Асосий мавзулар
22 май 2020

РТдан ваъз: Сўфитўрғай президентдан қандай ўч олди?

Рамазоннинг бешинчи жумасида сиз билан гурунглашиш насиб этганидан ичимга сиғмай севиниб ўтирибман. Бормисиз, оғам, иним, синглим, опам, онам. Сиз борсизки, мен борман. Сиз тараф узатган қўлим истиқболига минглаб қўллар салом ва олқиш учун узалаëтганини кўриб турибман. Сафларимиз кенгаймоқда. Қўлларни қўлларга берайлик, эллардан элларга юрайлик. Бугун сизлар билан заҳар ҳақида эмас, шакар ҳақида гаплашамиз.  

Хабарлар

Гўрков, таксичи ва қассоб каби 60 дан зиёд касб эгаси даромад солиғидан озод қилинди.

+++

Россия-Қозоғистон чегарасидан бир кунда 1200 киши қозоқ тарафга ўтди. Қозоқ ҳукумати бир марталик транзит йўлаги ташкил қилиб берди. Ўзбеклар бу транзит йўлаги орқали Ўзбекистонга келиб, бола-чақасига қовушди. Аммо чегарада яна юзлаб ўзбек кўзлари нигорон бўлиб турибди.

+++

Ким олади-я, шугинани? “Версал” тўйхонаси сотувга қўйилди. Ичига совитгич ўрнатиб, гўшт сақласа ҳам бўлади. Ўликлар учун морг қилса, зўр бизнес, аммо, лекин.

+++

“Артель” деган заводнинг ўтмай қолган дазмолларини сардобаликларга аталган пулдан тўлаб, сардобаликларга беришди. Любая бизнес хараша.

+++

Сардоба ўпирилиши бўйича 170 дан зиёд шахс сўроқ қилинди. Улар орасида Сангинов ва ўғиллари борми?

+++

Эрон Ислом инқилоби посбонлари чигирткага қарши муқаддас урушга сафарбар қилинди. Чигирткалар 200 минг гектар ердаги экинни еб ташлабди.

Шерзод Кудбиевга вазирлик портфелига қўшиб 3-даражали давлат солиқ хизмати маслаҳатчиси унвони берилди. Бу генерал-майор дегани.

Ким у киндерсюрпиз? Уни ким бизга ато қилди?

Биринчидан, у Шавкат Мирзиëевнинг хотини Зироат келинойининг жияни.

Иккинчидан, у 2016 йилдан то 2018 йилнинг апрелигача Мирзо Улуғбек тумани ҳокими бўлганида оддий одамларнинг уйини фоҳишахона деган баҳонада мусодара қилиб сотиш схемасида қатнашган.

Демак, 35 ëшигача бир болтага соп бўла олмай юриб, Мирзиëев келгач, пилиги кўтарилган бу амалдорчани Зироат келинойи ювиб-тараб бош вазир лавозимига қўймоқчи эмиш.

Ўзбекистонда кадрлар сиëсати кўрпанинг тагида ҳал қилинаётгани ва жиддият йўқлигидан афсусдаман. Ўзбекистон бошқаруви қоп-қоронғу хоналигича қолмоқда. Қоронғу хонада қора мушукни топиш қийин.

Мирзиëевнинг энг заиф тарафи – НЕПОТИЗМ ва паканалик комплекси. Юлий Цезарь айтганидек, ҳукмдорни бир силтаб биринчи ўриндан иккинчи ўринга тушириш мумкин. Кейин эса уни осонгина энг сўнгги ўринга тушириб қўясиз. Чўлда кетаëтган карвон бирдан тескари айланса, биринчи туя охирги туяга айланади.

Хитой Африкадаги қолоқ давлатларнинг мулозимларини пора билан сотиб олиб, ўша ерларда хоҳлаган бўқини еб ëтибди. Расмий Пекин назарида энг порага ўч, ҳатто ота-онасини пора учун гўштга топширишга тайëр мулозимлар Ўзбекистондадир.

Биринчидан, ўзбекнинг сотқин мулозими откат эвазига ўзбек газини  Хитойга сотган.

Иккинчидан, Мирзиëев Хитойнинг Эксимбанкидан пул олиб, Сардобани қурдирган.

Одамлар, мен сизларга айтай, Хитой ўрисдан ҳам ëмон. Бу яъжуж-маъжуж берган чойчақага давлатни сотиб ташлаëтган мулозимларни эшакка терс миндириб шаҳар айлантириш керак.

Шу ерда қўшиқ кетиши керак эди. Ўзим куйлаб қўя қоламан. Агар қўшиқ қўйсам, ютуб жарима қилади. Аммасига, холасига, ҳаммасига…

Шакар ҳақидаги гапимиз

19-асрда яшаган француз файласуфи Тристан Бернар “Агар мен қирол бўлганимда, тузга ишонмаган бўлардим”, деб ëзган эди. Менимча, тузга ишониш жоиз. Хоссатан, Рассом Тузга.

Устоз Рауф Парфи ëзганидек, “ўзимизга ишонмасак, сўзимизга ишонмасак, кўзимизга ишонмасак”, ҳеч бўлмаса, Рассом Тузга ишонайлик.

Шакар ҳақида гапираман, деб ваъда бергандим. Коронавирус боис, Ўзбекистонга тайëр шакар келтириш йил охиригача солиқдан озод қилинди. Ташқаридан вагон-вагон, “Камаз-Камаз” шакар олиб келиб ташлашди президент пилигини кўтарган тужжорлар. Мана сенга олам-олам шакар, қучоғингга сиққанича ол.

Аммо Ўзбекистондаги икки шакар заводи чиқарган маҳсулот ўтмай қолди.  Яқинда бир одам Хоразмга борди. “Хоразмда тоғлар йўқ эди дейишарди, бу нима”, деди меҳмон осмонўпар тоғларни кўриб.

Бу тоғлар Ҳазорасп заводи чиқарган шакар билан тўла қоплардан юксалган эди. НАСА космик кемаси фазодан туширган расмда ҳам кўринади. Ангренда ҳам шундай тоғ пайдо бўлибди. Бу Ангрен шакар заводиники.

Ватанпарвар сифатида ëқа йиртиб, дод солсам ярашади. Ватанимда ишлаб чиқарилган шакарни эмас, балки аллақайси зоти номаълум жойдан келган шакарни чойга солдим, дея. Мен йиғламай, ким йиғласун?

Аммо. Шу “аммо” деган сўзни яхши кўраман. Аммо биз шакар завод деганимиз аслида Каримовдан қолган бир ëлғон экан. Лотин Америкасида ишлаб чиқилиб, кема ва поездларда 95 фоиз тайëр шакар маҳсулоти келаркан. Уни заводдагилар биннарса қилиб, оқлаб-қоплаб сотишаркан.

Завод ундай бўлмайди. Масалан, Олтиариққа лавлаги экасиз ва бу лавлагини Бешариқда шакар қилиб чиқарасиз. Лавлаги ерни дабдала қилди, деб экмай қўйишди. Илло, ўзимизнинг шакаримиз бўлсин, деган даъво билан бу завод ушлаб турилибди. Ундан кўра, Украинадан шакар олиб келсак, арзон тушади. Лотин Америкасидаги лавлагини шакар қилиб, еб ўтирибмиз.

“Бу гапларни айтган тилингга шакар”, деб қўйсангиз, камтарликдан қутулардим. Тил дегани ë шакар, ë заҳар бўлади. Мария Захарова деган заҳартил ўрис жувон бизнинг тил томорқасига кесак отибди. Бу гапларни айтган заҳар тилингни ҳакка чўқисин.

Валерия Новодворская деган марҳума сиëсатчининг мана бу гапи қанчалик ибратли:

“Рус тили энди маданий восита сифатида хизмат қилмай қўйди. Бугунги кунда у собиқ мустамлакаларимизнинг ўз тарихига бўлган садоқатини ва европача қадриятларга интилишини йўққа чиқариш мақсадида қўлланиладиган ҳарбий-сиёсий жиҳатдан зарба бериш қуролига айланган”.

Шу ўринда бир саҳнани тасаввур қилиб кўрсак.

У “ўзбек тилини ҳеч ким ўрганмай қўйди”, деб дод солинган навбатдаги патриотик постни ëзиб тармоққа қўйди. Кейин ГорОНОдаги танишига телефон қилиб, “Кичик ўғлимни рус мактабга жойлаб беринг”, деб илтимос қилди. Унинг катта қизи ва ўғли рус мактабда ўқишар, ўзбекчада фақат жалап деб сўкишни билишади, холос.

У ким? У мен! У сен! У У!

Рассом Тузга мактуб  

Бир пайтлар одамлар Ленинга хат ëзишган нажот сўраб. Ҳозир баъзан менга ҳам ëзишади. Мана битта мактуб:

“Раматовдан сўраб кўрмийсизми, Рассом Туз, нимага қизлари Москвада яшийди, бизнесиниям ўшатта қилишади, Ўзбекистондан ўғирлаган пулларини Россияда ишлатади?”

Жавоби ҳам тайëр. Очил ëшуллидан савол сўрайдиганлар шу кунларда жуда кўп.

Sardor Rakhmatov ëзибди:  “Rassom Tuz, нега Ўзбекистонда, айниқса, ўзбекларга камтарлик қилсез, мақтанчоқлик билан жавоб қайтаради? Яхшилик қилсез, ёмонлик билан жавоб қайтаради? Нега бунчалик бузилиб кетишган?”

Энди, Сардорбек, бунинг илдизи узоқ. Совет давридан мерос қолган тушунча бор. “Халқнинг ичидаги камбағал одам яхши”, деган гап. Бу ëлғон гап. Қашшоқнинг камида тўртта қусури бор.

1. Паразитлик (ишламасдан бировнинг ҳисобидан яшаш).

2. Лаганбардорлик (микрофон тутсанг, президентнинг қизи ва куëвларига ялтоқлик қилади).

3. Майда ўғирлик (отвёрткангни бериб тур, дейди ва қайтариб бермайди).

4. Ичиқоралик (сал бойиган одамнинг уйига ўт қўйсам, унинг қашшоқ бўлганини кўрсам, деб орзу қилади).

Айтмоқчи бўлган гапим – Ўзбекистонда “энг кичик заррадан юпитерга қадар” касалга чалинган. Бу радиация пайтида барча нурланганига ўхшаш ҳолат.

Яна савол беришди: Каримов даврида биттаси “Юртбошим учун қурбон бўламан”, деб хониш қилувди. Бугун биттаси “Юртбошимни яхши кўраман”, деб ингради. Нега шундай?

Жавобни қисқа қилдик. Ука, эшак ҳангради, ит вовиллади, сичқон чийиллади, демаймиз-ку? Маддоҳлик – бу тўданинг табиий хусусияти.

Мана, қаранг, узуноëқ соҳибжамоллар подиум устида юргандай, Мирзиëев Сардобага борганида устидан юрсин, деб супа қилиб беришибди. Маддоҳлик бўлса, шунчалик бўлар.

Мана бу мактубни элчи “Алишер Аъзамхўжаевнинг мусибат бизнеси”, деб сарлавҳалашибди?

Аъзамхўжаевнинг мусибат бизнеси

“Короче, 240 киши Истанбулдан Тошкентга чартер рейсда қайтди. Ҳомиладор ва қари-қартанг қайтди, деб кариллашди. Лекин элчи Алишер Аъзамхўжаев ўзининг турк шериклари ва танишларини самолётга тиқиб юборган.

240 кишидан ярмига яқини турк бизнесменлари ва мутахассислари бўлган”.

Бу гапни билгичлар айтди:

“Элчи соққа қилган… Ўзбекистон фуқаролари ўлаётган бир пайтда элчи соққа қиляпти”.

Элчига фақат Ўзбекистон фуқароларини қайтаришимиз керак, дейишса, нихуя, шу одамлар боради, деб турк танишларини тиқиштирган.

Туркияда қолиб кетган, билет олган 4,5 мингта ўзбекистонлик бор.

Туркиядан Ўзбекистонга қайта олмаётганлар эса 10 мингдан зиёд.

Ўликдан ҳам бир чимдим гўшт юлиб, шўрвасига соладиган одам, албатта, ўзбек амалдори.

Бу амалдор бола-чақаси, амма-холаси билан қўшилиб, коронавирусга чалинса, Туркиядаги ўзбекларнинг раҳми келмаса керак.

Коронавирус бир лакмус қоғози каби кўп нарсани ошкор қилди.

Миллион-миллион саргардон ўзбеклар. Минг сўм топса, 950 сўмини юбориб ўтиришди Ўзбекистонга. Ўзлари резина квартирада биргина койка устида яшашди. Ўзбекистондагилар паразит бўлиб улар ҳисобидан дабдабали тўй қилди, умрага борди. Гастарбайтерлар эса лоақал икки ойга етадиган пулни орқасига ташлаб қўймабди. Ўша ўриснинг юртида уй-жой қуриб, томир отиш керак эди. Ўзбекистонга қарғиш теккан. Буюк келажаги ҳар сафар янги раҳбарнинг кўти тахтга тегиши билан 30  йил нарига жилади.

Сувга оқиб кетиши мумкин бўлган билимдан не фойда?

Ўзимга ўзим савол бераман. Швеция қироли фалончига Нобель мукофоти бер, деб амр қила оладими?

Ëки АҚШ президенти киноакадемияга телефон қилиб, пистиëнчига Оскар бер, деб айта оладими?

Германия канцлери Меркель Фанлар академияси раҳбарини ëнига чақириб, мана шу олимга докторлик унвони бер, дея оладими?

Йўқ, албатта. Агар шундай бўлса, осмон узилиб ерга тушган бўларди.

Италияда диктатор бўлган Муссолинининг ҳам журъати етмаган бунга.

Масалан, битта олим бориб: “Муссолини тоға, докторлик ишимни эчки еб қўйди, шу палакатни ҳисобга олиб илмий унвон беринг” деса, Муссолини бу бетамиз олимга “қайта ëз!” дерди.

Аммо Ўзбекистон президенти илмий ёзмалари тошқинда яроқсиз ҳолга келган сирдарёлик хотинга докторлик даражаси бер, деб Фанлар академиясига буюрди.

Фанлар академиясидаги қуллар эса ўз хўжайини амрини шессекундда бажо келтирди. Бонусига профессор деган унвонни ҳам қўшиб беришса керак.

21-асрда ўзбек олимининг ғоз пати ëки қамиш қалам билан илмий иш ëзишининг ўзи мўъжиза.

Мен билган Ғарб олимлари ўз илмий ишини компьютерда ëзади. Компьютерни қўчқор сузса, қўтос эзғиласа ëки ҳожатхонага тушиб кетса, файллар булутларда сақланади.

Ривоят. Бир куни бир олим 20 йил ўқиб, ўз китобларини эшакка юклаб юртига қайтибди. Йўлда унинг хуржунини қароқчи олиб қўйибди.

Олим бўлса, “Эй қароқчи, китобни қайтар. У китоб менинг 20 йиллик билимим тўпламидир”, дебди.

Шунда талончи олимга қараб, “Ҳар қандай қароқчи шессекундда олиб қўйиши мумкин бўлган билимнинг нима фойдаси бор?” деди. Қиссадан ҳисса: тошқинда оқиб кетиши мумкин бўлган билимдан не фойда?

Баъзан менга қараб, сенинг танқидларингдан не фойда, ўғрилар фейсбук ўқимайди, дейишади. Аммо ўқишаркан. Кеча битта ўғри чиқди менга. “Инсофли ўғриман, президентнинг куëвлари билан солиштирсангиз, фариштаман”, деди. Эҳ, ўғригина бола. Сен тушунган нарсани эл тушунмайди.

Туркистонннинг сўнгги 200 йиллик яқин тарихи мағлубият, енгилиш ва хорликдан иборат. Амалдор бўлиб иқтидорга келган ҳар қандай махлуқдан қўрқдик. Унинг қўлида куч бор, тахтда ўтирибди, дея андиша қилдик. Қўлимиздан нима ҳам келарди, деб бўйин эгдик. Аммо кучсизларнинг ҳам кучи бор. Мана бу  эртак шу ҳақда.

Сўфитўрғай филни қандай енгди?

Ўрмонда филни призидент қилиб сайлашибди. Сайланаëтган пайтда фил: “Барча ҳайвонлар менинг ҳимоям остида”, деб қасам ичди. Шу ўрмонда бошқа махлуқлар қаторида сўфитўрғай ҳам бор эди. Сўфитўрғай ўрмондаги йўл четида ин қуриб, тухум босди. Бу йўлдан ҳайвонлар сув ичгани дарë тарафга қараб ўтар эди. Суч ичгани дарëга бораëтган фил сўфитўрғай инидаги тухумларни баҳайбат оëғи билан янчиб ўтиб кетди. Сўфитўрғай келиб кўриб, фиғони фалакни тутди. Сўфитўрғай филнинг олдига учиб бориб, “Эй фил, нега инимни пайҳон қилдинг? Сен ахир ваъда бергандинг-ку, барчанг паноҳим остида, деб!”

Фил бўлса пинагини ҳам бузмай, “Сен каби майда махлуқлар менинг оëғим тагида эзилишга маҳкумсиз. Чунки мен катта, сен кичиксан”, дебди.

Сўфитўрғай бўлса тишини тишига босиб, филнинг олдидан чиқиб кетди. Бориб қушларга дардини айтди. Қушлар қанотини қоқиб, “Биз заиф қушчалар бўлсак, бу йиртқичларга қандай бас келамиз”, деб гўнг титишда давом этишди.

Кейин зағизғон ва қарғаларга дардини достон қилди. Зағизғон ва қарғалар сўфитўрғайга қўшилиб бориб, филнинг кўзини чўқиб кўр қилишди.

Кўр бўлиб қолган фил сув ичиш учун дарë йўлини топа олмай, хартуми билан атрофни пайпаслай бошлади. Чанқоқдан қийналган фил сув қидирар эди. Фил сандирақлаб юрган жойда чуқур сувсиз хандақ бор эди.

Сўфитўрғай қурбақалардан хандақ ичида ваққиллаб сайрашни илтимос қилди. Қурбақалар хандақ ичига сакраб тушиб, вақиллашни бошлашди. Кўр бўлиб қолган фил қурбақалар овози эшитилган тарафга қараб юрди. У қурбақалар сув ичида сайрайди, деб ўйлади. Сув ичаман деб бошини эгган фил чуқур хандаққа ағдарилиб кетди. Оëғи осмондан келган фил хандақ ичидан чиқолмай, ўлимга маҳкум бўлди. Сўфиттўрғай бўлса ўлаëтган фил устида чарх уриб учиб, хурсандликдан сайрарди:

“Эй золим, кўрдингми? Сен ўз ҳокимиятингдан маст эдинг. Мени заиф деб камситдинг. Инимни пайҳон қилдинг. Менинг кичик жуссамдаги ақл сен каби улкан махлуқни маҳв этди”.

“Калила ва Димна” китобидан ўқидик бу эртакни.

Мана бу мисрани эса шоира Гулшода ëзибди:

КЎЗЛАРИНГНИ ЯШИРМА –  ТЎРҒАЙ!

КЎЗ ЁШЛАРИНГ КЎЗИМИЗНИ ЎЙГАЙ…

Эртак кўр бўлган ҳукмдор фил ҳақида эди. Бухоронинг сўнгги амири Олимхоннинг ҳам жанг филлари бор эди. Аммо бу филлар Олимхонни мағлубиятдан сақлаб қола олмади. Золим ва жоҳил хон мамлакатдан қочиб кетди. Умрининг охирида кўзлари кўр бўлди Олимхоннинг.

Ўлимидан олдин Олимхон: “Мени Амударëга олиб боринг, юртим шамолидан сўнг бор баҳраманд бўлай”, деб ўтинган. Шоир Омон Матжон бу ҳақида мушоҳада юритиб мана бу сатрларни ëзган эди:

Халқим! Тилсиз бардош ҳам умид билан

Кимники кўтарсанг тахти аълога,

Ҳали кўзлари кўр бўлмасдан бурун

Тавофга олиб бор Амударёга!

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
17 июл 2018
Андижон шаҳри ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг нафақат қонунчиликни, балки энг юқори даражада берилган буйруқларни ҳам назар-писанд қилмаётгани ҳақида кўп ва ...
21 ноябр 2021
Сиëсатчи бўлиш¸ сиëсатга кириш бугунги Ўзбекистонда бошни кундага қўйиш билан баробар. Бу ҳақда Жаҳонгирга ëзувдим сал олдин. «Сенга гул ...
30 сентябр 2020
БМТ Хавфсизлик кенгаши Нью-Йоркда фавқулодда йиғин ўтказиб, Тоғли Қорабоғ низосини муҳокама қилди. Хавфсизлик кенгаши Арманистон ва Озарбайжонни «зудлик билан ...
20 июл 2016
Одатдагидек, бу ишга, яъни ғўза ниҳолларини чеканка қилиш ишларига ҳам бюджет ташкилотлари ходимлари – боғча опалар, ўқитувчилар, шифокор ва ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...