Бухоро амирлигининг барҳам топиши
Россия империясининг Ўрта Осиёни босиб олишида Бухоро амирлигининг роли катта бўлганини ҳеч ким инкор қила олмаса керак. Учта хонликдан биринчи бўлиб бўйсундирилгани ҳам айнан Бухоро амирлиги эди.
Амир Музаффарнинг калтабин сиёсати ва заифлиги натижасида Бухоро амирлиги Россия империясининг вассалига, яъни ярим мустамлакасига айланиб қолгани сир эмас.
Амир Музаффарнинг ўзи ҳам, ўғли Саид Абдуллаҳадхон ҳам, набираси, Бухоронинг охирги амири Саид Олимхон ҳам Чор Россиясига сидқидилдан хизмат қилгани ҳам бор гап.
Бугунги мақоламиз Бухоронинг охирги амири Саид Олимхон ва нафақат Бухоронинг, балки бутун Туркистон ўлкасининг энг янги илғор кучлари бўлган жадидлар – Ёш бухороликлар ўртасидаги кураш ҳақида бўлади.
Дастлаб Бухородаги сиёсий аҳвол ҳақида. Россия империяси Бухоро амирлигини вассал сифатида сақлаб қолган бўлса-да, унинг мақоми Польша, ёки Финляндия мухторияти мақомидан ҳам паст эди.
Амирлик нафақат иқтисодий-маънавий томонлама, балки ҳудудий-ҳарбий жиҳатдан ҳам ўраб олинганди. Рус армияси исталган пайти Самарқанд-Когон темир йўл узели ёки шимолдан келадиган Чоржўй йўналиши орқали ўз армиясини Бухорога тезлик билан олиб келиш имконига эга эди.
Жанубдан эса Амударё орқали дарё флотилияси билан бемалол зарба бера оларди. Хуллас, Бухоро амирлиги гўёки қуршовда эди. Бу ҳам етмаганидай, Бухоро амирининг валиаҳд шаҳзодалари Россия империясининг пойтахти – Петербург ҳарбий мактабларида ўқитилиши ҳам шарт қилиб қўйилганди.
Манғитлар сулоласининг охирги вакили Саид Мир Муҳаммад Олимхон (1880-1944) Саид Абдулаҳадхоннинг ўғли эди. У 1880 йил 3 январь куни Бухорода туғилган. Олимхон Бухоро мадрасаларида таҳсил олган. Ўн уч ёшида уни отаси Петербургга давлат ва ҳарбий ишларни ўрганиши учун ўқишга юборади.
1893 йилдан то 1896 йилгача Санкт-Петербургдаги Николаевск ҳарбий кадетлар корпусида таҳсил олади. Саид Олимхон кадетни хорунжий унвонида тамомлагач, император аёнлари қаторига флигель-адъютант бўлиб қўшилади.
Саид Олимхон Петербургда империядаги жуда кўп аслзодаларнинг болалари билан танишиб дўстлашади. Амир Олимхон ўзбек ва форс тилларидан ташқари рус тилини мукаммал билган. Шунингдек, қисман араб ва инглиз тилларини ҳам.
Бухорога 1896 йилда қайтиб келади. 1898 йилдан Қаршига бек (ҳоким) қилиб тайинланади. Ўн йил Қаршига беклик қилгач, 1908 йилдан Кармана беги бўлади.
Отаси Абдулаҳадхон вафот этгач, 1910 йил 4 декабрдан Бухоро тахтига ўтиради. Россия императори Николай II шахсан Саид Олимхонга табрикнома йўллаган.
Саид Олимхон замондошлари наздида аждодлари каби ўлгудай хотинбоз ва қонхўр амир сифатида эътироф этилади. Аслида қандай эди бу амир?
Чиндан ҳам Саид Олимхон заиф ва ночор амирлигича қолган. Унинг заифлиги Бухоронинг асрлар давом этган чиркин феодал монархик тузумини ўзгартира олмагани ва ҳатто ўзгартиришга ҳаракат ҳам қилмаганида эди.
Петербургда Европача таълим олган, илғор ижтимоий тузумни озми-кўпми кўрган одам нега ўз ватанининг ҳам ижтимоий-иқтисодий ривожланишига туртки бера оладиган ислоҳотлар ўтказа олмаганига фақат ажабланиш мумкин, холос.
Хива хонлигига қарши совуқ сиёсат юритганида ҳам Россиянинг яширин сиёсатини кўриш мумкин. Буюк Британия, Афғонистон, Эрон ва Усмонийлар Туркияси билан илиқ дипломатик муносабатлари, жадидлар фаолиятининг дастлабки даврида тўсқинлик қилмагани таҳсинга лойиқдир.
Аммо у барибир Россия империясининг садоқатли қули бўлиб қолганди. Империя ҳам унинг ички сиёсатдаги кирдикорларига кўз юмган ва хизматларини доимо тақдирлаб келган.
Амир Олимхон 1909 йилдан рус армияси полковниги ва император флигель-адъютанти, 1911 йилда рус армияси генерал-майори, 1915 йилда рус армиясининг генерал-лейтенанти ва генерал-адъютанти бўлади.
Амир Олимхондан ташқари Россия империясининг ўзбеклар ичидан чиққан яна бир генерали бўлган. У Мирҳайдар Қосимович Мирбадалов (1860-1938) эди.
Мирбадалов Амир Олимхондан йигирма ёш катта бўлиб, Оренбургда туғилган. Асли келиб чиқиши бухоролик бўлган савдогарнинг ўғли Мирбадалов ёшлигидан Россия мустамлакачилари хизматида эди.
1880 йилдан маркази Самарқанд бўлган Зарафшон округи Каттақўрғон бўлимида Туркистон генерал-губернаторлиги канцеляриясида таржимон бўлиб ишлайди. У император сиёсий агентлигининг рус тилидаги ҳужжатларини Ўрта Осиё тилларига таржима қиларди.
Мирбадалов секин-секин руслаша боради. У Бухоро фуқаролигидан чиқиб, Россия фуқаролигини олган. Унинг бу ишини Бухорода ҳеч ким хоинлик деб билмаган, негаки мамлакат ҳукмдорининг ўзи ҳам руслар хизматида эди-да, қандай қилиб уни хоин ҳисобласинлар?!
Аммо Мирбадалов Амир Олимхондан фарқли ўлароқ, Бухоро жадидлари ҳаракатига хайрихоҳ бўлган. Ҳатто жадидлар томонидан ташкил этилган “Бухорои шариф” газетасида бир мунча вақт муҳаррирлик ҳам қилади.
Россия империяси ҳукумати Мирбадаловни 1890 йилда III даражали “Авлиё Станислав” ордени, 1897 йилда III даражали “Муқаддас Анна” ордени, 1904 йилда эса II даражали “Авлиё Станислав” орденлари билан тақдирлайди.
Бухоро амирлиги ҳудудидаги сунний ва шиа мазҳаби ихтилофларининг олдини олишда кўрсатган хизматлари учун рус армиясининг генерал-майори унвонига сазовор бўлади. Бухоро халқи орасида ҳам Мирбадаловнинг обрўси анча баланд эди.
1917 йилда Бухори амири Саид Олимхон Мирҳайдар Мирбадаловга истеъфо бериб юборади. Олимхон ўз давлатида иккита генералнинг бўлишига тоқат қилолмаган бўлса керак.
Мирбадоловнинг Британия сиёсий эмиссари, лейтенант Ф.Бейлини қутқаришда ҳам хизмати катта бўлган. Қизил большевиклар Бухорони олгач, мажбуран Бухорони тарк этиб, Эронга эммиграцияга кетади.
Мирбадалов Эроннинг Машҳад шаҳридаги миллатлар лигасида Нансен қўмитасида фаолият юритади. Бу ерда ҳам Мирбадалов Туркистондан келган жуда кўп сиёсий қочқинларга кўмак бериб турган.
Умрининг охиригача большевикларга мухолифатда бўлган Мирҳайдар Мирбадалов 1938 йилда 2 январь куни Машҳад шаҳрида вафот этади. Бухоро амири, рус армиясининг яна бир генерали Саид Олимхон ҳам қочқинликда Афғонистонда 1944 йилда дунёдан кўз юмган.
Амирликнинг қулаши тарихий адолатли жараён эди. Янгиланишни хоҳламаган ҳар қандай эскилик албатта қулаши табиийдир. Амир Олимхоннинг энг катта хатоси эски феодал тузумга, реакцион руҳонийларга, заминдор ва чорвадор бойларга таянгани бўлди.
Амир жадидларнинг илғор ғояларини, Ёш бухороликларнинг эзгу мақсадларини англамади, уларни ўзига душман деб билди. У мутлақ монархияни сақлаб қолишни истади, бунинг эса янги куч – большевиклар империяси чегараларида имкони йўқлигини фаҳмлай олмади.
Амир илғор кучлар ёрдамида Бухоро амирлигидаги барча қатламларни бирлаштириш зарурлигини тушуниб етмаганди. Қисқаси, хатолари жуда кўп бўлди.
Ёш бухороликлар ҳаракатига қарши реакцион сиёсатни қўллаб-қувватлади, амирлик аҳолиси ҳам қашшоқлик, оғир солиқлар, чиркин феодал одатлардан эзилиб кетган ва шунинг учун амирликни ҳимоя қилишни унчалик ҳам хоҳламас эди.
Амирнинг яна бир хатоси фуқаролар урушида қизиллардан енгилиб, Бухорога қочиб келган оқ гвардиячи офицерларга бошпана бериши бўлди. Бу билан у большевикларнинг баттар ғашига тегди.
Амир ташқи сиёсатда ҳам, ички сиёсатда ҳам дурустроқ фикр юрита олмади. У на большевиклар билан сулҳга кела олди, на большевикларга қарши чет мамлакатлар билан ҳарбий-сиёсий иттифоқ шакллантирди.
1920 йилда большевиклар барча фронтларда ғалаба қозона бошлайди ҳамда Россия ва Туркистон ўртасидаги алоқаларни тиклаб олишга муваффақ бўлади.
Фарғонадаги озодлик ҳаракати (босмачилар) раҳбарларидан бири Мадаминбекни ўз тарафларига оғдириб олгач, водийда ҳам ғалаба қиладилар. 1920 йил ёзида эса Хива хонлигини ағдариб ташлаб, Хоразм Халқ Социалистик Республикасини тузадилар.
Совет Россиясига Туркистон ҳудудида бўйсунмаган фақат Бухоро амирлиги қолмоқда эди. Саид Олимхон большевиклар хавфини яхши англаб турарди. У 1920 йилнинг февраль ойида мамлакатда умумий сафарбарлик эълон қилади, бироқ у барча ички кучларни бирлаштира олмаганди. Амирлик ичида катта мухолифат куч – Ёш бухороликлар ҳаракати томир отганди.
Большевиклар эса аксинча, барча кучларни амирга қарши бирлаштиришга муваффақ бўладилар. Амир Олимхон 30-35 минг атрофидаги қўшинни қуроллантиришга эришади, аммо улардан бор йўғи 8725 пиёда, 7580 та отлиқ доимий қўшин ҳисобланарди, қолгани жанговар тайёргарлиги жуда паст даражадаги аскарлардан иборат эди.
Артиллериянинг аҳволи ҳам ҳавас қиларли даражада эмасди. Замонавий 23 замбарак ва 14 та пулемёт бўлиб, қолган 32 та замбараги эски русумдаги, XIX ва ҳатто XVIII асрга тааллуқли эди.
Амир ўз армиясини икки қисмга бўлади. Доимий профессионал армиясини пойтахти – Бухоро ҳимоясига, йигирма етти минг кишилик армияни Китоб ва Шаҳрисабздаги Тахтиқорача довонига қўяди.
Мақсад Самарқанддан келадиган большевиклар хавфидан Ғузор ва Термиз йўлларини ҳимоялаш эди. Чоржўй йўналиши ва Амударёдан келадиган хавф унчалик эьтиборга олинмайди.
Қизил армия эса 7000 пиёда, 3000 отлиқ, 40 та замбарак, 8 та зирҳли автомобиль, 5 та зирҳли поезд, Амударёда бир нечта кичик кема, 11 та самолётни ўзида мужассам қилган мобил армияга эга эди.
Большевик аскарлар рус-япон, 1-жаҳон уруши жанггоҳларида, фуқаролик уруши майдонларида тобланган профессионал жангчилардан иборат эди. Армия бош қўмондони ҳам истеъдодли саркарда, атоқли большевик Михаил Васильевич Фрунзе эди.
Тан олиш керак, амирнинг ўзи ҳам, унинг армияси зобитлари ҳам Фрунзедан ҳарбий истеъдодда анча паст поғонада турганлар. Фрунзе асосий зарбаларини амирликнинг стратегик муҳим пунктлари – Бухоро, Шаҳрисабз, Ғузорга қаратади. Чоржўйда қўзғолон кўтариб, амирни чалғитадилар.
Большевиклар Чоржўй-Қоракўл, Самарқанд-Когон темир йўл узелларига эьтибор қаратгандилар. Бу оқилона манёвр бўлиб, темир йўл орқали армияни тезлик билан керакли жойга керакли вақтда етказиб бориш мумкин эди.
Бухоро амири ҳарбий штаби ўз имкониятларини ҳисобга олмаган кўринади, 4-5 млн аҳолиси бор, кескин континентал иқлимга эга, қаршилик кўрсатиш учун қулай рельеф, географик потенциалдан фойдалана олмайди.
1920 йил 25 август куни Туркистон фронти буйруғи билан “Бухоронинг қардош халқи”га революцион ёрдам бериш баҳонасида уруш бошланади. Чоржўй Бухоро амирига қарши қўзғолон кўтаради.
28 август куни қизиллар Чоржўйни эгаллаб, юқори Амударё бўйлаб юришни бошлайдилар. 31 август куни Амударё бўйидаги барча стратегик пунктлар эгаллаб бўлинганди. Энди амирга ташқи кучлар ёрдами ҳам (Афғонистон, Эрон) кесиб ташланганди.
Когонга тўпланган қизил армиянинг асосий кучлари 29 август куни Бухорога ҳужум бошлайдилар. Когон гуруҳига кирувчи қизиллар 2 та колонна билан Бухорога ҳужум қилади.
Булар 10 ва 12-татар ўқчилар полки, 1 та кавалерия полки, 4 та замбаракли рота, зирҳли автомобиль отряди, зирҳли поезд Бухоронинг Қарши дарвозасига қараб ҳужумга борадилар.
Қизилларнинг иккинчи чап колоннаси 1 та мусулмон ўқчи полки, 1 та ўқчи ва 1 та кавалерия полки, 2 та замбаракли рота ғарброқдан Қоракўл дарвозасига ҳамла қилади.
Большевикларнинг биринчи кунги ҳужуми Бухоро ҳимоячилари томонидан қайтарилибгина қолмай, ҳатто амир армияси қарши ҳужумга ҳам ўтади. Аммо қизиллар амир армиясининг қарши ҳужумини тезда қайтаради.
Ҳужумнинг 2-куни, 30 августда ҳам қизиллар Бухорони ололмайдилар. 31 август, Бухоро жангининг учинчи куни Қоракўлдан қизил командир Г.В.Зиновьев катта қўшин билан етиб келади.
Қизиллар Бухорони тўплардан қаттиқ ўққа тутадилар. Авиация эса осмондан Бухорони бомбардимон қилиб туради. Большевиклар Бухорога қарата 12000 та снаряд отадилар, бу ҳам камлик қилганидай, кимёвий бомба билан ҳам ўққа тутган эканлар.
Бухоро амири Саид Олимхон шу куни, 31 августда шаҳардан яширинча чиқиб, мингта сарбози билан Ғиждувонга қараб қочади. Большевиклар 1 сентябрь куни Қарши дарвозасидан ёриб ўтиб, Бухорога бостириб кирадилар.
Қизил командир Зиновьев амирни Қаршигача қувиб боради. Кейинчалик амир Афғонистон ҳудудига қочиб ўтиб кетади. 2 сентябрь куни Фрунзе большевиклар доҳийси – Ленинга ғалаба телеграммасини йўллайди.
Унда Фрунзе: “Эски Бухоро қўрғони қизил бухороликлар ва бизнинг қўшинлар кучи ёрдамида ҳужум билан олинди. Бухоронинг охирги зулматли ва қора кучлари таянчи бўлган масканда инқилобнинг қизил байроғи ҳилпирамоқда”, деб ёзганди.
Шундай қилиб, Туркистондаги охирги мустақил давлат ҳам барҳам топганди.
Ихтиёр Эсонов
eltuz.com