Императив-32. Тақдирнинг жилваси
(Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 32-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми бор.)
Узун замонлар орзу қилганимиз мустақилликка эришганимиздан кейин ҳам озодлик ҳақда орзу қилиш тарихнинг бир жилваси эди бизга.
Олдинга эмас, ортга қара, дерди гўё тарих.
Мен ортга қарайман ва шу мансур матнга тушади кўзим:
ОЗОДЛИК КАРТИНАСИ
У турма эшигига суяниб турибди. Кўйлагининг ёқасини шамол тортқилайди. Агар сочи бўлса эди, туғ каби ҳилпирарди.
Орқасида қора фон, аждаҳонинг оғзидай тубсиз қоралик.
Ёнида назоратчи. Симёғочга ўхшайди. Лекин унга суяниб бўлмайди.
Собиқ маҳбус турма эшигига суянганича, кўзларини қисиб атрофга қарайди.
Милллати ким унинг?
Маҳбуснинг миллати йўқ, миннати йўқ. Миллат учун курашган одамнинг миллати йўқ. «Мана шу аблаҳлар ватанпарвар бўлса, мен ватан хоиниман», деган эди бир шоир.
Мана у, ватанннинг суюкли «хоини», кесакига суяниб турибди ҳолсиз.
Бу суратга узоқ қараган одамнинг бадани жимирлаб кетади.
Бу суратга узоқ қарашга ботинган одам ўзини турмага кириб кетаётгандай ва эшик олдида мана шу озодликка чиққан маҳбусни учратгандай, унга ҳасад билан қарагандай сезади ўзини. (1982)
«Валфажр» (1983)
Бу 1982 йил қурилган хаёл 1990 йил 20 июнь куни Мустақиллик декларациси қабул қилинган куни узоқ ўтмишда қолган бир уйдирма бўлиб кўринган эди. «Мустақил бўлдик, рус зулмидан қутулдик, энди ҳеч қачон қўлларимизга кишан солинмайди», дея севинган эдик.
Аммо 1993 йил 2 апрель куни диктаторнинг амри билан ҳибсга олиниб, ИИВ ертўласига ташланганимда бу шеър омонсиз юзага чиқа бошлаган башорат бўлиб кўрина бошлади менга. Кейин зиндондан чиқиб, юртни тарк этдим.
1993 йил 26 декабрида 1978 йилда ёзилиб, 1980 йилда чиққан «Оқ кўйлаклар» тўпламида босилган қуйидаги шеърда айтилган хаёл содир бўлди:
Ким айтади шоир деб,
Мен – тақлидчиман.
Тақлидчиси файласуфларнинг.
Мени ари чақса, йиғлайман арининг ҳолига.
Нима ҳам қиларди ўзини қийнаб,
Найзасини оғритиб нима қиларди?
Ҳар куни узр сўраб хатлар ёзаман,
Мени хуш кўрмаган ошноларимга
Уларнинг тушига кирганим учун.
Дўстим сотиб қўйса,
Қайғураман: алдамадими деб бирор фирибгар,
Сотмадимикин мени арзон-гаровга
Менинг шўрлик, соддадил дўстим?
Илтижо қиламан қолганларига:
Агар сиз сотмоқчи бўлсангиз мени,
Қанчага сотишни бирга ўйлайлик,
Балки мен ҳам фикр айтарман… (1978)
«Оқ кўйлаклар» (1980)
Бу шеър ёзилганида унда мурожаат қилинган дўстларим ҳали маълум эмасди.
Уларнинг исм-фамилияси 1993 йил 26 декабрь куни «Ўзбекистон овози» газетасида, сўнг «Ватан» газетасининг 1994 йил 9 -16 феврал 3-сонида босилган «Ватан масъулияти» мақоласидан кейин ўртага чиқди. Бу мақолани ёзган дўстим Эркин Аъзам, уни чоп этган «Ватан» газетаси эса дўстим Усмон Азимовга қарашли орган эди. Уларнинг газетасидан олинган шу парча Эркин Аъзамнинг маҳсулоти.
Мақоладаги «улар» олмоши икки кишини назарда тутади – Муҳаммад Солиҳ ва Боймирза Ҳайит. Мақоладан иқтибос:
“У ёшлигидан диссидент бўлишни орзу қиларди” – агар улар ҳақида мақтов мақола ёзилса, бундан маъқулроқ бош жумлани топиб бўлмас, нима дедингиз? Ватанни суймоқ – касб эмас, кўнгил иши, эътиқод. Ватан ҳайқириб, жар солиб суйилмайди. Ватанга муҳаббат эвазига ҳеч нарса тамаъ қилинмайди. Ота-онани танлаб бўлмагани каби Ватанни ҳам танлаб бўлмайди. Бекорга “Она Ватан”, “Ота юрт” демаймиз. Худо – бир, ота-она тақдири азал. Ватан – ягона. Ота-онасини чиқиб қўшнига ёмонлаган фарзандни ноқобил, кўрнамак, дейдилар. Бирор баҳонада Ватанни тарк этиб, аксарият ғаним давлатлар ҳайбаракачилигида унга тош отганни ким деб аташ мумкин? Ватанфурушми? Нонкўрми? Имонсизми? Наҳотки, етти ёт бегоналар қўлида тайёр қуролга айланиб, ўшаларнинг гиж-гижлаши билан “овоз”лар тарқатиш эркинлик саналса? Наҳотки, ўша етти ёт бегоналар дўст бўлиб, киндик қонингиз тўкилган Ватан, унда қолган хеш-ақраболарингиз, халқингиз сизга душман бўлса?! Четдан туриб Ватанга қарши курашган одамни ким деб аташ мумкин?..» (Набижон Боқийнинг «Бешлик» эссесидан олинди).
Набижон Боқийнинг айтишича, бу мақола Эркин Аъзамов тарафидан диктаторга яхши кўриниш учун ёзилган. Бошқа тарафдан, Эркин Аъзамов ҳақиқатан ҳам мени «диссидент бўлиш», сиёсий режимга «мухолиф бўлиш»ни орзу қилган бир кимса ўлароқ тасаввур қилади.
Бир пайтлар турк газетасидан бир мухбир менга бундай савол берган эди: «Агар сизга Ўзбекистонга қайтишга изн беришса ва ҳукуматга қарши мухолифат қилишга ҳам ижозат беришса, сиз Ўзбекистонга қайтармидингиз? Мухолифат ҳаракатини давом эттирармидингиз?
— Йўқ.
— Тушунмадим.
— Мухолифлик қилмас эдим.
— Кечирасиз, тушунмадим…
— Нимани тушмадингиз?
— Сиз 25 йил, чорак аср умрингизнинг энг маҳсулдор йилларини мухолиф фаолиятингиз учун сургунда ўтказдингиз. Сизни қотиллар уч марта ўлдирмоқчи бўлишди, дунё бўйлаб паспортсиз, қўним билмасдан, яна ёлғиз эмас, оилангиз билан саргардон кездингиз — булар ҳаммаси диктаторга қарши мухолифат қилганингиз учун эди-ку?!
Энди сизга ватанга чақиришиб, умрингизни бағишлаган бу ишга изн берилган тақдирда мухолифликдан воз кечаман, деяпсиз. Мен буни тушунмаяпман!?
-МЕН ИЗН БЕРИЛГАН МУХОЛИФАТ БИЛАН ШУҒУЛЛАНМАЙМАН. МЕН МУХОЛИФАТ ТАҚИҚЛАНГАНДА МУХОЛИФАТ ҚИЛАМАН. МУХОЛИФАТ ҚИЛИШ ҲАЁТИЙ ТАҲЛИКА КАСБ ЭТГАНДА, МУХОЛИФАТИ УЧУН МУХОЛИФ ХАЛҚ ДУШМАНИ ЭЪЛОН ЭТИЛИБ, ЮРТИДАН ҚУВИЛГАНИДА ЁКИ ЎЛДИРИЛГАНИДА МУХОЛИФАТ ҚИЛАМАН. МУХОЛИФНИНГ ҚАРИНДОШЛАРИНИ ФАҚАТ УНИНГ ҚАРИНДОШИ БЎЛГАНЛАРИ УЧУНГИНА ҚИЙНОҚҚА СОЛИБ, ҚАМОҚҚА ТАШЛАГАНЛАРИДА МУХОЛИФАТ ҚИЛАМАН. ҚУРОЛСИЗ ВА ЁППА-ЁЛҒИЗ ЭКАНМАН, БОР-ЙЎҒИ МУХОЛИФАТНИ ТАҚИҚЛАШЛАРИГА ҚАРШИ ЧИҚҚАНИМ САБАБ МЕНИ ЯНЧИШ УЧУН БАҲАЙБАТ ДАВЛАТ МАШИНАСИ УСТИМГА ЮРАБОШЛАГАНИДА МУХОЛИФАТ ҚИЛАМАН. МУХОЛИФЛИГИМ УЧУН ЮРТИМДА ИСМИМНИ ТАЛАФФУЗ ЭТИШ ЖИНОЯТ САНАЛА БОШЛАГАНИДА, ДЎСТЛАРИМ ДАВЛАТНИНГ ҒАЗАБИГА УЧРАШДАН ҚЎРҚИБ, МЕНДАН ЮЗ ЎГИРГАНДА МУХОЛИФАТ ҚИЛАМАН..
ҲА, АГАР МУХОЛИФАТГА ТАҚИҚ БЕКОР ҚИЛИНСА, МУХОЛИФАТНИ ТАРК ЭТАМАН», деган эдим.
Аммо Эркин Аъзамов бу мантиқни тушунмайди. У «Нега ҳамма нарса олам гулистон экан, мухолифат қилиш керак», деб самимий ҳайрон бўлади бизнинг ҳаракатларимизга.
Чунки у рус коммунистлари қурган тоталитар давлатни ҳеч качон ишғолчи давлат ўлароқ билмади ва бу давлатга астойдил хизмат қилди. Кейин айни руслар тайинлаган вассаллар бошқарган давлатга ҳам айни садоқат билан хизмат этди. Диссидентликни масхара қилиб ёзгани юқоридаги мақоласини ҳам чин дилдан ёзганига шубҳа йўқ.
Демак, у диссидент М.Солиҳни сотгани йўқ, балки ўз мафкурасининг амрини бажо келтирди, холос.
Дўстларимга ҳазиллашиб, «Эркинбой мени мен билан маслаҳатлашмасдан сотди», дейман.
Агар бамаслаҳат иш кўрсалар эди, балки уларнинг мартабаси яна-да баланд бўларди.
Барибир ёмон бўлмади, бу садоқати эвазига Эркин Аъзам йилларча катта лавозимда ишлаб, депутат бўлиб, диктаторга садоқати яна-да ошди. Унга диктатор «Тафаккур» (номига қаранг!) деган журнал очиб берди, Э. А. эса диктаторга янги лаганбардорлар топиб бериб, уларнинг диктаторга мақтовларини шу журналда чоп этди.
«Тафаккур» тузоғига ҳатто Шукур Холмирзаевдек катта ёзувчи ҳам тушди. Э. А.нинг босими ва ваъдаларига учиб у ҳам диктаторни мақташга мажбур бўлди, мадҳиялар ёзди.