Асосий мавзулар
5 апрел 2021

Зўравон қайин ука сабаб аёл руҳий касалга чиқарилди

Фарғона шаҳрида яшовчи 32 ёшли Дилафрўз Умарова 2021 йилнинг февраль ойи бошида президентнинг вилоятга ташрифи вақтида уйидан мулозимлар томонидан руҳий касаллар шифохонасига мажбуран олиб кетилган. 

Умарованинг “Элтуз” билан суҳбатда айтишича, унинг шифохонага тиқилишига илгари қайин акаси томонидан калтаклангани, лекин ҳеч ким унга чора кўрмаётгани ҳақида турли ташкилотларга мурожаат этгани сабабдир.

Президент Фарғонага ташрифи чоғида Д.Умарова яшайдиган маҳаллага яқин “Шодиёна” МФЙга кутилмаганда ташриф буюрганди. Аёлнинг махсус шифохонага вақтинчалик олиб кетилиши норози кайфиятдагиларнинг овозини ўчириш мақсадини кўзлаган бўлиши мумкин. 

Қолаверса, бу ҳолат президентнинг “Шодиёна” маҳалласига кутилмаган ташрифи кўп ҳам кутилмаган бўлмаганига ҳам ишора қилади.

Дилафрўз Умарова, ўзининг сўзларига кўра, эри билан 2015 йилда танишган. У вақтда биринчи турмушидан ажрашган бўлиб, битта қизи бор эди. Эри ҳам бошида турмушидан ажрашганини айтган.

Улар шаръий никоҳда яшаган. Уйдагилари эрини уйлантириши ҳақида айтганида ҳам аёл бунга рози бўлган. 

“Чунки эрим номига эл-юрт кўрсин тўйимни, барибир сеникиман, деганди. Иккаламиз бир-биримизга анча ўрганиб қолгандик. Ҳатто тўйи куни ҳам эрим мен билан бирга эди. 

Тўйдан кейин яширинча учрашиб юрдик. Бунга унинг уйдагилари, айниқса, акаси қаршилик қилди. 2020 йилнинг 22 июнида у уйдагиларини алдаб, ишда навбатчиман, деб бизникига келган. Сўнг буни уйдагилари билиб қолган. 

Акаси уйимизга келиб, мени ҳақоратлаб, эримни олиб кетмоқчи бўлди. Эримни машинага солиб олиб кетаётганида орқасидан чиқдим. Қайин акам Асрор Мадраҳимов бошимга қаттиқ жароҳат етказди, юзимга ва танамга бир неча бор урди. Ҳатто кўзимдан тишлаб ҳам олганди, анча вақтгача оғриб юрди. 

Бу бўйича иш очилди. Қайнонам ва эрим ялингани учун қайин акам эмас, кундошим билан ўзаро жанжал бўлган, деб нотўғри кўрсатма беришга мажбур бўлганман”, деди Умарова “Элтуз”га.

Асрор Мадраҳимов Миллий гвардия тизимига қарашли “Динамо” жисмоний тарбия ва спорт жамиятида ишлайди. У “Элтуз”га воқеа бўйича гаплашишни истамаслиги айтди. 

Фарғона шаҳри ҳокими ўринбосари Дилфуза Хўжаеванинг сўзларига кўра, қайнонаси Дилафрўз Умарова, яъни келинининг устидан судга шикоят ариза берган. Суд қайнонанинг маъмурий жавобгарликка тортилиши билан якунланган.

Ҳоким ўринбосари Дилафрўз Умарованинг махсус шифохонага мажбурлаб олиб кетилганидан хабари борлиги, унга қўлидан келган барча ёрдамни бериб келаётганини билдирди. 

“Ҳолатни айтиб бормаган жойим қолмади, – дейди Дилафрўз Умарованинг ўзи. – Яқинда kun.uz сайтида мен ҳақимда чиққан ёлғон хабарини ўқиб ҳайрон қолдим. Воқеани тўлиқ, холис ёритмоқчи экан, нега менга телефон қилишмади? 

Ижтимоий тармоқларда ҳам хато маълумотлар тарқаб кетди. Худога шукур, ўзимнинг уйим бор, ўзимга тўқман. Ўз боласига алиментни зўрға тўлаётган отадан нима ҳам талаб қилишим мумкин. 

Уни мен мажбурлаб ўзим билан яшаттирмаганман. У ўша калтакланиш воқеасидан сўнг ҳам бизникига келиб кетиб юрган (бу “Элтуз”га тақдим этган ҳужжатларда акс этган). 

Ўғлим яқинда икки ёш бўлади. Мен улардан пул ундириш ёки бошқа учун курашмаяпман. Ўртада бола етим қолди. Аслида бундай ота ўғлимга ҳам, менга ҳам керак эмас экан. 

Эрим Даврон Мадраҳимовга нисбатан адоватим йўқ. У ИИБ соҳасида ишлайди. Ҳатто ўзим эримнинг раҳбари билан гаплашиб, вазиятни тушунтириб, уни ишда қолдиришларини сўраганман. Шундан сўнг унинг ишида ҳеч қандай муаммо чиқмади, ишлаб юрибди”.

Ижтимоий тармоқларда Дилафрўз Умарованинг 2020 йил июнь ойида калтакланган ҳолати акс этган сурати тарқаб кетди. Қирғизистонлик бир неча фуқаро асли ўшлик бўлган аёлнинг тарафини олиб, зўравон қайин акага нисбатан чора кўриш зарурлигини айтиб чиққан. 

Тағин ўқинг
16 май 2022
Toшкентдаги гимнастикачи аёл суратига юбка кийдирилди. Бу «маънавий таҳрир» Тошкент шаҳар ҳокимлиги «ижоди» бўлиши мумкинлиги ҳақида маҳаллий блогер Никита ...
15 март 2023
«Бриллиант қўл» кинофильми қаҳрамони чет элда «ит одамга дўстдир» «бизда эса домком дўстдир» дейди. Ўзини «домком» ëки «этажком» деб ...
6 июл 2017
Президент Мирзиёевнинг 29 май кунги қарори билан «Ўзбекэнерго» 6 562 нафар электромонтёрни, «Ўзтрансгаз» эса 4 255 нафар газ текширувчини ...
30 август 2018
Сентябрь келиб, Мустақиллик шарафига карнай-сурнай, мактабларда биринчи қўнғироқ, ўқиш бошланиши кетидан мамлакатда пахта терими бошланади. Нафақат фермерлар, балки ўқувчи, ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...