ...
28 июл 2016
Самарқандда марказий йўл чеккасида яшовчи аҳолига, томларини янги, махсус рангдаги шифер билан қоплаш ва уйи олдига бир ярим метрлик ...
Блоглар
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...