Қашқадарёда 12 йил ишлаган сохта дипломлик муаллима фош бўлди
«Адолат кўзгуси» газетаси бугунги ўзбек мактабларидаги ачинарли ҳолатлардан бири, яъни таълим муассасаларида сохта диплом билан дарс бераётган ўқитувчилар борлигига ишора қилинган мақола чоп этди.
Маълум бўлишича, Қашқадарё вилоятилик Зарина исмли аёл мактабда яхши ўқимагани, билими ҳаминқадар бўлгани ҳолда бир таниши орқали Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг сохта дипломини сотиб олган.
Бу диплом билан мактаблардан бирида меҳнат ва физика фанларидан болаларга сабоқ бера бошлаган. Оз эмас, кўп эмас, 2003 йилдан то 2015 йилгача, яъни 12 йил давомида ўқитувчилик қилиб келган.
Янги келган мактаб директори ўқитувчиларнинг дипломларини текширтириш учун ҳамма институтларга хат жўнатганидан кейингина Заринанинг дипломи сохта экани маълум бўлиб қолган.
Энг қизиғи, мактабда ҳам яхши ўқимаган бир аёл 12 йил давомида физикадан қандай дарс ўтаётганини наҳотки сон-саноқсиз текширувчилар, қолаверса, мактаб маъмурияти билмаган бўлса?! Шунча йил давомида бу саводсиз аёл қанчадан-қанча ўқувчига физикадан «дарс ўтган» ахир.
Яхшики, бу ўқитувчининг кирдикорлари фош этилиб, жазога тортилибди. Аммо ўзбек мактабларида бундай «ўқитувчилар» қанча экан?
Eltuz.com