Юртбошиликка тайёрланаётган «елкадош»
«XXI аср» газетаси (17.09.2016) Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал демократик партиясидан бўлажак давлат раҳбари сайловига вақтинчалик президент лавозимини эгаллаган бош вазир Шавкат Мирзиёев номзодини илгари суришга бағишланган мажлисдан репортаж эълон қилди.
«Мамлакат тараққиёти, халқ фаровонлиги йўлида хизмат қилиш юксак шараф ва улкан масъулиятдир» умумий сарлавҳаси остида берилган лавҳада Сиёсий кенгаш мажлисида сўзга чиққан партия етакчиси Содиқжон Турдиев, аввало, яқинда вафот этган президент Ислом Каримов «раҳнамолигида тарихан қисқа даврда Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллагани ўзбек халқининг оламшумул ютуғи экани»ни таъкидлагани айтилади.
Газетада аввал бўлиб ўтган иккита президент сайловида Ислом Каримов номзоди айнан ЎзЛиДеПдан кўрсатилгани фахр билан тилга олинади.
С.Турдиев президент сайловига партия номидан Ш.Мирзиеёв номзодини кўрсатиш таклифини билдириб, номзодни «умрини халқимиз саодатига бағишлаган фидойи инсон», дея таърифлаган.
«…мамлакатимиз биринчи президенти Ислом Каримовга елкадош бўлган, бутун куч-ғайратини юртимизнинг гуллаб-яшнашига бағишлаётган,… ўз ҳаётини Ватан, халқ тақдири билан боғлаган ва шу туфайли ҳамюртларимиз орасида катта ҳурмат, обрў-эътибор қозонган Шавкат Мирзиёев номзодини илгари суришни бугунги куннинг энг тўғри қарори ҳисоблаймиз», деган С.Турдиев.
Энг эътиборлиси, «мамлакатимиз иқтисодиётининг 6 баробар кўпайгани, унда саноатнинг улуши 14 фоиздан 34 фоизга ўсгани» каби «муваффақиятлар» шу кунгача фақат ва фақат Ислом Каримов номи билан боғланарди.
Энди, газетага ишонадиган бўлсак, бу «муваффақиятларда мамлакат ҳукуматини 13 йилдан бери бошқариб келаётган Ш.Мирзиёевнинг ҳам алоҳида ҳиссаси бор» экан.
Мажлисда сўзга чиққанлар И.Каримовнинг «Хоразм вилоятини ободонлаштириш, «Ангрен-Поп» темир йўлини қуришга доир ташаббуслари ижросини Ш.Мирзиёев тўла таъминлагани»ни, «Самарқанд вилоятини бошқарганида ёшларга алоҳида эътибор қаратгани»ни, «Жиззах вилоятига ҳоким бўлганида илғор хўжаликлар раҳбарлари, тажрибали деҳқонлар ва механизаторлар билан бамаслаҳат ишлагани»ни эслатган.
Газетада марҳум президентга «елкадош», «ҳукуматни муваффақиятли бошқариб келган», «халқ ўртасида катта ҳурмат»га эга шахснинг номи нега шу пайтгача барчанинг эътиборидан четда қолиб келгани масаласи яна очиқ қолдирилган.
Шунингдек, бошқа барча партиялар ўз етакчиларини президентликка номзод сифатида кўрсатаётган бир пайтда ЎзЛиДеП нега бор-йўғи партия Сиёсий кенгаши аъзосига бу шарафни лойиқ кўрганига ҳам ойдинлик киритилмаган.
Яна эътибор қаратиш мумкин бўлган жиҳат шуки, газетада мажлисда номзоднинг ўзи қатнашганми-йўқми, деган саволга жавоб йўқ. Агар қатнашган бўлса, нималар деган, қатнашмаган бўлса, ўзи йўқ шахсни номзод қилиб кўрсатишга туртки бўлган сабаблар нима каби саволлар ҳам жавобсиздир.
Марҳумнинг обрўйи соясида
Охирги кунларда Ўзбекистон матбуотида бир тенденция яққол кузатилмоқда. Бу матбуот Ўзбекистон президенти Ислом Каримов вафотидан сўнг аввалига калаванинг учини йўқотиб қўйиб, кимга қуллуқ қилишни билмай қолганди.
Сўнг эса марҳумнинг номини қўшмай, барча «ютуқ ва муваффақиятлар»ни истиқлол шарофатига йўйишга ўтди. Кейин эса Ислом Каримовнинг номи яна шарафлана бошланди. Аммо энди унинг номи олдидан «Ўзбекистоннинг биринчи президенти» таърифи қўлланилмоқда.
Айни кунларда эса «биринчи президент» мақталган мақолаларда муваққат давлат раҳбари бўлмиш бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг номи ҳам тез-тез тилга олинаётир. Марҳум президент эсланган кўпгина материаллар унинг номисиз чиқаётгани йўқ.
Хусусан, «Оила даврасида» газетасида (15.09.2016) «оддий деҳқон, фермер хўжалиги раҳбари» номидан эълон қилинган «Тўғри сўз, тўғри кўнгил – бизнинг энг тўғри йўлимиз» сарлавҳали мақолада «биринчи президент ошкора, очиқ-ойдин фикр юритиш усули билан халқни эргаштира олгани, энди у ўргатгани каби жипс бўлишимиз кераклиги» таъкидланади.
Кейин эса Сенатнинг бош вазирни вақтинчалик президент лавозимига тайинлаш қарори юзасидан фикр билдиришга ўтилади.
«Оддий деҳқон сифатида ишонч билан айтаманки, Ўзбекистон президенти вазифа ва ваколатларини бош вазир зиммасига юклаш қарори ҳозир юртимиздаги тинчлик, ободлик, фаровонликни барқарор ушлаб туриш, нафақат ушлаб туриш, балки бу оқилона сиёсатни давом эттириш учун айни пайтдаги энг тўғри йўлдир», деб хулоса қилинади газетада.
Хуллас, айни пайтда Ўзбекистон матбуотидаги тенденция марҳум давлат раҳбарининг халқ ўртасида тоталитар қўрқув асосида орттирилган обрўсидан вақтинчалик президентни доимийга айлантириш мақсадида фойдаланилаётганини кўрсатаётир.
Албатта, бу тенденциянинг юзага келиши ва бугунги шаклга киришида юқорида ўтирадиган дирижёрлар қўли яққол кўриниб турибди.
Eltuz.com