Кундалик
19 октябр 2015

Қачон бошлангани, қачон тугаши номаълум “уруш”

Қудрат Бобожон,
Eltuz.com

Пахтада урушдагидек одамлар ўлимига кўникишган. Шунинг учун 2 октябр куни ўзини пахта даласидаги дарахтга осган лицей ўқувчиси Мансур Матёқубовнинг ўлими ҳақидаги хабар кўпларни унча ажаблантирмади.

Ўзбекистонда пахтага оид маълумотлар ҳарбий сирга тенглаштирилгани ҳисобга олинса, бундай воқеаларнинг қанчаси бизга номаълум қолаётганини фақат тасаввур қилиш мумкин. Шунга қарамай Озодлик радиоси ўзига етиб келган пахтадаги ўлим холатларини кунора санаб келади. Бу йил ҳам бундай фожиали холатлар сони ўнлаб экани айтилди.

Ҳақиқатан ҳам бу уруш жабҳасини эслатади. Эҳтимол боши-кети йўқ бу уруш ўзбек пахтачи бойи ерига илк чигитни қадаган куни бошлангандир? Балки илк пахта карвони ўрис юртига жўнатилган, пахта даласига илк мардикор чиққан даврларда бошлангандир?

Қачон бошлангани номаълум бу уруш – ҳар ҳолда унинг навбатдаги қурбони 18 яшар Мансур Матёқубов ўлими билан тугамаслиги аниқ. “Гуруҳдаги қизлар билан ҳам гаплашилди. Унақа севги-муҳаббат деган нарса ҳам бўлмагани аниқланди», дейди ҳар бир фожиани маиший сабабга йўйишга ўрганган ҳуқуқ-тартибот идораси ходими…

Бироқ, бу юзадан жиноят иши очилмаганини билдиради у. Ҳар на, кўпга келган урушку бу…

“Мардикорга кетди ўзбекнинг мард йигити…”

Бу йил кўплар ўз ўрнига мардикор ёлламоқда. Мардикорнинг пули фронтга сафарбар қилинган ўқитувчи, шифокор, талабалар ёки коллеж, лицей, мактаб ўқувчиларининг ота оналари чўнтагидан бўлади албатта ёки уларнинг ўзлари мардикорлик қилишига тўғри келади. Бўйин эгмаганларни Бош вазир Мирзиёев ташаббуси билан таркибига мамлакатдаги барча куч тизимлари киритилган Ойболта номи остидаги жазо отрядлари кутади.

Дарвоқе мардикор. У ҳақда озроқ тўхталсак. Бу атама мамлакатимизда Чор Россияси мустамлакаси даврларида ишлатилган архаик сўз. Мардикорларни оқ пошшо учун урушдаги қора ишларда ишлатишган. Улар ўрмон кесишган, кўплари ёғоч милтиқ билан жангларда замбарак еми бўлишган. Мардикорга кетганларнинг кўплари мамлакатга қайтмаган…

Олий ўқув юртига киришни орзу қилган, бироқ бу йил пахтада ўзини жийда дарахтига осган лицей ўқувчиси Мансур Матёқубов каби, қадимда ҳам мардикорга кетган ўзбекларнинг катта орзу умидлари бўлган.

“Қарғалар учса қарайлик…” дея орзу умидларини қўшиққа солган оқ пошшо мардикори ҳар-ҳолда, бугунги кун мардикоридан фарқли ўз қисмати сабабчиси “Николай пошшонинг замбараги” эканини яхши билган.

Ушалмаган орзу умидлар

Бугун Мансурнинг ўлими ҳақидаги Озодликда чиққан хабарни ўқиб яна бир ҳақиқатни англадимки, ҳар йили қайта чизиб қўйиладиган пахта фронти чизиғи бу йил ҳам унга ўхшаган яна миллионлаб ўзбекларнинг орзу умидлари устиган тортилган.

Ўқитувчилар синфхоналарга, шифокорлар шифохоналарга қулф осиб, мардикорлик халтасини орқаларкан, меҳнатга мажбур қилинмайди дейилган болалар ва ўқувчилар қаерга борсин. Мансур ҳам оғир меҳнатга яроқсиз, ёш ўқувчи эди.

“Кўриш қобилияти яхши эмаслигига қарамай бошқа курсдошлари қатори пахтага ҳайдалган” Элликқалъа академик лицейи ўқувчиси Мансур Матёқубов балки умидсизликдан, балки миллатдошлари кўра олмаган даҳшатли ҳақиқатни, – бу урушнинг ҳеч қачон тугамаслиги мумкинлигини билганидан жонига зуғум қилгандир… Яна билмадим.

Таниганлар Мансурнинг аълочи, тартибли ўқувчи бўлгани ҳақида гапиришади. Тенгдошлари орасида энг интизомли бўлгани боис Мансур гуруҳ сардори бўлган экан.

«Ўша куни у ҳеч ким билан тортишмаган, айтишмаган. Гуруҳдошлари билан ўртасида ҳеч қандай келишмовчилик бўлмаган. Ўқитувчилари билан ҳам келишмовчилик бўлмаган”.

Мансурнинг танишларига кўра, у кейинги йил лицейни битириб олий ўқув юртига киришга тайёргарлик кўраётган экан. Ҳатто пахта даласига ҳам китобларини олиб келиб, бўш пайтлари шуғулланиб келган.

Қурбонлар ким учун?

Жон азиз нарса. Айниқса азиз фарзанднинг жони. Модомики менинг миллатдошим пахта терими жабҳаси мамлакат бўйлаб катта фронт экани, унда умумсафарбарлик, талофатлар ва қурбонлар борлигини тан оларкан, энг аввало ким учун ва кимга қарши уруш кетаётганини, ёки азиз фарзандини нима учун жўнатаётганини ҳам билиши керак эмасми?

Мен масалан, юз йиллардан буён давом этаётган, қарғалар галаси каби қоришиқ мавҳум урушда душман қаердаю, “ўзимизникилар” қаердалигини чиндан ҳам билмайман.

Бу машъум пахта фронтнинг қаерда ва қачон тугашию, ҳар йилги унинг қурбонлари ким учунлигини ҳам билмайман. Чунки мен унда иштирок этмайман, чунки мен учун бу уруш бегона.

Бироқ балки сиз биларсиз, бу жабҳада жонбоз бўлган ўқувчим, – унга ўз фарзандини жўнатган она, мардикор пулини тўлаган ота, ўз ўқувчисини жўнатган ўқитувчи, ўз хизматчисини жўнатган амалдор, ўз шифокорини жўнатган тиббий муассаса раҳбари? Ё бу сизнинг урушингизми?

Тағин ўқинг
19 феврал 2023
Бугун архивларни титар эканман ëзувчи Абдулла Қодирийнинг ўсмонли адабиëтини мунтазам ўқигани ва илк турк рўмон ëзари Шамсиддин Сомийдан таъсирланганлигини ...
27 март 2019
27 март куни ўзбекистонлик аралаш жанглар устаси Мурод Хонтўраев учинчи бор пичоқланди. Спортчининг жароҳати жиддий эмаслиги билдирилди. Хонтўраев дастлаб ...
16 апрел 2018
Президент Мирзиёев 13 апрель куни Сирдарёда ўтказган йиғилишида атрофидаги лаганбардорлик, кўзбўямачиликлар жонига текканини билдириб, «юрагида жуда катта армон-азоб бор»лигини ...
12 январ 2021
Андижон шаҳридаги автобус бекатларидан бирида тўшакка ўраниб, устидан целлофан ёпиб ўтирган бир кишига дуч келдим. Ўша куни ҳаво одатдагидан ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...