Асосий мавзулар
13 январ 2023

600′: Қамалган сепаратчи, портлаган ароқ дўкони ва Истанбулдаги ўзбек террорчи

Эътиборингизга Элтуз «600 секунд»нинг 12 январь сонини тақдим этади.
+++
Нукус воқеалари бўйича судда айбловчи сепаратист Даулетмурат Тожимуратовга 18 йил сўради.
Прокурор Нукусдаги тартибсизликларга алоқадорликда гумонланган  –  Даулетмурат Тожимуратов ва Лолагул Қаллихоновага 18 ва 11 йил қамоқ жазоси сўради.  
2022-йил июл ойи бошида Нукусда Ўзбекистоннинг янги конституциясида Қорақалпоғистон мақомини  ўзгартириш таклифига қарши оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтганди.
Расмий маълумотларга кўра, 1—2-июл кунлари Нукусда бўлиб ўтган намойишлар чоғида 21 киши ҳалок бўлган,  243 киши,  жумладан,  ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳам яраланган.  500 киши ҳибсга олинган.
+++
Қўшкўпирда ароқ дўкони портиллатди. Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани Янгилик Маҳалласида 10 январ куни Ароқ дўконида газ портлаган.  
Дўкон остидан газ қувурлари ўтгани айтилмоқда. Дўкон ёнидаги машинага зиён етган…
+++
Совет даврининг сўнгги йилларида Ўзбекистонни бошқарган таниқли давлат арбоби ва дипломат Рафиқ Нишонов 96 ёшида ўлди.
Рафиқ Нишонов 1926 йил батрак оиласида туғилган эди. Тошкент пединститутини кечки курсида ўқиган. Аввал колхозчи бўлган. Совет армиясида хизмат қилган. Аста секин мансаб пиллапояларидан Республика Марказқўм саркотиби даражасигача кўтарилган Рафиқ Нишонов 1991 йилдан бошлаб Ўзбекистонда исталмаган шахслардан бирига айланди.
Ўлимига қадар Рафиқ Нишонов Москвадаги Яқин Шарқ ва Шимолий Америка билан ҳамкорлик регионал фондига раҳбарлик қилиб келди.
Мирзиëев иқтидорга келган 2016 йилда Рафиқ Нишонов қисқа муддатли сафар билан Тошкентга келиб кетган эди.
Рафиқ Нишоновнинг ортида  уч фарзанди, тўрт невараси ва беш эвараси ва уни қадрлаган миннатдор миллатдошлари қолди.
+++
Туркия полицияси янги йил арафасида Истанбулда қўпорувчилик ҳаракатини содир этишни режалаштирган Ўзбекистон ва Тожикистон ватандошларини қўлга олди, Ҳуқуқ идоралари икки шахс ИШИД террорчилик гуруҳи аъзоси эканини айтмоқда.
Теракт уюштиришда гумонланаётган Ўзбекистон ва Тожикистон ватандошлари 31 декабрь куни Янги йил кириб келишидан бир неча соат олдин Истанбулнинг Башакшеҳир туманида амалиёт давомида ҳибсга олинган.
Портловчи моддалар бўйича эксперт дея таърифланган Ўзбекистон фуқаросини депортация қилиш жараёни бошлангани айтилмоқда.
 Туркия хавфсизлик идораларига кўра, икки гумондор Афғонистондаги ИШИД террорчилик гуруҳидан кўрсатма олган ҳолда, Истанбулда 2017 йилдаги каби қонли теракт уюштиришни режалаштирган.   Ўзбекистоннинг салафий радикализмга мойил  ватандошлари Швеция, АҚШ, Тожикистон, Афғонистон, Россия каби мамлакатларда терактлар содир қилишган. Бомиëндаги Будда ҳайкалини портлатганлар ҳам ўзбек экстремистлари.  
Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик Абдулқодир Машарипов 2017 йил 1 январь тунида Истанбулдаги “Reina” тунги клубига бостириб кириб, автоматдан одамларни ўққа тутган эди.
Ҳужум оқибатида 39 киши ҳалок бўлган, 70 га яқин одам яраланган. 2020 йил сентябрь ойида Туркия суди Машариповни 40 та умрбод қамоқ жазосига тенг муддатга озодликдан маҳрум этган.
+++
Қозоғистон Конституциявий суди мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевни «элбоши» мақомидан маҳрум қилиш ҳақида қарор чиқарди. Ўз қарори билан суд Назарбоев миллат етакчиси деб эълон қилинган ва унга умрбод имтиёзли кафолатлар берган қонунни бекор қилди. 2019 йилнинг март ойида истеъфога чиққан Назарбоев Қозоғистонни 30 йил давомида бошқарган эди. Собиқ президентни «элбоши» мақомидан маҳрум қилиш 2022 йил июнь ойида кучга кирган Конституцияга ўзгартиришларда кўзда тутилганди. Иккинчи президент Токаев даврида Назарбоевга яқин бўлган қатор шахслар бошқарувдан четлатилган, улардан айримларига эса жиноят иши очилган.
+++
Эрон расмийлари ҳижоб ўрашни истамаганларга қарши курашни кучайтиришмоқда. Эрон Бош прокурори полициячиларга жамоат жойларида ҳижобини ечишга уринишларнинг кескин олдини олиш ҳақида топшириқ берган. Тасаттур қоидасини бузганларга, мамлакат Жиноят кодексига мувофиқ, жаримадан ташқари 10 кундан 2 ойгача қамоқ жазоси хавф солади. Бундан ташқари, ҳижоб ўраш тартибини бир неча бор бузганлар давлат хизматидан четлатилиши, сургун қилиниши, мол-мулки мусодара этилиши ҳамда уларга хорижга чиқиш ва мухолифат ташкилотлари билан алоқада бўлиш тақиқланиши мумкин.
+++
Қозонга яқин юрсанг қароси юқар.
Украина уруши бошланганидан бери ўрусиялик миллиардерлар ғарб санкцияларига дучор бўлиш оқибатида кўплаб маблағидан айрилди. Forbes журнали маълумотига кўра, улар орасида АҚШ санкцияси остига тушиши ортидан 11,1 миллиард долларидан айрилган «Северсталь» хўжайини Алексей Мордашов биринчи ўринда турибди. Ҳамёни озган ўрис пулдорлари орасида иккинчи ўринда Татьяна Бакальчук (8,3 миллиард долларидан жудо бўлган), учинчи ўринда эса Олег Тиньков номи тиркалган. У 5,9 миллиардидан айрилган.
+++
«Қирғизистон» банки 10 январдан бошлаб Россиянинг Contact ва Unistream тўлов тизимлари билан ишлашни тўхтатди. Банк сайтида тарқатилган маълумотга кўра, эндиликда мазкур тизимлар бўйича пул жўнатиш ва олиш имкони бўлмайди. Банк вакиллари қирғизистонликларга пул жўнатишда MBANK мобил иловасидан фойдаланишни тавсия қилган. Ўтган йилнинг ноябрь ойи охиридан Россия Марказий банки тезкор тўловлар тизимида халқаро пул жўнатмаларни йўлга қўйганди. Мазкур тизимга Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг 12 та банки уланган.
+++
Бошқирдистоннинг собиқ президенти Муртазо Раҳимов 88 ёшида ўлди. «Бобой» лақаби билан танилган сиёсатчи Бошқирдистонни 20 йил давомида (2010 йилгача) бошқарган. Раҳимов ҳукмронлиги даврида унинг оила аъзолари коррупцияга кўп аралашган, сайловларда эса сохтакорликларга йўл қўйилган. Бошқа томондан эса Муртазо Раҳимов Ўрусия таркибида бўла туриб, Кремлдан максимал даражада мустақил сиёсат юритишга интилган раҳбарлардан бири деб билинар эди. Ҳозирги раҳбар Радий Хабиров пайтида Бошқирдистон ҳар ишини Москванинг кўзига қараб бажарадиган муте бўлгага айланиб қолган.
+++
Беш болали йигитча… ўлди. Россиянинг Новосибирскидан бўлган беш боланинг отаси Украина урушида ўлди. Хабарларга кўра, у ҳарбий шартномага 2022 йилнинг 1 декабр куни қўл қўйган, 2023 йилнинг 4 январ куни эса эса ҳалок бўлган.
+++
Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида 11 январь куни Ташқи ишлар вазирлиги остонасида портлаш содир бўлди. Ал-Жазира хабарига кўра, худкуш ҳужум оқибатида 7 киши ўлиб, камида ўн киши ярадор бўлди.  
Айтилишича, чоршанба куни Кобулдаги ТИВ биносига Хитой делегацияси келиши кутилаётган эди.
Дунёдаги кўплаб мамлакатлар томонидан террористик деб топилган «Толибон» ҳаракати 2021 йилнинг август ойида Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олгани ортидан ўз ҳукуматини шакллантирган эди. Толиблар ҳокимияти ҳали ҳеч бир давлат томонидан расман тан олинган эмас, бироқ айрим давлатлар Толибон Афғонистони билан турли соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйишга уринмоқда ва бундай мамлакатлар орасида Ўзбекистон ҳам бор.
+++
Бу Элтуз каналидан сўнгги 600 cекунд ичида сизга етказмоқчи бўлган хабарларимиз эди. Кун давомида биз билан қолинг, каналларимизга обуна бўлишни унутманг.

@eltuz

Тағин ўқинг
16 январ 2017
Мирзиёевнинг тадбиркорлик ривожи ҳақидаги оташин сўзларига қарамай Ўзбекистонда кичик бизнес назорат идоралари босими остида танг аҳволда қолмоқда. Шавкат Мирзиёевнинг ...
16 сентябр 2019
Сорри, албатта, бироқ мен прогрессив Президентимизнинг кечаги фармонини тушунмадим. Нимага тўй индустриясини бузиш керак? Ҳозир тўй анъаналаридан, айниқса, бадавлат ...
29 май 2023
Руслан Давлетов Адлия вазири экан қўли остидаги ходимнинг пора олганини билатуриб, унинг ишишини прокуратурага оширмагани ҳақидаги пост Элтузда нашр ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...