Асосий мавзулар
16 ноябр 2021

Мурожаатчиларнинг “ўзи ёмонми” ёки тизим ўзини ҳимоя қиляптими?

Наманган шаҳридаги маҳалла профилактика инспектори ўз раҳбарларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан ички ишлар вазирига йўллаган мурожаатномаси ортидан унинг ўзи жиноят содир этгани ҳақида баёнот берилди. 

Шу кунларда тармоқларда тарқалган видеомурожатда катта лейтенант Сардорбек Отабоев ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга Наманган шаҳридаги 2-ИИБда содир бўлаётган қонунбузарликлардан шикоят қилган.

Унда айтилишича, мазкур ИИБ раҳбари майор Азиз Сатторов қўл остидаги профилактика инспекторларига ҳар куни 5 тадан маъмурий баённома тузиш, бир йилда 2 та маъмурий назорат ўрнатиш каби ноқонуний талабларни режа қилиб берган. 

Сардордек бу режаларни бажармаган ходимларга ишдан ҳайдалиш таҳдиди борлиги ёки ҲПБ бошлиғи подполковник Бобур Иномовга 50 АҚШ доллари берилса, режа бажарилган деб белгилаб қўйилишини ҳам иддао қилган.

“Айрим валломат раҳбарлар профилактика инспекторлари орқали фуқароларни қийнаш билан машғул бўляпти. Инспекторлар ҳар куни бештадан баённома тузаман деб эзилиб кетяпти”, дейди катта лейтенант. 

Унинг сўзларига кўра, кадрлар бўлими бошлиғи доимий равишда ноқонуний тарзда хуфиёна хизмат текширувлари ўтказиб келади. Тартиб бўйича бир ходим раҳбарлик лавозимида 5 йилдан ортиқ ишлаши мумкин бўлмаса-да, майор қўл остида бир шахс 10 йилдан бери ишлаб келмоқда. 

“Биз нима тизим бўлаётганини тушунмай қоляпмиз… Шахсан мен МЖТКнинг 183-моддаси бўйича ойига 15 та маъмурий баённома тузишим шарт. Бу дегани, 15 та одамга материал тайёрлаб, суд орқали 5 кундан 15 кунгача қамашимиз керак.

Раҳбарлар ўз лавозимида қолиш учун статистикани яхшилаш ҳаракатида… Ойлигимнинг ярми кредит тўловига кетади, қолган ярмига тирикчилигимни қилайинми ёки раҳбарларнинг шахсий юкламаларини бажарайми? 

Юкламани бажармасанг, йиғилишда энанг ҳам, отанг ҳам қолмайди. Раҳбарга ёққан ходим яхши ишга қўйилади, ёқмагани ёмон ишга ўтказилади… 2018 йилдан буён хизмат гувоҳномаси олганим йўқ…

Текширилса, Азиз Сатторов 95 фоиз жиноятга тезкор тергов гуруҳини чиқармайди. Натижада латент жиноят кўпайишига йўл қўйиб беряпти.  Чунки ҳақиқий жиноятларни яшириб, маъмурий баённомаларни кўпайтирса, яхши ишлаётганга ўтади”, дейди профилактика инспектори.  

Шу билан бирга, Сардор Отабоев ўз иддаоларини исботлайдиган далиллари борлигини, мурожаатининг ҳуқуқий оқибатларини тушунишиниайтар экан, ўзига нисбатан сохта айбловлар уюштирилганини ҳам билдиради. 

Бу видеомурожаатга расмий жавоб ўзини кўп куттирмади. Наманган вилояти ИИБ матбуот хизмати тарқатган баёнотда Сардор Отабоевнинг ўзи жиноят содир этгани, айни пайтда иши дастлабки терговда экани маълум қилинган.

Баёнотда айтилишича, Сардор Отабоев бир неча шахснинг ишончига кириб, уларнинг ҳужжатларини сохталаштирган ҳолда номларига 81 400 000 сўм кредит олиб, кўп миқдордаги мулкларини қўлга киритиб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборгани аниқланган ва 2021 йилда эгаллаб турган лавозимидан озод этилиши ҳақида хулоса қилинган.

“Наманган вилояти ИИБнинг хизмат текшируви хулосаси ва тўпланган ҳужжатлар аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун Наманган шаҳри прокуратурасига юборилган ва ҳолат юзасидан ЖКнинг 168-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади баёнотда.

Матбуот хизмати баёнотида катта лейтенант С.О. (Сардор Отабоев – таҳририят) “жавобгарликдан қутулиш мақсадида ўз раҳбарларидан норозилик билдирилган видеомурожаат” йўллагани иддао қилинади. 

Бундан ташқари, катта лейтенант етарли асослари бўлмаган ҳолда ўз раҳбарига “туҳмат” қилиб, била туриб шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатгани ҳолатига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилаётгани қўшимча қилинади. 

Сўнгги вақтларда ички ишлар ходимларининг бу каби норозиликлари баён этилган очиқ мурожаатлар сони кўпайиб бораётгани кузатилмоқда. 

Хусусан, яқинда ижтимоий тармоқларда Қува тумани “Байналмилал” МФЙ профилактика инспектори лавозимида ишлаган Нозимжон Нишонов ҳам ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга видеомурожаат билан чиққанди. 

Бу икки видеомурожаатнинг оқибатларидаги ўхшашлик шундаки, ҳар иккаласига билдирилган расмий баёнотларда мурожаатчиларнинг ўзлари “тоза” эмаслиги айтилади. 

Хусусан, Нозимжон Нишонов ҳам “муқаддам ички ишлар органларида ишлаб, хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашгани, сурункали равишда хизмат интизомини бузиб, ички ишлар органлари ходимларига номуносиб хатти-ҳаракатлар содир этгани учун салбий сабабларга кўра 2021 йилда ички ишлар органларидан бўшатилгани” маълум қилинган.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
4 август 2017
Карикатурачи рассомлар дам олишда давом этаркан, Элтуз боти эътиборингизга Ўзбекистонда бугун долзарб энг эски карикатурани тақдим этади. 2015 йилнинг ...
20 декабр 2022
Улуғ ўзбек шоири ва муҳолифат лидери Муҳаммад Солиҳ суҳбатнинг 17-қисми мухолифат ва ҳокимиятнинг келажаги ҳақида фикр юритади. @eltuz
23 ноябр 2021
Янги миллий кутубхона қурилиши (янги миллий театр қурилиши ҳам) янги ва яп-янги Ўзбекистондаги энг кераксиз лойиҳа. Кечагина қурилгани Навоий ...
28 сентябр 2015
Бу саволни қўйишимга сабаб, баъзи ўзбекдан чиққан «доно»ларнинг Россияга иш излаб бораётган ҳамюртларимизга сурбетларча шу тамғани ёпиштираётгани бўлди. Аслида ...
Блоглар
12 январ 2025
Турли мавзуларга ўз қараши билан фарқланадиган блогер Кирпи Президентнинг 380-сонли қарори асосида 1000та китобнинг ўзбек ...
7 январ 2025
Ижтимоий тармоқларда “1000китоб” лойиҳаси бўйича турли гап-сўзлар айланиб юрибди. Мансаб талашуви, зиёлиларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб, бир-бири ...
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...