Асосий мавзулар
6 ноябр 2019

Қамоқдан чиққан фаол Мирзиëевнинг адолатига ишонмайди

Ўзбекистонлик инсон ҳақлари фаоли Аъзам Турғунов 31 октябрь куни Прагада ўтган тақдимотда People in Need халқаро ташкилотининг «Жасорат» мукофотига сазовор бўлди. Мукофот Турғуновга йиллар давомида тинимсиз диктатурага қарши курашгани учун берилди. «Элтуз» нашри айни кунларда Чехия пойтахтида эъзозланаётган 66 яшар Аъзам Турғуновдан интервью олди.

Сизни юксак халқаро мукофотга сазовор бўлганингиз билан табриклайман.

Раҳмат табрикларингиз учун авваламбор. «Шунча қийноқлардан сўнг яна ўзига ўхшаган ноҳақ қамалганларга ёрдам бериш мақсадида ўзининг фаолиятини давом эттираётгани учун», деб гапиришди…

Мана, сиз фаолиятингизни турмадан чиқишингиз билан яна баҳоли қудрат давом эттиряпсиз.

Албатта.

Лекин сизнинг собиқ сиёсий маҳкумлар билан биргаликда ташкиллаштирган янги ташкилотингиз рўйхатга олинмаяпти, деб эшитдим.

Жуда тўғри эшитибсиз.

Бунинг сабабини қандай изоҳлашяпти?

Қаранг, тўртинчи марта топширдик. Уставни биз Сергей Майоров билан бирга ишлаб чиққанмиз, ундан аввал Надежда Отаева ёрдам берган русчасини тузишда. Адлия вазири ўринбосари Тошқулов ҳам тан олди. «Яхши тузилган уставингиз, лекин буни рўйхатдан ўтказиш менинг қўлимда эмас», деб очиғини ҳам айтди. Сабабларидан биттаси, Қудратжон, жуда қизиқ-да. «Ҳужжатларингиз ип билан тикилмаган», деб ёзилган. Мен кўрсатяпман, мана. Мен олиб борган нусхада ипнинг расмиям кўринган. Шунга ўхшаш қизиқ сабаблар-да рўйхатга олмаслик учун. Ёки, масалан, номига эътироз билдиришган: «Адолатни қарор топшириш» нимаси билан қўрқинчли?

Бу янги ташкилотингизнинг номими?

Ҳа, шундай…

Мана, ҳаракат қиляпсиз. Тўрт марта регистрацияга бордим, рад жавоби олдим, деяпсиз. Бу иш охир-оқибат натижа беришига, Ўзбекистонда либерализация бўлишига ёки Шавкат Мирзиёев келгусида сиёсий мухолифат фаолиятига тўсқинлик қилмаслигига ишонасизми?

Мен ишонмайман. Тўғриси-да. Бу менинг фикрим. Мен ишонмайман. Лекин менинг фаолиятим, менинг характеримни билганлар айтади. Мен бунга қаттиқ киришганман. Очиқдан-очиқ ёлғон гапираётган одамларга қандай ишонишим мумкин?

Аъзам ака, 2000 йилдан олдин ҳам сиз қамоққа тушган экансиз. Ўша пайтда нима учун қамоққа олишган сизни?

Мана Солиҳ ака (Муҳаммад Солиҳ) чиқиб кетганларидан кейин, қаранг, 93-йиллар, ҳамма аъзолар репрессияга учради-да энди, тазйиққа учради…

«Эрк» партиясининг аъзолари…

Ҳа. Мен ўша пайтда 2-автокомбинатда замдиректорман. Биласиз, ўша иккита «Волга»ни олиб беришга ёрдам берганман, энди Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан. Лекин шундай пайт бўлдики, аъзоларнинг ҳаммаси қувғинга учради. Мен ҳам кетдим… Киришим билан оёғимдаги янги туфлимнинг ипларини ечиб олишди. «Ака, энди тўғри тушунасиз. У эди, бу эди», деб.

Неча йилга қамашди?

Олдин саккиз йил берди. Кейин 5 йилга туширишди…

Демак, сизга ўшанда «Эрк» партиясига ёрдам берганингиз ёки машина ажратганингиз учун босим кўрсатилган ва қамалгансиз?

Ҳа!

Бу қачон бўлди?

1997 йилнинг декабрь ойида. 6 йил муддат билан мени Товоқсойга жўнатворишди. Икки йилу етти ой ўтирдим.

Аъзам ака, сизнинг гапларингиздан худди тарих қайта-қайта такрорланаётгандай кўриняпти кўзимга.

Албатта…

95-йилларда бўлган воқеалар ва кейинчалик (2008 йили) яна 9 йилга қамашди сизни. Ҳар иккала ҳолатда ҳам сиз сиёсий фаолиятдан ҳуқуқ фаолиятига ўтяпсиз. Ўз фаолиятингизни яна давом эттиряпсиз. Шу ҳол яна қайталанмайди, деб ўйлайсизми шу бугунги кунда? Сиёсатнинг боришига қаранг, масалан, блогер Шабнам Оллошукуровани жиннихонага ётқизишди. Бу ёқда эса непотизм аломатлари кўриняпти. Президентнинг қизларига бўлаётган имтиёзлар, масалан. Худди Каримов давридаги каби.

Қаранг, сиз саволингизга бошида ўзингиз жавоб бериб кетдингизда «Тарихнинг такрорланмаслиги» деб. Такрорланади, эрта-индин уларнинг ҳам бошига тушади. Мана, қаранг-да. Терговда ўтирганимда, устимга қайноқ сув қуйиб юборишларидан икки минут олдин, терговчи заҳархандалик билан айтяпти: «Сиз оввора бўласиз. Бу ердан тирик чиқолмайсиз! АҚШ элчихоналариям, халқаро ташкилотлар ҳам, адвокатларингиз ҳам ёрдам беролмайди. Сизни илинтириш учун, биласизми, икки йил оввора бўлдик», деб гапириб ўтирибди тепамда туриб. Ёш-ёш йигитлар эди. Яқинда эшитиб қолдим, биттаси авария бўлиб ўлибди, яна бири яна бир кори ҳол билан шундай… Тарих такрорланади, албатта. Мен ишонч билан айтаман буни.

Лекин биз туннелнинг охирида нур кўргандай бўляпмиз. Яъни сизни бугунги кунда People in Need (Муҳтож одамлар) халқаро ташкилоти тақдирлади…

Сиз кўраётган ўша нурни мен ҳам кўряпман. Чунки ҳозирги ўтирган раҳбарни мен охирги коммунист деб биламан.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
6 март 2017
Алексей Навальнийнинг маълумотларига кўра, Дмитрий Медведевга алоқадор жамғармалар ҳисобига “камида 70 миллиард рус рубли ҳажмидаги маблағ ва мулк ўтказилган». ...
18 июн 2018
Жорий ой сўнггида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи (ЎЁИ)нинг навбатдаги қурултойи бўлиб ўтади ва унда мазкур ташкилот раҳбари, президентнинг ёшлар сиёсати ...
29 октябр 2018
Сўнгги олинган хабарга кўра, «Америка овози» радиосининг Истанбулда ҳибсга олинган, Малик Мансур тахаллуси остида ишлайдиган 49 ёшли мухбири Абдумалик ...
19 апрел 2020
Баҳодир Содиқов 1959 йилнинг 19 апрелида Хоразм вилоятининг Шовот туманида туғилди. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида ўқиб ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...