Асосий мавзулар
23 август 2021

Ўзбекистон “Толибон”дан қочган афғон қочқинларини қабул қилмоқчи эмас

 “Толибон” Афғонистонни ўз қўлига олгач, минглаб афғонлар шафқатсиз фундаменталистик бошқарув қайтган деб ҳисоблаган мамлакатдан қочиш йўлларини изламоқда.

2021 йил 16 июль, душанба, Ўзбекистон. Аёллар Амударё бўйидаги Термиз шаҳрида жойлашган муқаддас жой – Ҳаким ат-Термизий мақбараси ёнидан ўтишмоқда. Якшанба куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 84 нафар афғон аскари шанба куни Ўзбекистонга ўтганини ва ёрдам сўраганини маълум қилди. Вазирлик Афғонистон аскарларини ватанига қайтариш борасида афғон расмийлари билан боғланганини маълум қилди.

Агнешка Пикулицкая-Вильчевская, Associated Press

Термиз, Ўзбекистон (АP). Сами Элбеги Афғонистон шимолида “Толибон”га қаршилик кўрсатишнинг асосий маркази бўлган Мозори Шариф томон юргани ҳақида эшитгач, қочиш вақти келганини билди.

У телефонларини, костюми ва кийимларини олиб, онасини ўпиб хайрлашди. Хаёлидан, эҳтимол, уни охирги марта кўраётган бўлиши мумкинлиги ўтди.

30 ёшли Элбеги Афғонистоннинг Ҳайратон шаҳридан чиқиб, Ўзбекистон чегарасига ошиқди. У ўзининг даромадли трансчегаравий нефть компанияси туфайли ҳанузгача амалдаги бизнес визасига эга бўлиб, Ўзбекистонга кириш муаммо эмас эди. 

Аммо у сўнгги пайтларда собиқ иттифоқ республикасидан бошпана топишга муваффақ бўлган омадли одамлардан бири бўлди – визаси йўқларга киришга рухсат берилмаган.

“Толиблар ҳокимиятни қўлга олиши шунчалик тез содир бўлдики, биз буни кутмаган эдик. Ҳали ҳам ишонмайман”, деди Элбеги Аssociated Pressга берган интервьюсида. 

Ўзбекистонинг Афғонистон билан чегарасидаги Термиз шаҳридаги кафеда кечган бу суҳбат чоғида унинг юзида ишончсизлик қотиб қолганини кўриш мумкин эди.

“Менинг визам бир ойдан кейин тугайди ва кейин нима қилишни билмайман. Ҳеч қандай режам йўқ. Ҳамма нарсани ташлаб келганман”, деди у.

“Толибон” Афғонистонда ҳокимиятни тезда қўлга киритар экан, минглаб афғонлар шафқатсиз фундаменталистик бошқарув қайтган деб ҳисобланадиган бу мамлакатдан қочиш йўлларини изламоқда. Аммо қўшни Ўзбекистон афғон қочқинлари оқимидан қўрқаётганга ўхшайди.

Охирги ойларда Афғонистоннинг ўзбек визасини олиш учун мурожаат қилган фуқаролари Аssociated Press агентлигига Ўзбекистон коронавирус билан боғлиқ хавотир сабабли афғонларга виза беришни рад этаётганини айтди.

Экспертларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукумати узоқ вақтдан бери экстремистлар кириб келишидан қўрқиб, Афғонистон билан чегарани маҳкам ёпиб қўйган ҳамда беқарорқўшнисидан келган бошпана изловчиларнинг саноқли қисмини қабул қилган. 

“Толибон” Афғонистонни назорати остига олган 1990 йиллардан бери Ўзбекистон ҳукумати дунёдаги энг кенг қўлланиладиган шартномалардан бири бўлган “Қочқинлар тўғрисида”ги конвенцияни имзолаш ва ратификация қилишдан мунтазам бош тортиб келади”, дейди инсон ҳуқуқлари бўйича адвокат, Жанубий Калифорния университети инсон ҳуқуқлари кафедраси доценти Стив Свердлов.

“Толибон”нинг Афғонистондаги сўнгги ойлардаги муваффақияти Марказий Осиёнинг бир қанча давлатларини асабийлаштириб, Ўзбекистон ва Тожикистон расмийларини чегара хавфсизлигини кучайтиришга ундади. Афғонистон Эрон, Покистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Тожикистон билан чегарадош ва Хитойнинг Шинжон ҳудудига туташ кичик қисми ҳам бор.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон, Тожикистон ва Россия Тожикистоннинг Афғонистон чегарасидан 20 километр узоқликдаги Хатлон вилоятида қўшма ҳарбий машғулотларни якунлади. 

Сешанба куни Россия ҳарбийлари Тожикистонда навбатдаги машғулотларни бошлади. Ўтган ҳафта Хитой ва Россия Хитойнинг шимоли-ғарбий қисмида қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказди.

Лекин Ўзбекистон жанубидаги Термиз шаҳрининг сокин муҳитида чегарада бўлаётган инқироз излари сезилмайди. Анъанавий икки қаватли кийим кийган бир неча афғон кўчаларда юрса-да, шаҳар ҳаёти сокин давом этмоқда.

Тожикча гаплашадиган ва тушунадиганлар кўп яшайдиган Термиз узоқ вақтдан буён Ўзбекистонга кўчиб келаётган кўплаб афғонларнинг ўзини эркин ҳис қиладиган шаҳар бўлиб қолган. 

Ўзбекистон ҳукумати 2019 йилда БМТ Тараққиёт дастури билан биргаликда таълим олишда қийинчиликларга дуч келган афғонистонлик қизлар ўқишни давом эттиришлари учун Термизда таълим марказини очди. Шимолий Афғонистондан келган эркаклар ҳам шаҳарда ўз бизнесларини йўлга қўйди.

Охирги уч йил давомида 20 ёшли Файзод Ҳасанзода ва унинг акаси Термизда ресторан ишини муваффақиятли юритган. Айтишларича, бу корхонага 1 миллион доллар сармоя киритган ва бу уларнинг Ўзбекистонда хавфсиз қолишларини таъминлаган. Лекин Ўзбекистонда юқори ижтимоий мавқега эга бўлишларига қарамай, улар ўз оилаларига Афғонистондан қочишга ёрдам бера олмадилар.

“Икки ой олдин ота-онам, укам ва синглимга виза сўрадим. Одатда уни олиш учун бир ҳафта вақт кетади, лекин биз ҳануз ҳеч қандай жавоб ололмадик,-  деди Ҳасанзода АРга. – Биз уларнинг Ўзбекистонда сафимизга қўшилишини хоҳлаймиз, лекин бу осон эмас”.

Афғонистон шимолида жанглар кучайганидан бери қаттиқ қўриқланган чегарадан афғон аскарлари қочгани ҳақида мунтазам хабарлар тарқалиб, лекин улар доимий равишда ортига қайтариб юборилмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 84 нафар афғон ҳарбийси шанба куни Ўзбекистонга ўтган ва ёрдам сўраган. Вазирлик Афғонистон расмийлари билан уларнинг қайтарилиши ҳақида боғланганини айтди.

Бироқ истиснолар мавжуд. 14 август куни Афғонистон армияси қўмондони, собиқ “Шимолий альянс” раҳбарларидан бири ва вице-президент Абдулрашид Дўстум ўз тарафдорлари билан Ўзбекистонга ўтгани унинг Афғонистон шимолидаги назоратини “Толибон”га топширганини кўрсатди. 

Ҳозир унинг қаердалиги номаълум, бироқ ўзбек миллатига мансуб қўмондоннинг Термизда уйи бор ва ўзи ҳам Ўзбекистон ҳукумати билан яқин алоқада.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг “Дунё” ахборот агентлиги сешанба куни Дўстумнинг, шунингдек, яна бир собиқ саркарда – Ато Муҳаммад Нур ва Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг “гўёки [Ўзбекистонда] экани” ҳақидаги хабарлар “ҳақиқатга тўғри келмаслиги”ни маълум қилди.

Якшанба куни Ўзбекистонда Афғонистон ҳарбий самолёти ҳалокатга учради. Самолёт бортидаги иккита учувчи тирик қолди ва касалхонага ётқизилди. Ўзбекистоннинг душанба кунги расмий хабарларида юзлаб афғон аскарлари ўнлаб самолётлар билан Ўзбекистонга етиб келиб, Термизга қўнишга мажбур бўлгани ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлиб, кейин бу рад этилди. АР бу хабарларни мустақил тарзда текшира олмади.

Ўзбекистон қанча афғон қочқинини қабул қилгани номаълумлигича қолмоқда. Душанба куни мамлакат Бош прокуратураси Афғонистоннинг 158 нафар тинч фуқароси ва аскари дарё орқали Ўзбекистонга ноқонуний киришга уринганини маълум қилди. 

Худди шу баёнотда расмийлар даъво қилишларича, Афғонистоннинг 22 та ҳарбий самолёти ва 585 нафар афғон аскарини олиб келган 24 та ҳарбий вертолёти Ўзбекистон ҳаво ҳудудига ноқонуний кириб келган ва Термизга қўнишга мажбур бўлган.

Орадан кўп ўтмай, Бош прокуратура хабар “тегишли органларнинг тасдиқланган маълумотлари”га асосланмаганини билдириб, баёнотини қайтариб олди.

Сешанба куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги чегарани бузишга бўлган ҳар қандай уринишлар “қаттиқ бостирилиши” ҳақида огоҳлантирди. Вазирлик Ўзбекистон ҳукумати чегара масаласида Толибон билан “яқин алоқада” эканини айтди.

Термиз аэропортидан ўтиб кетаётган маҳаллий аҳоли бир кун олдин бўлмаган кўплаб вертолётларни кўриш учун йўл бўйлаб тўхташган. Лекин уларнинг ўзбек ёки афғон ҳарбий самолётлари эканини узоқдан аниқлаш имкони йўқ. 

Инсон ҳуқуқлари бўйича адвокат Свердловнинг фикрича, Ўзбекистон умидсиз афғон қочқинлари учун ўз чегараларини очиши керак.

“Бўлаётган бу инқироз ва Тошкентнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашидаги ҳозирги ўрни АҚШ ҳукумати ва бошқа халқаро шериклар учун Ўзбекистонни (қочқинлар) конвенциясини бажаришга, тегишли ёрдам кўрсатишга ва таъқиб ёки қийноқлардан қўрққан одамларни Афғонистонга қайтармасликка чақириш қанчалик муҳимлигини кўрсатади”, дейди у.

Манба: Associated Press News

Тағин ўқинг
15 октябр 2018
Хоразмлик таниқли хонанда Азиза Ниёзметова 14 октябрь куни 46 ёшида оламдан ўтди. Бир йил аввал саратон касалига чалинган хонанда ...
11 сентябр 2017
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқни товуқбоқар қилиш ташаббуси олға сурилганига ҳам бир жўжанинг тухум қилиш ёшига етишидан кўра кўпроқ ...
14 апрел 2017
Ўзбекистон матбуоти, илк бор мижозларнинг мобил операторларга қарамлиги масаласини кўтарди. Ўзбекистонда мобил алоқанинг қимматлиги, операторлар хизмати сифати пастлигидан шикоят ...
21 май 2021
“Абдулла Ғариб продакшн”, рассом Элсевар, рассом Туз ва “Элтуз” янги сиёсий сатирик анимацион фильмлар туркумининг олинчи қисмини тақдим этади. ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...