Солиқчилар таниқли депутатни судга берди
Давлат солиқ қўмитаси ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари бирлашган касаба уюшмаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоевни судга берди.
Қўмитанинг шу ҳақдаги расмий баёнотида билдирилишича, бунга депутатнинг «HUMAN UZ» ахборот порталидаги “Сўз блогерларга” кўрсатувининг 2021 йил 23 февралдаги сонида айтган «ҳақоратомуз сўзлари» сабаб бўлган.
Ушбу кўрсатувда Расул Кушербоев айтган бир неча сўзлар, хусусан, «…солиқ органлари… тадбиркорни айбдор деб топишим керак деган принципда ишлаяпти…”, деган жумлалари ҳақорат сифатида талқин қилинмоқда.
«У ушбу хатти-ҳаракатлари орқали солиқ органлари ходимларининг ишчанлик обрўсига путур етказган», дейилади ДСҚ баёнотида.
Қўмита депутат шу гап-сўзларига «ОАВ орқали раддия бериши ва кечирим сўраши лозимлиги»ни таъкидлаб, бу хатти-ҳаракатлари билан у солиқ органларига 4,6 млрд. сўм миқдорида маънавий зарар етказганини иддао қилади.
Қўмита маънавий зарар ундирилгач, маблағ “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳузуридаги “Саховат ва кўмак” жамғармасига ўтказилишини маълум қилган.