Тушкун ҳолатдан ислоҳот сари одимлаган мамлакат: Ўзбекистон пахта далаларида мажбурий меҳнатдан воз кечмоқда
Европадаги энг нуфузли газеталардан бири, Цюрихда чоп этиладиган Neue Zürcher Zeitung ўтган ҳафтада ўзбек пахтаси, мажбурий меҳнат ва Ўзбекистон ҳукуматини пахта секторини ислоҳ қилишга ундаган ҳуқуқ ҳимоячилари ҳақида мақола эълон қилди.
“Элтуз” ушбу мақоланинг таржимасини тақдим этади.
Дунёда деярли номи чиқмаган Ўзбекистон кичик бир инқилобни бошидан кечиряпти. Пахтачилик секторида илгари кенг қўлланилган мажбурий меҳнат амалиётига барҳам берилмоқда. Савол туғилади: Марказий Осиёнинг ушбу мамлакатига нисбатан жорий қилинган тўқимачилик маҳсулотлари бойкоти бекор қилиниши мумкинми?
Қачонлардан буён ўзбекистонлик миллионлаб эркагу аёллар ҳар йили кузда автобусда пахта йиғим-теримига сафарбар қилинар эди. Улар далада эрталабдан кечгача жазирама иссиқда “оқ олтин”ни арзимаган иш ҳақи эвазига, яна қатъий назорат остида териб олишга мажбур эдилар. Ҳатто болалар ҳам ушбу мажбурий тизимга жалб қилиниб, гарчи даладаги иш мобайнида у ердаги пестицидлар соғлиққа хавф туғдирса-да, улар ўзларининг “ватанпарварлик бурчларини” адо этишлари шарт эди.
Бу амалиёт Совет Иттифоқи даврида коммунистик давлатни режалаштирувчилар Ўрта Осиёдаги ушбу республикани энг муҳим пахта етказиб берувчи ролига тайинлаган пайтдан бошланган. Аммо 1991 йилдаги мустақилликдан сўнг ҳам эски тизим худди аввалгидек давом этди. Дастлаб пахта Ўзбекистон экспортининг 90 фоизини ташкил этар эди. Президент Ислом Каримов узоқ йиллар давомида амалга оширган иқтисодий сиёсат ҳар бир вилоят ушбу хориж валютаси манбаига ҳисса қўшишини таъминлаб келди. Авторитар тузум пахта терувчилар етишмаслиги сабабли давлатга қарашли корхоналар, ҳатто мактаб ва шифохоналар ходимларини мажбуран теримга жалб қилди. Чет элда бунга қарши кўп йиллар давомида ўтказилган норозилик чиқишлари узоқ вақт бефойда бўлиб келди.
Ўтмишдан йироқлашув
2016 йилда Каримов вафот этгунига қадар соҳада бурилиш юз бермади. Таажжубки, янги президент Шавкат Мирзиёев Каримов режими мероси бўлган айрим муаммоларни, жумладан, мажбурий меҳнатни босқичма-босқич тугата бошлади. Ажабланишнинг сабаби шундаки, Мирзиёев Каримовнинг йигирма йиллик садоқатли амалдори бўлиб, аввалига вилоят ҳокими, сўнгра ҳукумат раҳбари лавозимларида ишлаб келди. Бу йил Мирзиёев иккита тарихий ҳужжатга имзо чекди. Биринчиси, январь ойида ислоҳот ўтказди. Унга кўра, маҳаллий амалдорлар ва компания раҳбарлари пахта теримида ишчиларни мажбурий ёллагани учун жиноий жавобгарликка тортилади, қонунбузарлар уч йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
Иккинчиси, март ойида у Совет Иттифоқи давридан бери пахта етиштириш учун анъанавий давом этаётган ҳар йилги давлат буюртмаси ва давлат харидлари тизимини бекор қилди. Эндиликда фермерлар экин экиш, ҳосилни қандай йиғиш ва пахтани кимга сотиш тўғрисида кўпроқ эркинликка эга бўлишлари керак.
“Бу жуда катта ютуқ”, дейди Беннетт Фриман. Фриман АҚШнинг собиқ дипломати бўлиб, ҳозир пахта соҳасида болалар ва мажбурий меҳнатни тугатиш бўйича иш олиб бораётган нодавлат гуруҳларни тамсил этувчи Cotton Campaign раҳбаридир. Бироқ, Фриманнинг таъкидлашича, давлат раҳбаридан ташқари вилоят ҳокимлари мажбуриятлари ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Мирзиёевнинг буйруқлари ижроси ҳозирча тўлиқ адо этилмай қолмоқда.
Лекин қисқа вақт ичида Ўзбекистон босиб ўтган йўлни рақамлар билан ифодалаш мумкин. Февраль ойида эълон қилинган ҳисоботида Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Ўзбекистондаги болалар меҳнати энди катта хавотирга сабаб бўлмаётгани ва талабалар, ўқитувчилар, шифокорлар ва ҳамшираларни тизимли равишда теримга жалб қилиш тўхтатилганини таъкидлади. ХМТ ҳисоб-китоби 7000 та жойда ўтказилган сўров натижалари ёрдамчиларнинг атиги 6 фоизи ўтган йилнинг кузги теримида мажбуран иштирок этганини кўрсатган. Тўрт йил олдин бу улуш 14 фоиз эди. Худди шу даврда бир килограмм пахта учун ҳақ тўртдан етти бараваргача оширилди. Ушбу ўсиш эксплуатация амалиёти орқага чекинаётгани ва иштирок этганлар эндиликда ҳақиқий компенсация олаётганидан далолатдир.
Босим иш бермоқда
Бу халқаро бойкот ҳаракати учун ажойиб муваффақиятдир. Асосан, унинг тазйиқи туфайли Тошкентдаги раҳбарият пахта соҳасини чуқур ислоҳ қилишга киришди. Cotton Campaign 2011 йилда бойкот чақириғини эълон қилганида Ўзбекистон умидсиз ҳолатдаги, ҳеч бир диссидентга тоқат қилмайдиган, узоқ муддат бошқараётган ўжар ҳукмдор бошчилигидаги ва коррупцияга ботган полиция давлатидек кўринган эди. Агар мамлакат халқаро миқёсдаги муҳим хабарларда кўриниб қолса ҳам, эҳтимол, бу Президентнинг шафқатсиз ва очкўз қизи Гулнора Каримова билан боғлиқ эди. Унинг Швейцариядаги ҳисоб рақамидаги 800 миллиондан ортиқ швейцария франки 2012 йилда пул ювишда айблангани сабабли музлатиб қўйилганди.
Илк бор 2013 йилда умид учқунлари порлади. Ўзбекистон пахта йиғим-терими даврида биринчи марта Халқаро меҳнат ташкилоти кузатувчилари миссиясига рухсат берди. Мамлакат ҳануз мажбурий меҳнат муаммосини рад этиб келар, буни бошқа усуллар билан исботлаши мумкин бўлган маҳаллий фаолларни таъқиб қиларди. Аммо халқаро босим остида Каримов ҳаётлиги пайтидаёқ болалар меҳнатидан фойдаланишга барҳам берилди. Унинг вориси бошчилигидаги катта ёшлиларни тизимли равишда мажбурий меҳнатга сафарбар қилиш сиёсати энди тугатилди.
Бу эса халқаро бойкотнинг келажаги ҳақида савол туғдиради. Бу тадбирга тўқимачилик саноати ишлаб чиқарувчилари, мода брендлари ва дўконлар тармоқларининг 305 вакили қўшилди, улар орасида Walmart, Costco, H&M ва Ikea сингари таниқли номлар бор. Улар токи Тошкентдагилар пахта соҳасида мажбурий меҳнатни бекор қилмагунича, ўзбек пахтасини ўзарининг тўқимачилик маҳсулотларига аралаштирмасликка ваъда беришди.
Бу мақсадга ҳали-ҳануз эришилгани йўқ. Охирги йиғим-теримда Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан ҳисобланган мажбурий равишда ёлланган 102 000 нафар ёрдамчининг тахминий сони ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. Аммо ХМТ маълумотларига кўра, бу баъзан маҳаллий миқёсда барҳам бериш қийин бўлган эски анъаналарнинг қолдиғидир. Ҳаттоки бойкот фронти вакиллари ҳам давлат раҳбарининг ўзи бундай амалиётни йўқ қилиш истагида эканини тасдиқлайдилар.
Олдинда қайси йўл турибди?
Айни пайтда Тошкентда бетоқатлик кучаймоқда. Режим ўз ислоҳотлари самарасини кўришни хоҳламоқда. Ўзбекистон пахта етиштириш бўйича Ҳиндистон, Хитой, АҚШ, Бразилия ва Покистондан кейин олтинчи ўринда туради. Бойкот қилинмаса, бу ўтган йилги экспорт даромадидан 1,6 миллиард доллар кўпроқ фойда келтириши мумкин.
Ғарб компанияларининг тақиқлари шуни англатадики, Ўзбекистон ўз пахта маҳсулотларини бошқа давлатларга нисбатан арзон нархларда сотиши керак. Учдан икки қисми Россия ва Хитойга кетади.
Апрель ўрталарида Ўзбекистон меҳнат вазири Нозим Ҳусанов қилинган хатти-ҳаракатларни қадрлаш ва санкцияни бекор қилиш илтимоси билан бойкот каолициясига очиқ хат йўллади. Вазир буни ислоҳотларни янада жадаллаштириш воситаси ва коронавирус инқирозида шошилинч равишда зарур бўлган бирдамлик ҳаракати сифатида тақдим этди.
Ўзбекистон жамияти чет элдаги ўзбек ишчиларининг пул ўтказмаларига қаттиқ таяниб қолган. Расмий маълумотларга кўра, инқироз туфайли 140 000 та ўзбек аллақачон уйларига ҳеч қандай даромадсиз қайтган.
Шунга қарамай, Cotton Campaign бойкотни муддатидан олдин тугатиш ва ишчилар ҳуқуқларига риоя қилиш учун қўшимча кафолатлар зарурлигини аниқ кўрсатди. Германияда қувғинда бўлган ҳуқуқ ҳимоячиси Умида Ниёзова ўзбек пахтачилигидаги мажбурий ишчилар сони Халқаро меҳнат ташкилоти ҳисоб-китобларидагидан камида икки баравар кўплигини тахмин қилмоқда. Ниёзова бойкот альянси аъзоларидан бири бўлган Uzbek Forum for Human Rights ташкилоти раҳбаридир. Унинг сўзларига кўра, жойларда ташкилотнинг кўплаб хабар етказувчилари бўлиб, улар мажбурий меҳнат масаласида мустақил суриштирувлар олиб боришади.
Шунингдек, Ниёзова муҳим ютуқларни санаб, жумладан, сиёсий маҳбусларнинг озод қилиниши ва пахта йиғим-теримидаги вазиятни ўрганиш пайтида фаоллар энди ҳибсга олинишдан қўрқмасликларини тан олади. Аммо Каримов даврида вақтинча қамоқда ўтирган собиқ журналистнинг айтишича, ўзбек фермерлари ҳанузгача давлатга бутунлай қарам. Унинг фикрича, расмий равишда бекор қилинган давлат режалаштириши шунчаки қуйи даражаларга ўтиш хавфи мавжуд бўлиб, ишлаб чиқариш талабларига жавоб берадиган муайян босим турғунлигича қолаверади. “Тизимни тубдан ўзгартириш керак”, дея таъкидлайди у.
Сиёсий ислоҳотлар ортда қоляпти
Cotton Campaign ҳаммуассиси Фриман яна бир камчиликни алоҳида эслатиб ўтади. Унинг альянси бойкотни бекор қилиш учун зарур шарт сифатида ўзбек фуқаролик жамиятини кучайтиришни сўрамоқда. Фаолларга ўз ташкилотларини расмий рўйхатдан ўтказиш жуда қийинлигича қолмоқда. “Бироқ пахта соҳасида шаффофлик ва ҳисобдорликка эришиш учун мустақил овозлар керак”, дейди Фриман.
Шунга қарамай, бойкот каолицияси Тошкент тузумига жавобан муайян енгилликлар беришга тайёрлигини билдирди. У брендларини Ўзбекистондан мажбурий меҳнатсиз етиштириладиган пахтани сотиб олига ундаш ташаббусини эълон қилди. ХМТнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Хайнс Коллер ҳам худди шундай фикрларни билдирди. Унинг сўзларига кўра, “масъул манбалар” мезонларига мос келадиган ўзбек пахтасини яна харид қилиш учун зарур асослар мавжуд.
Коронавирус пандемияси туфайли халқаро тўқимачилик компаниялари савдоси камайиб кетаётган ва янги хомашё бозорларига киришни унчалик хоҳламаётган бир пайтда зарурий назорат тизимини ўрнатиш катта даъват бўлиб қолади. Ўзгариш дарҳол юз бермайди. Бироқ имконият эшиклари очилиб, Марказий Осиёдаги яккаланиб қолган давлат пахтасидан тўқилган матолар яна бир кун ғарбдаги жавонларга тушиши эҳтимолдан холи эмас.
Мақола оригинали Neue Zürcher Zeitung газетасида эълон қилинган. “Элтуз” таржимаси.