UzPoster
12 декабр 2019

У Рембога ўхшарди…

Абдували Қутбиддин умрининг сўнгги йилларида сал “бузилмоқчи”, маддоҳлик қилиб кўрмоқчи ҳам бўлди. Аммо анча-мунча кечикканини англади чоғи, “қийшанглашга” астойдил ҳаракат этгани йўқ. Агарда “шеъриятнинг пичоғи” ( У.Азим ибораси) ила ўша пуч куртакларни хаёлан қириб олсак, Абдувалидан шаффоф, дарвештабиат шоир сийрати қолади.

Лутфий, Навоийдан чинакамига ибтидо топган ўзбек шеъриятида токи Абдулҳамид Чўлпонгача кескин шакл ўзгаришлари воқеликка кўчмагани маълум. Чўлпондан кейин Рауф Парфи нафис тилда турли “ҳунарлар” кўрсатди. А.Қутбиддин шеъриятида эса чўлпонона, парфиёна оҳанглар муштараклик касб этди. Энг асосийси, у ҳеч бир туркий шоирга тақлид қилмади.

Кимдир биров мендан: қайси тенгқурларингга ҳавас қиласан, деб сўраса, ҳеч иккиланмай аввало Абдувалига, дея мазкур саволга жавоб қайтарган бўлур эдим. Ҳа, биз қарийб тенгдошмиз – 7-8 ойнинг нари-берисида. Алалхусус, фақир Абдували билан ТошДУнинг журналистикасида беш йил мобайнида бирга ўқиганман. Аммо талабаликда кам мулоқот қилганмиз. Боиси, ул дарвеш лекция ва семинарларда қорасини озроқ кўрсатар, курсдошлар нашриётларга қатнайди, китобини чиқармоқчи шекилли, кутубхоналарда китоб мутолаасига муккасидан тушади, дейишарди. Шеърий туркумлари бирин-кетин “Ёшлик” альманахида, “Ёшлик баёзи” китобида ёруғлик юзини кўргач, унинг шоирликка “номзодлиги” ойдинлашди. Воқеан бу икки жамоа тўпламида суврат остида асар чиқариш ҳазилакам амал эмасди. Бунинг учун кўп чиғириқлардан ўтишга тўғри келарди. Айни вақтда китоб эълон қилмоқ хамирдан қил суғургандан ҳам енгил эрмакка айландиким, 80-йиллар билан кунимизни ўзаро қиёсласак, ер ва юлдуз қадар тафовутга қоқиламиз.

Эсимда, 1978 йилнинг кузи. Курсдошлар билан сен қайдан келгансан, деярак эндигина танишган кунларимиз. Кунларнинг бирида бизга «жаҳоннинг кучли шоирлари арчалар остида сизларни кутиб турибди» қабилида хабар бўлди. Ўн-ўн беш чоғли шинаванда арчазорга юз бурдик. Осиё ва Африка қитъалари адибларининг Тошкент анжуманига келган шоирлар экан. Йиғилганимиздан сўнг баланд бўйли, оқ костюм-шим кийган, галстук таққан, сочлари қоп-қора бир киши гулдираб рус тилида шеър ўқий бошлади. “Ишак” деганида барча кулиб юборди. Гарчи шеър мазмунига тушунмасам-да, мен ҳам кулдим. Абдували ёнимда турган эди. “Бу шоирни танийсизми?” деб сўради. “Йўқ”. “Бу одам СССР Ленин комсомоли лауреати Ўлжас Сулаймонов!”. Ўҳ-ҳў, дедим ичимда. Чунки биз ўша даврларда Ўзбекистон Ленин комсомоли мукофоти лауреатларини улуғ шоир дердик. СССР Ленин комсомоли лауреатини эса илк бора кўриб туришим эди. Курсдошим баҳоси боис Ўлжас Сулаймонов китобларини кутубхоналардан ахтара-ахтара топиб, ҳижжалаб ўқиб чиқдим. Ҳаттоки, қозоқ тилида босилган “Отамакон” деган китобини мутолаа қилдим. Алалхусус, айнан ўша вақтларда биз ноанъанавий (экспериментал дейишарди) назмга қизиқиб бошлагандик. Суҳбатидан аёнлашдики, Абдували француз символистлари асарларини ҳам ўқиган экан. Бир гал Рембодан сўз очгани ёдимда. “Рембонинг исмини эшитганман, холос. Сиз унинг шеърларини ўқиганмисиз?” деб сўрасам, димоғдорона қиёфага кириб, сув қилиб ичганман, мен ўзим Рембога ўхшайман-ку, деган.

Ўша даврларда фақир “Кўрмасам сендайин қоши қаламни” янглиғ сатрларни ишлатиб, анъанавий усулларда қоғоз қоралаб юрар эдим. Табиийки, Абдували мени назарига илгани йўқ.

Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманига пахта теришга борганимиз… Яйдоқ далалар… Унда-мунда қолиб кетган қовун, тарвузларни ёриб тановул қилардик. Уддабурон курсдошлар у ёқ-бу ёқдан гуруч, гўшт топиб ош тайёрлашар, гоҳо дастурхонда шишалар ҳам пайдо бўлиб қоларди. Мен эса пахта ораларида ўсган помидорчаларни топиб келардим… Негадир, талабалик олтин даврим, иборасини эшитганимда Оқолтин далалари ёдимга тушади.

Гоҳо баракка Исмат Хушев кириб келиб, ҳе йўқ, бе йўқ, Абдулла Орипов шеърларини ўқий бошларди:
Ҳаёт мендан аямади неъматларини,
Не истасам берди, ҳеч бир тонмайман…

Мошинларнинг эски-туски балонларини оқшомлари ёқиб, гулхан ясар эдилар. “Абдували шеър ўқисин!” дейишарди баъзан.
Шеър ўқирди:

Эшигингни оч, бу мен-ку, Ватан,
Нечук танимайсан ўғлингни, нечук?
Гитарага айланди ўлса ҳамки тан…

Ўша даврларда, яъни 1978 йилларда бундай шеърлар ўқувчида, тинглагувчида ажабтовур таассурот уйғотар эди. Воқеан, шу йилларда назм шинавандалари Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Омон Матжон каби забардаст шоирларнинг фалсафага йўғрилган шеърлари таъмларига эндигина кўникаётган, Рауф Парфини эса унчалик танимас эдилар. Шахсан биз ўзимиз Виктор Харанинг кимлигини ҳам билмасдик. Сирдарёнинг гулхан ёқилган кечаларида курсдошимизнинг Майкл Жексон каби жазавага тушиб, бурала-бурала ўқиган шеърлари барчамизга сеҳрли туюлар, алҳол унинг 18- 20 ёшларидаёқ профессионал шоир сифатида танилгани овозага айланган эди. Чиндан ҳам у Артюр Рембога ўхшаб кетарди. Кейинчалик илғадимки, улар орасида руҳий яқинлик мавжуд экан. Ҳа, у Рембонинг ғойибона шогирди эди. “Хаёл кечаси” (1994) номли мўъжазгина китобчасида (32 саҳифа) жамулжам бўлган битикларни ўқисангиз, унинг ўзбек символизмига асос солганига ва айнан шу зайлда модерн сари илдамлаганига инонасиз.

Дарвоқе, “бу қандай шеърият ўзи?” дея ўзимга ўзим савол берар эдим. Кейинчалик англаб етдимки, А.Қутбиддин поэтик тили асосан тиғиз метафораларга асосланган экан. Ўша шакл оҳангларга йўғрилиб тамомила ўзгачалик касб этади. Йўқ, ялтироқ эмас, сеҳрли, жодули. Олифтагарчилик мевалари эмас: соф, шаффоф, нафис, нозик, ёқимли. “У – туғма шоир”, дерди баъзи бировлар. Ҳар ҳолда, бутунлай бошқача, ҳеч бир шоирга тақлид қилмайдиган, тарихи йўқ (ҳаваскорлик тарихи демоқчиман) ижодкор қаршисида пайдо бўлиб қолса, одам қизиқ алпозга тушар экан.

А.Қутбиддин образларини қимматбаҳо тошлардек бир ипга тизиб, жаранглатиб ўйнатаётгандек туюларди:

Хоҳласанг бераман сеҳргар каклик,
Сайраса бўғзидан тушади гуҳар,
Унинг бир қаноти атиргул, бири
Нилуфар.

Истасанг зумуррад тароғим сенга,
Сочингни тарасанг – ярмиси зумрад.
Силасанг қўлингу бармоғинг бўлгай
Ложувард.

Бундай мисраларни обдон ўйлаб туриб ёзиб бўлмайди, аввалдан режалаштириб бўлмайди. Бундай шеърлар фалакдан ёғилиб, шоир юрагини оралаб, қоғозга тушади. Тушмикин, дейсиз. Тасвир – сирли. Оҳанг – товланувчан. Энг қизиғи, мазмун ҳам сақланган:
Хийла кеч тушибди севайлик десак,
Бизга олакўзроқ хийла замона.
Хийла сен ҳам бироз қаҳрли эрмак,
Хийла мен ҳам бир оз чала девона.

Муаллиф кўп шеърларига сарлавҳа қўймайди. Қўйган сарлавҳалари ҳам ғалати: “Хийла”, “Нажиб ҳолат шеъри”, “Ҳиссий шеър”, “Қайғу пичоғи”, “Илло”, «Мунгимсан, шеърият”… Аҳмад Аъзам, Аҳмад Отабой каби талабчан мунаққидлар унинг ижоди тўғрисида фикр билдирганлар. Бироқ, шуни айтиш жоизки, А.Қутбиддин шеърияти ҳали-ҳамон чинакамига таҳлилга тортилгани йўқ. Унинг шеърияти ҳақида шунчаки ёзиб ҳам бўлмайди. Фақир “Хаёл кечаси”даги пешсўзни шоир назмига аталган ҳаққоний тақриз мақомида кўрдим: “Хаёл кечасида парилар келади. Дунёда ишқ йўқ, ҳавас кўп деб олисга, туну кун қовушган юртга олиб кетишади. Кокили гулга кирган гўзал ортидан бош эгиб бораверишни хоҳлайсизми? Хоҳласангиз, бунинг йўли жуда осон. Озроқ хаёл ва озроқ ишонч. Абдували дунёни ранглар ва тимсоллар орқали ифода этади. Мусиқа, ранг, ҳайратомуз ифодалар – унинг шеърларини хаёлий қўшиқларга айлантиради. Ҳар бир одамнинг хаёлий қўшиғи, яъни ичида, ўзига овоз чиқармай айтадиган қўшиғи бор…”. Қизиқ, бу гапларни ким ёзган экан? Тўплам муҳаррири Фароғат Камоловами?.. Ким ёзган бўлса-да, самимий ёзибди.

А.Қутбиддиннинг эстетик қарашлари таркибида дунёни кескин ўзгартиришга даъватларни учратмайсиз. У ўз дунёси билан яшади. Тириклик ва тирикчиликни ўзаро қориштириб юбормади. Унинг бахтига “Халқ сўзи” газетаси асқатди – ризқини шу таҳририятдан терди. Аммо А.Қутбиддин шеърияти ва публицистикаси бир-бирига зид: бири модернистона, иккинчиси консерваторона.

Кўп китобларини ўқиганман. Лекин “Бор” менда йўқ. “Бор”ни топиб ўқисам, унинг ижоди тўғрисидаги тасаввурим тағин кенгаяди, деб ўйлайман. Ҳар ҳолда, жиддий шоиримизни астойдил ўқимаслик, адабий меросини тарғиб қилмаслик – лоқайдликдир.

Тўғри, айни пайтда Тошкент адабий муҳитида бировнинг биров билан иши йўқ. Балки бу ҳам давр тақозосидир? Балки шундай бўлгани яхшидир? Сабаби, чин шеърият кўзлардан панада яшаса гуркирайди.

Асосан уч турли шоирларни кўрмоқдамиз. Биринчи тури – “чиновникнамо”. Иккинчи тури – кўнгил одами. Учинчи тури – на у ёқлик, на бу ёқлиқ, яъники “нейтрал”. Мана шу уч тур ўзбек адабий жараёнининг қиёфасини белгилаб турибди. Адабий элитада қизиқиш туғдирадигани иккинчи турга мансуб шоирлардир. Уларнинг битикларини ҳаваскор қаламкашлар тушунмаслиги, ҳаттоки масхаралашлари ҳам мумкин. Нима бўлганда ҳам иккинчи тур шоирларига эҳтиёж кўпроқ туғилади. Воқеан, ёзганларига қараб тил имкониятларига баҳо берилиб борилади. Кейинги даврларда Абдували Қутбиддин, Азиз Саид, Рауф Субҳон, Фароғат Камолова, Болтабой Бекматов, Ҳалима Аҳмедова, Ибодат Ражабова, Шермурод Субҳон, Гулбаҳор Саид Ғани, Зебо Нур, Даврон Ражаб, Гўзал Бегим, Ойдиннисо, Тилланиса, Мирзоҳид Музаффар каби шоирлар ўзбек тилининг янгича имкониятларини кашф этмоқдалар. Барчасининг эстетик қарашларида ўзаро яқинлик бор.

Абдували Қутбиддин Шарқ мумтоз назмига хос сўфиёна оҳангларни давом эттириш баробарида Умумоврўпа модерн шеъриятини усулларини ижодга татбиқ қилди. Муҳим жиҳати – “унинг шеъри тасвирга бой бўлиб, маъносидан сўзи оз бўлиши ва шуларни соф ўз тилида ёзишидир” ( З.Баширнинг ўлчов иборасидан). У Чўлпонга ўхшаб КЎК ШОИРИ бўлди. Абдураҳмон Саъдий Чўлпон ҳақида: “Чўлпон омма – халқ шоири эмас, ўқимишлилар – зиёлилар шоиридир. Уни омма-халқ тез англамайдир” ( “Чўлпон ва танқид”. Матнларни нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи филология фанлари доктори Баҳодир Каримов. Тошкент, 2004. 24-бет), деб ёзган эди. Шунга қиёсан айтганда, А.Қутбиддин ҳам халқ шоири эмас, зиёлиларнинг, адабий элитанинг шоиридир.

СОФ ЎЗ ТИЛИда ёзгани учун ҳам у 1980 йилларда мутахассисларнинг назарига тушди. Айтиш жоизки, айнан ўша йилларда устоз Рауф Парфи кучга тўлиб ижод қилаётган эди. А.Қутбиддин Парфи мактабининг қалдирғоч вакиллари сафида бўлди.

Хўш, у қайси “ҳунарлари” эвазига профессионал шоир сифатида эътироф этилди? Бизнингча, мажозий образларни фаол қўллаш, тиғиз метафораларни ҳеч чўчимасдан ишлатиш баробарида дарвеш шоиримиз ўз услубини шакллантиришга эришди. Аксарият шеърларида қувноқ руҳ устивор. Осмонларга учиб юргиси, хаёлот дунёсида ғолиб бўлгиси келади:

Тахаюл тунида сени эсладим,
Кафтингда бахт қуши, елкангда кафтар.
Пойингда тиз чўкиб мўлтирар маъюс
Кийиклар.

“Кабутар” сўзининг “Кафт”га уйқаш қилиб “кафтар” тарзида қўлланиши ҳам сеҳргарона чиққан. Лирик қаҳрамон тириклик ҳуқуқидан лаззатланади, қувонади, гоҳо иккиланади, гумонларга, шубҳаларга боради. Шунинг ўзи ёруғ мавҳумликдир.

Шоир дўстимизнинг шеърларида Одамликдан толиқиш ҳиссиётларини кўриш ҳам мумкин. Бундай ҳиссиётлар бизга мумтоз шеъриятимиздан таниш. Ҳазрат Навоий ҳам бир ғазалида, туғилмасам яхши бўларди, қабилидаги фикрни айтади. Дард деганлари шу-да…

“Шоир коинот билан боғланиши керак”, деган эди Абдували бир гал. У шеър ичкарисига ижтимоий муаммоларни олиб киришни унчалик хуш кўрмасди. Рўё, хаёл ва шу каби ҳаётнинг муқобил шаклларини уни қизиқтирди ва фикрини банд қилди:

Қайдадир тулпорлар фазога етар,
Томоша қилгани товус рақсини.
Қақнуслар оловлар қўйнида ётар,
Фақат мен яшайман
Ўксиниб.

Бу янглиғ нозик мисралар омма эътиборини жалб қилиши даргумон. Бундай мисраларни хос доира суйиб ўқийди ва фикран давом эттиради. Дарвоқе, модернист шоира Гўзал Бегим А.Қутбиддиннинг “Қайдадир тун сиёҳ кокилин эшар” деган сатрини иқтибос сифатида олиб, 27 қатор шеър ёзган.
Шундан бир шингил:

Қайдадир овозинг оқар шарқираб
қайдадир гуллайди гулсиз гулзорлар
қайдадир синади чинни сувратинг
қайдадир айрилиб тушар белгилар
(Гўзал Бегим. “Ёки”, Тошкент, 2018. 88-бет).

Ўзбек шеъриятининг нисбатан ёшроқ авлоди вакиллари унинг назмидан таъсирланмоқдалар, тиғиз метафораларга асосланган матнларини ўқиб, усул ўрганмоқдалар, тор қобиқдан чиқмоқдалар.

Шоирнинг ғалати, олим Эргаш Очиловнинг севимли таъбири ила айтганда, одам қўрқитатурғон сатрлари ҳам хуш қабул қилинаётир. Воқеан, “даҳшатли” образлар силсиласи Абдувалига ярашади, характерига мос тушади:

Нимилиқ ёмғир, момиқ ер, юмшоқ осмон,
Ой луқма,
Қуёш луқма.
Осийлар арвоҳи чирқиллар, бер-бер,
Севгилим, сен мени ейишдан қўрқма!

Шеърда тасвир этилаётган тановул жисмоний “ейиш” эмас, балки руҳий истеъмол, бирликка чорлов, ўзини англашга даъват. “Жисмоний ўзимни маънавий ўзимга йўлатмади. Уммондан қутулиб, ғорга кириб қолдим”, деб ёзганида сўфий шоир Вафо Файзуллоҳ балки шунга ўхшаш ҳолатда назарда тутгандир? (Қаранг: Вафо Файзуллоҳ. “Азалий ғусса ёхуд фаришталар учраштирди орзуларни”. Тошкент, 2013. 8-бет).

Очиғини айтсам, айрим шоирларнинг шеърларига шунчаки кўз юбортираман. Кўзим ўқиси келади-ю, кўнгил сал бўлса-да жимирламайди. Абувалининг шеърларини ўқисам завқланаман, зерикмайман, тасвир тиниқлигига қойил қоламан. Уни чин шоир деб ўйлайман. Тўқиб чиқарилган шеъри йўқ: ҳаммаси табиий ва самимий. Матнга ҳар қандай жонзот ҳаракати ярашаверади:

Явшандай қирма-қир юрдим, югурдим,
Сочинг шамолидан
Йиқилдим дардманд.
Балки сен суянган дарахт учидан
Ўрмалаб-ўрмалаб келгувчи қуртман.

Соч шамолидан йиқилиш – антиқа метафора. Соҳибжамол суяниб турган дарахтнинг учидан ўрламалаб келаётган қурт тасвири ундан ҳам ғалати. “Қара бу хотинга, қорочуғимга/ Кескир баданидан тўкаётир занг”, “Қип-қизил турнани кутдим ўттиз йил, / Ечай деб бўйнидан биллур ҳалқани”, “Қуртдай, қумурсқадай юради, юради,/ Эзғилаб ўлдирсам, ишшайиб туради”, “Сенинг балчиғингда нилуфаргулдай/ Палакларим ташлаб яшадим, илло”,”Девордаги доғдай мудҳиш сесканиб,/ Тобландим қуёшнинг доғида, илло”, “Зоғ ила ҳасратнинг қопини судраб,/ Бирор дўнгу тоғда, ё дала-даштда”, “Шамшод дарахтига илдим ҳалинчак,/ Солдим унга турфа гуллар қиқирн./ Қизғалдоқ баргидан қилибман йўргак”, “Жарангдор сочинг ҳам бўлар пўпакли, /Тиллақош топилар кўк сандиғида” каби ўнлаб тиғиз метафораларни ўрик қоқига ўхшатиб “идрок оғзида” обдон “шимисангиз” шоирнинг шеърни ясаш усулларидан воқиф бўлишга киришасиз. Бунинг учун эса ўқигувчи онг ости қаватларини фаол ишлатишни билиши даркор. Агарда ўша қаватлар ишламаса, ўқувчи шоир битикларини астойдил ўқигани билан ҳам уқмайди.

У нодонлардан хаёлот кошонасини қизғонади. Бир шеърида: “Кўзингни тиқма, бу менинг бошпанам,/ Пойгакдан мўлтайма, асло қўймайман”, дейди. Пировардида якунда ифодани янада кучайтиради: “Йўлу йўриғингга юрмасман зинҳор,/ Эшит, фарёд чиқар ўпган тошимдан”, деб қўяди.

Булар муболағами?
Булар тўқимами?
Булар ёлғонми?

“Шеър – чиройли ёлғон” демишлар. Агарда шундай бўлса, шоирлар ёлғончилардир. Беозор ёлғончи улар. Аслида оламнинг ўзи ёлғончи. Аждодларим дунёнинг синоними сифатида “Ёлғончи” атамасини ишлатишни хуш кўрганлар. Ёлғончилигини мунтазам равишда тан олаётган киши эса ростгўйдир.

Яна бир шеърида: “Кечир, ҳаммасига кўндим, ёлғондир, Шоир Абдували яшаган эмас”, деб иқрор бўлади. Яшаш нима ўзи? Овқат ейишми? Ҳашаматли уйларда хурсандчилик қилишми? Шуми яшаш? Шоирлик рутбаси бу феълларни рад этади. Биробарин, эл-улуснинг уни “сал анақароқ” дея баҳолаши “тартиббузарлиги” билан изоҳланади. Лирик қаҳрамон ёлғиз ва у ўзининг Ой, Қуёш қаторида ейилишини хоҳлайди. У Гулдан фарзанд кўриб қўйган:
Дўсту ёрдан бездим,
Рақибдан бездим,
Алангадан бўкдим, оғритди ойдин.
Гул билан ўйнашиб орттирдим бола,
Ўзимга ўхшаган ўксиган, ғамгин.

Сўз, шеър қадрсизланиши мумкин; шоирлар ўзларининг шоир эканликларини баралла айтишдан уяладиган даврлар келиши ҳам мумкин; шеърият чиройли зайлда ўлиши ҳам мумкиндир қачонлардир. Аммо барибир “Йўқ!” деган ундов тоғдек юксаклигича қолаверади, туманлар, тутунлар ортида бўлса ҳам. Ҳозирги даврда шоир ўлганида кўпчилик йиғламайди; қайғурмайди. Лекин адабиётга дахлдор давраларда бир лаҳза бўлса-да кўнгиллар ҳувиллайди, барг янглиғ нимадир чирт этиб узилгани билинади. Кунимиз шоирларининг қисмати мана шундоқ.

Йигирма биринчи аср ўзбек адабиёти дарғаларидан бири билан зоҳиран хайрлашди.

Аммо адабий жараён ботинида унинг рангин ҳаёти давом этаверади. Келажак авлодларнинг битикларида, ўй-хаёлларида, интилишларида, талпинишларида… Ўзи айтганидай, руҳан яйраб яшади. Зотан, гоҳида иккиланган, турланган бўлса-да. Дўстимизнинг бироз мунгли, бироз қувноқ овози ёнимизда янграйверади:

Дунёни тарк этдим, ҳур сафар этдим,
Ёримла туйқусу бехабар кетдим.
Ўн беш кун тўй бердим
Дорулбақода…
Яйрадим,
Яйрадим,
Яйрадимааа.

Қутбиддин зиддиятли, мураккаб, туманли бир даврда яшаб, инсон руҳияти озодлигини истаб қалам тебратди. У шеър ёзиш шунчаки кўнгил эрмаги эмаслигини, балки шу усул билангина жоҳилликка, мунофиқликка қарши фаол курашмоқ мумкин эканлигини исботламоқчи бўлди.

Баҳром Рўзимуҳаммад

8- 12 декабрь. 2019 йил.

Тағин ўқинг
24 март 2021
И – бу иккиюзламачилик. Х – бу Хоразм. ММ – бу мансабдорлар/ментлар. П – бу педофилия. УР – Учинчи ...
6 август 2019
Президент Мирзиёев қарори билан 3 август куни Ўзбекистондаги машъум Жаслиқ қамоқхонаси ёпилди. Айни қарорда қамоқхона бинолари ва мулклари Қорақалпоғистон ...
24 сентябр 2021
Кеча юраëтиб, оëғим остида сарғайган барглар ғижирлаганини эшитиб, куз келганини англадим. Яқиндагина оëғим остида қорлар ғичирлаëтган эди. Кейин Стокгольм ...
8 октябр 2023
Европанинг бир қанча давлатлари томонидан Россия автомобиллари киришига қўйилган тақиқ юзасидан Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Мария Захарова ...
Блоглар
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...