Асосий мавзулар
1 ноябр 2019

РТдан ваъз: Жониворлар учун жаҳаннам ва ëнмайдиган гугурт ҳақида

Кеча Манғитдан Қозоғистоннинг Тароз шаҳрига бориб таксичилик қилаëтган амаки билан гаплашдим. Тароз Ўзбекистондан яхши, деди у одам. Нега яхши десам, Тароздаги солиқчи ва полиция бу амакини назарига илиб, доля сўрамас экан. «Ўзбекистонда солиқ билан милиса тиланчидан ҳам доля олади», дейди. 

Телеграм группалардаги ëзишмаларга кўзим тушади. Мана, Тошкент аэропорт таможнийсидаги иплос биттаси қанақа қиб элдошларини қақшатишини ошнасига мақтаниб ëзяпти.

Сергели суди ҳам бу қақшатиш жараëнида шерик экан бу иплосга. Дунëда бўри бўрини тишламайди, илон илонни чақмайди, лекигин ўзбек ўзбекни қақшатади. Қақшатиб, пулини олдим, деб ошнасига мақтаниб ëзади. Қурилишдан мих ухлатдим, деб мақтанади.

Палончини кийдирдим, деб хотинига гапириб ўтиради. Бир бечора киракашнинг уловига ўтириб, пул бермай сурворади. Ойлик оган кунинг қарз сўраб келади. Қарзни  қайтар десанг, сенга боласини урушда ўлдирган немисдай қарайди.

Гапнинг қисқаси, гадонинг душмани гадо эмас, балки ўзбекнинг душмани ўзбек бўпқопти. Буларнинг зона ва самосудни севишига саал кейин тўхталаман.

ЎЗБЕКНИНГ АЙИҚДА НИМА ҚАСДИ БОР?

Прихологлар тадқиқотига кўра, эзилган одам ўзидан заифни эзиш пайида бўларкан.

Масалан, дейлик, сизни бошлиғингиз койиди. Онангизу қизингизни қўшиб сўкиб ташлади. Индамай ҳақоратни ютиб, бўйнингизни букиииб, ишхонадан чиқдингиз. Олдингизда кўринган дайди ит ë мушукни тепиб-сўкиб хумордан чиқасиз.  

Бундан 10 кунча олдин Намангандаги бир қишлоққа келган айиқни маҳаллий аҳоли оғилхонага қамаб ўлдирди.

Бундан олдин Қашқадарëда бир айиқни ўлдиришган эди. Айиқни ўлдирган одам бор-йўғи 90 доллар жарима тўлар экан. Қўшни Қирғизстонда айиқни ўлдирсангиз 7000 доллар жаримага тортиласиз. 

Мабодо Хитойга бориб панда айиғини ўлдирсангиз, умрбод қамаласиз. Хитой ҳукумати панда айиқларни эъзозлайди. Уларни сотиш тақиқланган. Фақат йилига бир миллион доллар эвазига лойиқ бир давлатга ижарага беради. Ижарага олган давлат бу эркатой пандани бамбукдан бўлган печенье билан боқиш мажбуриятини ҳам олади. Шу ўринда эслатсам, Хитойда 1000 дан зиёд панда сақланиб қолган.  Ўзбекистонда тяньшань қўнғир айиғи бор-йўғи 250 тача қолган. Униям иккитасини кейинги 9 ой ичида ўзбеклар ўлдириб ташлади.

Тошкентдаги Салимбойнинг уйида у отиб ўлдириб, терисига сомон тиқилган камида иккита айиқ бор.

ИТ АЗОБИ

Итларнинг аҳволи эса айиқларникидан ҳам ëмон. Ўзбек мақолларида ҳар ҳолда айиқ ижобий кўринади. Масалан, “Айрилганни айиқ ер”, “Куним ўтсин дея айиққа тоға дедим”.

Аммо ўзбек мақолларида итлар жуда пастга урилади. Итнинг кейинги оëғи. Ит ëтиш, мирза туриш. Ит ўлимида ўл. Итдай хор бўл. Божхона ходимлари бир-бирини ит деб сўкишар экан.

Нега итни бунча пастга урамиз? Нима ëмонлик қилди у бизга? Қўйларимизни бўридан, уйимизни ўғридан ҳимоя қилса.

Ўйнашингдан кўрмаган садоқатни кўрсатса. Чўкканни қутқарса, божхона юклари орасига яширинган бомба ва наркотикни топса. Космосга ҳам Гагарин ва Жуманазар акадан олдин Лайка деган кўппак учган бўлса.

Ҳатто олов ичидан гўдакни қутқарган ит ҳақида афсона бор.

300 ЙИЛ УХЛАГАН ЕТТИ АВЛИЁ ВА БИР ИТ РИВОЯТИ

Асҳаб аль-Каҳф ривоятини эслайлик. Бу воқеа ҳақида оят ҳам нозил бўлган. Қуръони каримдаги «Ғор» сурасини эслайлик. 

Бу Даққиюнус исмли ҳукмдор ақидаларига сиғинмагани учун таъқиб этилган, эътиқодини сақлаб қолиш учун ғор ичига яширинган ва 300 йил ухлаган етти нафар шахс ҳақидаги ривоят.

Улар подшо аскарларидан қочиб келишаётганида улардан бирининг Қитмир деган ити ҳам эргашади.

Шериклари ит вовиллаб, уларни таъқиб қилаётган подшо аскарларига бизнинг изимизни билдириб қўйиши мумкин, деган таҳликани билдиришади.  

Улар ҳарчанд қувишмасин, ит улар ёнига қайтиб келаверади. Шунда итнинг эгаси бўлган йигитларнинг шериги бундай дейди:

«Итга тегманглар, у вафодордир. Бизни душманларимиздан қўриқлайди».

Шундай қилиб, 300 йил ухлаган етти кишининг ëнида Қитмир лақабли вафодор ит ҳам қолади. Уч юз йил ўтиб уйғонишганида уларнинг ёнида шу Қитмир ит ва уч юз йил бурун зарб этилган Даққиюнусдан қолган тангалар бор эди. Бироқ замон ўзгарган, на Даққиюнусдан, на у мамлакатда ўрнатган дину ақидадан асар ҳам қолмаган эди.

Етти авлиë қаторида шу итни ҳам Аллоҳ ўз ҳифзи ҳимоясида сақлади-ку. Бу бехайр жонивор экан, дея камситилган жойи йўқ.

БАҒДОДИЙНИ МАҒЛУБ ҚИЛГАН ИТ

Бугунги замонга қайтсак. Куни кеча ИШИД халифаси Бағдодийни йўқ қилиш амалиëтида қатнашган итни АҚШ презиенти Дональд Трамп азиз ва мукаррам деб атаб, бағрига босиб эркалади.

Унга ҳатто Трамп орден берди ва шу расмни ўзининг фейсбук саҳифасига илиб қўйди.

«Биз ИШИД лидери Абу Бакр Ал Бағдодийни қўлга тушириш ва ўлдиришда жасорат кўрсатган бу ажойиб итнинг суратини очиқладик (аммо унинг исми махфийлигича қолади)», деди Трамп итнинг ҳурматини қилиб.

Бундан олдин Трамп Бағдодий итдай ўлим топди, деб айтгани итсеварлар эътирозига сабаб бўлди. Уларга кўра, Трамп Бағдодийни итдай ўлди, дея итларни камситган.

ТАЗАРРУ

Бир пайтлар менинг ҳам Шарик лақабли сап-сариқ туркман олабой итим бор эди. Яхши ит эди. Лекин бу итнинг яхшилигига яраша муносабат кўрсата олмаганимдан бугун хижолатдаман.

Итларга ва, умуман, жониворларга  бўлган муносабатни ўзбек блогери Умиджон Сотиболидев аниқ-равшан қилиб ëзибди. Шуни ўқиб берсам:

“Дўстлар,  мен бир пайтлар нақадар ёмон бола бўлганимни англаб етдим.  Сурхондарёда кўпчилик ит уруштириш ўйинига қизиқади. Мен ҳам ҳаваскорлардан эдим. Асосан, чўпон бўрибосар зотли итларни уйда боқардим. Қиз бўлиб туғилган итларни тириклай кўмганман. Ҳаммаси қанжиқ бўлади, деганман.

Катта бўлавергач, ит боқишдан қизиқиш ўлди. Уйда боқилаётган бўрибосар итни бурчакка занжирладим. Деярли қарамадим. Оч-наҳор бўлиб, ориқлаб кетди. Бир бурчакда ётавергач, ҳашарот талаб, танасини яра босди. Мен ўшанда: «Бу касал, уйдагиларга юқтирмасин. Ит ҳаром дейилган», дея уни тириклайин осдим.

Дарёда ўртоқларим билан чўмилишга борганимда сув илонларни тутардик. Булар бизни жаннатдан қувган. Ўлим уларга, деб тошни аямасдик. Ҳиндистондан келтирилган зараркунанда қуш майнани ўтмас пичоқ билан сўйиб кўрганмиз ўртоқларим билан.

Дайди мушук уйимизга кириб қолганди. Анча катта эди. Уни ушлаб, бўйнига мунчоқ тақиб, ун халтанинг ичига солиб, халтанинг учидан ушлаб, деворга кўп маротаба урганман. Оғзимдан ўша вақт шу жумла чиққан: «Ит одам боласи кўпайсин деган, сен одам боласи ўлсин, дегансан!»

У вақтлар жуда ёш эдим. Ҳозир қилган ишларимдан афсусланаман. Барча ҳайвонлар, қилган жиноятим учун мени кечиринглар. ️️️

️PS: Бундан ташқари, таракан ва пашшаларга қарши хитой дориларидан фойдаланганман. Чумолининг уйини бузганман. Чорвоқдан каптар ушлаб, каптаршўрва қилиб кўрганмиз Пожарнийлар билан. Булар учун ҳам кечиринглар».

Бу Умиджон исмли сурхонлик ватандош тазарруси эди. Тазарру заминида ҳақиқат ëтибди. Ҳақиқат шуки, биз жоҳил ҳамда ваҳшийлик даражасидан юқори кўтарила олмаяпмиз.

ЁНМАЙДИГАН ГУГУРТ

Кеча «Уч идиот» деган ҳинд киносини кўрдим. Фильм муҳандислар тайëрлайдиган институт тутумини ҳажв қилади. Кино қаҳрамони назарида машинасозлик институти мавжуд билимларни ўргатади-ю, аммо студентни изланишга ва танқидий таҳлилга ундамайди.

Лекин кинода кўринган ўша заиф «таълим тизими» ҳам Ўзбекистондагидан миллиард марта яхшироқ кўринди.

Ҳар ҳолда машина муҳандисига «Маънавият дарси» ўқитилмайди бу даргоҳда.

Мисол: Завод шунча меҳнат, ëғоч ва кимë сарфлаб гугурт чиқарди. Мана гугурт биноийдек. Аммо ëнмайди. Ўзбек олий ўқув юртини тугатган талаба ҳам шундай. Ëнмайдиган гугурт.

Нима кераги бор ëнмайдиган гугуртнинг?

Дарвоқе, дунёнинг энг яхши 100 та университетининг рўйхати эълон қилинди. Ўзбекистондаги бирорта ОТМ бу рўйхатга киритилмади. Кирмайдиям-да.

Институт домлалари ва студентларини илмий кашфиëтлар ва фан чўққилари эмас, палончи бой ота ëки пистиëнчи ўғрининг  машинаси қанча туриши кўпроқ қизиқтирар экан. Энг қизиғи, Ўзбекистон умиди бўлиши керак бўлган бу талабалар тили Тамбовдаги ўғрилар жаргонидаги сўзлардан иборат. Кимдир ўз ҳақини талаб қилса, “терпила” дейишади.

ОШҚОВОҚЛАРНИНГ ФЕНЯ ТИЛИ

Ошқовоқ каллалар севиб ишлатаëтган «ТЕРПИЛА» деган сўз аслида коррупционер совет милиционерларига оид сўздир. Яъни бу сўз «ментовской» жаргонда «малява (шикоят аризаси) ëзган жабрланувчи» деган маънони билдиради. Масалан, бир зўравон бир одамни калтаклади. Бу одам ЎЗ ҲАҚИНИ ТАЛАБ ҚИЛИБ ариза ëзса, милиционерлар учун иш кўпаяди. Шу боис бу ментлар ўз ҳақини талаб қилганларни камситиб, зўравонликни парваришлаган.

Кўчанинг жиноят дунëсига сиғинадиган ўзбек деб аталмиш каллаварам, савияси пастлар ўрис жиноят дунëси ва милицияси ўйлаб топган бу сассиқ калимани ўз ҳақини талаб қилганларни камситиш учун ишлатиб ëтибди.

Бу камситиш отамиз Чўлпоннинг «Кишан кийма, бўйин эгма, ки сен ҳам ҳур туғилғонсен», деган сатрига зид.

ËМОННИНГ КУЧИ ЯПАЛОҚҚА ЕТИБДИ

Кеча «Президент куëвига одамларни жазолаш ваколати берилганми?» дея савол қўйсам, кўпчилик менга ташланиб, кўча ақидасидан ҳадис келтириб, “Куëв Отабек фермерни жазолаб тўғри қилди», дея ижмо қиберишди.

Бу фермер пахта терган одамни чмо дегани куëвбаччага ëқмабди. 21-асрда қўлда пахта терган чмо бўлмай нима бўлади? Бир пайтлар чмо қуллар пахта терган АҚШда терим 100 фоиз механизациялашган. Сиз эса тош даври ва гурзи зеҳниятига сиғиниб ўтирибсиз.

«Кўча» ва «ЗОНА»га сиғинадиган ва Рассом ТУЗни «Поняткага шак келтирди», деганларга яна бир бор эслатаман. Зона культи (зонага сиғиниш)ни бас қилинг. Қачондан бери кишан ва зиндон биз учун шарафланадиган нарса бўлди? Зонага сиғиниш – бу ўрислар тарафидан сингдирилган иллат ëки касаллик.

Бугун кўриб турибманки, ўзбеклар бу касалликнинг тузалмас формасига чалинган. Мен Чўлпондан иқтибос келтирсам, «Сиз зона ҳаëтини билмайсиз» деб, менга «Зона поняткаларига шак келтирманг», дея насиҳат қилганларга, феня (воровской жаргон)да тушунтираман. Сизларнинг гапингиз «парашада» петух қилиниб, умрбод ОПУШЁННЫЙ қилинган зек зеҳнияти. Керак эмас бу тушунча.

Ўша сиз сиғинган «братва» «мужиклари» Зокир Алматов билан тил бириктириб, қамоқда мусулмонларни қийнагани ëки ўлдирганини биласизми? Нозим палач деган ҳайвон ҳақида кимдир эшитганми?

Ëки Жаслиқдаги мусулмон зеклар «братва» стрелкаси билан шоир Юсуф Жумани калтаклашганини биласизми? Зайниддин Асқаровга чўчқа гўшти едириб, чўқинтирганлар зона раҳбари буйруғига бўйсунган зеклар эди.

Қамоқдан ўлик қабул қилиб олганлар билади. Қамоқ маъмурияти буйруғи билан ўша ўзбеклар сиғинадиган «братва» исталмаган одамларни ўлдириб берди сўнгги 25 йил давомида.

Грузияда ҳам шундай эди, аммо Михаил Саакашвили ўғриларни қувиб юборди. Ўғри ақидаси Грузияда чекланди. Аммо ўзбеклар миясидан зона севгисини қиртишлаш қийин шекилли.

Кейинги 25 йил ичида ярим миллионга яқин ўзбек қамоқларга кириб чиқди. Бировнинг ҳажга бораман деб йиғиб қўйган пулини ўмарган ўғри қамоқда азиз. У ўйлаб топган «понятка»га эса мусулмонлар сиғиниб ўтирибди.

Шу давр мобайнида урилиб, кетига дубинка тиқилиб, ОПУШЁННЫЙ бўлганлар қамоқдан чиқиб, ўша дубинкани муқаддас деб айтмоқда.

УЯТ. ИСНОД. Нега ЭРКИН одам бўлишни истамай, зўравон, деспот ва тоталитар режимни бунчалар ардоқлайсиз? Нега? Букрини гўр тузатади, ҳайф сизга инсонлик деган ном.

БУКРИНИ ГЎР ТУЗАТАДИМИ?

Кўча-пўча йўқ. Қонун бор ва инсоннинг ҳақи бор. Ҳар бир одам ўзига нисбатан зўравонлик қилган одам устидан ариза ëзишга ҳақли. Мияси қуртлаган муллами ëки баданига наколка урилган зекми, барибир.

Қуллик ва хорликка ўрганиб қолиб ибтидоий замондаги ким қаттиқроқ тепса, шу ҳақ деб судралган тўдага «демократик ва қонунлар устивор бўлган» тизим борлигини айтиб қўйсам.

Вор закон, смотряший, обшак қоровули, гад, палач ва бошқа жулдирвоқилар сариқ чақа.

Президентда ҳам, унинг каллаварам куëвларида ҳам бировга жазо бериш, суд қилиш ҳуқуқи йўқ. Бу ҳуқуқ суд тизимига оид.

Тушунганлар тушунмаганларга тушунтирсин. Ўғри ақидасини қўллаган зўравон ипирисқи жазоланиши кераклигини ҳам тушунтиринглар.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
13 октябр 2017
9 октябр куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Танзила Норбоева, (фото: чапдаги расм) nuz.uz нашри орқали берган баёнотида тиббиёт ходимларини ...
16 сентябр 2020
Президент Мирзиёев имзолаган янги қарорга кўра, 2021 йилнинг 1 январидан меҳнат муҳожирларига солиқлар жорий этилади.’ Қатор ўзбек нашрларининг ёзишича, ...
2 август 2018
Муҳаммад Бекжоннинг «Алвидо, Жаслиқ!» китобидан навбатдаги қисм 1999 йилги Тошкент портлашларининг асосий гувоҳи Зайниддин Асқаров билан юзлашув ҳақида. 2003 ...
28 сентябр 2024
Ватанпарвар юртдошимиз Аминбой Қодиров 27 сентябрь куни Урганчнинг Ғойбу қишлоғида 81 ёшида оламдан ўтди. У ҳали СССР бор пайтда ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...