Асосий мавзулар
25 январ 2020

РТдан ваъз: Et vogue le navire

Ҳафта ўтиб мен яна сизлар биланман, қадрли томошабинларим. Сўзимни ҳафта янгиликлари билан бошласам.

МАҲАЛЛИЙ ЯНГИЛИКЛАР

Ўтган ҳафта президент Каримовнинг еб тўймас кенжа куёви Европадаги мулкларини сотаётгани маълум бўлди. Ҳужжатга кўра, Лоланинг эри Темур Тиллаев Женевадаги ўз вилласини 30 миллион франкка пулламоқда.

Эсласангиз, узоқ йиллар Темур Тиллаев «Абу Сахий» бозорига эгалик қилган, Ўзбекистонга божсиз мол киритувчи монополист бўлган. Унинг турли схемалари боис мамлакат бюджетига юз миллионлаб долларлар тушмасдан қолган.

Эллик доллар ойликка ишлайдиган бюджет идоралари ходимлари эндиликда пулларининг бир қисми Лола Тиллаева оиласи билан яшаётган Лос-Анжелесдаги 50 миллионлик виллага сарфланганидан қувонишлари мумкин.

Уч ой руҳий шифохонада сақланган фаол Нафосат Оллошукурова шу ҳафтада мамлакатни тарк этди. Хайр энди, жиннилар, деди қўл силкиб блогер уни текин дори бериб боққан дўхтурларига.

Ўзбекистон мутлақо Россия таъсирида бўлган Евроосиё иқтисодий иттифоқига кузатувчи сифатида қўшиладиган бўлди. Ҳозирча. Экспертлар енгил нафас олгандай бўлишди. Лекин бу ҳам кўпга бормаса керак.

Каримовнинг тош даври ўз позициясини тўла сақлаб қолди. Ўтган ҳафтада вилоятларнинг барча ҳокимлари ёппасига янги беш йиллик муддатга қайта тайинланди.

Siri билан суҳбат

Совет давридаги катта шаҳарларда справкалар бюроси бўларди. Бир нарсани билмасанг, 2 тийин тўлаб сўраб олардинг. Масалан, мен Москва аэропортидаги справкалар бюросидан ўзим камбағалман, шаҳар марказига такси олмай қандай бораман, деб сўраганимда, киоск ичидаги қиз менга қайси автобусга чиқиб, метронинг биринчи бекатига чиқишимни сариқ қоғозчага ëзиб берган. 2 тийин тўлаб 30 сўмни эконом қилгандим. Ҳозир бу нарсаларни телефондаги гуглдан сўрайсиз. 

Ëки Сири деган қиздан. (Siri – бу Аппл мобил ширкатининг сўров тизими). Мен эрмак учун Сирига сиëсий саволларни бериб жавоб олдим. Дарров айтай, Сири деган робот қизнинг жавоблари ўзбек эркак депутатлариникидан ақллироқ.

Сиридан сўрадим. – Қачон Ўзбекистонда газ-свет нормал ëнади?
– Ҳеч қачон.
– Ўзбекистон президенти газ-свет яхши бўлади деди-ку?
– 15 йил депутат бўлиб, қўрқиб индамай ўтирган одам яхши бўлади деса, бунинг тескариси бўлади.
– Ўзбекистонга яхши ҳаëт қачон келажак?
– Яқин 25 йилда, ҳеч қачон…
– Нега?
– Чунки буюк келажак прораби президент креслосида ўтирибди.
– Сири, сен нега Ўзбекистон президентини севмайсан?
– Чунки у Путинни севади.
– Сири, айт-чи, Тошкент ҳокими Ортиқхўжаевни Парижга ҳоким қилса, нима бўлади?
– Сири, нега жимиб қолдинг?
– Йиғлаяпман…
– Нега?
– Парижга раҳмим келяпти…
Шундан кейин Сирига савол беришни тўхтатиб, телефонимни чўнтакка солиб, телевизорни ëқдим. 

Қўрқув салтанати қуладими?

Телевизор уч йил ичида қилинган ишлар ҳақида одамлардан сўраяпти. Битта хола гапиряпти. “Мен уч йил олдин сигиримни қўрқиб соғардим. Бугун қўрқмасдан соғяпман. Чунки сигирим ҳам ўзимга ўхшаб қариб қолди”, деди. Бу хола сенатор экан. Телевизор Сенат аъзоларини кўрсата бошлади. Ўша эски, қариб чуриган одамлар. Ëшини яшаб, ошини обдон ошаб ташаган. 

Кейин президент Мирзиëев янги сайланган депутатлари олдига чиқиб, олдинлари қўрқув салтанатида яшагани ҳақида гапирди. Демак, 3 йил олдинги қўрқув салтанатидан бизни қутқарган ҳозирги президент экан-да. Мантиқан ўйлаб кўрилса, бу гаплардан Ислом Каримов ёмон раҳбар бўлгани тушунилади. У ҳолда нега халқаро аэропортга унинг номи берилди, ҳамма жойларга унинг ҳайкаллари ўрнатилди, жамиятни қўрқувда ушлаган Иноятов эса Сенатда ўтирибди? Мантиқ қани?  

Лекин ҳамма муаммо қари сенаторларда, десак ҳам нотўғри бўлади. Алифни калтак дея олмайдиган ëшлар тўдаси балки ундан ҳам ëмон. Касалхонага битта кампир келиб, чап оëғим оғрийди, дебди. Доктор кўриб, «хола, саксонга кирибсиз, оғрийди-да», дебди. Хола бошини чайқаб, “бу гап нотўғри, ўнг оëғим ҳам саксон ëшда, у оғримаяпти-ку” дебди.
(Кулги овози эшитилади)

Яна телевизорга қарайман.
Президент гапиряпти.
“Журналистларни ҳамма ëмон кўради, лекин мен уларни яхши кўраман.”
Чўнтагимдан телефонни олиб, Siriга савол бердим.
– Президент журналистларни нега яхши кўради?
– Яхши кўрмайди. Яхши кўрса, уч йил ичида ҳеч бўлмаса битта журналистга интервью берарди. Уч йилдан буён Мирзиёев ҳаммага савол беради, аммо бирор марта бирор саволга жавоб бергани йўқ. Ғалати эмасми?  

Тўронғилдаги латталар

Siri бир робот. Нари борса, темир хотин. Ниманиям биларди. Масалан, мен учун президент антиқа ахборотлар манбаи. Масалан, кечаги чиқишида у Қашқадарё вилоятининнг олдинги ҳокими Зафар Рўзиев ирим қилиб гўристондаги тўронғилга латта боғлашини айтиб берди.

Қашқадарëга бюджетдан кўпроқ пул ажратилсин, деб оқ латта боғларкан. Қашқадарëдаги норозилар «Озодлик»ка чиқмасин деб қизил латта боғлар экан. Ният қилиб ният дарахтига латта боғлар экан олдинги ҳоким. Бундай ният дарахтларини толибонлар ва ваҳобийлар биринчи очередда чопиб ташайди. Демак, президент ҳам ўзимиз сингари салафий экан. Мошоллоҳ. Дарвоқе, ИШИДга ўзбекча биладиган раҳбар тайинланди. Мабодо, президент учрашиб қолса, тилмочга ҳожат йўқ.

Қашқадарёнинг бугунги ҳокими Зойир Мирзаев яхши ният билан фермерларни олдин сувга бўктириб, кейин кесак кўтартирарди. 

Африкадаги қанақадир там там қабиласи эмас, Ўзбекистон ҳақида гапиряпман.

Тўғриси Мирзиëевнинг алжирашини эшитиб, олдин бефарқ бўлдим. Тўғрида, бу Россия ошиғи товуқбоқарнинг қовоқ калласидаги оғиз деб аталган тешикдан қачон мантиқли бир гап чиқибдики…

Аммо сал ўтиб уялдим. Шунча одам битта одамнинг оғзига қараб қолганига.

Евроосиё иқтисодий иттифоқига кирамиз деса ҳам ҳамма урра деб чапак чалади.

Кирмаймиз, кузатувчи бўламиз деса ҳам, ҳамма уррра дейди
Урра-урра вақти ўтди деса ҳам ҳамма урра деб телпагини осмонга отади.

Биттаси чиқиб, сиз сингапурлик буюк реформатор Ли Куан Юдан ҳам кўп иш қивордингиз, деворди. Мирзиëев давримизнинг Ленини, у Трамп тоғадан ҳам зўр, деса бўлармиди.

Қанақа халқ бўлса, шунақа президент. Кўк чойнакка кўк қопқоқ, оқ чойнакка оқ қопқоқ. Аммо совуқнинг шашти тушгани ортидан депутатлар уйғониб, эски бош вазирни янги бош қилиб сайлашди.
Кўклам келса, ўртоқлар, уйғонади бутоқлар, уйғонмаса ўртоқлар, гуллаб кетар бутоқлар.

Ҳазил кўпайиб кетмадими ўртоқлар. Аслида хазилнинг таги зил. Бу гаплар йиғлаëтган одам табассумидир. Темир хотин киносидаги қўчқор ака айтганидек, “барибир йиғламайман”

Канада чегарасига етиб олиш

Мана, Мирзиëев даврида блогер Шабнам қочиб кетди. Ундан олдин журналист Малоҳат Эшонқулова ҳам қочувди.

Шабнамнинг қочгани ҳақидаги видео тагига қўйилган шарҳларни ўқиймиз.

Аброр Олимов: Манам шунака килип америкага кетворемикина, жонга тегди муттахамлар билан яшаш.

Гули Хожиева: Документ тайёр эдими? Кандай бирданига чет элга кетиб колди? Одамлар неча йил кутади?

Makbule Jumaeva: Хамма чикиб кетса, ким келаркан Ўзбекистондан

Rustem: У даврлар ўтти деган Ш.Мирзияевнинг баландпарвоз гаплари каерда колди? Ўзбекистон ўзгаргани йўк, аксинча чўкиши тезлашиб кетияпти.

Бу менинг эмас, одамларнинг гапи. Кўпчилик Ўзбекистондан чиқиб кетсам, деб орзу қилади. Ўзбеклар АҚШга кетиш учун грин кард ўйнайдиганлар сони жиҳатдан дунëда иккинчи ўринда. Нима қилиб бўлса ҳам Мирзëев бошқарган мусаппо осмонли давлатдан қочиб Канада чегарасигача етиб олиш барчанинг орзуси. Четга юбораман, деб ëлғондан фирма очиб кўринг, миллион одам келиб, очередга туради «мени юбор» деб. 

Бу таги тешилган ва мана-мана чўкаман деб турган шалоқ кема ичидаги манзарага ўхшайди.

1983 йили Федерико Феллини суратга олган «Кема сузмоқда» деган кино сюжети ана шундай эди.

Бундан 100 йил олдин жаҳон уруши бошланган кунлари чўкиб кетган кемадаги охирги кунлар ҳақида эди бу фильм.

Ўзбекистондагилар ўзларининг чўкаëтганларини билмагани каби бу фильм персонажлари ҳам оëқ остидаги фалокатни сира ўйлашмайди.

Фақат бир персонаж оғзидан чиққан гап фалокат шамойилини белгилайди.

«Мен бир пасдан кейин вулқон отиладиган тоғнинг тепасидаман», дейди у.

Ташқаридан собит кўринган тоғ ичидаги норозилик вулқони отилар экан, энг аввало, ана шу тоғ чўққисидагилар ҳалок бўлади.

Бу гап Ўзбекистонга тааллуқли.

Бугун Ўзбекистон деган тоғ чўққисида Мирзиëев оиласи ва бу оиланинг чўнтаклари бўлган йиртиқхўжаевлар ўтирибди.

Шунингдек, бу оила қилмишларига шерик бўлганлар подаси тоғ чўққисида ўрмалаб юрибди.

Тоғнинг ичида эса лава ташқарига чиқиш йўлини қидирмоқда.

Одатда лава кўзга кўринмайди. Кўп ҳолларда устамон вулқоншунослар ҳам вулқон қачон отилиши ҳақида аниқ прогноз бера олмайди.

Вулқон отилиб, ҳар ер тўс-тўрпоқ бўлганида эса шундай сокин тоғ ичидан вулқон отилади деб ўйламагандик, дейишади.

Зилзила¸ вулқон ва бошқа касофатларни иту мушуклар савқи табиий ила сезиб, бу ҳудуддан қочишга ҳаракат қилишар экан.

Боя айтганимдек, Ўзбекистондаги одамлар нима қилиб бўлса ҳам мамлакатдан чиқиб кетиш ҳаракатида.

Ўзбек эртагидаги уй ҳайвонлари золим хўжайиндан қочиб, ўтлари яшил, сувлари совуқ сусамбилга йўл олади.

Бу эртак бугунги ҳаëтимиздир.

Қизлар чет эллик эр қидиришмоқда, билагида кучи борлар Ўрусияга қараб энган. Сал пал китоб ўқигани эса Оврупою Амриқо тарафга қараб жуфтакни ростлаган. Йўлини топганлар Кореяга қараб ўкчани кўтаришган.

Одамлар ичидаги савқи табиий уларнинг идрок остига сигнал юбориб, эртанги вулқон оқибатларидан нари туришга ундаяпти.
Зотан, фалокат эшик қоқмайди. Вулқон бирдан отилади, ер тўсатдан қимирлайди¸ кема эса дарҳол чўкиб кетади.

Фақат кейинроқ маълум бўладики, тўсатдан юз берган фалокат тасодиф эмас, балки йиллар давомида йиғилиб келган сабаблар оқибатидир.

Аммо ҳали кема чўкмасдан туриб, ҳалокат сабабчиси ҳақида тараддудсиз айта оламан. Бу айбдор Ислом Каримов яратган ва унинг садоқатли шогирди Шавкат Мирзиëев парваришлаëтган режимдир.

Демократик давлатларда Мирзиëевга ўхшаганларни фалокат юз бермасидан олдин итқитиб ташлайдиган катапульталар бўлади.

Худди қисқа туташув пайтида ëнғин бўлмаслиги учун предохранитель отиб юборгани каби.

Биз бунақа катапультани ярата олмаганимиз учун чўкиб кетишга, вайрон бўлишга мубталомиз.

Сўзим охирида қўлимдаги телефонни олиб Сирига Мирзиëевнинг гапини эшиттириб бердим.

“Бизни оғир даврлар кутяпти”, деди президент.

Сирининг жавоби қисқа бўлди: “Давлат бошлиғининг вазифаси халқ оғирини енгил қилиш”.

Маладец, темир хотин. Биласан-а, биласан. Аммо оғир давр дегани нима? Ўзбекистон ўз тарихида очлик даврларини кўрган. Одамлар кунжара еб шишиб ўлган десам, ёнимдаги молбоқар, “э, Туз тоға, кунжара молга йўғ-у, сиз одамни гапирасиз дейди”.

Сиз шунга лойиқсиз

Ўзим кал, кўнглим нозик деганидек, шу ҳолига мамлакат олтин запасини тонналаб сотиб «Ҳумо» муз ареанаси қурдик. Мана «Ҳумо» деган авиакомпания ҳам очиларкан. 

«Ҳумо» деган учоқ ширкати ҳақида гап чиқиши билан эронлик дўстларим ўзбекларни плагиатликда айблади. Эронда «Ҳумо» деган учоқ ширкати бор экан. Умуман, Эроннинг любой кўчасига борсанг, саккизта «ҳумо» ресторани ва ўттизта «ҳумо» номидаги ҳаммом бор экан.

Эрон мифологияси рамзи ва ҳаëтда мавжуд бўлмаган бу қушни 1991 йили Ўзбекистон гербига тиқиштирган одам Пиримқул Қодиров эди. Фуқаро сўзини тиқиштирган зиëнлилардан бири ҳам ўша одам эди.

Ўзликдан уялади десам, бу одамнинг ўзлиги ҳам бўлмаса керак. Майли, ўлди-кетди. Аммо Ўзбекистон каби турк давлатида эрон тимсоли «нима қилади», деган савол ўлмади.

Ўзбекистон давлатининг тарихий ўтмиши сифатида кўриладиган Темур давлати тимсоли бўлган туғ кўк рангда ва учта оқ думалоқдан иборат эди. Кўк ранг тангри ва осмон мазмунини беради, фондаги оқ думалоқлар Темур ишғол қилган уч қитъа тасвири эди.
Замонавий график дизайн нуқтаи назаридан қаралса ҳам мукаммал ва ортиқча тафсилотдан холи тимсол.

Бугунги кунимиздаги ўзбек ҳарбийлари ўзига фахр деб биладиган хоразмшоҳ Жалолиддин Менкгбурни кўтарган байроқ қора рангдаги тўғри тўртбурчак матодан иборат эди.

Замонавий тилда минимализм деб аталадиган дизайн. Худди рассом Малевич чизган қора квадрат каби.

Ҳиндистонни ишғол қилган Бобур кўтарган байроқ сариқ фондаги қизил учбурчакда иборат эди. Яна ўша минимализм. Яна ўша давлат пирамидаси рамзи бўлган учбурчак.

Темур туғи ҳам, Жалолиддин ва Бобур кўтарган байроқда ҳам ҳилол тасвири бўлмаган.

552 йилдан 603 йилгача Сирдарë бўйлари, Еттисув ва Толос водийсида ҳукм сурган Кўктурк императорлиги байроғида кўк (осмон ва тангри рамзи) фонида бўри калласи акс этган эди.

Қорахонийлар санжоғида дарахт, хунлар гербида эса бургут акс этган.

Яъни тарихимизга асос бўлган ва бугунги Ўзбекистон ўзини меросхўр деб биладиган ва тарихда барлос, манғит, қўнғирот, минг ва жуз уруғларидан чиққан хонлар бошқарган давлатларнинг бир сури символлари бор.

Буларни қўйиб хаëлий ҳумони тимсол қилган давлат ривожи ҳам хаëлда қолиб кетади.

Бугун дунëга майдон ўқиëтган давлатлар туғи тимсолларига қаранг.
Америкада бургут, Германияда шунқор, Британияда арслон тасвири.

1992 йили байроқ ва герб танланган куни парламентда нутқ сўзлаган шоир Эркин Воҳидовни асосан колхоз раисларидан иборат депутатлар тушунмади.

-Биз бугун пайдо бўлган давлат эмасмиз. Байроқ ва герб чизишга эҳтиëж йўқ.

Боболаримиз давлат қуриб байроқларини нафақат ўз саройига, балки дунë пештоқига илиб қўйган. Шу байроқ ва тимсоллардан бирини олайлик. Қаранг, Грузия ҳам, Украина ҳам ўзининг эски байроғини кўтарди. Биз нега шунча қадим давлатчилигимиз бўла туриб, янги байроқ чизиб ўтирибмиз.

Боя айтганимдек, 98 фоизи коммунист бўлган сутсоғар ва тракторчилардан иборат парламент бу гапларни тушунмади.

Янги тимсол ҳам қабул қилишгани йўқ. Эрон мифологияси символи ҳумо қуши ва шиа мазҳабидаги 12 имом тамсили бўлган 12 юлдузли байроқни туғ қилиб кўтаришди, қўйишди.

Ўзга тимсол ва ëт байроқ остида ўтган 28 йил тубанлик, дарбадарлик ва қашшоқликдан иборат бўлди.

Сиз бунга лойиқсиз.

Чунки сиз тарих ва ўзликни унутдингиз. Курашиш ва ҳақ талаб қилиш нималигини ҳам билмайсиз. Нафақат қадрингизни, балки қорнингизни ҳам ўйламайдиган нотавонга айлантирилдингиз.

«Бизга эртакдаги ҳумо эмас, тухум қиладиган товуқ керак», деган одамни учратмадим.

«Малибу» деган машинани князь деб улуғлаб қўшиқ куйлаганни кўрдим.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

(қўшиқ парчаси)

Тағин ўқинг
16 апрел 2020
(Саволларга жавоблар) «Соф санъат» ҳақидаги «Фикрларнинг шиддатли умри» эссе-туркумини ёзиб битирганимда, ёзганларимга муносабат билдирилган бир қанча хат олдим. Жавобга ...
18 октябр 2022
Ўзбекистон «Эрк» Демократик партияси лидери билан билан қилинган суҳбат 2018 йил ёзилиб, баъзи сабабларга кўра эълон қилинмаган эди. Элтуз ...
9 май 2019
Британияда яшаётган мустақил журналист Шоҳида Ёқуб Бирма (Мьянма)даги роҳинжа мусулмонларига қарши зўровонликлар ҳақидаги «Exiled» («Ҳайдалганлар» ёки «Исталмаганлар») дея номланган ...
25 феврал 2020
Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида жойлашган “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамияти билан хусусий фирмалар орқали шартнома имзолаган Абдусаттор Шукуров, Санобар Ёқубова ва ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...