Мултимедиа
13 май 2021

Императив-27. Жасоратнинг кўзи

(Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” аудиокитобининг 26-қисми. Матнни муаллифнинг ўзи ўқиган. Аудиокитобнинг боши ва олдинги қисмлари “Элтуз”нинг “Императив” рукнида. Давоми бор.)

Бизнинг оёқларимиздаги занжир, зеҳнларимиздаги назорат фақат коммунистик режим занжири ва назорати эмас, бизни бу моддий дунёга боғлаган соф инсоний, оилавий-маиший ришталар назорати ҳам эди.

Бизни истаганча қатл этди, сўнгра онгимизга ТИНЧ ҲАЁТ орзусини сингдира бошлади душман.

ТИНЧЛИК калимаси СССР шиорларининг марказидаги сўз эди. Нима бўлса бўлсин, аммо тинчлик бўлсин. Озодлик нимага керак, ҳуррият нима дегани? Биз биламиз, сенга ТИНЧЛИК керак. Бутун дунёга ТИНЧЛИК керак.

Аслида бу ТИНЧЛИК культи ижодкорлари 350 миллионли халққа қарши 75 йил тотал УРУШ олиб борди. Сталин репрессияларида ўлдирилаган одам сони 40 миллион. Бу Сталиннинг бизга берган ТИНЧЛИГИ. Сталин «Улуғ Ватан Уруши» деб атаган УРУШда (1941-1945) ўлганлар сони 20 миллион. Сталин репрессияларининг символи бўлган сана 1937 йил ҳам биз учун ҳеч тугамайдиган йил бўлди. Совет Иттифоқи тугади, аммо 37-йил тугамади.

Сталиннинг мухлиси Каримов ҳукмронлик қилган ҳар бир йилини 37-йилга айлантирди.

Шу маънода Сталин давридаги 37-йил шаҳидлари устида кўзёш тўкиб, «Каримовнинг 37-йили» ҳақида лом-мим демаётган ўзбек зиёлиларининг кўзёшлари алдамчи кўзёшлардир, ўзлари эса мунофиқдирлар.

ОНАНИНГ ДЕГАНИ

(Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон хотирасига)

Сен ҳам ўша йўлдан кетдинг-а, болам,

Қайт, дедим, қайтмадинг, энди кеч, эвоҳ

Ром этди сени ҳам шубҳали оҳанг,

Ром этди юртидан ҳайдалган арвоҳ.

Ахир, ўша йўлдан кетдинг-ку, ахир,

Энди гуллар эмас, тикон босгайсан,

Сен ҳам арвоҳ янглиғ юргайсан фақир,

Ўз тилингни сен ҳам шифтга осгайсан.

Ўшал эски йўлдан кетдинг-а, болам,

Қўрқмай тикилдинг-а қоронғи ғорга –

Эвоҳ, бошгинангни урарсан сен ҳам

Арвоҳ бошин урган ўша деворга!.. (1985)

«Олис табассум сояси» (1986)

Бу сатрларда айтилган сўзлар волидамнинг менга айтган сўзларидир. Бу ерда адабиёт йўқ. Муболаға йўқ. Шафқатсиз реалистик услуб. Ўз халқига қилинган ҳақоратни ўз шахсига қилинган ҳақорат сифатида қабул қилмаган бир зиёли зиёли эмасдир. Буни қабул қилиб, бунинг учун бадал тўлашни истамаган зиёли ҳам зиёли эмас.

Бу бадални тўлашдан қўрқмайдиган, керак бўлса, бошини Чўлпон урган деворга уришга тайёр, керак бўлса, унинг каби отилишга ҳозир зиёлигина бу исмга лойиқдир.

1975 йил ёзилган ушбу мувашшаҳ ҳам Чўлпонга бағишланган:

ШОИР ХОТИРАСИГА

Чўктирдим шеъримни тош боғлаб бўйнига,

Ўша сен чўктирилган жойга бугун мен.

Лоақал, қарасанг сатрлар ўйинига,

Поёнсиз ўлимнинг бағрида нигун – сен.

Она тил сўзлари эслайди ҳар куни

Не бўпти кимнингдир ёдида бўлмасанг… (1975)

«Шаффоф уй» (1985)

1975 да каби 1985 да ҳам Ўзбекистонда «халқ душмани» унвони феълан олиб ташланмаган Чўлпон ҳақида шеър чоп қилишнинг имкони йўқ эди.

Бу шеър босилди, чунки мувашшаҳ эди, аммо мувашшаҳ деб ёзилмаган эди.

Ҳеч ким матн сатрларининг бош ҳарфларини қўшиб ўқимагани аниқ.

Фақат цензура эмас, муҳаррирлар ҳам матндан шубҳаланмади чоғи, шеър китобда босилди.

Китобнинг муҳаррири Анвар Обиджон эди. Балки Анвар кўргандир, таваккал қилиб ўтказиб юборган бўлиши мумкин. Лекин Анвар Обиджон билан шеърнинг Чўлпонга марсия экани ҳақида ҳеч қачон гаплашмаганмиз. На китоб босилаётганида, на кейин.

Биз 70-80-йилларда Чўлпонни жуда идеаллаштирдик. Бошқа идеал йўқди.

Жадидлар ичида Чўлпон биз учун афсонавий бир шахсият эди. Шу қадарки, унинг шеърларининг машинкада босилган «самиздат» шаклини бизга берган Озод Шарафиддинов каби режим тарбиясини кўрган, коммунист ахлоқидаги бир шахс ҳам бу афсонавийлик чамбарида бизга муборак бўлиб кўрина бошлаган эди.

Биз ўз жасоратсизлигимиздан уялар эдик:

ЖАСОРАТНИНГ КЎЗИ

Менга уйқу бермас Жасоратнинг кўзи.

«Нега жимсан?» дейди у менга.

«Нега жимсан, қўлинг озод бўлиб, оёғинг соғ бўлиб, нега жимсан?» дейди у менга тикилиб.

«Бу қўллар боғлиқ бўлиши мумкин эди», дейди менинг қўлларимни кўрсатиб.

«Бу оёқларда кишан бўлиши мумкин эди-ку», дейди у менинг оёқларимга имо қилиб.

«Тўғри, – дейман мен. –

сенинг тажрибанг бор,

сен боғлиқ қўлларни ҳам кўргансан,

кишанли оёқларни ҳам.

Лекин мендан нима истайсан,

Жасоратнинг кўзи!»

Бақирганим кор қилмайди, тепамдан кетмайди,

тонггача қадалиб туради

Жасоратнинг кўзи (1982)

«Валфажр» (1983)

Чўлпоннинг Туркистоннинг қора тақдири ҳақидаги шеърлари бизни қаттиқ таъсирлантирган. Ватан душман тарафидан истило этилган эди. Шеърларида Чўлпон ўзини рад этилган фарзанд ҳис этарди.

Биз ҳам 70-80-йилларда унинг ҳис этганини ҳис этардик ватанимизда. Душман ҳам айни душман эди. Қуйидаги шеър шу ҳисларни ифода этади:

МАХЛУҚ

У бир махлуқ дунё боғида,

Унинг турган-битгани қайғу

Кишан йўқ-ку қўл, оёғида,

Аммо эркни, эркни истар у.

У бир махлуқ, юрган бир дайди,

Йўқ, йўқ, юрмас, кўкларда учар,

У ўзининг нафратин ейди,

У ўзининг ғазабин ичар.

Шундай махлуқ, унинг ёнида

Ҳар бир аёл кўринади тул.

«Келгинди»миш ўз ватанида,

Ўз уйида «номаҳрам»миш ул…

Бас қил, махлуқ! Бас қил, дедим, бас!

Музламасин юзингда қаҳр,

Бу дунёда мумкин-ку яшаш,

Ватансиз ҳам мумкин-ку, ахир! (1985)

«Олис табассум сояси» (1986

Бундай шеърларнинг босилиши шоирнинг осилиши эди 1937 йилларда.

Аммо 85-йилга келиб, Чўлпонга насиб бўлмаган бахт бизга насиб бўлди, бу шеърлар дунё юзини кўрди.

Бу бир «мўъжиза» эди.

Бу «мўжиза»га келинган йўл: Ўзбекистон «Госкомиздат» цензурасига 50 дан ошиқ шеърга «антисовет тагмазмун йўқ», деб ҳар шеърга алоҳида изоҳ ёзиб бердим.

Нашриётнинг, «Олис табассум»га ички тақриз ёзган Иброҳим Ғафуровнинг талаби билан ёзиб бердим. Ҳар ҳолда, ундан цензура (КГБ) «илтимос» қилган бўлса керак.

Цензура бизни сўз билан ишлашда яна-да ҳассослаштирар эди:

МУДДАТДАН СЎНГ

Унинг оғзи бир йил муддат билан тикилган эди.

Роппа-роса бир йилдан кейин

Суғуриб олишди унинг оғзидаги ипларни.

Ингради, қора терга тушди

Битиб қолган оғиз очилар экан.

Шунда у тушунди ўз сўзларининг

Бу даҳшатли ипга нисбатан

Нақадар оғриқсиз суғурилишини.

«Валфажр» (1983)

(1979)

Биз озодликда юриб нақадар қулай ва осон сафсата сотганимизни фақат озодликдан маҳрум этилганимизда англаяжагимизни идрок этардик.

Бу «оғиз тикиш» сиёсати руслардан сўнг ҳам, мен Тошкентни тарк этган паллаларимда (1993) ҳам давом этаётган эди. Қуллик психологиясининг бу «янги тарихи» 1918 йилдан бошланади. Чор Русияси мустамлакаси ўзининг мустамлакачи эканини яширмаган эди, СССР эса яширди. У «халқлар дўстлиги», «интернационал» каби қўпол тикилган «байроқ»ларини бизнинг мазлум халқларимиз қўлига тутқазди.

Ўтган аср бошида жуда қисқа муддатга бир миллий бошқарув тузиш имкони пайдо бўлди бизда. Дунё ўзгараётган эди, турли катаклизмалар юз кўрсата бошлаган эди. Биз ҳам Чор Русияси йиқилганидан фойдаланиб, илк бора бир миллий давлат қурдик.

1918 йил таъсис этилиб, 2 ой сўнгра руслар ва армани дашноқлар тарафидан йўқ қилинган Қўқон (Туркистон) мухториятини назарда тутяпман.

Бу қисқа умрли давлатнинг бошқарувчилари жадидлар мафкурасида етишган янги сиёсатчилар (Беҳбудий, Мустафо Чўқай, Тинишбоев ва бошқалар) эди.

Шу даврда қурилган Хоразм ва Бухоро жумҳуриятларида ҳам жадид зеҳнияти ҳокимиятга келди. Аммо 1924 йил большевиклар бу миллий бошқарувларни тугатиб, Туркистонни СССР деб аталмиш давлат ўз ҳокимияти остига олди.

Оқибатда Туркистон мустамлаканинг иккинчи босқичи – 70 йиллик совет босқичига кирди.

Муҳаммад Солиҳ

Тағин ўқинг
27 июл 2018
2003 йилнинг июли. Зона бошлиқларига дунёнинг ҳамма жойидан Муҳаммад Бекжон номига хатлар келаётгани ёқмайди. Улар вазиятга қараб иш кўришга ...
18 май 2021
“Элтуз”га яқин ва бир-биридан мустақил манбаларнинг хабар беришича, Ўзбекистонга гўёки йирик инвестицияларни амалга ошириш учун кириб келган олигарх Фаттоҳ ...
11 май 2018
Ўзбекистоннинг давлат монополисти бўлган «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси хусусийлаштирилади. Бу ҳақда Халқаро валюта жамғармаси маслаҳатчиси Сардор Саъдуллаев 9 май ...
26 ноябр 2022
Нукусдаги воқеаларни ўрганиш бўйича парламент комиссияси таклифи ва Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси илтимосномасига кўра, намойишларда қатнашиб Ўзбекистон мунтазам армияси ва ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...