Мултимедиа
7 май 2021

Императив-25. Пасткашлик комплекси

(Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобининг 25-қисми. Матннинг аудиоверсиясини муаллифнинг ўзи ўқиган. Аудиокитобнинг боши ва олдинги қисмлари “Элтуз”нинг “Императив” рукнида. Давоми бор.)

Ҳеч инглизларнинг «Бошда кепкам, юрадирман ғўддайиб», деган таҳдидини эшитганмисиз? Албатта, эшитмадингиз, эшитмайсиз ҳaм.

Улар дунёнинг ярмини юзларида совуқ табассум билан босиб олди.

Сургунга қувганимиз шоҳ Бобурнинг Ҳиндистонда иншо этгани 300 йиллик салтанатни йиқар экан, уларнинг юзларида совуқ жилмайишдан бошқа ҳеч бир ифода йўқ эди.

Улар Арабистонда аждодларимизнинг бошқа бир уруғи (ўғуз) қурган Усмонийлар империясини йиқаётганида ҳам Қироллик юзида айни ифода бор эди. Буни машҳур инглиз жосуси Лоуренс ҳақидаги фильмда кўргандирсиз.

Биз нега инглизлар қадар совуққон бўла олмадик душманлар қаршисида?

Қачон биз енгилишни қисмат ўлароқ қабул эта бошладик?

Сийналарда бу пасткашлик комплекси қачондан бошлаб урчий бошлади?

Амир Темурнинг вафоти ақобинда йиқилган салтанатмиди чўкишнинг бошланиши?

Шайбоний давлати эдими бизнинг сўнг сапчишимиз?

Сўнгра миллат ва давлат сифатида парча-парча бўлиш – қочиб бўлмас қисматмиди ҳақиқатан ҳам? Хоинлар Тошкентнинг дарвозаларини русларга очиб бераётганида Қўқон нега «Тўхта!» дея ҳайқирмади; нега Бухоро амири жорияларнинг қучоғидан чиқиб, русга «Ҳей, нима қиляпсан?» демади; нега Хива хони чилимдан бошини кўтариб, душман «Тошкентни ишғол этди, ҳамма жиҳодга!» дея оёқланмади?

Пасткашлик комплексининг фақат қон билан тозаланишини чуқур ҳис этган «босмачилар» рус босқинчисига қарши қўлидан келганини қилди, аммо оғизбирлиги бўлмагани учун ҳаммаси ҳалок бўлди.

Қардошларимга жиҳодда ёрдам бераман, деб Туркиядан Туркистонга келган генерал Анвар Пошо ҳам бу пароканда умматни, пасткашлик комплекси қон-қонига сингиб кетган бу миллатни залолатдан қутқара олмади. Бу комплекс ҳар қандай душмандан таҳликалироқ эди. Чунки душман ташқарида, пасткашлик туйғуси эса нақ кўксимизга ерлашган эди.

Бу хасталикка қарши курашда жадидлар ўз ҳаётларини фидо этди.

Аммо уларнинг шаҳодати ҳам бизда душманга нисбатан кин уйғота олмади.

Аксинча, жадид каби ўлдирилишдан қўрқиб, душманга мадҳиялар ёздик. Бу ит садоқати учун худди итлар мусобақасида ғолиб келган кўппакка медал таққанидай, бўйнимизга «халқ шоири» медалионини осдилар.

Биз эса бу медалионларни соллантирганча шаҳид жадидларнинг мозорига бориб, «Тақиқланган китобингни яқинда чиқарамиз, рус руxсат берди, руҳинг ҳузур ичида ётсин, шаҳидим!» дея нутқлар ўқидик.

Биз ҳақорат ва хўрликка кўниккан эдик:

КЎНИКИШ

Шу қадар хижолат бўлардики, шўрлик,

Кўзи тиниб, ҳеч нарса кўрмасди.

Уят кучли эди, кучли эди хўрлик,

Ер ёрилмас эди, ерга кирмасди…

Одам ҳар нарсага кўникар экан,

Кўникиб олди у тақдирга

Энди ер ёрилар эди уятдан,

у бўлса, кирмасди ёрилган ерга! (1981)

Mуҳаммад Солиҳ

Тағин ўқинг
29 август 2023
Марказий осиё мамлакатлари дипломатлари баъзан ўзларини давлатнинг ўзга мамлакатлардаги элчилари эканини унутиб қўйишади. БМТ минбарида бўлсин, ё бошқа жойда ...
6 март 2019
Ўзбекистон Бош прокуратурасининг 5 март куни билдиришича, 10 йиллик қамоқ жазосини уйда ўтаëтган 47 ёшли Гулнора Каримова  “жазони ўташ ...
27 апрел 2020
Тарих такрор саҳналардир. XVIII-XIX асрда Россия зодагон ва башанглари асосан француз тилида гаплашишган. Пушкиннинг тили французча чиққан ва беш ...
1 январ 2021
Мана, ўлмаган қул сиз билан 2021 йилнинг илк кунида дийдорлашиб ўтирибман. 364 кунлик китоб турибди олдимда. Бир-бир варақлайман. Кўчада ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...