Дайжест
25 феврал 2016

Рақамсиз ҳисобот, ватанпарвар «Ўзбекнаво», мингта танқид ва ошқовоқ

Ўзи бир хилу муаллифи ҳар хил мақолалардан бино бўлган ўзбек газеталарида эътиборимизга чалинган тенденция ўзбек парламенти Ҳисоб палатаси ҳисоботига оид бирор рақам келтирилмаган мақолалар бўлди. Ўзбек матбаачиларининг “маҳорати” шугина эмас.

Тағин, бу галги дайжестимизда пахтадан бўш жойларга ошқовоқ экса халқ тўйиши, пластик пулни нақдга айлантириб бергани учун жазоланган тадбиркор, ўзбек матбуотининг ўтган йил мингта танқидий мақола эълон қилганию, ватанпарваликка ўргатилаётган “Ўзбекнаво” яллачилари ҳақида ўқийсиз.

Ҳисоб палатасининг бирорта рақам айтилмаган ҳисоботи муҳокамаси

Ўзбекистондаги бир қанча нашрлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фракциялари ва тегишли қўмитада Ҳисоб палатасининг 2015 йилги фаолияти якунлари муҳокама қилингани ҳақида ёзди.

Бу ҳақдаги мақолаларнинг муаллифлари ҳар хил эканига қарамай, улардаги гап-сўзлар деярли бир хил. Мақолалар сарлавҳаси ҳам эгизакларга ўхшайди: “Мақсадли сарф-харажат мамлакат тараққиётига хизмат қилади” (“Миллий тикланиш”), “Давлат бюджети маблағлари мақсадли ва самарали сарфланиши керак” (“Ўзбекистон овози”), “Давлат бюджети маблағларининг мақсадли сарфланиши – муҳим вазифа (“Халқ сўзи”).

Эътиборлиси шундаки, хабарларда Ҳисоб палатаси ўтган йили 90 та объектда назорат тадбири ўтказганидан бошқа бирорта аниқ рақам йўқ. Фақат “Ўзбекистон овози”даги хабарда Сирдарё, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида айрим соҳаларда мақсадсиз харажатлар ошиб бораётгани айтилган, холос.

Назаримизда, Ҳисоб палатаси ўтган йили бюджетдан қанча маблағ ўғирлангани тўғрисидаги рақамлардан “улкан ютуқларимизни кўра олмайдиган қора кучлар” фойдаланиши мумкинлиги сабабли бу ҳақдаги маълумотларни ошкор этишни хоҳламаган.

Ошқовоқхўр халқ бу йил тўяди

Ерга қанча гўнг солиш ёки экинларни “шарбат” усулида суғориш қанчалик муҳимлиги ҳақидаги бебаҳо маслаҳатлари билан деҳқон-фермерларимиз ўртасида жуда катта обрў қозонган “Қишлоқ ҳаёти” газетаси президентнинг Тошкент вилояти ҳокимини ишдан олишга оид машваратдаги нутқидан илҳомланган амалдорнинг фикрларини келтиради.

“Президентимиз ўз нутқида барча жабҳалар қатори вилоят аграр тармоғида эришилаётган ютуқларни алоҳида эътироф этар экан, барчамизнинг кўнглимиз ифтихорга тўлди”, дейди Тошкент вилояти фермерлари кенгаши раиси Тўлқин Тўраев.

У маълум қилган янги тажриба жорий йилда ўзбекистонликлар ошқовоққа тўйишига ишора беради.

Т.Тўраевнинг айтишича, бу йил ҳар бир фермер хўжалиги экин майдонлари чеккасига ошқовоқ экиш тажрибасига асос солинган.

Аслида бу тажриба у қадар янги эмас. Бундан 5-6 йил илгари ҳам бош вазирнинг буйруғи билан бўлса керак, шундай тажриба қўлланилганди.

Ўшанда ҳам фермерларга экин майдонлари чеккасига ошқовоқ эктирилган, лекин ура-ура тугаши билан фермер дала чеккасига мол-қўйини боқиб, ошқовоқнинг умрини калта қилган эди.

Бундай танқидларни фақат ўзбек матбуотигина кўтара олади

“Ҳуррият” газетаси “Ёш журналистлар клуби”нинг бу галги йиғилиши “бўлажак журналист учун жуда муҳим кўникма – таҳлилий-танқидий мақолалар ёзиш масаласи”га бағишланганини билдирди.

Унда ёзилишича, 2015 йилда республика матбуотида мингдан ортиқ танқидий мақола эълон қилинган.

Йиғилишда ёш журналистларга маҳорат бобида дарс берган “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари бош муҳаррири ўринбосари Салимжон Дониёров мисол сифатида келтирган танқидий мақолалар эса ҳам кулдиради, ҳам куйдиради.

Мана улар. “Пискент ҳаёти” газетасида эълон қилинган “Тозалик кимга керак?” мақоласида савдо мажмуаларидаги санитария аҳволи тилга олинган. “Андижоннома” газетасидаги “Ваъдага вафо истасалар…” мақоласида вилоятда “Камолот” уйларини эгаларига топширишда сусткашликлар тўғрисида сўз борган. “Зарафшон” газетасида эса Каттақўрғон туманидаги айрим мактабларда ўқув йилига тайёргарлик ҳолати танқид қилинган.

Агар ёш журналистлар С.Дониёров тилга олгани каби танқидий мақолалардан ўрнак оладиган бўлса, бечоралар ҳақиқий танқидий мақола қандай бўлишини билмай ўтиб кетар экан, деган хаёл ўтади кўнгилдан. Қолаверса, бўлажак журналистларга йил бўйи бирорта тайин танқидий мақола эълон қилмайдиган газеталарнинг мансабдор қаламкаши ақл ўргатганига эътибор қаратсак, юқоридаги фикр жуда асосли кўринади.

Наманганликлар пулини нақд қилиб берадиган “мададкори”дан айрилди

“Диёнат” газетасининг ёзишича, Наманган вилоятида фуқароларнинг пластик карточкаларидаги пулларидан 15 фоизини олиб қолиш орқали нақдлаштириб берадиган тадбиркор жавобгарликка тортилган.

Маълум бўлишича, бу тадбиркор турли хўжалик юритувчи субъектларнинг тўлов терминалларидан фойдаланган ҳолда 374 фуқаронинг 232 миллион 512 минг сўмга яқин маблағини ечиб олган. Бу орқали жиноий шериклари билан 34 миллион 876 минг 800 сўм ноқонуний даромад олган.

Нақд пул муаммоси аҳолининг белини синдириб ташлаётган Ўзбекистонда муайян фоиз эвазига пулни нақдлаштириб берадиган “тадбиркорлар” сони мингта. Агар уларга ҳам бир нарса бўлса, халқ нима қиларкин?!

“Ўзбекнаво” яллачиларни ватанпарварликка ўргатади

“Kun.uz” нашри “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси матбуот хизматига таяниб, эстрада ижодкорлари учун ўқув курслари ташкил этилганини хабар қилди.

Унда ёзилишича, бу курслар ўқув дастурига “мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш, ахборот хавфсизлиги…” фанлари киритилган.

Хабарда бу курслардан мақсад “хонандаларни ўз ижодлари орқали оммага ватанпарварлик руҳини сингдириш, тинчликни сақлаш, Ватан равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилиш, таҳдидлардан огоҳликка чақириш каби йўналишларда хизмат қилишга ундаш” экани таъкидланади.

“Ўзбекнаво” бу яллачиларни “фанера”да эмас, жонли куйлашга ўргатса, балки фойдалироқ бўлармиди, деган фикр келади ҳардамхаёл каллага.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
4 феврал 2024
2019 йил Юсуф Хос Ҳожибнинг 1000 йиллиги, «Қутадғу билиг»нинг 950 йиллиги Қозоғистон ва Туркия ташаббуси билан ЮНЕСКО томонидан дунёда ...
11 май 2018
Cобиқ совет даврида рангтасвир асарлар яратиб, ёрқин шуҳрат қозонган саноқли ўзбек рассомларидан бири Неъмат Қўзибоев бундан 14 йил бурун, ...
13 сентябр 2016
Агар Сиз ёки яқинларингизни пахта теримига қатнашишга мажбурлашса, агар Сиздан пахта теримига бормаслик учун пул талаб қилишса, марҳамат, бу ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...