Мултимедиа
20 март 2021

Императив-14. Дўстлардан розилик истаб

(Муҳаммад Солиҳ аудиокитобининг давоми)

Мурод Муҳаммад Дўст билан бизнинг йўлларимиз айрилган эди.

Мен Каримовга муxолиф кампда, Мурод эса Каримов ёнида жабҳа олди. Каримовнинг сиёсати тарафдори бўлгани учун эмас, бу сиёсатга ичида қарши бўлмагани учун, охир-оқибатда, яхшироқ яшаш учун саройга ишга кирди. Унинг позицияси сиёсийдан кўпроқ инсоний таржиҳ эди.

Сўнгги учрашувимиз 1995 йил январ ойида Американинг пойтахти Вашингтонда юз берди. Американинг Миллий Демократия Институти (NDI) бизни, ўзбек муxолифатини Ўзбекистоннинг Адлия Вазири Алишер Мардиев билан учрашувга таклиф этди. Айни кунларда Мурод Муҳаммад Дўст (Каримовнинг матбуот котиби сифатида), Эркин Аъзам (депутат сифатида) ва Ўзбек ТВ бош муҳаррири Фарход Рўзиев ҳам пайдо бўлишди Вашингтонда.

Улар билан меҳмонхонада кўришдик.

Кейин уларни машҳур физикачи академик Роналд Сагдеевнинг (АҚШ Президенти Эйзенхауэрнинг куёви) Вашингтон чеккасидаги дала ҳовлисига ўзим билан меҳмонга олиб бордим.

У ерда Мурод билан «Хоразм сегоҳи»ни айтганимизни ҳотирлайман. Бирга расмлар чекилди. Самимий суҳбатлар бўлди.

Мурод ҳам, Эркин ҳам ҳокимиятнинг ўз атрофига ёйган куч долғалари узра сузар эдилар. Руҳлари кўтаринки эди. Бу улар учун нормал эди. Мен учун ҳам нормал эди. Ҳатто ўзимдаги бу нормаллик туйғусидан ҳайратланганман.

Улар бизни қатағон қилган шахс билан бирга эдилар. Аммо уларни на ичимда, на ошкор айбладим. Ўтмишимиздаги дўстлик ҳуқуқи изн бермади шекилли.

Фақат Мурод мақомдан кетганидан сўнг унинг Каримовни оқлашга ўхшаган бир икки чиқишларига гувоҳ бўлдим. «Каримовни атрофидагилар диктатор қилди», деган маънода чиқишлар эди. Одам диктатор бўлиб туғилади, фитратида диктаторлик бўлмаган инсонни ҳеч ким диктатор қила олмайди. Айниқса, унинг дастурхонида суяк талашганлар уни диктатор қилолмайди.

Буни Мурод билади. Мурод ўзига етарли ёзувчи. Ўзига яраша орияти ҳам бор. Масaлан, диктаторнинг ёнида шунча йил ишлаб, бирор нишон олмагани тақдирга шоёндир.

Билолмадим, балки, бу «оқлаб чиқишлар» инсоний аҳду вафодир. Балки бу Каримовнинг ботинкасини ялаб юрганлар Каримов ўлганидан кейин уни дарров сотганлардан жирканиш ифодасидир. Лекин нима бўлса бўлсин, мингларча мусулмонни зиндонларда чиритган, қийноқларга солган, Андижонни қонга ботиришга амр берган, ўлка иқтисодини ботирган бир кимсани оқлаш ҳаракати Мурод Муҳаммад Дўстдек жиддий ёзувчига ярашмади.

Каримов тирик эди ҳали, бир куни биродарим, ажойиб шоир, мутасаввиф Собит Мадалига қўнғироқ қилиб, «бугун бормиз, эртага йўқ, сиздан бир илтимосим бор, фалон-фалон дўстлар билан мени телефонда гаплаштиринг, улардан менга ҳақларини ҳалол қилишни сўрамоқчиман. Ёшликда тарафимдан уларга нисбатан номаъқулчиликлар ўтган бўлиши мумкин, улардан розилик олайин», дедим.

Собит бир оз қизишиб: «Улар учун қайғурманг, улар жуда яхши яшаяпти диктатор соясида, жуда яхши!» деди. Мен, унга эътироз этолмадим. Илтимосимда ҳам исрорчи бўлмадим.

Диктаторлик режимларда «яхши яшаши» мумкин бўлган синфлар маълум.

Барибир, мен эски дўстларимнинг ўша «синф»га ўтганини ҳеч тасаввур қила олмайман. Аммо ҳақиқат мен кабиларнинг тасаввурига муҳтож эмас. Унинг зиммасида бор нарсани шафқатсизлик билан акс эттириш мукаллафияти бор…

Адабиётдаги дўстлар ҳақда фикр билдирар экан, ичимда доим Мусулмон билан Адабиётчи қарши-қаршига келади. Адабиётчи ҳақиқатни айтишни истайди, Мусулмон эса, дўстнинг қусурларини ўртишни яширишни маслаҳат беради. Бу иккисининг орасида туриб қилинган адабий таҳлил ҳам натижада ярим-ёрти бўлиб чиқади.

Баъзан профессионал бир орзукаш сифатида орзу қиламан…

Бертолт Брехтнинг бир шеъри бор эди, сюжети эсимда қолган: Адолф Гитлер фашизми давридан бир манзара: фашист режим аскарлари режимга қарши ёзилган китобларни кўчага чиқариб, намойишкорона ёқяпти. Буни кўрган бир шоир аскарларнинг ёнига келиб, исмини айтади ва «Менинг ҳам китобим борми ёқилаётганлар ичида?» деб сўрайди аскарлардан.

Аскарлар «йўқ» деб жавоб беришади. Шунда бу олмон шоири «Нега йўқ, нега?!” дея ҳайқиради. Аскарлар: «Билмаймиз», дейишади.

Шоир жунбушга кириб, телбаларча ҳайқиради: «Нега менинг китобим йўқ ёқилаётганлар ичида? Мен ёлғон ёздимми китобларимда? Мен ёлғончиманми? Дарҳол киритинг рўйхатга ва ёқинг китобларимни!» дея аскарларга ташланади…

Етмиш ёшида ҳам xаёлдан қутула олмаган бир xаёлпараст сифатида ўз мамлакатимда шу олмон шоири каби ватанпарварларни кўрмак истайман…

Совет символикаси, совет шиорларига нафрат баъзан қисқа бир сатр шаклида лирик шеърларга ҳам сачрарди. «Слава Октябрю» – «Октябрга шон-шарафлар!» шиори фақат Москвада эмас, Совет Иттифоқининг энг қолоқ бурчакларида ҳам осилиб-ёзилиб турадиган шиорларидан бири эди. Шу мавзуда Москвада ёзилган битта шеърни келтирмоқчиман:

ҚОР Фақат Oктябрга эмас, Сенга-да шараф-шон бўлсин, Қор!… Агар омон борса бойчечак Сен ҳақда баҳорга сўйлаб беради. Баҳор эшитганини, Қўнғироқдай жаранглаб ёзга айтади. Ёз ҳам сал-пал қўшиб ўзидан, Кузга етказади сен ҳақда хабар. Фақат куз сочлари сумбула Кўнгли бўш фасл Сен ҳақда йиғлайди тинимсиз». (1978)

«Валфажр», 1983

Ёки айни мавзуда яна-да очиқроқ бир киноя: ИШГА КЕЧИККАНДА Ахир, иш кутмоқда. Давлатнинг иши. Хотин зир югурар, Мен ураман дўқ.

Балконга қарайман тиришиб Ҳали ҳам кўйлагим қуригани йўқ!

Ахир, кутиб турар севимли ватан, Кўйлак-чи, буғланиб тамом бўлмас ҳеч Қандайдир дазмолнинг хиёнатидан Давлатнинг ишига бораманми кеч?!.

Яна идорага етиб боргунча, Шиорларга ҳам қарашим керак, Токи иш олдидан, ҳеч бўлмаганда, Илҳомланиб олсин бу юрак!.. (1981)

«Олис табассум сояси», 1986

(Давоми бор. Императив, 2020 йил, Истанбул)

Тағин ўқинг
11 ноябр 2022
Рассом Туз: Азиз оға ини, опа сингил қадрдонларим. Мана хафта айланиб сиз билан биргаман.Матчон Суқилиш: Ничиксизлар, мўччи ойбика ҳам ...
13 май 2019
Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Саид-Абдулазиз Юсупов 10 май ...
25 март 2022
Мамлакат мустақиллиги, эрк ва озодлик туйғуси озгина бўлса ҳам ичида борлар билан суҳбат қураëтганимга ишонаман. Улар балки минг, балки ...
10 феврал 2021
АҚШнинг навбатдаги 46-президенти ҳам яна ўша қароргоҳ – Оқ уйга кўчиб ўтди. Ўзбекистонда эса президентнинг учта қароргоҳи бор – Оқсарой, ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...