Асосий мавзулар
29 июн 2019

РТдан ваъз: Бой прокурорни нега хотини ташлаб кетди?

Тепада ўтирганлар каптарнинг бутига хат солиб менга жўнатишди. Шу яқин орада 9 та аëл президент тарафидан кечирилиб, қамоқдан чиқарилар экан. Уларнинг орасида Гулнора ҳам бормиш…

Гулнора устидан суд унинг Тошкент марказидаги уйи ошхонасида бўлувди. Судялар оч қолганидан Гулнорани холодилнигидаги емишларни еб ташашгани эсланади. Судда Гулноранинг кўппаги ва қўрқувдан ўтакаси ëрилган фаррош хола ҳам иштирок этган. Ҳеч ким бу суд ҳумини ўқимади. Унга 5 йил берилдими, 10 йилми? Буни ҳам ҳеч ким билмайди. Ҳамма тушуняптики, «финита ла комедия», яъни комедиянинг тугашига оз қолди. 

Майли трагикомедия дейлик. Гулноранинг юрак порогига учраган қизи ва дўмбалоқ ўғли учун онанинг қамалиши фожеа ҳар ҳолда. Бу трагикомедиядан мақсад Гулноранинг пулини қоқиб олиш. Гулнорани қамашнинг суд тизими ва адолатга мутлақо алоқаси йўқ.  Ундан бир милиард 200 миллон долларни тортиб олиш учун асир қилинди, десак ҳам бўлаверади.

Бу пуллар олиниб, аллақачон харжлаб юборилди. Қаëққа деб сўраманг. Янги президентнинг хархашаси кўп. Балким муз саройига сарфлашгандир. Балки қалампир уруғи сотиб олгандир.  Хозяйин барин. Пулни қандоқ сарфлашни президент сизу мендан яхши билади.

Гапнинг пўсткалласи, Гулнора ўз озодлигини сотиб олиши керак. Савдолашса бўлади. Чунки Гулнора икки боланинг ëлғиз боқувчиси. Болла каттайиб, ҳўкиздай бўлиб кетди, деманг. Она учун бола доимо гўдак. «Пулни тўлади, аммо халққа нима деймиз?» дейишди тепадагилар.

Раҳмат халқни ўйлаганингиз учун. Халқ бир пода, чўпон най чалиб уни боғовуради, дейишди тепадаги алламжонлар. Амр берилгани ортидан бир-икки блогер шоу бизнес звездалари марҳум президентнинг қамоқдаги қизи Гулнора Каримованинг яқин кунларда озодликка чиқишини сўраб, дуо қилиш ва мадҳ этиш марафонига чопқиллаб югуриб кетишди. 

Албатта, акс садо ҳам бўлди. Юлдуз Усмонова 27 июнь куни ютуб каналига қўйган янги видеомурожаатида “Гулнора Каримовани соғиндик”, дея ижтимоий тармоқда акция бошлаган санъаткорларни қоралади.

 Энди телеграмда тарқаган яна бир мактубни ўқиб берсам. 
“Гулнора эртага озод бўлиб, халқдан ўғирланган ва ҳеч ким билмайдиган пулларини сарфлаб ялло қилиб юради, сен эса инстаграммда унга лайк босиб, Москва кўчаларини супуришда давом этасан… Шуми адолат? Шу ҳақиқатми? Нима учун ўқитувчилар 600 минг сўм ойликка ҳамма ишларни ишдан хайдалмаслик учунгина қилиб юрган пайтда, миллионлаб ватандошларимиз Россияда қул каби ишлаб, туалетларни ювиб юрган даврларда бу “инсон” миллиардлаб доллар пулларни ютиб юборди? Шунинг учун яхши кўриш керакми уни? Ҳар хил проектлари, грантлари у ўмарган пулларнинг олдида денгиздан томчи эди, холос.” Мактуб муаллифи Гулнорани ҳимоя қилаëтганларга Франция маликаси Мария Антуанетта тақдирини эслатди.

“Буюк Француз революцияси даврида яшаган Франция маликаси Мария Антуанеттага аъёнлари: «Халқ оч, егани нони ҳам йўқ дейишганида» малика: «Агар егани нонлари йўқ бўлса, пирожний ейишсин, нима муаммо?» деб жавоб берган экан… Гулнора ҳам шу малика сингари фақат ўзи учун енгил яшади, рейдерлик, порахўрлик билан бойлик орттирди. Лекин Гулнора фалон пулга Париждан модельерлар олиб келиб, кўнгли тусаган кечалар уюштириб юрган даврларда қишлоқларда инсонлар карточка тизимидаги ун, ёғ, ўтин-кўмир ғамида эди… Миллион долларлар пул бериб, чет эл юлдузлари билан дуэт қўшиқ куйлаб юрганида юзлаб болалар лейкемиядан вафот этди… Кўз олдимга яллачи малика ва боласини даволатиш учун кўзлари милтираб ҳар ёндан нажот кутиб, юраги типирчилаган она сиймоси келганида қандай қилиб кечириш мумкинлигини тасаввур қила олмайман.

Қорни очлигидан қўшнисининг товуғини ўғирлаб чиққан ёш йигитни қамамоқчи бўлишса, унга раҳмим келиши мумкин, кечириш керак, ақли киради ҳали, ёш, дейишим мумкин. Лекин Ўзбекистонда ээээнг комфорт шароитларда яшаб туриб ҳам шунақа ишлар қилган, пулларни ўмариб, тортиб олиб, тадбиркорларни қақшатиб четга олиб кетган маликани кечира олмайман”, дейди мактуб эгаси. 

Эй, ғалча, сендан биров сўрадими? Умуман, халқдан биров сўрамайди-ку. Президент ҳаммадан ақлли, ўзлари биладилар қайдан қулоқ чиқаришни. Форматдан чиқмай, хабарларга ўтсам.

Тошкент метросида бир эркак поезд юрадиган  чуқурга қулади. – Эркак бўлгандан кейин қайси чуқурга қулашни ўзи билади. 
«Бочка»да оммавий муштлашув юз берди. Тошконда яшайдигонлар тушунди қайси бўчка эканини. Бу вино қиладигон бўчка эмас балки Бўстонлиқдаги «бўчка» номли емакхона. Пиваси муздай. Маставасини ичсангиз, севинчдан йиғлайсиз. Бўчканинг эгалари қамалиб кетган. Янги эгалари ҳам қамалса керак яқинда. 

Мастава дегандек. Андижонда ким кўп ош ейиш бўйича мусобақа ўтказилди. Анжонлик Иззат полвон бир қозон ошни еб ташади. 
Асакадаги “Чўнтак”, Андижон шаҳридаги “Беҳизор”, “Шаршара,” “Табассум”, “Дониёр”, ва Пахтаободдаги “Оталар” чойхоналарида пиширилган ошдан тановул қилган японлар : “Андижонча ошни Токиода ҳам емаганмиз», деб қўйишганини ўзим эшитганман. Бу овқат гуручдан қилинади.

Асосан, қўй гўшти билан ва қўй ёғида қовуриб тайёрлангани сабабли Андижонча палов пишириш камбағаллар бюджетига зарар келтиради. Россияда икки ўзбек бир ўрис қизнинг қўлидаги телефонини ўмаргани хабарини ëзувдим. Патриотлар дарров дод-вой солиб, “ўзбек тилпун ўғирламайди, бу туҳмат”, дейишди.

Бугуннинг ўзида Урганч, Қарши ва Каттақўрғонда телефон ўмариш бўйича 5 та жиноят қайд қилинди.

23 июнь куни Сергели туманида яшовчи 22 ёшли Ж.А. Чилонзор туманида жойлашган “Сайёҳ” меҳмонхонаси олдида 19 ёшли Р.Б.нинг қўлидан “Samsung” русумли мобиль телефонини тортиб олиб қочиб кетди.

21 июнь куни Қарши шаҳрида яшовчи 21 ёшли икки йигит Бўстонлиқ кўчасида жойлашган “Яшил бозор” биноси қаршисида 28 ёшли ҳамшаҳарини куч ишлатиш йўли билан қўрқитиб, “RedMi 4 X” ва “Blakberry” русумли телефонни ўмаришди.

Шаҳрисабз, Қарши, Қўшработ, Олтиариқ ва Учкўприкда ҳам телфон ўғирлашди. Бу ўғриларни ўзбек суди 5 йилга қамади. Баракалла. Яшасин одил суд.  Қамоқда уларни дубинкалар билан уриб ташлашса ҳам хафа бўлмаймиз.

Аммо нега шу одил суд ўзбек тадбиркорларини қақшатган, одамларни буюртма қотил ëллаб ўлдиртирган ëвуз прокурор Мирағлам Мирзаев ва унинг жодугар хотини, собиқ адвокат Муҳаббат Мирзаевага 5 йил шартли жазо бериб, уйига қўйиб юборди?
Одатда ривоятни ваъз охирида айтардим. Бугун ўртасида айтсам. Жума ваъзини йўл ўртасидан кесиб ўтган дарë атасак, бугунги ривоят ўша дарë устига қурилган кўприк бўла қолсин.

Ривоят прокурор ҳақида 

Прокурор ҳақида эшитгимиз ҳам келмайди, деганлар бўлса, майли, ривоят тугагунча кўча  айланиб кела қолишсин. 

Воқеа бизнинг кунларда юз берди. Мана, прокурор ўтирибди ўзининг Тошкентдаги вилласи боғчасида, эрталабдан чой ичиб. Дастурхон зўр. Сариëғ қозоқдан келган. Пишлоқ Голландияники. Прокурорнинг хотини хрустал идишлардаги қора икра, қизил икраларга қараб, олинг, адаси, қувват бўлади, деб нозли жилмаяди. Саройнинг бошқа хоналаридан қанақадир овозлар эшитилади. Прокурор саволомуз назар билан хотинига қарайди.

-Ҳа, Қашқадарë, Сурхондарë ва Самарқанддаги қариндошларингиз келувди. 
-Кеча келганлар ким эди?
– Жиззах ва Фарғонадаги қариндошларингиз.
– Ўтган куни келганлар-чи?
– Улар Одесса ва Дубайдаги братлар.

Прокурор қариндошлари кўплигидан фахрланиб, ширмой нонни ер тути мураббосига ботириб оғзига солди. Аммо чайнашга ҳам улгурмади.

Шу пайт осмонда вертолёт овози эшитилди. Ану, вертолет бор-у, президент Миллий гвардияга оберган ўша вертолёт. Бу вертолётдан қора маскалилар ипга осилиб туша бошлашди. Қора маскалилар худди қора қарғалардек прокурор вилласидаги боғни қоплашди.
Сукунат. Прокурор оғзидаги нонни чайнай олмасдан кўзини лўқ этиб турибди. Хотини қўрқувдан тарашадек қотиб қолган.
Хонага оқ куйлак кийган, ëш бўлса ҳам қорин қўйган писка кўз одам кириб келади.

– Мен ануви идораданман. Қўрқманг. Мана мандат, мана  повестка, манави эса қарор.

Прокурор худди кобра илон гипноз қилган қуëндек қимирламасдан қараб турибди.

Қоринбой нусха қўлидаги телефонни оғзига обориб “бошланглар”, дейди.

Бирпасда прокурорни уриб, ерга ëтқизиб, қўлига кишан солишади. Қоп кийгазиб, обчиқиб кетишади.

Ануви идорадан келган нусха дастурхондаги ўрик мағизидан бир ҳовучни олиб чўнтагига солади-да: “Майли, кеннайи, бизга рухсат”, дейди.

Ҳозиргина  бахту саодат, фаровонлик, тўкин-сочинлик, ҳузур-ҳаловат уфуриб турган хонадоннинг файзи қочган эди.

Биринчи бўлиб, прокурорнинг хотини ўзига келади. Телефонини олиб, адвокатга қўнғироқ қилади:

– Эрим билан ажрашаман. Тез ҳал қил.

Бу пайтга келиб Ўзбекистоннинг 12 та вилоятидан келиб прокуронинг уйида текин еб ичиб ëтган қариндошлар тўдаси қочиб шимолий вокзалгача  етиб олишган эди.

– Ноинсофлар,- дейди хотин. – Одам амалдан тушганда билинади кимнинг ким эканлиги.

Аммо прокурор хотинининг онаси ва  укалари уйни тарк этмаган эди. Қаерга борарди шўртумшуқлар.

– Хуллас, менинг эримни қайси иши учун қамашганини билмайман. Унинг шу қадар кўп жинояти бор. Ҳар бир жинояти учун биттадан столбага осишса ҳам мамлакатдаги симëғоч етмайди.
Прокурор хотинининг укаси  гапиради:

– Энди мен нима қиламан. Ўзи 3-класс саводим бор. Бозорда арава тортмайман-ку. Поччанинг бўлари  бўлди. Энди унинг мол-мулкини мусодара қилишади. Мусодара қилинишидан олдин бу мулкни йўқ қилиш лозим.

Прокурорнинг хотини космик тезлик билан барча мол-мулкларни сотишни бошлаб юборди. Пулларни Одессадаги банк ҳисобига ўтқазаверди. Уйда биттагина пианино қолди.

– Почча доира чалишни ҳам билмайди-ку. Пианинони мақлади, дейди прокурор хотинининг укаси тиржайиб.

– Бу пианинонинг ичидаги сими ва дастгоҳи олтиндан. 200 кило олтин бу. Тураверсин қора кунга ярайди десак, билиб қолишса. Буниям заргарларга сотиб пулини Одессадаги банкга ўтқазвор. 
Хуллас, саккиз соатда саккиз миллиард долларлик мол-мулкни сотиб ташади, эндиликда эридан ажрашишга ҳам улгурган хоним.
Кечга яқин эшик қўнғироғи жиринглади. Хотин эшикни очиб тахтадек қотиб қолди.

Эшикда эрталаб қўлига кишан, бошига қоп солиб олиб кетилган прокурор, эндиликда собиқ эр жилмайиб турар эди.

– Қўйворишди. Президентимиз меҳрибон, у ҳаммани кечиради.

Прокурорнинг эндиликда собиқ хотини бақрайганича тураверди. Сукунатни хонага додлаб кирган уканинг фарëди бузди:
– Опажон, хонавайрон бўлдик. Украинанинг янги президенти банкадаги 8 миллиард долларимизни ўғирлик, дея мусодара қилибди. Сарватимдан айрилдим. Вой-дод.

Воқеани тушунган прокурор озроқ хафа бўлди.
– Ажрашган бўлсанг катта кўча. Мени сендан бошқа яна иккита ўйнашим бор, тендер ўтказиб биттасини қонуний хотин қилиб расмийлаштираман. Ўзи ëқмай қолувдинг менга.
Қўлтиғинг ҳам сасийди.  Мол-мулк қўлнинг кири. 33 миллионлик халқим бор. Ўшаларни қақшатиб, бир пасда 8 миллиард долларни тўплаб оламан. Энди марш отсуда.

Презиентимиз айтганидек, садоқатсизлар албатта хиëнат қилади. Садоқатда вафоли бўл – бевафони кечирмаслар.

Ривоят тугади. Қиссадан ҳисса шуки, битта эшик ëпилса, албатта яна бир эшик очилади.

Прокурор бу – пул оқадиган дарë ўзани.  Оққан дарë оқаверади. Энг муҳими, ўзан бор. “Биз яхши яшаяпмиз”, дейди прокурорлар ва тўғри айтишади. Улар яхши яшайди. Тўқ фаровон.

«Халқчи?» дея савол беради битта дордан қочган ватангадо. Халқ, қанақа халқ?

Ўзбекистонда тўда бор. Гуруҳ бор. Пода бор. Аммо халқ йўқ. Бир- иккита одам деб халққа маломат қилманглар, дейишади. Аммо бугун Гулноранинг кетини ялайман деб турган тўда иштиëқини кўриб яна гапираман. Халқ ва миллат бўлишга эрта. Булар шоқоллар тўдаси.

«Фалон темани нега ëздинг?» дейишади баъзи мактаб кўрмай, чўпчак эшитиб катта бўлган биродарлар.

Хоҳлаган темани ëзамиз. Ўтқазиб қўйган жойи йўқ ҳеч кимнинг. «Элтуз» ташкил бўлганига яқинда 5 йил бўлади. Шу давр ичида паспортининг миллати деган жойига ўзбек деб ëзилган бирорта яратиқ нашр фаолияти учун ярим тийин бермади. Бермайдиям. 
Зотан молиявий кўмак сўралган жойи бор нашрнинг. Чечен, гуржи, армани ва тожиклар ўз дардини айтадиган нашрларга кўмак беришади. 100 йилдан кўпроқ вақт олдин чоп қилинган “Тараққий”, “Оина”, “Самарқанд” каби газеталар миллат бойлари кўрсатган молиявий кўмак боис умр кўрган эди.

Миллат бир-бири билан газета орқали гаплашади. Ўз дардини бўлишади. Оқ-қорани танийди. Яхшини ëмондан ажратади. Аммо бу хислат миллатга оид. Бизнинг тўда ўзини эмас, босқинчи ўриснинг газетасини ўқийди, ўриснинг телевизорини кўради. Яқинда ўриснинг армиясини ҳам боқса керак. Чунки ўзиники йўқ. Чўнтагидан сариқ чақа чиқса жони чиқадиган зиқна, бахил, хасис, қурумсоқ бир яратиқ. Гулнора Каримовани бир оғиз амр билан мақтаëтган тўдага қандай ëрлиқ оссанг оз. Булар шу қадар жоҳил, шу қадар примитив. Эртага Мирзиëевни ағдариб ўрнига бошқа биттаси келса «Яшасин!» дейди. Ўрис босиб олса ҳам «Яшасин!» дейди. Бош прокурор қамалса ҳам «Яшасин!» дейди. Кўтига айлантириб тепсанг, худога шукур дейди. Бу гапларнинг тагига «умумлаштирманг, халқда айб йўқ», деб ëза бошлашади. Қани халқ? Газини ўрисга берганига, жиим ўтириб, тезак ëққан пода халқ эканми? Бугун матбуот байрами кунидаги жўшқин фикрларим шу эди.

Етим ва ғариб матбуот ботирлари, сизларни табриклайман. Ва қани энди шу иркит пода юзига кўзгу тутсангиз, деган ҳавасдаман.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Видео: https://youtu.be/bWOXucHwhmU

Рассом Туз

Eltuz.com

Тағин ўқинг
15 октябр 2015
Хоразмга сафари пайти ҳокимликнинг тунги мажлисида журналист Малоҳат Эшонқулова ёзиб олган аудиоёзувлар Ҳазорасп ҳокими Ўктам Қурбоновнинг иккиюзламачилигини фош қилган. ...
6 декабр 2017
Президент Мирзиёевнинг 4 декабрдаги қарорига кўра, хорижий сайёҳлар учун олдинги 7-15 кунлик қисқа виза муддати 30 кунлик қилиб белгиланди. ...
10 август 2023
Элтуз эълон қилган Булунғурда ИИБ ходимлари калтаклаган ўспирин видеоси юзасидан ички ишлар идораси муносабат билдирди. “Ходимлар қўполлик қилиб ураяпти”- ...
24 октябр 2016
Ўзбекистондаги сиёсий партиялар 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган президент сайловига ўз номзодларини кўрсатиб бўлди. Энг сўнггида муваққат президент ва ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...