Арамаис Авакян 7 йиллик қамоққа хукм қилинди
Эрталаб соат 9 га белгиланган суд мажлиси, соат 10 да бошлангани эълон қилинди. Судланувчиларнинг ташқарида кутиб турган яқинлари, эшик оғаларнинг текширувидан ўтиб, суд залига қўйила бошлаганида, бирданига суд бошлангани эълон қилинди ва эшиклар тақа тақ ёпилди.
Арамаис Авакяннинг рафиқаси Ширин Турсинова, судланувчи Фурқат Жўраевнинг ота онаси, хамда АҚШ элчихонасининг вакили Антон Купер ва унинг ёрдамчиси ташқарида қолиб кетишди. «Менинг ёлворишларим. Фурқатнинг онаси Махкам опанинг йиғлаганлари бефойда бўлди, бизни ичкарига қўйишмади. Суд бошланиб қолди, халақит берасизлар дейишди» деди Eltuz.com билан сухбатда Ширин Турсинова.
Ичкарига кира олмаганлар узоқ кутишмади. Эшиклар ёпилганидан сўнг. Орадан 10 дақиқа ўтгач, хамма ташқарига чиқиб келди.
«Судья 10 минутда хукмни эълон қилибди! 13 нафар судланувчининг такдири 10 дақиқада хал бўлди!» дейди киноя билан судланувчиларнинг яқинларидан бири.
Дархақиқат, судья Аскар Мамарахимов 10 дақиқа мобайнида 13 нафар судланувчига ўз хукмини эълон қилди.
Унга кўра, Арамаис Авакян 7 йил, Фурқат Жўраев 12 йил қамоқ жазоси олди. Бектемир Умрзоқов 6 йил, Дилшод Алимов ва Акмал Маматмуродовлар 5 йилу 6 ой қамоққа хукм қилинган.
Олинган маълумотларга кўра, ушбу «жиноий иш» иштирокчиларнинг бир нечтасига, 3, 4 йилгача иш хақидан давлат хисобига маълум фоиз ушлаб қолишни кўзда тутувчи жазо қўлланилган ва суд залидан озод қилинган.
Eltuz.com cайти хозир бўлиб ўтган суд ва ўқилган хукм бўйича тўлиқроқ маълумотларни ўз манбааларидан йиғмоқда ва яқин соатларда аниқлаштирилган ва тўлиқ тафсилотларни эътиборингизга йўллаймиз.
Улуғбек Ашур
Eltuz.com