Асосий мавзулар
14 март 2019

Уч хонга хотин бўлган канизак ҳақидаги китоб мукофот олди

Ўзбекистонга киритилмаган таниқли ўзбек ëзувчиси Ҳамид Исмоил “Жинлар базми” китоби учун Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 2019 йил учун адабиёт мукофоти билан тақдирланди.

Юксак мукофот олган “Жинлар базми” китоби нима ҳақида?

1938 йил арафасида ёзувчи Абдулла Қодирийни совет КГБси уйидан олиб кетиб, Тошкентдаги қамоққа ташлаган эди. Бу ерда у мантиқсиз тергов ва калтаклар билан боғлиқ жисмоний ва руҳий қийноқлардан ўзини чалғитиш учун қамоқдан олдин ёзишга киришган, бирин-кетин учта хонга эрга берилган шоира Ойхон пошшонинг фожиали қисмати асос қилиб олинган романини хаёлида тиклашга уринади. Маликанинг ҳам қатл куни Қодирийники каби яқин эди…

Қодирий аввал ёзган барча асарларидан устун бўлган роман ёзишни хоҳлаган. Аммо у романни ёзишни бошлаганидан сўнг ҳибсга олинган. Ўн ойдан сўнг, 1938 йилда Қодирий Сталин турмасида отиб ташланган. Ҳамид Исмоилнинг китоби Қодирий турмада ўзининг ёзилмаган машҳур романи ҳақида ўйлаган кунлари тўғрисидадир.

“Бу икки романнинг бир асарга жамланганидир. Мен Қодирий учун ҳам роман ёзишга журъат этдим. Воқеалар унинг хаёлида кечади, шунинг учун у тўлиқ ёзилмаган, лекин қораламалар бор, тарих бор, мақсад ва ғоялар бор. Бу ёзилган, айни пайтда ёзилмаган романдир.

Қодирий “Канизак”ни ўлими олдидан ёзмоқчи бўлиб юрган ва 37-йиллари бошлаган. Бир ўтирсам қоралаб ташлайман, деган. Лекин ўша қиш уни қамоққа олишган. Шунинг учун ёзилмай қолганда бу нарса. Ёзилган қисмларини гўёки КГБ ёқиб ташлаган буни. Лекин мен ўзимнинг номимдан ёзганим йўқ бу нарсани. Абдулла Қодирий номидан, унинг фикрлари қилиб ёздим. Яъни роман ёзилди ва ёзилмади. Фақат хаёлида битди, қоғозга тушгани йўқ”, деди Ҳамид Исмоил “Элтуз”га берган интервьюсида.

Ҳамид Исмоил 1992 йили Ўзбекистонни тарк этган, унинг китоблари ватанида чоп этилмайди, бироқ у ўзбек адабиёти ва маданиятини дунёга танитган адибдир. 2017 йили Ҳамид Исмоилни ҳеч бир сабабсиз Ўзбекистонга киритишмаган эди.

“Элтуз”га берган интервьюсида Ҳамид Исмоил 7 март куни ЕТТБнинг Лондондаги қароргоҳида ўтган тақдимотга ўзбеклар ҳам келишгани, юксак мукофотдан ифтихор туйиб, ғоз юришганини айтади:

“Ўзбеклар бор экан ўша ёқларда ишлаб юрган. Ёш-ёш, забардаст ўзбеклар келиб қатнашиб, табриклаб кетишди. Ифтихор туйишди. Ғоз юришди. Табриклар, энди ўзингиз биласиз-ку, ёғилиб келади. Агар кимгадир жавоб бермасангиз, кўнгли ярим қолади. Шунинг учун жавоб бериш билан овораман ҳозир”.

Ҳамид Исмоилнинг Лондондаги хурсандчилигига ўзбеклардан ташқари дунёнинг турли бурчакларидаги ҳамкасблари, ноширлари ва таржимонлари шерик бўлишди:

“Ноширим Сеулда ҳозир. Кореянинг Сеулида. Ўзбек ресторанига югуриб кетяпти, ош қилиб, бир палов ейман, деб. Айтдики, акцептен спитчи… бояги айтган гапларимни кўрибди қаердадир. Агар Сеулда қўйишган бўлишса, кўрибди қаердадир”.

Ёзувчи тақдимотдаги чиқишида Қодирий давридан буён ўзбекларнинг доимий йўқотишларига шаъма қилиб, бир латифа айтганини эслайди:

“Латифа айтганим эсимда бор. Латифа, ҳалиги Насриддин Афанди бозордан қайтиб, хотинига айтармиш. Э… бугун қизиқ кун бўлди. Ҳамма бугун бозорда ҳамёнларини йўқотишди. Хотини жон ҳолатда “Сиз-чи, сиз?” деса, “Э, мени биласан-ку, биринчи бўлиб йўқотдим!” дермиш. Яъни ҳозиргача ўзбекнинг фалсафаси йўқотишдан иборат эди. Энди бундан буёғига ғалабаям бор бўлса керак, деган гапларни қилдик-да”.

Юксак мукофот 20 минг фунт стерлинг қийматидадир. “Элтуз” мухбирининг бу пулларни нима қилмоқчи экани ҳақидаги саволига Ҳамид ака бундай жавоб берди:

“Топишим… 20 мингта. Таржимон билан бўлинади. Иккита таржимоним бор. Иккита таржимон билан бўлинади бу нарса. Шеърларни битта одам таржима қилган, текстни бошқа одам. Учта одамга бўлинади бу. Ундан ташқари, Худо хоҳласа, мана, Абдулла Қодирийнинг 125 йиллиги келяпти. Музейларига қандайдир харажатлар керак бўлар, кўрамиз-да. Ҳозир Нобель олсангиз ҳам битта уй ололмайсиз Лондонда”.

Сермаҳсул ижодкор прозадан ташқари кейинги кунларда кўп-кўп шеърлар ҳам ёзаётганини айтади:

“Ёшим мени проза томон эга бошлади, деб айтган экан Пушкин. Ёшгаям боғлиқ бўлса керак, лекин охирги пайт жуда кўп шеър ёзган эканман. Ўзим учун ёзиб юрибман. Ҳеч қаерда босмайман. Бир катта китобга сиғадиган шеър ёзганман. Адабиёт кенг нарса, биласиз-ку энди. Дунё адабиётида ҳар хил нарсалар бор. Оммабоп адабиёт бор, жиддий адабиёт, кўнгил кенг бўлиши керак. Ҳаммага жой етади адабиётда. Ҳар кимнинг ўз ўқувчиси бор, ҳар кимнинг ўз вазифаси бор бу дунёда. Шунинг учун, энг асосийси, ўзингизга содиқ бўлиб қолсангиз, шу энди энг асосийси”.

Ҳамид Исмоил “Элтуз”га Лондондаги юксак мукофот тақдимотига Ўзбекистоннинг Британиядаги элчиси ҳам таклиф қилингани, бироқ унинг тадбирга келмаганини айтди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
6 апрел 2018
Президент Шавкат Мирзиёевнинг молия тизими ва тендер «ўйинлар»ини танқид қилгани ортидан Ўзбекистонда очиқ тендер савдолари бекор қилинди ва давлат ...
16 январ 2019
Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари институти таҳлилчиси Алишер Илҳомов фейсбук саҳифасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Миллий гвардияси қўмондониБаҳодир Тошматовга ...
22 май 2016
Тожикистон конституцияги ўзгартиришлар киритишни назарда тутган референдум президент Имомали Раҳмон ҳокимиятини амалда янада мустаҳкамлашга қаратилгани айтилади. Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар ...
1 октябр 2018
Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошев парламент юқори палатасининг 27 сентябрь кунги йиғилишида вазирликлар Сенатга беписанд қараётганини билдирди. Адолат нуқтаи назаридан ...
Блоглар
23 май 2019
Лас-Вегас – гуноҳлар шаҳри. Аҳолиси ярим миллион, даромади казино ва қимордан келадиган бу шаҳарда бир ...
16 май 2019
Ҳақиқатга қайси томонидан қарасанг ҳам бир хил кўринади, дейишади. Маҳмуд Ражаб -шоир, ёзувчи, шу миллатнинг ...
15 май 2019
Бир пайтлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясига ўқишга кираётганимда, ҳозирги пайтда Фейсбукда ҳам ...