Кундалик
23 октябр 2015

Йўқолган икки йигит МХХ турмасидан топилди!

Улуғбек Ашур,
Eltuz.com

Шу йилнинг 4 сентябр куни Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида яшовчи 33 ёшли Арамаис Авакяннинг хонадонига нохуш хабар келди. Унинг қариндош уруғлари воқеа содир бўлган Жиззах туманининг Самарқандқудуқ мавзеси худудига етиб борганларида, катта йўл ёқасида ёниб битиб бўлган енгил автомобил турарди холос.

Ўша ерда хозир бўлган вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари ва фуқаро кийимидаги ўзини таништирмаган кимсалар, Арамаис Авакяннинг яқинларига, «Ўғлингиз Арамаис ва мана шу машинада таксичилик қиладиган Дилшод Алибоевнинг тақдири номаълум. Тафсилотларини ўрганаяпмиз. Улар катта жиноий ишга алоқадор деган тахминлар бор ва иккаласи тил бириктириб, машинани ёқиб, республика ташқарисига чиқиб кетишган бўлиши мумкин» деб айтишади.

Ғойиб бўлган икки йигитни изқувар итлар ёрдамида кечаси ва кундузи қидиришади. Дала шийпонлари, ташландиқ уйлар, мозорлар ва хаттоки Жиззахдаги енгилоёқ қизлар масканларигача рейдлар ўтказилиб, Дилшод ва Арамаиснинг изини қидиришади.

«Мен хам қидирувларда милиция ходимлари билан бирга юрдим. Хар сонияда, «Эримнинг мурдаси чиқиб қолса, менинг ахволим нима бўлади?» деган қўрқинчли ўй билан яшадим» дейди Арамаис Авакяннинг рафиқаси Ширин. Қидирувлар бир ойдан ортиқроқ давом этади ва натижасиз тугайди.

Қидирув ишларидан кўнгли тўлмаган Арамаиснинг онаси республика президенти номига телеграмма жўнатади ва вилоят хуқуқ тартибот идоралари ходимлари устидан шикоят қилади.

Телеграмма эгасига етиб борганми, ёки вилоят ички ишлари ходимларига инсоф битганми, 15 октябрь куни йўқолган икки йигитнинг дараги чиқади.

Маълум бўлишича, ғойиб бўлганларнинг ота оналари ва милиция ходимлари кечасию кундузи қидирув ишлари билан югуриб юришган бир пайтда, Арамаис Авакян ва Дилшод Алибоев….вилоят Миллий Хавфсизлик хизмати идораси зиндонида ётган бўлишган!

“Ҳохлайсанми, эрингни ИШИДчи сифатида қамоқда чиритаман?”

Дилшод ва Арамаиснинг яқинлари, табиийки МХХ ходимларига ўринли саволлар билан чиқишади. Масалан, йигитлар 4 сентябрдан буён хибсда эканлар, нега у холда вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари, йўқолган йигитларнинг яқинлари билан бирга, уларни итлар ёрдамида кечасию кундузи қидиришди?

Нега Дилшоднинг шахсий автомобили у ғойиб бўлган куни ёқиб юборилди? Умуман, нега уларни ўғирлашди? Арамаиснинг рафиқаси Шириннинг айтишича, эрини унга кўрсатишмаяпти, адвокат олишга хам рухсат беришмаяпти. Уларнинг ишини олиб бораётган МХХнинг ёш терговчиси Д. Болбеков эса, Арамаиснинг яқинларини қўрқитиш билан овора.

“Нега эримни беркитиб ўтирибсиз, уни нега кўришимиз мумкин эмас деган саволларимизга терговчи Болбеков бизни масхаралаш ва камситиш билан жавоб бераяпти. “Хохлайсанми эрингни Хизбутчи ёки ИШИДчи сифатида қамоқда чиритиб юбораман? Истасам адвокатниям унинг олдига қуймайман” деяпти терговчи ” дейди Ширин. Бир неча кун аввал, хибсдаги йигитларни нима учун яқинларига кўрсатмаётганликлари маълум бўлди.

Арамаиснинг ота онаси ўзларининг Тошкентдаги танишлари воситачилигида МХХ идораси зиндонидаги ўғиллари холидан хабар олишга эришишди. Ичкаридан уларга сиздирилган хабар унчалик яхши эмас эди: Арамаис қаттиқ қийноқлар натижасида юра олмайдиган ахволга келган экан. Уни терговчи хонасидаги сўроққа кўтариб олиб кириб, судраб олиб чикиб кетишар экан.
Суриштирувимиз натижаси, нима учун айнан Арамаис Авакян ва Дилшод Алибоев ўғирланди ва қаттиқ қийноқларга солинди деган саволга бироз ойдинлик киритди.

rasm433
Пахтакор тумани хокими Қаршибоев Ғофир Яхшибоевич Арамаиснинг бизнесига кўз тиккан. Ҳокимлик сайтидан скриншот

 

Бизнесини тортиб олиш учун…

Арамаис Авакян бир неча йиллардан буён шахсий баликчилик хўжалигига эга бўлиб, унинг 2 та ховузидаги балиқлар кўпайгандан кўпайиб бораётган экан.

Арамаис Авакяннинг яқинлари фикрича, хамма ғавғо ана шу балиқ хўжалиги туфайли чиққан. Пахтакор тумани хокими Қаршибоев Ғофир Яхшибоевич ана шу ховузга кўз тиккан ва бир йилдан буён Арамаисдан бу сердаромад хавзани тортиб олишга бир неча марта уринган.

Арамаис ва хоким ўртасидаги сўнгги жанжал шу йилнинг феврал ойида бўлиб ўтган. Балиқ хўжалигидаги чайла олдидаги жанжалда хоким Арамаисга қараб «Ха онангни ……..!!» дейди. Қони қайноқ армани йигит эса бу хақоратга муносиб жавоб берган: хокимга тик қараб «Ўзингни онангни ……!» деган.

Орадан 4 ой ўтар ўтмас Арамаис ва уни олиб кетаётган хусусий таксичи ерга кириб кетгандек ғойиб бўлишади. Арамаис ва таксичи Дилшоднинг яқинларига ёниб кетган автомобил кўрсатилади ва изқувар итлар ёрдамида уларни қилирувини бошлашади.

МХХ турмасидан чиқарилган хабарга кўра, таксичи Дилшод қийноқларга чидамасдан терговчи Болбеков истаган қоғозларга имзо қўйган. Лекин Арамаис Авакян хар қандай қоғозни адвокатсиз имзолашдан бош тортган. Тергов кетаётган идорадаги манбаамизга кўра, Арамаиснинг балиқ хўжалиги аллақачон туман хокими Ғофур Қаршибоевнинг бир танишига сотиб юборилган ва олди берди қоғозларига Арамиснинг имзо қўйиши қолган холос.

Лекин қайсар ва тўғри сўз Арамис Авакян бундай қоғозларга имзо чекмаяпти. Хозирча. Арамаиснинг рафиқаси Ширин куни кеча терговчи Болбеков хузурида бўлганида, терговчи унга қараб “Эринг бугун бўйнига олмаяптими, эртага албатда олади!

Икки болангни болалар уйига топширтираман ва сени хам подвалга каллакесарлар камерасига қамайман. Ана шунда кўрамиз армани эрингни холини” деганини айтаркан, овозида иложсизлик ва қўрқув белгилари бор эди…

Демак эртага қийноқлар яна давом этади. Янада ноинсонийроқ ва номусни тахқирловчи қийноқ усуллари Арамаис Авакянни таслим қилармикин? Воқеалар ривожини кузатиб борамиз…

Тағин ўқинг
17 июн 2016
80- йиллар охирларида саҳна юзини кўрган «Ойна» драматик асари орқали прокурорларнинг арзанди ўғиллари қилаëттган жиноятларни фош қилган ëзувчи «коммунист ...
8 октябр 2024
Ипак толаси ўта нозик бўлса ҳам ниҳоятда пишиқ бўлади. Унча-мунчага узилавермайди. Аммо ипак ҳали толаси олинмай пилла ҳолатида ичидан ...
1 июл 2023
«Элтуз» жамоаси 1 июлдан 30 кунлик меҳнат таътилига чиқади. Таътилдан кейин сиз, азиз дўстлар, кўзлари интизор сингиллар, меҳрибон опажонлар, ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...