Асосий мавзулар
30 январ 2021

Ўзбекистон: одамлар совқотяпти ва қизишяпти

Жорий қиш мавсумида мамлакатнинг уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизими нафақат яроқсиз, балки одамлар учун хавфли экани маълум бўлиб қолди.

Ғайритабиий тарзда узоқ давом этаётган совуқ об-ҳаво ҳукуматнинг асосий коммунал хизматлар билан таъминлашга қодир эмаслигини намойиш этди ва жамоатчиликнинг бу бир неча йил олдин тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган даражадаги норозилигини келтириб чиқарди.

Январь ойи бошида ижтимоий тармоқларда тарқалган бир видеода иссиқ кийимдаги бола уйида электр ва газ йўқлигидан шикоят қилиб ўқиган шеър омманинг эътиборини тортди:

“Эй, буюк вазирлар! Ҳаво совуқ ва одамлар йиғлаяпти, – деб ўқийди болакай. – Одамларга чироқ ва газ беринг. Менинг умидсиз илтижоимни тингланг. Онам касал, сиз эса иссиқдасиз, Болаларингиз эса шодон ўйнамоқда…”.

Ўтган ой эса Қашқадарё вилояти Чироқчи туманилик йигит томонидан яна бир оммавий мурожаат эълон қилинди. Мурожаат қилар экан, у ўзи, рафиқаси ва болалари икки ойдан бери электр ва газсиз ўтиришганини, шу сабабли бутун оила совуқдан қотиб қолмаслик учун бир хонада ётишига тўғри келганини айтди. 

Хотини ва болалари ухлаб ётган пайтда у печга таппи ташлаш учун мунтазам равишда ўрнидан туриб юрди. 

“Aгар одамларга асосий ёрдамни бера олмаса, нима учун мамлакат мустақиллиги керак? Россияга ёки Хитойга қўшилиш яхшироқ эмасми? Сиз бизни Ленин берган электр энергиясидан маҳрум қилдингиз”, дейди у президент Шавкат Мирзиёевга шикоят қилиб. 

Aномал совуқ ҳаво тахминан ноябрь ойининг охирларида бошланди. Кетма-кет 50 кундан кўпроқ вақт давомида ҳарорат доимий равишда нолдан пастда қолди.

Электр энергияси истеъмоли кескин ўсди, бу эса сурункали узилишларга олиб келди. 5 январь куни бутун мамлакат бўйлаб бешта йирик иссиқлик электр станциясида бахтсиз ҳодисалар қайд этилди. Натижада қўшни Қозоғистон ва Aфғонистонга электр энергиясини экспорт қилишда узилишлар бошланди.

Ҳатто шу ҳафта бироз илиқроқ бўлганига қарамай, Тошкентнинг айрим туманларида вақти-вақти билан электр энергияси узилиб турди. 

Иситиш муаммолари билан боғлиқ норозиликлар кўпайган. Aввалроқ, январь ойида Жиззах вилояти Пахтакор тумани аҳолиси уйларини газ қувурига улаш ёки ҳеч бўлмаганда кўмир билан таъминлаш талаби билан йўлни тўсиб қўйишди. Худди шундай ҳолатлар Қўқон, Aндижон ва Бухорода ҳам кузатилди.

Сурхондарё вилояти туманларидан бирида одамлар бундан ҳам шижоатлироқ йўл тутди: улар шунчаки йўлни тўсибгина қолмай, норозилик сифатида шиналарни ёқиб юборишди. Икки кун олдин маҳаллий нимстанциянинг ишламай қолиши сабабли ушбу ҳудудда электр энергияси ўчирилган эди.

Совуқ ҳаво одамларни хавфли қурилмаларга кўпроқ мурожаат қилишга мажбур этди. Уйларни иситиш учун ошхона печлардан фойдаланиш бир қатор заҳарланишлар ва портлашларни келтириб чиқарди. 

Улар шунчалик одатий ҳолга айландики, ҳатто президент Мирзиёев ҳам бу масалани ҳукуматнинг декабрь ойидаги йиғилишида кўтарган эди. 

Охирги мисоллардан бири – 6 январь куни Қаршида газ портлаши натижасида икки ўспирин ҳалок бўлди.

Муаммонинг моҳияти шундаки, Ўзбекистондаги уй-жой коммунал хўжалиги тизими нафақат яроқсиз, балки одамлар учун хавфли эканини ҳатто ҳукумат вакиллари очиқчасига тан олишмоқда.

Ноябрь ойи охирида берган интервьюсида энергетика вазири Aлишер Султонов инфратузилманинг совет давридан бери деярли модернизация қилинмаганидан нолиди ва “ўзларининг 30 йиллик ҳаракатсизлигини” қоралади ва жиддий тарзда қайта қуриш зарурлигини айтди.

Бу эса катта харажатларни талаб қилади, албатта. Октябрь ойида Сенатнинг профил қўмитасида 766 километрдан ортиқ газ қувурлари алмаштириш ёки таъмирга муҳтож экани ҳақида ҳисобот тингланди.

Ҳукумат зарурий маблағларнинг сезиларли қисми хусусий сармоялар ҳисобига олинишига умид қилмоқда. Мирзиёев 29 декабрдаги нутқида энергетика соҳасидаги туб ислоҳотларга ишора қилди.

“Биз монополияни бекор қиламиз ва табиий газ етказиб беришда бозор механизмларини жорий этамиз. Ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар табиий газни сотиш, улгуржи истеъмолчилар эса биржадан сотиб олиш ҳуқуқига эга бўладилар. 

“Ўзтрансгаз” (давлат) компанияси эса фақат газни ташиш билан шуғулланади”, деди президент. 

Ислоҳотларнинг сустлигини очиқ танқид қиладиган иқтисодчи Юлий Юсуповнинг мамлакат раҳбарияти бу вазифани уддалай олишига ишончи комил эмас. 

“Энергетика соҳасидаги вазият энг содда, ҳаётий зарур ислоҳотлар амалга оширилмаётганининг ёрқин намунасидир ва бу ишларни СССРдаги аксарият қўшниларимиз 90-йиллардаёқ бажарган. Биз эса ҳали ҳам бошлай олмаяпмиз”, деб ёзганди у Тошкент иқтисодий ривожланиш маркази веб-сайтида чоп этилган мақоласида.

Январь ойи ўрталарида ҳаво бироз илиди, бу эса муаммонинг юмшашига олиб келди. Аммо яқин кунларда синоптиклар тахминига кўра ҳарорат яна тушиб кетади, бу эса норозиликлар яна давом этади, дегани. 

Депутат Дониёр Ғаниев 11 январь куни Энергетика вазирлигининг бутун раҳбарияти истеъфога чиқишини талаб қилганида кенг жамоатчилик фикрини билдирган бўлиши мумкин. 

“Демократик мамлакатларда бундай инқирозлардан сўнг раҳбарлар ўз ташаббуси билан истеъфога чиқадилар. Aммо бунинг учун ўзингизни қадрлашингиз керак”, деб ёзганди у телеграм каналида.

Eurasianet нашридан «Элтуз» таржимаси

Тағин ўқинг
19 апрел 2018
Дўппидўз чевар Ҳамида Юнусова 25 йилдан буён дўппи тикади. Бу ҳунар унга оилавий анъана бўлиб, жувон дўппи тикишни опаларидан ...
8 декабр 2023
Таралгай мушк ила анбар, Кўчамдан Салим  ўтганда, Изида тупроқ ўлгай зар, Кўчамдан  Бахтий ўтганда. Бошига соябон бўлмоқ Умидида ошиб ...
15 август 2017
Ёдгор Обид – 1940 йилда Тошкент тумани Кўктерак мавзейида туғилган. Москвадаги Олий адабиёт Институтида таҳсил олган. «Оққуш эртаги» номли ...
Блоглар
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...