Асосий мавзулар
7 июл 2019

«Сўнгаклар синграган соғир шайтанат…»

«Озодлик оҳанглари» аудиокитоби ўзбек модерн шеъриятининг асосчиси Рауф Парфи шеърлари билан очилади. «Элтуз» нашри бу китобдан ўрин олган шеърларни эълон қилиб боришга қарор қилди. Уларни ўқиш баробарида тинглаш ҳам мумкин.

2007 йили Сорос жамғармаси кўмагида чиқарилган бу лойиҳа анъанавий китоблардан фарқ этади.

«Унда тирик овознинг ҳозир, шу ерда хитоб этиши муҳим. Чунки бу овоз қай бир ҳофизу шоирга тегишли бўлмасин, унинг аёвсиз сўзлари ҳозирги ҳаёт ва ҳозирги борлиқ ҳақидадир», дейилади китоб мундарижасида.

Ўзбекистон турмасида неча йиллардан буён изтироблар исканжасида хўрланган дўстим, Улуғ Туркистон ёзувчиси Эврил Турон шаънига, асирликдан кўчиш ишончи ила

Муҳаммад Солиҳга мактуб

Тоштурма. Ҳибсхона
2000 йил 11 ноябрь

1.

Кўз-қулоқ илғамас мусибатдир бу,
Сўнгаклар синграган соғир шайтанат,
Зулм – ёвузликнинг энг сўнгги ҳадди,
Энг сўнгги оғриқнинг қонли инфоғи.

Ўз кўзларим ичра кўрдим, яшадим
Жуволдизлар, қамчинлар-ла кесилган,
Мижғиб куйдирилган танам ичинда.
Ҳадсиз ҳақоратнинг қаърида ёндим.

Нечун мен бундамен? Не сабаб? Нечун?!
Ҳорғин, сўлғин қуёш уйғотар мени.
Сўппайиб ой ботар булут чокидан.

Нечун мен бундамен? Нечун? Билмадим
Юзларча юзлашдим ўлимим билан,
Ўлим мени олмади, Аллоҳга шукур.

2.

Сизлаган сизларим лойга ботдилар,
Мажҳул сароб қўйниндадир оломон.
Имконлар боғланди, жонлар боғланди,
Темир панжараларга боғланди тилим.

Ким билсин нечун? Қайда ул ҳакам?
Қайда Ҳақиқатнинг қурби, қудрати?
Наҳотки орзулар, армонлар билса,
Ай, дўстим, келажак келмаса наҳот?!

Йўқ! Йўқ, фиръавннинг аянч лашкари,
Эркин виждонларни ютолмас зулм.
Иймон асирларин руҳи ўлмасдир.

Кулди ўлаётган дунёнинг шакли.
Сизга юрагимдан бир китоб ёздим.
Ўлим олмади мени. Китобим битмас.

Мени тарк этма, эй, Журъат, Жасорат,
Шул эрур мен учун умри саодат,
Қоврилсам ишқ, алам алангасида.

Дадахон Ҳасан

Айт, булбул, бормидир она масканинг,
Ростмидир, ёлғонми ўша чўпчак ҳам?
Ғоят содда эрур каломинг санинг,
Куйлаганинг куйми холос ёки ғам?

Борингда бормидир инжа бир нажот?
Ҳофизда Ишқ, Алам, қўлдан кетган Эрк.
Бағрига сиғдирар сени одамзот,
Ҳофизни босишга бағирлари берк.

Сен учунми, ай Туркистон булбули,
Темир қафас тўқир пастлар, нокаслар?
Кўкдан садо келди – қўшиқ Ғаротинг,

Сочилсин Туронга эркин нафаслар,
Очилсин гулларнинг Ҳақиқат Гули,
Уч, Ишқ, Алам бўлсин сенинг қанотинг.

Рауф Парфи
«Озодлик оҳанглари»,
eltuz.com

Тағин ўқинг
1 апрел 2021
Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида истиқомат қилувчи 14 ёшли М.Р.ни бир неча марта таҳқирлаб, зўрлаганликда айбланаётган А.Х. қамоққа олинди. Ҳолат бўйича “Элтуз” мақола эълон ...
20 сентябр 2019
2013 йилнинг 2 майида Термиздаги қурилиш фирмаси раҳбари бўлган 60 яшар Абдуғани Эрдонов ўз машинасида қурувчиларига овқат олиб кетмоқда ...
18 феврал 2020
«2017 йил январ ойида, яъни менинг озодликка чиқиб кетишимга саноқли кунлар қолганида, биз охирги марта учрашиб суҳбатлашдик. Бизнинг бу ...
6 апрел 2020
Рассом Туз
Блоглар
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...