Асосий мавзулар
10 август 2021

“Исломий давлат”нинг ватанига қайтарилган аъзолари жазога тортилмаслиги

ИШИДнинг Суриядаги лагерларда сақланаётган аёл аъзолари учун июль ойида рус тилидаги ёпиқ телеграм чатда қуйидаги эълон берилди: “Ўзбекистонлик опа-сингиллар, илтимос, ватанга қайтишга ёрдам бериш борасида мен билан боғланинг. Мен, алҳамдуллилаҳ, сизни ишонтириб айтаманки, бу ерда [Ўзбекистонда] динимиз (одамлари) учун ҳеч қандай муаммо йўқ”.

Бу ҳақда ёзган аёл “Исломий давлат”нинг яқинда Суриядан Ўзбекистонга қайтган аъзоси. Ўзининг айтишича, у ҳозир “опа-сингиллари”га Ўзбекистонга қайтишларига ёрдам беряпти ва “Исломий давлат”нинг лагерлардаги аъзоларини уйга қайтишга кўндиришга ҳаракат қилмоқда.

Унинг Ўзбекистонга қайтишининг асосий сабаби қайтиб келганлардан ҳеч бири ҳибсга олинмаганидир. 

“Мен [“Исломий давлат”нинг] бир қанча ҳарбий машғулотларини ўтадим, жанг қилдим ва худкушлик жилетини кийдим, – деди у. – Мен буларнинг барчасини хавфсизлик хизматларига айтдим ва менда ҳеч қандай муаммо бўлмади – мен уйда озодман”.

Чат аъзоси ундан язидий қулларга эгалик қилиш ҳибсга олинишга сабаб бўлиши мумкинми, деб сўраганда, у бундай жавоб берди: “Йўқ, бу муаммо эмас. [Агар] қулингиз бўлса ҳам сиз ҳибсга олинмаслигингизга 99% кафолат бор. Ўзбекистон президенти ҳеч кимга бўйсунмайди ва у ҳеч ким қамоққа ташланмаслигини аниқ айтди”.

Аёл қандай шароитда Ўзбекистон ҳукуматига ёрдам бериши мумкинлиги аниқ эмас, лекин у ёлғон гапирмаяпти. Ўтган йили “Исломий давлат”нинг 118 аёл аъзоси Сурия ва Афғонистондан Ўзбекистонга қайтди. Улардан баъзилари расман мамлакатга қайтарилган, баъзилари эса лагердан қочган, лекин ҳеч бири қамоқда эмас.

“Исломий давлат”нинг ўзбекистонлик аъзолари хулқ-атвори ундаги бошқа миллат аёлларининг хатти-ҳаракатларидан фарқ қилмайди: уларнинг баъзилари қул бўлган, жангларда фаол қатнашган, “Амни” (“Исломий давлат” ички хавфсизлик хизмати)да ёки “Ҳисба” (маҳаллий тинч аҳолига қатъий диний қоидаларни қўллайдиган ташкилот)да ишлаган ёки тарғибот ва маблағ йиғиш ишларида қатнашган. 

Уларнинг барчаси террорчилик ташкилоти аъзолари эди, лекин уларнинг ҳеч бири жавобгарликка тортилмади. Таъкидлаш жоизки, қайтганларнинг аксарияти “Исломий давлат”нинг аёл аъзолари. “Исломий давлат”га қўшилган кўплаб эркаклар ҳанузгача Сурияда ҳибсда ёки яширинган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев интервьюсида ҳукуматнинг амнистия сиёсатини тушунтирди: “Ҳар ким хато қилиши мумкин, биз унга иккинчи имконият беришимиз ва ҳамма уларга ёрдам беришда қатнашиши керак”, деди у ва амалда барча давлат идораларидан ортига қайтган “Исломий давлат” аъзоларини қўллаб-қувватлашини сўради. 

“Исломий давлат”нинг қайтиб келган аёл аъзоларига Ўзбекистоннинг оддий камбағал фуқаролари учун кўпинча берилмайдиган имтиёзлар тақдим этилади. 

Масалан, аёлларга бепул тиббий ёрдам (шу жумладан, коалиция кучлари билан бўлган жангларда олинган жароҳатларни даволаш учун қиммат операциялар) ва ҳар ойлик гуманитар ёрдам кўрсатилди. 

Баъзиларга бепул уй-жой, касб-ҳунар таълими ва ҳатто ўз бизнесини очиш учун ускуналар берилди. Ўзбекистон ривожланаётган мамлакат бўлгани боис, бу имтиёзларни бериш учун қисман Ғарб (кўпинча Европа Иттифоқи) маблағларига таянган.

Бу ҳолат муайян хавфсизлик муаммоларини келтириб чиқаради. Масалан, ўз дахлсизлигини ҳис қилаётган кўплаб қайтган аёллар ҳозир “Исломий давлат”нинг бошқа аъзоларини лагерлардан олиб чиқиш учун фаол пул йиғишмоқда ва турли телеграм каналлари орқали “Исломий давлат” тарғиботини олиб боришмоқда. 

Айниқса, яқинда Афғонистонда “Толибон”нинг Ўзбекистон билан чегара яқинида ҳужумлар уюштиргани хавотир уйғотади.

Бу имтиёзли муносабат мунозараларга сабаб бўлди. Қайтган аёллар кўплиги боис, “Исломий давлат” аъзоларига бундай имтиёзли муносабат аллақачон маҳаллий жамиятларда норозиликка сабаб бўлмоқда.

Биринчидан, аксарият ўзбекистонликлар мамлакат чегарасида ойлар давомида чодирларда яшаётган меҳнат муҳожирлари ватанига қайтишга ҳаракат қилаётган ва ҳукуматдан уларга ёрдам берилмаётган бир пайтда террор ташкилотининг Суриядан қайтаётган аъзолари учун давлат томонидан миллионлаб доллар сарфланишига рози эмас. “Исломий давлат” аъзоларидан ҳатто пулни ҳукуматга қайтариш ҳам сўралмаяпти.

Иккинчидан, ҳукумат амалдорларининг кўпчилиги дастлаб универсал ва тезкор кечиримга қўшилмади ва бу аёлларга янги ҳужжатлар (улар “Исломий давлат” билан ишлаётганда йўқолган ёки атайлаб йўқ қилинган)ни суд қарорисиз бера олмасликларини айтишди. 

Шундай қилиб, Суриядан қайтган барча аёллар суд жараёнидан ўтиши ва судланиши, кейин президент амнистияси қўлланиши мумкин эди.

Учинчидан, кўпчилик одамлар “Исломий давлат”нинг аёл аъзоларига амнистия берилишига қўшилмайдилар. Масалан, 18 ёшли йигит меҳнат муҳожири бўлиб Россиядан қайтиб келганида, мобил телефонида “Исломий давлат”нинг тарғибот видеоси борлиги учун ҳибсга олинган. 

Онаси жаҳл билан бундай изоҳ берди: “Ўғлим оддий одамларга ўхшаб ишлаш учун Россияга эмас, балки жанг қилиш учун Сурияга кетиши керак эди. Бундай ҳолда у нафақат озод бўларди, балки ҳатто ҳукуматимиздан бепул квартира ҳам олган бўлар эди”. 

Ўзбекистоннинг демократик мухолифатни таъқиб этгани ва эркин матбуотга ҳужум қилганини ҳисобга олсак, террористик ташкилот аъзоларига нисбатан юмшоқлик билан ёндашиш кўплаб фаоллар ва мухолифат аъзоларини хавотирга солади.

Ниҳоят, кўплаб одамлар бу аёллар давлатдан қўшимча нафақа олмаслиги керак, деб ҳисоблайдилар. 

Шунингдек, ватанга қайтарилган “Исломий давлат” аъзолари нафақат озод, балки давлат томонидан таъминланадиган ижтимоий таъминотга таянадилар, ҳатто баъзилари Сурия ёки Ироқда бўлганларида ҳам олишган. 

“[“Исломий давлат”дан] кимдир мунтазам равишда Туркияга бориб, бир нечта банк карталаридан пул олган, – деб изоҳ берди “Исломий давлат”нинг аёл аъзоларидан бирининг Финляндиядаги қариндоши. – Ғарбнинг хайрия маблағлари шу тарзда “Исломий давлат”га сарфланмоқда”.

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Косово каби давлатлар “Исломий давлат”нинг қайтарилган аёл аъзоларини ҳеч бўлмаганда кенг кўламли сўроқ қилган бўлса, Босния уларни айбланаётган хорижий жангариларга қарши судда гувоҳлик беришдан озод қилди. Улар можаро зонасида олган жароҳатлари туфайли гувоҳ сифатида муомалага лаёқатсиз деб топилган. 

Бу сиёсат нафақат “Исломий давлат”нинг жиноятларини тергов қилишга тўсиқ бўлади, балки жиноятчилар билан тўқнаш келадиган можаро зонасида ҳам, жиноятчилар билан учрашадиган судда ҳам, катта жароҳат олганига қарамай, гувоҳлик бераётган қурбонларга нисбатан ҳурматсизликдир. 

Ниҳоят, баъзи мамлакатларда, масалан, Финляндияда “Исломий давлат”нинг қайтиб келган аъзолари хавфсизлик хизмати билан ихтиёрий равишда гаплашади.

“Исломий давлат” 2014 йилдан 2018 йилгача язидийларни қул қилиш, бошларини кесиш, оммавий қатл қилиш, бутун дунё бўйлаб террорчилик ҳужумлари ва одамларни тириклайин ёқиш каби даҳшатли жиноятларни содир этган. 

Бу жиноятларнинг барчаси оммавий ахборот воситалари томонидан ҳамма тилларда намойиш этилди. Ўша пайтда ҳукуматлар “Исломий давлат”ни очиқчасига қоралаш учун бир-бирлари билан рақобатлашиб, айбдорларни қандай жавобгарликка тортишларини айтишди.

Аммо ҳозир аён бўлдики, дунёнинг аксарият ҳукуматлари учун бу баёнотлар оддий гапдан бошқа нарса эмас эди. Ўз ваъдаларини бажарган давлатлар кам.

“Исломий давлат”нинг язидий қулга эга бўлган, ҳарбий ўқув лагерларида бўлган ва гуруҳ учун жанг қилган гипотетик аёл аъзоси АҚШда 10-15 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинади. 

Аксинча, Германияда у бор-йўғи тўрт йиллик қамоқ жазосини олади (бу гиёҳвандлик моддалари савдоси билан боғлиқ жиноятларга қараганда камроқ), Косовода фақат шартли жазо, Ўзбекистонда амнистия олиб, ҳар хил имтиёзларга эга бўлади. 

Буюк Британияда у жавобгарликка тортилмайди ва давлат томонидан бериладиган уй-жойни олади, Финляндияда эса у анча кўп нафақага эга бўлиб, уни хавфсизлик кучлари ҳам безовта қилмайди.

 Манба: Lawfare нашри

Мақола муаллифи доктор Вера Миронова – Гарвард университетининг тааклиф қилинган илмий ходими

«Элтуз» таржимаси 

Тағин ўқинг
28 январ 2016
Президентликни хоҳламасангиз, биринчи хонимликка нима дейсиз? Sputnik интернет нашри Ўзбекистон президентининг кенжа қизи Лола Каримова Instagram даги расмий саҳифасида ...
15 июн 2021
«Элтуз» каналида ўзининг “Нью-Йоркдан назар” видеоблогини юритаётган 70 ёшли қишлоқ хўжалиги мутахассиси Исмоил Оспанов эътиборни кутилаётган навбатдаги президент сайловига ...
30 ноябр 2018
2018 йилнинг 29 ноябрь куни Хоразм вилояти жиноят ишлари суди биносида журналист Давлатназар Рўзметов иши бўйича апелляция суди мажлиси ...
25 сентябр 2017
Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни тўхтатиш қарори тўлиқ ишламаётгани ҳақида «Элтуз» нашрига хабарлар келмоқда. Талабалар пахтадан қайтарилиши ортидан, терим юки қишлоқ ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...