Cатира
10 ноябр 2021

Ҳошимжоннинг қалпоғини киядиган “мажбурий меҳнат”

“Элтуз”га келган мактублардан бирида 26 октябрь куни Фарғона вилояти ҳокими ўтказган йиғилишда пахта теримига икки ҳафталик сафарбарлик эълон қилингани, унда бюджет ташкилотларини шанба ва якшанба кунлари мажбурий-ихтиёрий тартибда теримга жалб қилиш масаласи кўтарилгани билдирилган. 

Унда ёзилишича, йиғилишда агар қайси ташкилот ходими бу ҳақда оммавий ахборот воситаларига маълум қилса, шу заҳоти ишдан олиниши айтилган. 

“Элтуз” мухбири ушбу мактубдаги иддаоларни ўрганиши давомида шу куни туман ҳокимлиги мажлислар залида ўтирган ходимлардан бири ҳақиқатан ҳам худди шундай гап бўлганини тасдиқлади: 

“Аввал вилоят ҳокими селектор ўтказди. У далада пахта кўплигини, буғдой экилган ерларга сув қўйилиши натижасида яна пахталар очилиб кетганини, вилоят пахта режаси ҳали тўлмаганини, шунинг учун туманлардаги барча корхона ва ташкилот ходимларини пахтага жалб қилиш кераклигини айтди. 

Вилоят ҳокими барча туман ҳокимлари, вилоятдаги барча бошқармалар бошлиқларига: “Ходимларингизга айтинг, тўғри тушунтиринг, режамиз 94 фоиз бўлди. Яна икки ҳафта ҳар бир фермер 1-1,5 тоннадан пахта берса, вилоят режани тўлдиради”, деб айтди. 

“Ҳеч ким мажбурланмасин, лекин ҳаммага тўғри тушунтирилсин, бу ҳашар, кўпга келган тўй. Бир-икки дам олиш кунида пахта териб берса, ҳеч нима қилмайди”, деди”. 

Вилоят ҳокими топшириғидан сўнг туман ҳокимлари ҳам алоҳида селектор ўтказган. Шу куни селектор соат тунги 23 гача чўзилган.

– Мен уйга соат 12 ларга яқин кирибман, – деди йиғилишда қатнашган ходим. –  Уйим ҳокимликка яқинлиги учун қийналмадим. Аммо туман марказидан 20-25 км узоқликда яшовчи маҳалла раислари, фермерлар нима қилди экан? Тўғри, шанба ва якшанбада ҳамма пахтага чиқиши кераклиги ҳақида гапирилди. Фақат ўқитувчи ва боғча опаларга, тиббиётда эса олий маълумотли врачларга тегманглар, бошқалар пахтага чиқсин, дейилди. 

Вилоят ҳокимининг топшириғидан сўнг шанба-якшанба куни пахтага чиққан ходимлардан бири туманларнинг бирида маданият бўлимида ишлайди. 

– Ҳа, шанба куни кечқурун ҳокимликдаги бир аёл қўнғироқ қилиб, 31 октябрь куни пахтага чиқишим кераклигини, фермерларга ёрдам зарурлигини, аввал 45-70 кунлаб пахта терганимизни, бир кунга ҳеч нарса қилмаслигини айтди. Соат 8 да ҳокимлик олдига етиб келишимизни тайинлади. Ўша кунга режалаштирган ишларимни қолдириб, пахтага чиқдим. Мен қўшни туманда ишлайман. Йўлимда ўзим яшайдиган туман ҳокимлиги биноси бор. Мен якшанба куни пахтага кетаётганимда ҳокимлик олдида иккита автобус ва ГАИларнинг иккита машина турганини кўрдим,- деди суҳбатдош. 

“Нима дейишни билмайман. Мажбурий меҳнат десам, илтимос қилишди. Ҳеч қандай дўқ-пўписа ёки ишдан бўшатиш ҳақида таҳдид қилишмади. Ихтиёрий теримга чиқдим десам, якшанбага мўлжаллаган ишларим қолиб кетди. Табиатимизда бундан уч-тўрт йил аввалги пахтага чиқиш синдроми сақланиб қолган бўлса керак. Шунинг учун чиққандирман”, дея қўшимча қилди у. 

Турли соҳаларнинг “Элтуз” билан суҳбатлашган бир неча вакили бошлиғи илтимос қилгани учун пахтага чиққанини билдирди. 

– 31 октябрь, якшанба куни теримга чиққан ходимлардан бири менман, – деди туман солиқ инспекцияси ходими.  – Далада пахта йўқ экан. Ҳаммамиз уч-тўрт килодан тердик. Аммо ҳеч қаерда исм-фамилиямиз қайд қилинмади. Фермер кимсизлар деб сўрамади ҳам. Туш вақтида қорнимиз очиб уйга қайтвордик. Терган пахталаримизни шундоқ бериб келдик. Ҳеч ким терган пахтамиз учун пул бермади. 

У ҳам пахтага чиққанини ихтиёрий-мажбурий деб ҳисоблайди. Ҳеч қандай эътирозсиз чиққанини тан олди. 

Бундоқ қарасангиз, мажбурий меҳнат йўқдек, моҳиятига назар ташланг, мажбурий меҳнат манаман деб кўринади. Бу ҳам Ўзбекистоннинг ўзига хос ва ўзига мос тутуми.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
21 феврал 2018
Президент Мирзиёевнинг Миллий хавфсизлик хизматини кескин танқидлар қилгани ортидан масжидлардаги МХХ ходимлари фаолияти ҳам чеклана бошланди. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ...
26 октябр 2018
Россиянинг Тула вилоятида 20 октябрь куни 300 дан зиёд мигрант шаҳар кўчаларидан ҳарбий асирлар каби, бир-бирининг елкасига қўлларини қўйганча, ...
29 ноябр 2024
РТ: Хафта Илон Маск учирган ракета каби зувв этиб айланди ва мен сизлар билан яна юзма юзман. МС: Ничиксизла мўччи ...
5 май 2016
Ўзбекистон фуқароси 36 яшар Муборакхон Усмонова ўз жазмани 55 яшар Азиз Чалишқон (Aziz Çalışkan) тарафидан 27 апрел оқшомида бўғиб ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...