Асосий мавзулар
13 сентябр 2021

Яқинлари қамалган қашқадарёлик аёл Туркманистондан бошпана сўрамоқда

Эри, қайнатаси ва қайноғаси қотилликда гумонланиб тергов қилинаётган, Қашқадарё вилояти Миришкор туманининг Чандир қишлоғида яшовчи Муножат Эгамова бунга уларнинг туркман миллатига мансублигини сабаб қилиб кўрсатмоқда ва ўз яқинлари билан биргаликда ижтимоий тармоқ орқали туркман президенти Гурбангули Бердимуҳаммедовдан бошпана сўрамоқда.

Айни пайтда Чандир қишлоғидаги туркман миллатига мансуб аҳоли вакиллари Эгамованинг миллий камситилишига оид иддаолари ҳақиқатдан йироқлигини айтишмоқда.

«Улар туркман бўлгани учун эмас, балки қотилликда гумон қилингани учун тергов қилинмоқда, аёл эса чиқишларида аламидан, жаҳл устида мурожаат қилган. Жиноят иши бўйича тергов кетаётган экан. Лекин қишлоғимизда ҳеч қандай ўзбек, туркман ёки бошқа миллатларга нисбатан ёмон муносабатни сезмаганмиз. Татар, тожик ва бошқа миллатлар ҳам яшайди ўзбеклар билан бир қаторда. Ҳамма миллатлар тенг ҳуқуқли…», дейди Чандир қишлоғи шифохонаси бош врачи Сайфулло Шаропов.

Телеграмдаги “Помуқ 24” каналига фикр билдирган 73 ёшли Муҳаммад Тўймуродов ҳам айни ҳудудда туркман ва ўзбеклар аҳил яшашларини билдирган.

«Яқинда эшитиб қолдим. Қишлоқдошимиз Туркманистон президентига мурожаат қилган экан. Биз асли Қашқадарё вилояти Чандир қишлоғида яшаймиз, миллатимиз туркман. Ўзбеклар билан баб-баравар ҳуқуққа эгамиз. Ўртада қуда-андачилик алоқалари бор», дейди Эгамованинг ҳамқишлоғи Тўймуродов.  

Жорий йилнинг 8 майида Жонқул Наврўзов, унинг ўғли Алимардон Алламуродов ва Панжи Наврўзов шу қишлоқда яшовчи чолу кампирни ўлдирганликда гумон қилиниб ҳибсга олинган эди.

Қотиллик 2020 йилнинг 4 октябрь куни рўй берган. Шундан сўнг гумонланувчилар ҳибсга олинган. Уларнинг яқинларига кўра, 23 кун давомида уларга нисбатан қийноқлар қўлланилган. 

Муножат Эгамованинг айтишича, эри ва қайнотаси айбни бўйнига олмаган, қайноғаси эса қийноқларга дош бера олмай қилмаган жиноятига иқрор бўлган. 

Шундан кейин гумонланувчилар қўйиб юборилган. Аммо 6 ой ўтиб, Бош прокуратура терговчиси қарори билан қамоққа олинган.

Муножат Эгамова ва унинг яқинлари халқаро ташкилотларга видеомурожаат йўллаб, бу ноҳақликларга барҳам бериш ва Туркманистондан бошпана олишга ёрдам сўрашган.

Шунингдек, улар видеомурожаатларида Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова ва Бош прокурор Ниғматулла Йўлдошевнинг истеъфосини ҳам талаб қилишган.

Эгамованинг иддаосига кўра, унинг эри ва қариндошларини далил-исботсиз қамашган. Қўшнилари қотиллик содир бўлган вақтда унинг эри ва қайноғаси воқеа жойида бўлмаганини айтишмоқда. Бироқ тергов бу далилларга эътибор бермаяпти.

Муножат Эгамова ҳомиладор экани, эри ва қайнатасининг қамалиши ортидан учта боласи билан оғир аҳволда қолганини ҳам айтмоқда.

Эгамованинг эри ва яқинларига тергов пайтида қийноқлар қўлланилганининг расмий тасдиғи «Элтуз»да йўқ.

Бироқ бошқа муаммо бор – Қашқадарё вилоятидаги маҳаллий амалдорлар, ички ишлар, суд ва прокуратура ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларига оид хабарлар жуда кўп. 

Хусусан, ўтган август ойида эса “Агробанк”нинг Қашқадарё вилояти бўлими юристи судларда адолат қолмаганидан шикоят қилган эди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
16 ноябр 2016
Рассом Туз машҳур «Опять двойка» асарига тақлидан чизган карикатурасида Ўзбекистоннинг бугунги муаммосини нишонга олади. Шу пайтгача ёзилган аризалар сонининг ...
9 март 2016
Вазирлар Маҳкамасининг 2 март куни чиқарилган янги қарорига кўра, Мулозим пора олмаслиги, уят гап билан сўкмаслиги ва тижорат билан ...
6 сентябр 2018
Ёш аёл билан интим видеоси интернетда тарқалган 61 яшар хоразмлик мулла Абдуҳамид Отажонов урганчлик тўрт нафар милиция ходими уйига ...
21 июл 2017
Фарғона вилояти аҳолиси ўз яқинларидан келган жўнатма пулларни олишга қийналмоқда. Банклар олдида узунқатор навбатлар ҳосил бўлган. «Ўғлим Россияда ишлайди, ...
Блоглар
22 сентябр 2021
Эрталаб болани мактабга қолдириб, пиёда ишга келаман. Қулоқда Шер аканинг “Аввалғиларға ўхшамас” қўшиғини қўйиб олиб… ...
14 сентябр 2021
«Ота-она билан бирга нонушта қилиш, неваралар қуршовида бўлиш, бир пиёла чой устида суҳбатлар... Сиз-чи, бугун ...
9 сентябр 2021
6 cентябрдан Ўзбекистон олий ўқув юртларида янги ўқув йили бошланди. Айни пайтда вилоятлардан пойтахтга келиб ...