Мултимедиа
18 январ 2019

Аудио: Мушукни ким ўлдирди?

Турк ëзувчиси Азиз Несин ва рус ëзувчиси Антон Чеховга тақлидан ва бўлган воқеага асосланиб ëзилган «ҳикоя»

Бу ҳикоя яна биров-бировга пичоқ ургани ҳақида эмас. Шафқатсизлик жамиятда нормал ҳолатга айлангани ҳақида.

Мен шу кунларда яшаëтган дом олдидаги ҳовлида бир мушук юрарди. Оддий зоти паст бир мушук. Биров эркаламайдиган, балки тепиб ҳайдайдиган яратиқ.

Қачондир ëмон болалар унинг думини чопишган шекилли, яримтагина думи бор.

Чап қулоғи йиртилиб, чала битиб ҳунук бўлиб қолган. Бир кўзи лат егани боис очилмайди. У битта кўзи билан зийрак нигоҳ ташлайди атрофга. Унга тикилиб қарардим. У менга қарарди. Нигоҳда мўлтираш йўқ эди. У биргина кўзи билан қараганда қорачиғида қоплон ғурури акс этарди.

Аслида бу мушук одамлардан хафа кўринмасди. Гинаси йўқ эди унинг. Аммо негадир одамлар уни севмасди.

Барча мушукларни «мош» ëки «мурка» деб эркалатишса, уни тапочка (шиппак) деб камситишарди.

Ҳар холда бу мушукни ëқимтой деб бўлмасди. Тапочка деб чақирсанг бир кўзи билан ялт этиб қараб миëвлаб қўярди.

Маҳалладаги холалар ўз болаларига бу мушукка яқинлашишни тақиқлаб қўйишган эди (касал-пасали юқмасин дея).

Аммо қулоқсиз болакайлар бу мушукка озор беришдан завқ олишарди.

Болалар унга сосиска бўлагини кўрсатиб, «ке, тапочка шуни егин» деб чақиришарди. Мушук югуриб келганида эса болалар унинг устига эски челакни тўнтариб қўйишарди.

Болаларнинг бу қилиғига қараб, нега биз шафқатсизмиз, инсонлик ўлдими, нега биз ожизни эзишдан завқ оламиз, деб ўйлардим.

Баъзан каттароқлар ҳам эрмакка бу мушукка озор беришади.
Доим порталга хат ëзиб, «уй беринглар» деб юрадиган амаки бу мушукнинг устига қайноқ сув қуйиб, хохолаб кулган эди.

Мушук оғриқдан мужмайиб, сабр билан нари кетарди. Унинг кетига тепишар ва тош отишарди.

Мушук буни хунуклиги учун берилган жазо деб ўйлаб, одамларга кечирим сўраган каби боқарди, биргина кўзи билан…

Одамлар ҳаëтдаги бутун қийинчиликлар учун шу мушукдан қасос олаëтган каби кўринарди.

Бир марта мушук овқат сўраб, кимнингдир ошхонасига кирганида эри Россияга кетиб қолган келин унинг оëғини эшикка қисиб, жонини оғритди.

Шундан кейин у чўлоқланиб юрди. Оëғи секин битди.

Барибир мушук бу аламзада келинчакни кечириб талпинди.

Мушукнинг беозорлиги, гина сақламаслигини кўрган қўшнилар зулм порциясини оширишди.

Ҳовлидаги дайди итларни мушук тарафга қараб қувишди. Панжалари лат еган мушук тез югуриб, кучукдан қоча олмасди.

Мен балконда ўтириб, кўппаклар чангалидаги мушук фарëдини эшитиб, югуриб чиқдим.

Инсон нидосига ўхшарди бу.

Мен таëқ олиб, итларни ҳайдаб, мушукни қутқардим. Кир, иркит кўппаклар ириллаганча орқага тисралишди. Уларни гиж-гижлаган алкаш амакилар эса тиржайганча бадар кетишди.

«Тапочка» лақабли мушук қонига беланиб, хириллаб ëтарди. Мушукни эҳтиëтлик билан қучоғимга олиб, уйга олиб кирдим. Балкондаги қамишдан тўқилган курсига қўйдим мушукни. Мушук одамнинг раҳми келадиган даражада қайғули бўлиб, ҳаракатсиз ëтарди.

Бирдан ўйлаб қолдим. Шу мушук биз эмасми? Урилган, сурилган, таланган. Иродаси синдирилган…

Фақат мушук биз каби нафратлана олмайди…

Курси устидаги мушук хириллай бошлади. У хириллаган сари нафаси тиқилиб қолаëтганди.

Унинг бошини силагим келди, аммо силамадим. Жони оғримасин дедим.

Мушук бирдан миëвламоқчи бўлиб уринди. Ҳа! У раҳм қилган одамга миннатдорлик учун миëвлашга ҳаракат қилар эди.

Жони оғриëтган бўлса ҳам кўрсатилган меҳрга ташаккур айтмоқчи эди.

Мен уни секингина курси устидан олиб, тиззамга қўйдим. У калласини кўтариб, ëлғиз кўзи билан менга қараб меҳр кўргизди.

Калласини кафтимга ишқаб эркаланди…

Мушук менинг тиззамда ўлди.

Бошини бир кўтарди. Бутун бадани сўнгги марта таранглашиб тортишди. Кейин қотди-қолди. Энди у хирилламас, нафас ҳам олмасди.

Мен тиззамдаги ўлик мушукка қараб, узоқ ўтирдим. Ичим ғуссага тўлди. Ўзим ва қўшниларим ҳақида ўйлардим. Нега биз кучлига сиғинамиз. Заифни эса эзамиз.

Умр бўйи дайди бўлиб ўтган бу мушукнинг меҳрга ташналиги ва кўрсатилган озгина меҳр учун астрономик даражада миннатдорлик кўрсатгани мени ғуссага тўлдирди.

Бирдан эски ҳикматни тушундим. Ҳар бир тана ичида қалб яшайди.

Ассалом, Ўзбекистон. Жума муборак.

Рассом Туз
Eltuz.com

Тағин ўқинг
15 май 2018
Мирзиёевнинг АҚШга сафари арафасида қамоқдан озод этилган ўзбек фаоли Фаҳриддин Тиллаев, халқаро ташкилот вакиллари билан учрашувда эркинликлар ва мухолифатга ...
10 август 2022
Элтуз порталига келиб тушаётган мурожаатлар оқимини кузатишда давом этамиз. Бугун ҳам муҳокама учун 5 та хатни танладик. Улар институтлар ...
28 сентябр 2016
Баъзи имомлар, ҳаттоки, пахта териш ҳар бир мусулмон учун «вожиб амал» дея ҳукм чиқарган, шу билан бирга, Озодлик радиоси ...
21 июн 2019
Олий Мажлис Сенатининг 21 июнь куни бўлиб ўтган 20-ялпи мажлиси вақтида чиқиш қилган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев собиқ бош ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...