Асосий мавзулар
10 май 2021

Ёймачи аёл: Солиқчиларнинг ёрдам бергани ҳақидаги гаплари ёлғон

Олмалиқ шаҳрида солиқчилар ёймачилик ортидан тирикчилик ўтказаётган аёлларни судра-судра қилгани ортидан кўтарилган шов-шувдан сўнг воқеа иштирокчилари Давлат солиқ қўмитасининг бу тадбиркор аёлларга ҳар томонлама кўмак берилгани ҳақида тарқатган хабари ёлғон эканини билдиришди.

Эътиборлиси шундаки, солиқчилар ёймачиларни тортқилагани ва товарларини мусодара этгани тасвирланган видеолавҳалар тарқалиб кетганидан сўнг ДСҚ раиси Шерзод Кудбиев бу воқеага муносабат билдириб, халқдан узр сўраганди. 

Шундан кейин ДСҚ мазкур ҳолат юзасидан хабар тарқатиб, шу пайтга қадар ноқонуний фаолият юритган фуқароларга (яъни ёймачи аёлларга) “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида тегишли ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, фаолияти қонунийлаштирилгани айтганди. 

Хабарда уларга Олмалиқ шаҳридаги савдо марказидан тегишли жой ажратиб берилгани, шунингдек, кредит олишда амалий ёрдам кўрсатилиб, улардан бирига тикув машинаси ҳадя этилгани маълум қилинганди. 

Аммо ёймачи аёллардан бирининг “Элтуз”да мавжуд видеомурожаатига кўра, ДСҚ раиси ўринбосарлари томонидан кўплаб ваъдалар берилганига қарамай, уларнинг ҳеч бири бажарилмаган.

“Ўша воқеадан кейин ўринбосарларингиз ва бошқа мутасаддилар келиб, бизга қоп-қоп ваъдалар беришиб, биздан ёлғондан интервью олишиб, ҳеч қайси ваъдаларини бажаришмади. 

Бир ой муддатда давлат рўйхатидан ўтказиб, патент очиб берамиз, дейишди. Ҳаммасини қилиб берамиз, кредит олиб берамиз, дейишди. Ҳаммаси ёлғон. Ҳеч нарса қилиб беришмади. 

Жой ҳам йўқ, кредит ҳам йўқ. Қани тадбиркорга ёрдам бергани? Ҳаммаси ёлғондан интервью олгунларича экан”,  дейди у ДСҚ раиси Шерзод Кудбиев номига қилинган видеомурожаатида. 

Умуман, кузатувчилар фикрича, давлат идораларининг бу каби кўзбўямачиликлари кундан кунга кўпайиб бормоқда. Шов-шувли воқеаларга тезкорлик билан муносабат билдирилаётганига қарамай, улар бости-бости қилиниб, долзарблиги йўқолиши билан яна эътибордан четда қолдирилиб келиняпти. 

Шу ўринда тарихнинг бир сабоғи эсга тушади. 

2010 йилда Тунисда солиқчилар кўчада аравада мева сотиб юрадиган Муҳаммад Буазизий исмли оддий бир кишининг мева-чеваларини мусодара қилганди. Бунга жавобан у ўзига ўт қўйиб юборганди.

Шундан сўнг халқ Туниснинг коррупционер президенти Бин Али ва кланига қарши исён кўтариб, уни тахтдан ағдариб, мамлакатдан қочиб кетишга мажбур этганди. 

Бугунги Ўзбекистондаги воқеалар мамлакатдаги ҳукмрон доираларга Тунис сабоғини эслатмаётгани ажабланарли. 

Бундан икки хулоса чиқариш мумкин – ҳукумат ўзбек халқини бундай исёнга қодир эмас деб ўйлайди ёки бир ҳовуч амалдорлар ўзининг халқнинг ҳар қандай норозилигини бостиришга қодирлигига ҳамда эл уларнинг ҳар қандай ёлғонига кўниб кетаверишига ишонади!

Eltuz.com

Тағин ўқинг
18 октябр 2015
Ассалому алайкум азиз ҳамюртлар! Мен бу воқеани сизларга айтмасам бир умр бўйнимда қарз бўлиб қолади. Шу сабабли узоқ ўйлаб ...
31 январ 2022
(Рассом Туз ҳикоялари. Давоми, боши ўтган сонларда) Холли уйга келиб, диванга ëнбошлади. Мойка эгаси бўлиб бойиш орзуси унинг ҳаëлини ...
21 май 2017
Ўзбекистон президентининг тергов жараёнига оид янги қарори ижобий баҳоланаётган бўлса-да, мамлакатда кучли адвокатура, фуқаролик жамияти ва мустақил оммавий ахборот ...
18 ноябр 2016
Ўзини аввалига Сабрина деб таништирган 22 яшар Ўзбекистон ватандоши Муштарий. С дугонаси асли озарбайжонлик 23 яшар Латифа Мамедова билан ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...