UzPoster
2 октябр 2019

Ўн дақиқа ўттиз саккиз сония

Замонамиз турк ёзувчилари орасида Ўрхон Помуқ каби дунёда ном қозонган ўткир қалам соҳиби Алиф Шафақ китобхонлар орасида анча машҳур.

Айни вақтда Алиф Шафақ фаол, инсон ҳақлари, аёллар, болалар ва ҳимояланмаган озчилик вакиллари ҳимоячиси сифатида ҳам Туркия ичида ва дунёда танилган.

Туркиядаги антидемократик жараёнлар, аёллар ўлими ва жинсий зўравонликлар масаласида Эрдўғон ҳукуматининг танқидчиларидан бирига айланган.

Натижада унга қарши жиноят иши очилиб, сиртдан ҳукм қилинган.

Ҳозирда Лондонда истиқомат қилаётган Алиф хонимнинг бу йил нашрдан чиққан, муҳафазакор жамıятда аёллар, озчилик ҳаёти ва Туркиянинг яқин сиёсий тарихини ҳıкоя қилувчи  «10 дақиқа 38 сония» номли китоби жаҳоннинг  энг сараланган адабиёт мукофотларидан бири -«Букер прайзе» номзодлари орасига кирди.

Алиф Шафақнинг бу романида ёзувчи охирги йиллардаги илмий тадқиқотларда ўлимдан кейин ҳам инсон миясининг  муайян бир вақтгача ишлаб туриши ва бу вақт оралиғининг 10 дақиқаю 38 сониягача узайиши мумкинлиги назариясидан йўлга чиқади.

Асар қаҳрамони Истанбулнинг  қоронғу орқа кўчаларида яшайдиган, ҳаётнинг аччиқ, шафқатсиз ўйини  билан «ёмон йўлларга» кириб кетган Текила Лайлодир.

Китоб Текила Лайлонинг шаҳар чеккасида бир ахлатхонага ташлаб кетилган жонсиз жасади тасвири билан бошланади.

Лайлонинг юрак уриши ва нафас олиши тўхтаган, лекин шуури очиқ, мияси ҳали ҳам бинойидек ишлаб турар эди. Клиник маънода Лайло ўлган эди.

Дақиқа-дақиқа эски хотиралари,  ўтган кунлари, ҳаёти бир кино саҳналари каби жонланар эди унинг шуурида…

Ўн дақиқа ўттиз саккиз сония ичида бутун ҳаёт ҳикоясини, диндор муттаасиб оилада шаклланган болалигини, Истанбулга олис Ван вилоятидан келиб қолиш қисматини эслайди.

Ëзувчи Алиф Шафақ Текила Лайло тимсолида Туркиянинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларига, синфлар орасида чуқурлашиб бораётган тенгсизликларга, жамиятнинг сиртдан муҳофазакор каби кўринувчи, лекин аслида мутаасиб-люмпен қатламларига ва Истанбулнинг ўсиб бораётган қинғир шаҳарлашиш муаммоларига ишиқ тутади (прожектор қаратади).

Текила Лайло бугун Туркияда тажовузга маъруз қолган, ёлғизлаштирилган, четлатилган,  ўлдирилаётган ҳимоясиз минглаб аёлларнинг ҳикоясидир.

Ўзбекистонлик Лайлонинг ҳикояси

Охирги йилларда Ўзбекистондан ҳам Туркиянинг йирик шаҳарларига кўплаб меҳнат муҳожирлари ҳижрат қилишмоқда. Булар орасида энг заифи, ҳимояланмагани қабиҳ инсонларини тузоғига тушиб қолувчилар, албатта, аёллар.

Зеро, Туркияда аёлларга қарши жинсий зўровонлик, оила ичидаги шиддат ва аёллар ўлими билан якунланаётган жиноятлар кун сайин ортиб бормоқда. Муаммонинг илдизи жуда чуқур.

Анъанавий жамиятдаги эркак тарбиясидан давлатнинг аёлларни қўриқлаш учун чора-тадбирлари етарсизлигигача эътибор қаратишимиз мумкин.

Лекин, асосийси, мавзуимиз куни кеча содир бўлган мудҳиш бир жиноят.  Бу жиноятнинг биз ўзбеклар учун даҳшатли тарафи – ватандошимиз 23 яшар Нодира Қодированинг ўлдирилиши ёки, расмийлар айтаётгандек, “ўз жонига суиқасд” қилиши.

Ҳар турли ҳолатда ҳам бир қотиллик содир бўлган ва бу қотилликни зудлик билан яширишга ҳаракат бўляпти.

Чунки қотил бир жоҳил ёки шаҳар люмпени, тажовузчи эмас. У Туркияда қудратда бўлган иқтидор партия – АКП миллатвакили, яъни Эрдўғонга яқин бир анқаралик амалдорлардан.

Қизимиз Нодиранинг қисмати Алиф Шафақ асари қаҳрамонни Текила Лайлонинг тақдири билан моҳиятан ўхшаш.

Лекин Лайлодан фарқли ўлароқ, Нодира жамиятимизда қабул қилинган «номус» нормалари ичидаги қиз. Келажакда ўқиш, пул топиш мақсадида балким иймонли деб ишонгани исломчи бир партиянинг мусулмон амалдори уйида хизматчилик қилаётган эди.

Нодира фақатгина ҳимоясиз, кимсасиз, чорасиз бир аёл бўлгани учун бир шарафсиз тарафидан тажовузга маъруз қолди.

Эҳтимол номусини, шарафини ҳимоя қилишга уринди ва шунинг учун ҳам ўлдирилди.

Лайлонинг ўлими арафасида зеҳнидан кечган ўйлар ўн дақиқалик қисқа бир замон тилимида эҳтимол бечора Нодиранинг ҳам шууридан ўтган бўлса ажаб эмас.

Биз учун бу қоронғу. Нега ўзининг Америка ватандоши бўлиб туғилмагани, нега ватанидан узоқда, бир шарафсизнинг панжасига тушгани,  нега давлатидан ҳеч кимнинг бу жиноятнинг ойдинланиши учун жилла қурса текширув ҳам олиб бормаётгани ва нега бу дунёга АЁЛ бўлиб келгани кечгандир балким мақтул шууридан бу ўн дақиқа ичида.

Балким Эрдўғон Туркиясида на бир маҳкаманинг, на-да бир ҳуқуқ органининг бу амалдорларга кучи етмаслиги ҳам кечгандир онгидан, зеро, бу шарафсизларни қўловчи катта бир оломон бор Туркияда. Бу оломон ичида Нодиранинг ватандошлари ҳам борлиги дардимизга дард қўшади.

Руҳинг шод бўлсин, Нодира!

Баҳодир Файз
Eltuz.com

Тағин ўқинг
23 апрел 2019
Сўнгги вақтларда бош вазир ўринбосари Танзила Норбоева, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев, мамлакатнинг АҚШ ва Бельгиядаги элчилари ...
15 апрел 2016
Ўзбек матбуотига берган интервьюларида режиссер янги фильм воқеалари ўтган асрнинг 90 йиллари бошида, Ўзбекистон эндигина мустақиллика эришга даврдаги тарихий ...
11 март 2016
7 ва 8 март кунлари жахоннинг кўзга кўринган пахта саноати корхоналари вакиллари, олимлар, сиёсатчилар, таниқли хуқуқбонлар ва журналистлар иштирокида ...
29 январ 2021
Мана, яна сиз билан бетма-бет, юзма-юзман. Қаршингизда гапириб ўтирибман. Раҳматли катта бобом Латиф қори одамлар тўғри сўздан қўрқадиган замонда ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...