«Хокидан ёнар қуш бўлмоқда пайдо…»
Дилором Иcҳоқова 1955 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат университети журналистика факультетига ўқишга кирган. Шеърлари матбуотда чоп қилинган. «Эрк» демократик партияси марказий кенгаши аъзоси. 1994 йилда давлат тўнтаришида айбланиб, шартли қамоқ жазосига ҳукм этилган.
«Элтуз» «Озодлик оҳанглари» аудиотўпламига кирган шеърларни тақдим этишда давом этади. 2007 йили Сорос жамғармаси томонидан Лондонда чоп этилган бу китобга ўз юртида аксар тақиқланган турфа шоирларнинг ижтимоий шеърлари ўрин олган.
Бир тоғ бўлса, бағри тошдан,
Бағрига бошимни қўйиб,
тўйиб йиғласам
Балки шунда чиқиб кетарди
Аламларим ичидаги энг нозик аламим.
Балки шунда айта олардим –
Энди йўқдир юрт ғамидан
ўзга ғамим.
Фақат аввал йиғлашим керак, тўйиб-тўйиб,
Энг бағритош тошга бошимни қўйиб.
Уч Сўз
Уч Сўз кетмоқда ўйнаб-ўйнаб.
Улар шундай бахтли биздан қутулганига.
Ортиқ қийнамаймиз уларни,
Улоқтирмаймиз сен менга,
Уч Сўз кетмоқда,
Улар шундай бахтли,
Босган изларидан гуллар унмоқда.
«Энди қандай яшаймиз?» деган….
Дилором Исҳоқова
«Озодлик оҳанглари»
Eltuz.com