Мултимедиа
4 июн 2021

Муҳаммад Солиҳ: “Мeнинг бутун пантуркизмим қардошимнинг нафасини ёнимда эшитмакдир”

(Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 30-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми бор.)

Қутулишинг ягона йўли эса дунё туркларининг бирлигидир.

Гапирилавериб деярли сиёсий демагогияга айлантирилган бу шўрлик ғоя сафсаталар кули остида ҳали ҳам ўчмаган бир чўғ. Бундан йигирма йил бурун ёзганим қуйидаги матн ўша чўғнинг тафтидир:

МУҲАММАД СОЛИҲ: “МEНИНГ БУТУН ПАНТУРКИЗМИМ ҚАРДОШИМНИНГ НАФАСИНИ ЁНИМДА ЭШИТМАКДИР”

(Бу матн 2000 йилда Туркиядаги коммунистларининг “Ойдинлик” газетасида чоп этилган туҳматларга жавобан Истанбул туркчасида ёзилганди. Дўстларнинг талабига биноан уни такрор ёйинлашга  қарор  қилдик. Фақат матннинг бу версияси турк дунёсидаги жорий воқелик ҳисобга олинган ҳолда бироз ўзгартирилди).

Совет даврида коммунистлар каминани пантуркизмда айблашарди, сўнгра яна ўша коммунистлар (мустақиллик даврида) мени шариатчиликда айбладилар.

Энг қизиғи, Туркияга келганимиздан кейин турк коммунистларининг бир газетаси ҳам ўзбек ғоядошларига жўр бўлиб, мени ислом радикализмида айблай бошлади.

Бу коммунистик жазавага жавоб беришга мажбур бўлдим ва ушбу мақолани ёздим:

Ҳа, мен турк ирқига мансубман, аниқроғи, туркистонлик туркман. Туркистон деганда турклар яшайдиган замин тушунилади.

Ҳа, биз 70-80 йилларда турк дунёсининг бирлашишини орзу қилардик. Бу бизнинг ёшликдаги идеалимиз эди. Биз энди кексая бошладик, аммо идеалимиз ҳали ҳам навқирон. Турк дунёси бирлиги орзуси қалбимизда яшашда давом этмоқда. “Туркистон” ва “Турон” тушунчалари ниҳоят бизнинг адабий хаёллар оламидан чиқиб, дунёда ўзининг лойиқ бўлган геосиёсий ўрнини олиши керак.

1917 йилдаги Владимир Ленин уюштирган октябрь тўнтаришидан кейин рус большевиклари Туркистон номини ўзгартирдилар. Улар бу ҳудудни беш қисм (“республикалар”)га бўлишди ва бу парчаларга бешта ном беришди.

Бугунги кунда Ўрта Осиё республикалари большевиклар томонидан уларга берилган ўша номларни ташияпти. Ўзбекистон улардан бири. Мен ўша минтақаданман. Яъни ўзбек туркиман.

Турклигидан хижолат бўлмаган, турклигидан уялмаган турк.

Яратган уни шундай яратганига шукур этган турк.

Аммо турк эканидан ғурурланмаган турк.

Энди шу уч туйғуга, уялмаслик, шукур этмак ва ғурурланмасликка изоҳ бераман.

Туркистон 135 йил давомида аввал Чор Русияси, сўнгра большевиклар Русиясининг мустамлакаси сифатида яшади. Ушбу 135 йилнинг 30 йили русларга қарши гоҳ алангаланиб, гоҳ сўниб турган мустақиллик учун жанглар билан кечди. Туркистон халқининг бу қўзғолонлари доим энг қонли шаклда бостирилди.

Минтақа аҳолиси сурункали маданий ва этник ассимиляцияга тобе тутилди. Совет давлати туб аҳолини манқуртлаштиришга кўп уринди.

Рус тилини билмаганлар давлатнинг юқори лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

Аммо Туркистон халқи ота-боболари гапирган тилдан воз кечмади. Урф-одатларини ҳам, қонга сингиб кетган маданиятини ҳам унутмади. Яъни бу одамлар ўзларининг турклиги учун ҳеч қачон хижолат бўлмадилар, уялмадилар.

Юқорида “уялмаслик” ҳақида гапирганда шуни назарда тутган эдим.

Халқимни ва мени бу ноқислик туйғусидан ҳимоя қилгани учун Аллоҳга шукур этаман. Тўрт минг йиллик тарихимизга назар ташлаганимда, бу шукур туйғуси янада кучаяди.

Душман тарихчиси турк ҳақида бундай ёзиши мумкин: “Биз аҳмоқ туркларни чиройли сўзлар билан алдадик!” Ёки: “Биз туркларни бир-бирига қарши қўйдик!” Ёки: “Биз туркларнинг орқасидан ханжар урдик!” ва ҳоказо дея ёзишлари мумкин.

Аммо ҳеч бир душман тарихчиси: “Турклар дўстларига хиёнат этдилар”, “Турклар ваъдаларини бажармадилар”, “Турклар вафосиз”, “Турклар жангда қўрқоқлик қилдилар”, деб ёза олмаганлар. Камина ушбу олижаноб қавмнинг бир парчаси ўлароқ, яратилгани учун Аллоҳга шукур қиламан. Юқорида “шукур” ҳақида гапирганимда шуни назарда тутгандим.

Ғурурга келсак, Ммен турк эканимдан ғурурланмайман. Чунки турклик менинг хизматим эмас. Мени турк ирқида яратган Аллоҳдир. Бундан ғурурланишга ҳаққим йўқ.

Агар рус ёки инглиз-саксон ёки ҳабаш ўз ирқи ва миллати билан ғурурланса, бу уларнинг иши. Мен фақат ўзини, ўз руҳини танишга интилаётган, лекин ҳали ҳам тўла таний олмаган бир бандаман.

Ўз руҳини танишга ҳаракат қилган киши менинг айтаётганларимни тушунади.

Агар ўзимизни билсак, танисак, биз яшаётган аср мўъжизалар асрига айланажакдир.

Бу билим бизни янги давр технологиясининг сеҳрига асир тушиш хавфидан қутқаражак. Бу билим ирқчилик тузоғига тушмасдан, миллий қадриятларимизни, диний ақидапарастликка берилмасдан, иймон-эътиқодимизни сақлаб қолишга васила бўлажак. Агар инсон замонасини нафақат юқори технология, балки юксак ахлоқ асрига айлантириш ниятида янги давр дарвозасига яқинлашса, у одам зотига юкланган миссиясини бажарган бўлади.

Демоқчиманки, ахлоқ инсон фаолиятининг бутун жабҳаларининг, айниқса, сиёсатнинг асоси бўлиши керак. Замонамиз  таҳлилчилари давлатларнинг чўкиши сабабларини ҳар соҳада излашади, аммо ишнинг ахлоқий тарафига камдан-кам қарайдилар. Чунки улар ахлоқсизликни сиёсий ҳаётга зиён етказадиган бир куч дея ҳисобламайдилар. Шу тарзда сиёсатдаги ахлоқсизлик одатий ҳол сифатида қабул қилинади.

Бу ёндашув универсал. Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам, дунёвий давлатлар каби теократик режимлар сиёсатида ҳам нормал қабул қилинган ҳолат бу. Аммо теранроқ назар ташланса, давлатлар ва жамиятларнинг қулашидаги энг муҳим омилнинг ахлоқсизлик эканини кўриш мумкин.

Мутахассисларнинг у ёки бу давлат, у ёки бу цивилизация ўлимига сабаб санагани барча “иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, ички ва ташқи” омиллар асосида ахлоқий омил ётади.

Давлатларни ичдан кемириб, битирган порахўрлик, коррупция, адолатсизлик ва ҳоказо иллатлар ахлоқсизликнинг бевосита оқибатларидир.

Римни ёқиб юборган Нерондан тортиб, то Марказий Осиё халқларини қашшоқлик ботқоғига ботирган Ўзбекбоши, Туркманбоши типидаги коммунистик диктаторларгача – ҳаммаси ахлоқсизлик фарзандларидир.

Аксинча, қачонлардир ота-боболаримиз ҳукмронлиги остида гуллаб-яшнаган, ҳузур ва рафоҳ ичида яшаган давлатлар тарихига назар ташласак, бу давлатларнинг қудрати юксак ахлоқий тамойилларга содиқ шахсларнинг сиёсий закоси маҳсули бўлганини кўрамиз.

Бу ўрнаклар кўз олдида турар экан, биз сиёсий тузум ва давлат моделларини танлашда муаммога дуч келмаслигимиз керак.

Албатта, биз барпо этишни орзу қилган давлат ҳуқуқ давлатидир.

Аммо бу давлат тамалига ахлоқий қадриятлар қўйилмас экан, демократия анархияга, ҳуқуқ эса сафсатага айланади. Тарихда бунга мисол кўп.

Бугунги кунда турк дунёси ахлоқий сиёсат ва юқори ахлоқли сиёсатчиларга жуда муҳтож.

Ушбу дилемманинг ечими сиёсий ва иқтисодий масалаларни ҳал қилишдан муҳимроқ.

Агар бугун бир сиёсатчи “бош”имиз чиқиб, “Туркистон – барча туркларнинг уйи, турклар бирлашсин!” деб ҳайқирса, унга ҳеч ким ишонмайди. Ёки коррупция ва бўғзига қадар порахўрликка ботган бошқа биттаси  юксалиб: “Яшасин Адриатикадан Хитой деворигача Турк дунёси!” дея ҳайқирса, унга ҳам ишонадиган одам топиш қийин.

Шу пайтгача бизнинг сиёсатчиларимизнинг турк дунёси интеграцияси ҳақидаги оташин нутқлари кутилган натижани бермади, аксинча, қуруқ сўзлар бу муқаддас ғояни обрўсизлантирди. Ҳатто турк дунёси учун ягона алифбо каби ўзига хос лойиҳани уддалай олмадик.

Турк давлатлари арбоблари турк дунёси интеграцияси учун эмас, балки ўзларининг маҳаллий ҳукмдорлари эгосини силайдиган “ўз алифбоси”ни тузмоқдалар. Улар тузган алифболар турк тилларини яқинлаштиришга эмас, аксинча, уларни бир-биридан узоқлаштиришга сабаб бўлажаги тайин. Янги алифбо тузишдаги бу тенденция охир-оқибатда турк тилларига хос сингармоник моҳиятга, унлилар уйғунлигининг ифодасига зарар беради.

Шундай ғалати бир саботаж кузатиляпти турк дунёсида.

Айни интизомсизлик турк қавмлари ўртасидаги бирдамлик, бир-бирини қўллаб-қувватлаш масаласида ҳам давом этмоқда. Турк дунёсининг очиқ яраси – Шарқий Туркистонда тинимсиз қон тўкиляпти. Хитой уйғурларга қарши геноцид сиёсатини бизнинг кўз ўнгимизда олиб бормоқда. Турк давлатлари раҳбарлари биродарларига қилинаётган бу зулмни ўзларининг “миллий тилларини” ютиб жим кузатмоқдалар.

Ҳатто баъзилар АҚШнинг уйғурларга қарши Хитой сиёсатини қоралашига муносабат билдириб,”бу Американинг геосиёсий манфаатлари йўлидаги ўйини”, дея киноя қилишгача боришди.

Хўп, сизнинг манфаатингиз қаерда?

Хитой ёвузлиги олдида ўжарлик билан сукут сақлашга сизни қайси манфаат мажбур қилмоқда?

Юз мингларча уйғур биродарингизни қийноқ лагерларига қамаб, хотинларини зўрлаётган ваҳший режимга  қарши бир сўз айтишдан сизни қайси манфаат ман қиляпти?

Бундан ўттиз йил муқаддам турк сиёсатчилари лексикасида “асир турклар” ибораси бор эди.

Америкадаги турк фуқаролик жамиятлари тоталитар тизимлар бўйинтуруғи остида яшаган туркларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ҳар йил бир марта Ню-Йорк кўчаларига чиқишарди. Совет Иттифоқи қулаганидан кейин турклар мустақилликка эришдилар ва “асир турклар” ҳақида гапиришдан тўхтадилар.

Ҳолбуки, Шарқий Туркистонда яшаган миллионлаб уйғур биродарларимиз бугун ҳам асирликнинг энг даҳшатли қисматини яшашда давом этмоқдалар.

Афсуски, шундай тарихий бир даврда, турк дунёси тақдири ҳал бўлаётган даврда турк жумҳуриятлари тобора супер давлатлар тайин этган сиёсий конъюнктуранинг тутқунларига айланмоқдалар.

Бу ачинарли вазиятда қардошларга дастак мажбуриятини халқ ўзи олиши керак зиммасига. Дунёда туркларга нисбатан қилинаётган адолатсизликларга қарши самарали курашиш учун бутун жумҳуриятларда фуқаролик ташкилотларини тузиш зарур.

Турк дунёси эртами-кечми бирлашишига мен ишонаман. Агар дунё бундай иттифоқдан зарар кўрадиган бўлса, Оврупа Иттифоқидан кўрган зарари қадар кўрар. Фойда кўрадиган бўлса, бу фойда Оврупа Иттифоқидан келган фойдадан кўпроқ бўлишига аминман.

Турк дунёсининг бирлашуви Оврупа Иттифоқига кирган бутун давлатлар ҳудудидан ўн баравар каттароқ ҳудудга барқарорлик олиб келади. Айни кенгликдаги ҳудудга хавфсизлик ва иқтисодий фаровонлик ерлашади.

Ҳа, турк дунёси бирлашув арафасида.

Ушбу келаётган янги давлат сулдори (силуэти) хаёлларимизда жилваланар экан, ёнингда биродар нафасини эшитмоқ гўзал бир ҳисдир.

Менинг бутун пантуркизмим бу нафасни эшитиш истагидан бошқа нарса эмас.

Муҳаммад Солиҳ

(2000-2019)

Тағин ўқинг
8 сентябр 2020
Туркия суди 2017 йил 1 январь куни Истанбулдаги тунги клубда теракт уюштирган ўзбекистонлик Абдулқодир Машариповни умрбод қамоқ жазосига ҳукм ...
31 январ 2018
“Эрк” демократик партияси раиси Муҳаммад Солиҳ “Элтуз” мухбири билан суҳбатда ўз тасарруфидаги маълумотларга асосланиб “Иноятов тарафдорларини заифлаштириш анча қийин ...
15 июл 2024
Чуст туманида буғдой етиштириш билан шуғулланган фермер Алимардон Туморов ҳоким ва кластер босимини кўтара олмасдан юрак ҳуружидан вафот этди. ...
3 апрел 2024
Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди судяси Жиноят кодексининг 168- (фирибгарлик), 28, 211-(пора бериш) моддаларининг тегишли қисми ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...