Асосий мавзулар
27 декабр 2019

РТдан тилак: Тош менга – ош сизга!

Ҳолва-ҳолва деган билан оғиз ширин бўлмайди. Худди сайлов-сайлов дегани билан Ўзбекистондаги вазият демократик бўлмагани каби.

Сайлов кунлари кўп ажнабий сўзлар қатори «электорат» деган сўз қулоғимни қиздирди. Нима у электорат. Электорат дегани лотинча elector, яъни сайловчи деган маънони беради.

Бугунги маънода электорат – бу бутун мамлакатдаги сайловчилар тўплами. Электорат ўзининг депутатини сайлайди. Аммо электоратга ҳам электр керак. Сайловчи турли нарсадан бирини танлаши керак. Сайловчига эса кимнингдир манфаати йўлида аллақачон танлаб қўйилган шахсни рўпара қилишади.  Бўлиб ўтган сайлов мисолида кўрганимиз аслида ғирромлик эмасми?

Мана, сиз тухум сотасиз. Харидор олдига бешта тухум қўйдингиз. Ҳаммаси думалоқ. Ҳаммасининг ранги бир. Энг муҳими, барча тухум палағда бўлган. Харидор қайси тухумни сотиб олса ҳам барибир куяди. Бу ҳолатда танлов имкони йўқ, дейилади. Баъзан эса, тор феълимиз боис, бешта тухум ичидан фақат бузилганини танлаймиз. Ёки харидорга бузилган тухумлардан бирини танлашни таклиф этамиз.

Ачиган қовунлар зеҳнияти

Ëшлигимда уйда 100 тача қовун бўларди. Ҳар гал қовун ейилганида «Бузилаëтганидан биттасини олиб чиқ», дейишарди. 100 тадан биттаси ачишни бошлаган бўлса, ўша қовун ейиларди. Албатта, бир кун ўтиб яна бир қовун ачиб бошларди. Шу тариқа 100 кун ачиган қовун ейиларди. Агар ўша битта ачиган қовундан воз кечсак, 99 кун тоза қовун еган бўлармидик, деган савол ичимда қолиб кетган.

Бу ўша мақолада келтирилган ва суяк суягимизга, қон-қонимизга ва ҳужайраларимизга сингиб кетган қашшоқлик зеҳнияти. Ош еб бўлинганидан кейин устига чой қуйиб ичиб юбориш, яъни ювинди ичиш ҳам биздан бошқаларда бўлмаса керак.

Ўзбек луғатида арабча сўз кўп. Араб тилида ўтакетган қашшоқ ва камбағал деган сўз «ФУҚАРО» деган калимадир. Биз мустақил бўлганимиз он паспортдаги «граждан» калимаси ўрнига «ФУҚАРО» сўзини ëздирдик. Масалан, қўшни қозоқлар «АЗАМАТ» деб ëздиришди. Шу боис, бугун Қозоғистон азаматлари оëғини узатиб ўтирган ҳовлида  ўзбек фуқароси фаррошлик қилмоқда. Ниятинг – йўлдошинг, дегани шу.

Номзодни тишлаш

Сайлов ҳақида гаплашаëтган эдик. Сайлов адолатсиз ўтди, деб ëқа йиртяпмиз. Аслида ўзимиз ҳам шу сайлов сохталигига ҳисса қўшмадикми? Уйдаги етти одамнинг паспортини олиб, барча учун оптом овоз бериб келмадикми?

Сайловни кузатувчилар халқаро миссияси ўз хулосаларида кузатувчилар борган сайлов участкаларининг деярли ярмида овозларни ҳисоблаш жараёнларида бузилишлар содир бўлганини билдиришди. 

Бу дегани, одамлар кимга овоз беришганидан қатъи назар, саналган овозларни протокол ҳужжатларида истаганларича ўзгартиришганини англатади. 

Таниқли блогер, «Адолат» партиясидан Сергели тумани халқ депутатлари кенгашига номзодини қўйган Нозим Сафари сохталаштиришга уринишнинг олдини олишга уринганида уни муаллима аёл тишлаб олганини билдирди. 

«Сайлов якунида ҳаммаси саналганидан сўнг протоколни тўлдириш учун алоҳида хонага кириб кетишди. Ичкаридан эшик қулфланган. Барча кузатувчилар ташқарида. Ичкарида нима қилишди, билмадим-у, лекин «Адолат»га берилган овоз қоғозлари сайлов жараёнида ҳаммасидан каттароқ тоғни ҳосил қилган эди.

Ваколатим доирасида протоколни кузатувчилар олдида тўлдиришни сўраб қулф эшикни тақиллатдим. Ижронинг шарафсиз вакили тотал эксплуатация қурбонларидан бири, зиёли ўқитувчи қўлимни тишлашгача борди… Ўқитувчилардан ҳам, шарафсизлардан ҳам кўнглим максимум қолди. Шу депутатлик сизларнинг одамларингизга насиб қилаверсин. Пишириб енглар. Сизларга подарка шу. Ман бу тизимдан қўлимни ювдим».

Тармоқда ўқитувчилар сайлов найрангларида ҳоким лайчасига айлангани ҳақида ëзишди.

Ўқитувчиларнинг бу қадар паст даражага тушгани фақат бугуннинг манзараси эмас. Ҳали совет даврида улар манқуртга айланиб бўлишган эди. Райком ëки районо деган идорадан этик кийган галстук шляпали одам келиб, «Тўхтат ўқишни, болалар пахтага чиқсин», деган пайтда ялтоқланиб амр қули бўлган пайтида ҳали СССР бор эди.

Тоталитар тутум  ўқитувчини умуртқасиз бир махлуққа айлантирди. Қиëсан қарасак, докторлар бу қадар синиб кетмади. Бугунги манзара. Ҳокимликдаги 22 яшар сўтак 55 яшар кўзойнакли муаллимга сенсираб: «Менга результат бер. Ўзгартир сайлов протоколини», деб бақирмоқда.

Ўқитувчи бошини эгиб, сохтакорликни бажонидил бажармоқда. Унинг қалбида зарра эътироз йўқ. Бу гапларим аслида ўқитувчиларни хокисор қулга айлантирган ҳокимият шотирларига қаратилган.

Агар депутатлар халқ ичидан сайланганида эди, ўқитувчилар бу даражада хору зор бўлмас эди.

Депутат ҳокимнинг вакили эмас

Депута́т дегани лотинча deputatus, яъни вакил қилинган деган маънони беради. Халқ вакили. Миллат вакили. Депутат халқ ичидаги ва халқ айтадиган гапни гапириши керак.

Рассом Туз  номимни бюллетенга нега ëзишганини биламан. Нафақат мени, балки Нурбек Алимов ва Маҳатма Гандини ҳам ëзишди. Булардан бири ўтмишда, бири эса бугун  халқ дардини айтган одамлар.

Рассом Туз ҳам  халқ дилидаги гапни айтади. Оддий мисол, тонировка ҳақидаги илк хабарни мен айтган эдим. Буни текширса бўлади. Ëки Урганч-Ашхобод кўчасидаги қўзғолон ҳақида ҳам.

«Элтуз»нинг ютуб каналида ҳар ҳафта ваъз қиламан. Баъзан 50 минг, баъзан 200 минг одам кўради.

Непотизм ҳақидаги ваъзни олиб ташлаттириш учун ўртага одам қўйиб, катта пул ҳам таклиф қилишди. Мен сўз айтаман ва расм чизаман, холос.

Шу сўз айтилмаслиги ва расм чизилмаслиги  учун ҳукумат миллион доллар сарфлаб «Элтуз»га киберҳужум қилди.

Халқнинг дардини сўзлар эканман, мени эшитаëтган минглаб қоракўз ватандошларимни кўз олдимга келтираман. Улар совуқ қотса, мен ҳам титрайман. Улар оч экан, томоғимдан луқма ўтмайди.

Халқдан бириман. Улар каби сўзлайман. Улар каби жаҳлим чиққанда сўкиниб ташлайман. Улар каби тоқатсизман. Улар каби сабрлиман. Улар каби ҳазил-ҳузул қиламан. Мен ўзимни «Дайди» фильмидаги Капур каби ҳис қиламан.

Оëғимда хитой бошмоқ,

Иштоним инглизтондан,

Бошимда рус шапкаси,

Фақат юрагим Ўзбекистондан.

Миллатга хайрли йил тилаги

Менинг азиз дўстларим, опа-сингил ва акаю укаларим. Сизлар фейсбукда 5000, Ютубда 100 минг ва яна «Элтуз» сайтида 100 минг.

Лекин сиз азизларнинг бу рақамлардан анча кўпроқ эканингизни биламан. Кириб келаëтган янги йил арафасида сизларнинг иссиқ меҳрингизни янада кучлироқ ҳис қилдим.

Барча яхши тилаклар сизга бўлсин. Осмондан тош тушса, менинг бошимга тушсин. Зинҳор сизнинг бошингизга эмас. Майли, мен хаста бўлай, аммо сиз касал бўлманг. Муҳтожлигу қашшоқлик сиздан нари турсин.

Ҳеч ким сизни камситмасин. Сиз нон олиш учун пул сарфлайсиз. Болаларингиз эса шу пулни гул олиш учун сарфласин.

Фаровонлик, иссиқлик, ëруғлик, тўқлик ва маърифат сизга бўлсин. Келаси йил сизга ва миллатга хайрли йил бўлсин.

Россия аннекцияси остида қолаëтган Қримдаги “Гунаш” мусиқий гуруҳи айтган қўшиққа жўр бўлар эканман, озодлик қандай тотли сўз эканини англайман. Яша, яша, менинг халқим, е, ич, кул, ўйна.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
29 март 2024
Maна ҳафта айланиб яна ойлар султони рамазонда сиз билан юз кўришдик. Рамазон ойида шайтонларни занжир билан боғлаб қўйишар экан. МС: Оғо, ўзбекистондаги шейтонлани бойлош учун зинжир ëсоса дунëда дамир қолмийди. Ничиксизла, мўччи ойбика ...
25 март 2021
(Муҳаммад Солиҳ аудиокитобининг давоми) Агар ҳайкалтарош узоқни кўра оладиган санъаткор бўлса, у яратган ҳайкаллар ҳам узоқ-узоқларга қараб туради. Бордию ...
10 июл 2017
6 июль куни президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат суд-ҳуқуқ тизимини кескин танқид қилиши ортидан Ўзбекистон судьялари халққа мурожаат билан чиқди. ...
27 май 2016
«Адолат кўзгуси» газетаси бугунги ўзбек мактабларидаги ачинарли ҳолатлардан бири, яъни таълим муассасаларида сохта диплом билан дарс бераётган ўқитувчилар борлигига ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...