Асосий мавзулар
25 феврал 2021

Императив-8. Миллиятчи

(Муҳаммад Солиҳ аудиокитобининг давоми)

Аскарликдан қайтганимда бир миллиятчи эдим. Аммо икки йил давомида ўқиганим бутун адабиётлар рус тилида эди. Рус тили, муболағасиз, иккинчи тилимга айланган эди. Ҳатто шуни даҳшат ичида кузата бошладимки, фикрлаш тарзим ҳам рус тилида жараён этарди.

Бундан қутулиш учун мислсиз бир қайсарлик билан ўз тилимда ёзишга ва фикрлашга давом этдим.

Ёзиш бир тил воқеасидир.

Агар сиз тушингизда гапирадиган тилда ёзмасангиз, ёзган матнингизнинг таъсири кучли бўлмайди. Инсон тушида рефлексга айланган бир тилда гаплашади. Таъбир билан айтганда, «қон-қонига сингиб кетган» тилда.

Эски фильмларда жосусларни уйқуларида алаҳсирашларидан билиб олишарди. Улар она тилларида алаҳсирар ва ўзларини ифшо этардилар.

70-йилларда тилимда рус тили ҳукмронлиги, дилимда эса рус шовинизмига қарши нафрат зеҳнимда буюк бир тазод, бир зиддият яратган эди.

Рус шовинизмидан нафрат этардим, аммо рус тили мен учун нафақат рус, балки дунё адабиётига очилган бир дарвоза эди.

Бугун учта тилни биламан, деб айта оламан: ўзбек тили, рус тили, турк тили (гарчанд турк тили ҳам ўзимизнинг тил).

Аммо буларнинг ҳеч бирини мукаммал биламан, деб айта олмайман. Бу уч тилда ёза оламан, аммо уларнинг ҳеч бирида ёзганим каби равон сўзлай олмайман.

Масалан, туркчада гапирар экан, равон гапирмаганим учун тинглаётганлардан доим узр сўрайман. Улар менга далда бериб, «Бу табиий, сиз бошқа лаҳжада гапиряпсиз», дея тасалли беришади. Мен уларга «Ўзбекчада ҳам равон гапира олмайман», десам, ҳазиллашяпти деб жилмайишади.

Бу тилларнинг биттасида ёзаркан, тилини қўлланганим халқ зеҳни мени таъқиб қилади ва ёзиш услубимни йўналтиради. Дейлик, русчада ёзар экан, ўзбекчада бемалол қўллашим мумкин бўлган бирор ҳазилни қўллай олмайман.

Чунки ўзбекчадаги ҳазил русчада қўпол кўриниши мумкин. Ёки аксинча, русчада парвосизлик билан қўллашим мумкин бўлган бир тасвирни ўзбекчада жуда эҳтиёткорлик билан қўллайман.

Ёзилган ҳар матн у ёзилган тил савиясида бўлиши керак, деган қаноатдаман.

Ёзилаётган тиллар ўзгарар экан, ёзилган матнлар савияси ҳам шу нисбатда ўзгаради, деб ўйлайман.

Жимжимадор шевани ҳеч севмадим. Қул Насимийнинг «Арабий, форсий билмам, тилга миннат айламам» сатрини такрорласам, ёлғон сўйлаган бўлмайман.

Аммо тил борасида бугун бир миллиятчилигим йўқ. Менинг қарашим бўйича бутун тилларни Аллоҳ яратган ва ҳар бир тил ўзига яраша қутлуғдир.

Шундай экан, мен Шарқ тилларидан шу арабий, форсий, Ғарб тилларидан эса француз, инглиз тилларини билмак истардим. Афсус, бу имконни тополмадим ола-тасир ҳаётимда.

Ҳеч качон луғатим бой бўлмади. Билганим ҳар уч тилда ҳам. Ёшлигимда дўстларга ҳазил қилиб: «Луғатим бой эмас, шул сабаб ҳар сўзимни тежаб ишлатишга мажбурман», дердим. Аслида бу ҳазил эмасди.

Ўзбекчамда иложи борича турк илдизли сўзларни қўллашга интилдим ўша йиллари. Бу ўзига хос «тил тозалиги учун шахсий курашим» эди гўё.

ТУРКИЙ ТИЛДА СЎЗЛАМОҚ

Туркий тилда сўзламоқ осон.

Туркий тилда сўзламоқ нақадар қийин.

Нақадар лаззатли бу тилда сўзламоқ, нақадар аччиқ.

Агар кайфинг чоғ бўлса, эрталаб ўнг ёнбошдан турган бўлсанг,

Ўтган кундан пушаймонинг бўлмаса,

Собит ишонч бўлса келажакка – туркийда гапир.

Кимнидир севсанг, кўксингга сиғмаса муҳаббат – туркийда гапир.

Кимнидир ёмон кўрсанг, бўғзингга тикилса нафрат – туркийда гапир. (1982)

(«Валфажр», 1983)

Аммо бугун «тил тозалиги учун» курашдан ҳам воз кечдим, чунки тил табиати бу курашни мендан яхшироқ олиб бораётганини англадим. Тил ўзида ҳазм бўлмаган ҳеч бир сўзни қабул этмайди…

Ҳа, рус армиясидаги рус шовинизми мени миллиятчига айлантирди.

Аммо жамиятда «миллиятчи синфи» деган бир синф йўқ эди.

Миллий шууримга сайқал берган рус армияси имтиҳонидан сўнг ҳам ўзининг ҳақиқий кимлигига етиша олмаган бир кимса эдим. Ичимда рус босқинчиларига нафрат бор эди, аммо босқинчига қарши курашда ўрнак бўладиган бир қаҳрамонни ҳали ҳам тополмагандим.

Эртакларда эмас, шу ерда – Тошкентда бу қаҳрамонни кўрмак истардим:

…Бир бор экан, бир йўқ экан,

Қадим замонларнинг бирида

Баҳодир ўтган экан…

Қора ўрмонларнинг бағрида

Арслон яшар экан баҳайбат…

Эна!

Нега баҳодирлар ҳаммаси

Фақат қадим замонларда ўтаверади?

Арслон-чи, қани, ўша арслон, энажон!?

Нега у ярим тунда, ғафлатда ётган

Мени уйғотмайди

Наъра тортмайди?!

(1976)

(«Қудуқдаги ой», 1980)

Аммо 70-йиллар ўртасида университетдан кейинги босқич ҳали ҳам кўпроқ рассом ва шоирларнинг маҳдуд доирасида кечар ва суҳбатларимиз шеър, тасвирий санъат мавзусидан ташқарига чиқмас эди.

Совет армиясида олганим миллий дарс мени бирдан улғайтирган эди.

Шунингдек, адабиётга қарашим ҳам тенгдошларникидан бир оз фарқли эди.

Бу фарқлилик тенгдошларнинг ғийбатига сабаб бўлаётганини билсам-да, улар билан алоқани узмадим. «Бизнинг авлод» деган иборани хуш кўрмасдим, аммо бу терминга мухолифат ҳам қилмадим.

Тенгдошларим қаршисида ўзимни кекса ҳис этардим. Балки шунинг учун ҳам суҳбатдошларим кўпроқ Чўлпон Эргаш, Рауф Парфи ва уларнинг «авлоди»дан бўларди.

Бундай суҳбатлар 1979 йилда Рауф Парфи туфайли Иброҳим Ҳаққул билан бошланди, янглишмасам. Биз ўзбек тилининг аянчли аҳволи ва Тошкентдаги рус мактабларининг нақадар яхши жиҳозланганини муҳокама қилардик. Бу вазият бизнинг миллий томирларимизни қабартирар эди, табиий.

Аммо биз ҳеч қачон рус шовинистлари каби ўзимиздан бўлмаган этник гуруҳларга нисбатан нафрат оқимига қўшилиб кетмадик.

Муҳаммад Солиҳ

(Давоми бор. Императив, 2020 йил, Истанбул)

Тағин ўқинг
14 июн 2021
(Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 32-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми бор.) Узун замонлар орзу қилганимиз ...
1 октябр 2021
Азиз ва мукаррам, ҳар бири дуру жавоҳирлар каби қадрлиларим. Мабодо хафа бўлиб, ғам-ғуссага ботган, ишингиз юришмаган бўлса, бошлаган ишингиздан ...
15 май 2016
«Панама ҳужжатлари» дея ном олган маълумотларда ўз маблағларини ҳориждаги офшорларга яширган 100 дан ошиқ ўзбекистонликларнинг ҳам исм фамилиялари, манзилларигача ...
4 декабр 2018
Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманидаги сил касалликларига мойил болалар мактаб-интернати тарбиячиси Зулфия Мавлонова интернат директори Нурилла Рўзимовнинг тарбияланувчиларга нисбатан ноинсоний муносабатда ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...