Мулозимлар даромад декларацияси тақдим қиладими?
3 йил олдин беш-олти карчалон-у, ва катта эҳтимол билан, ташқи сиёсий кучлар иштирокида ўзини ўзи президент қилиб сайлаб олган Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномаси январь ойининг энг шов-шувли воқеаси бўлди.
Президент ўз мурожаатида Ўзбекистонда барча соҳаларни аллақачон забт этган коррупцияни бартараф қилиш кераклигига алоҳида тўхталди. Яқин кунлар ичида амалдорларнинг даромадлари декларация қилинишига урғу берди.
“Амалдорларнинг бир йиллик ойлигидан нима қилиш мумкин, нечта костюм олиши мумкин, оиласининг топгани билан нима қила олади, Президентнинг ойлиги билан нима қилиш мумкин, бошқа катталарнинг ойлиги билан нима қилиш мумкин – ҳаммасини ёзиб борамиз. Биз бунга жуда катта тайёргарлик кўряпмиз”, – деди давлат раҳбари.
Президент «оташин” нутқини давом эттираркан, агар амалдорнинг мол-мулки унинг даромадига номувофиқ бўлса, у ҳолда буни изоҳлаб беришига тўғри келишини таъкидлади.
“Буларни қаердан олдингиз, деб сўралади. Амалдор ёзиб беради. Йўқса, тўнингни ташла-да, халқнинг ичида раҳбар бўлишга ҳаққинг йўқ. Қонун олдида жавоб беради”, деди у мағрурона.
Рости, президентнинг бу сўзлари ҳали ҳам соддароқ ва ишонувчанроқ бўлган халқни одатдагидек жўшқинлаштириб юборди.
Бироқ бундай баландпарвоз гап-сўзларни эшитавериб дийдалари қотиб кетган, давлат раҳбарининг сўзларига ишонмай қўйган халқнинг ҳафсаласини пир қилди.
Кўпчилик ҳатто президентнинг ушбу гаплари ҳамма амалдорларга бирдай татбиқ этилишига ишонмади.
Президент айтаётган мулозимнинг харажат ва даромадини текширувчи коррупция агентлиги ташкил топгунга қадар шу кунгача «ҳалоллик вакцинаси» етишмаётган амалдорлар ҳалоллар сафига ўтиб олишлари, ҳатто кам даромад топувчи шахслар тоифасига мансуб бўлиб чиқишлари ҳам мумкинлигини башорат қилишди.
Шавкат Мирзиёевнинг давлат идораларининг шаффоф ишлаши учун замин яратишга, амалдорларнинг даромадлари бўйича ҳисобот беришини қонунийлаштиришга уриниши албатта таҳсинга лойиқ.
Бироқ Мирзиённинг бу ишларни амалга ошириши даргумон. Чунки, ўзи айтганидек, коррупционерларнинг ҳаммаси шундоқ ёнгинасида.
Янги ташкил этилажак агентлик, бордию Мирзиёевнинг атрофидаги коррупционерларга кўз юмиб, бошқаларни жазолашга ўтса, бу ишлар ҳеч қандай ижобий натижа бермаслиги аниқ.
Ахир жойида қолган калланинг бўйнидаги бўйинбоғини ечиб ташлаш орқали бирор ўзгаришга эришиб бўладими?
Шавкат Мирзиёев амалдорлардан декларация талаб қилишни ҳеч бўлмаса жияни Аббос Мирзиёевдан бошласа, халқ президентнинг шижоатига озгина бўлса ҳам ишонармиди?!
Eltuz.com мухбири