Равшан «Золотой» иқрори: Мени калтаклашди, аммо синмадим
Ўтган ҳафта охирида Тошкентдаги жиноят доираларида “Қора” ва “Граф” лақаблари билан танилган йирик тадбиркор Ғафур Раҳимовнинг жияни Равшан Муҳиддиновнинг (лақаби “Золотой”) бир иқрори акс этган видеолавҳа тарқалди.
Унда Муҳиддинов «Элтуз» ўтган йили ëзган ҳолат, яъни Равшан «Золотой»нинг калтаклангани эътироф қилинади.
«Ҳеч ким мени разборкага чақиргани йўқ. Мени ўз эътиқодим бўйича биродарларим чақиришди. Менинг оилам билан яшайдиган уйимда бир неча бор меҳмон бўлган, бир неча бор менинг нонимни еган, бир неча бор бир сафда туриб намоз ўқиган ва бир неча бор қиёматгача менинг биродарим бўлишини таъкидлаган кимсалар.
Бу Аллоҳнинг иродаси билан биз ўзимиз тепага кўтарган, нуфузли одамлар билан таништирган, ўзимиз муносиб дея тавсия этган одамлар эди. Мен илк бор фақат яхши томонини кўрганимни айтаяпман.
Вақт эса бунинг аксини кўрсатаяпти, аксини исботлаяпти, дейди Равшан Муҳиддинов инстаграмида эълон қилган видеосида.
У ҳеч шубҳали хаёлларга бормасдан, ҳеч бир ҳимоясиз, меҳмон сифатида у ерга боргани, кўплаб одамларни кўргани ва «беспредел»га дуч келганини айтади:
«Беспредел» дегани турлича таърифланадиган тушунча. Мен кўрган беспредел одамларга кўп йиллар давомида қизил зоналарда қўлланиладигани экани кўриниб турарди.
Лохмачларнинг наинки методлари бўлса, улар буни ишга солишди. Бир ярим-икки соат давомида муттасил. Мен жисмонан синдирилдим. Ўнтаси битта одамга қарши. Монстрниям қийшайтириб ташлаш мумкин эди. Аллоҳга шукурки, Равшаннинг иродаси маҳкам эди. Чунки ҳақиқат у томонда эди.
Улар бу йўл билан ниятларига ета олмасликларига кўзи етгач, ишга солган усуллари ҳеч бир натижа бермагач, менинг номусимга дахл қилишни бошлашди. Мен нормал бир эркак сифатида бу вазиятдан ўз номусимни сақлаб қолган ҳолда чиқиш усулларини қўллай бошладим.
Мен буни уддаладим. Аллоҳ мени бу вазиятда қўллади. Улар Дубай масаласида менинг тоза эканимга амин бўлишди. Ифлосланмаганман. Буни ўзлари айтишди. Агар қандайдир виждонлари қолган бўлса, айтишсин. Унинг Дубай бўйича иддаолари уларни қониқтиргани йўқ. Кейин у чалғита бошлади.
Кейин тағин барибир менинг бу вазиятдан чиқиб кетишим учун уларга муаяйн бир суммани беришим шартлигини билдиришди».
Шу ўринда тушунтириш бериб кетсак.
2020 йилнинг 19 август куни Туркиянинг Анталия шаҳрида асли гуржистонлик “қонундаги ўғри» Нодир Салифов отиб кетилди. “Элтуз”га етиб келган маълумотга кўра, Лоту Гули лақаби билан машҳур Нодир Салифовнинг бошига тўртта ўқ узилган.
Анталиядаги ресторанлардан бирида Лоту Гули билан овқатланган эркак тўппончаси билан уни отиб ташлаган. Лоту беморхонага олиб кетилган, аммо уни қутқаришнинг иложи бўлмаган.
Кўп ўтмай турк полицияси Лоту Гули билан яқин алоқада бўлган Хан Ахмедлинскийни қўлга олган. Лоту Гулининг қотили айнан у экани айтилмоқда.
“Элтуз” манбасига кўра, Хан Ахмедлинский қотилликдан бир неча дақиқа ўтиб асли ўзбекистонлик авторитет Равшан Муҳиддинов (лақаби Равшан «Золотой»)га қўнғироқ қилган.
Орадан кўп вақт ўтмай, турк полицияси Равшан «Золотой»ни Истанбулнинг Белек Дузу даҳасидаги вилласидан олиб кетган.
Равшан Муҳиддинов (Равшан «Золотой») жиноий авторитетларга яқин бўлган тадбиркор Ғафур Раҳимовнинг жиянидир. Жорий йилнинг март ойида “Элтуз” Ғафур Раҳимов ва Равшан «Золотой» ўртасида келиб чиққан зиддиятлар ҳақида хабар берган эди.
2020 йил тарқалган видеода Мухиддинов “45 кун ичида ваъда қилинган пулни қайтараман, Худо хоҳласа. Агар қўймасам, Равшан эмасман”, дейди.
Телеграм каналларида тарқалган ушбу видеолавҳада номаълум кимсалар ётоқда ўтирган Равшан Муҳиддиновга турли пўписа ёғдирганини ҳам кўриш мумкин.
«Мен камерага қараб, агар мен бу пулни бермасам, мен номардман, дейишим керак эди. Биродарлар, Аллоҳга шукур, мен чиқдим. Муддати келганда улар менга қўнғироқ қилишди. Шантаж қилишди. Ўзларига лойиқ жавобни олишди», дея изоҳ беради бу видеодаги гапига Муҳиддинов ўзининг сўнгги чиқишида.
“Элтуз” билан суҳбатга киришган манбаларнинг айтишича, Ғафур Раҳимовнинг турмуш ўртоғи Лола Раҳимова мазкур видеотасвирни Арман “Дикий”дан 20 минг доллар эвазига сотиб олган, видеолавҳа ҳолатига келтирган ва ижтимоий тармоққа юклаган.
Элтузнинг: “Орадан шунча вақт ўтиб бу видеотасвирни сотиб олиш, унга ишлов бериш ва уни тарқатиш Лола Раҳимовага нега керак бўлиб қолди?” деган саволига манбалар: “Чунки Ўзбекистондаги жиноий доираларда Ғафур “Қора” ўз жиянига туҳмат қилибди, уни бошқа миллат вакилларига дўппослатибди ва қийноққа солдирибди”, деган гап-сўзлар тез тарқала бошлади.
Ғафур ва аёли ўзларининг туҳмат ва найранглари очилиб қолмаслиги учун Арман “Дикий”га пул бериб, унинг қўлидаги видеотасвирни қўлга киритишди ва тарқатишди. Лекин аслида Равшан “Золотой” ўзига қарши гувоҳликни ўлим таҳдиди ва қийноқлар остида берган”, дея жавоб берди.
Бир-биридан мустақил суҳбатдошларнинг “Элтуз”га маълум қилишича, воқеалар аслида қуйидагича бошланган ва ривож топган.
Манбаларнинг иддао қилишича, Ғафур Раҳимов ўзининг собиқ ҳамкори Ойбек Миралиевни (лақаблари “Фаберже”, “Тухум”) чув тушириш учун ундан аввал ундирган пулларини қайтадан ундиришни режалаштирган.
Бу режани амалга ошириш учун Ғафур Раҳимов Ойбек Миралиевдан пул ундириш вазифасини ўз жияни Равшан Муҳиддиновга юклаган ва жиянига ундириладиган 45 миллион доллардан бир қисмини беришни ваъда қилган.
Топшириқ бўйича ишга киришиб, Ойбек ва Ғафур ўртасидаги молиявий муносабатларни ўрганган Равшан Муҳиддинов бу ишда ўз тоғаси Ғафур Раҳимовнинг Ойбек Миралиевга туҳмат қилаётганига, Ғафурнинг пулларини Ойбек эмас, балки Ғафурнинг аёли Лола Раҳимова ўзлаштирганига амин бўлади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили 25 декабрда Jahon.uz нашри Тошкент шаҳрида йирик тадбиркорлик бизнесларига эга бўлган ака-ука Ойбек ва Элдор Миралиевлар Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан қамоққа олингани ҳақида ëзган эди.
Мақолада Ғафур Раҳимовнинг хотини Лола Раҳимова ва унинг синглиси Гўзал Камолхўжаеванинг исмлари жиноят ишида даъвогар сифатида зикр қилингани ëзилади.
“Элтуз” суҳбатлашган жиноят олами вакилларидан бири қуйидагича ҳикоя қилади:
Ўзининг тўғрисўзлиги ва адолати билан танилган Равшан (“Золотой”) Ғафур Раҳимовга ўз хулосасини айтади. Ғафур Раҳимов: “Сен менга ва келинойингга эмас, “Тухум”га ишоняпсанми?! Мен билан келинойинг ўртасидаги муносабатларни бузмоқчимисан?!” деб ўз жияни Равшан Муҳиддиновдан юз ўгиради.
Хайрлашаётганда Равшан Ғафурга: “Ака, Ойбекка туҳмат қилманг! Барибир эрта-индин ҳақиқат юзага чиқади. Шунда “туҳматчи”, “терпила” деган номга қоласиз”, дейди.
Равшан Муҳиддинов ўз тоғасига вазиятни тўлиқ тушунтириш учун турли даражадаги танишларини ишга солади ва Ғафур Раҳимовга “нейтрал бир жойда” учрашишни таклиф қилади, аммо Раҳимов жияни таклифига рози бўлмайди.
Аксинча, хотини “йўриқнома”си асосида Ғафур Раҳимов, “Элтуз”нинг бошқа бир суҳбатдошига кўра, тезда озарбайжонлик Нодир Салифовга ва қозоғистонлик Арман Жумагелдиевга қўнғироқ қилади.
“Жияним “Золотой” душманим “Тухум” томонга ўтиб кетиб, мени чув туширди”, дейди Ғафур.
Унинг бу гапларига ишонган Салифов (“Лоту Гули”) ва Жумагелдиев (“Дикий”) Равшан Муҳиддиновни “заманить қилиб”, гўёки меҳмонга чақиришади.
Бу учрашув 2019 йил 13 ноябрь куни Истанбулдаги “Hyatt Regency” меҳмонхонасида ўтказилган.
У ерда Муҳиддиновни озарбайжонликнинг тарафдорлари – қозоқ Арман Жумагелдиев ва қуролланган яна 10 нафар спортчи йигит кутиб олади.
Хонада аввалдан кутиб ўтирган гуруҳ хонага кирган Равшан Муҳиддиновнинг қўл-оёқларини боғлаб, унга ўлим билан таҳдид қилиб, уни дўппослаб ва қийнаб бошлайди.
“Бир неча спортчи йигит “Золотой”нинг бошини сув тўла ваннага бўктира бошлашади. Қаттиқ дўппослашади. Лекин Равшан уларга тан беравермагач, унинг эркаклик шаънига тегишларини айтадилар.
Шунда эркаклик шаънини ҳимоя қилиш ва вазиятдан чиқиб кетиш учун видеодаги гапларга рози бўлади”, дейди “Элтуз” суҳбатдошларидан бири.
Eltuz.com