Асосий мавзулар
30 январ 2022

«Кечир, амма!» 4-қисм. Ким кўп гўшт ейди?

(Рассом Туз ҳикоялари. Давоми, боши ўтган сонларда)

Ким кўп гўшт ейди? Бўриими ë Холли?

Қарздан қутулган Холли аввалгидай электросетда ишлар ва кўчада киракашлик қиларди. Кредит ëпилгани боис таксичиликдан келадиган пулга барака кирди. Холли умрида илк марта 8 март куни хотини Комилани қиммат ресторанга обориб зиëфат қилди. Тошкентнинг Тансиқбоев мавзеидаги «Чинор» деган ресторанда қашқадарëча овқатлар қилинади. «Дунëда энг кўп гўштни деҳқонободликлар иккинчи ўринда эса бўри ейди,» дея ҳазил қилди Холли. Стол гўштли овқатлар билан тўла эди. «Чинор» ресторанида бир кило гуручга бир кило қўй гўшти солиниб, ош қилинади. Яна устига бедана юмуртоси билан қази қўйилади. Бомба калория. Овқат еб бўлинганидан кейин, деновлик официант бача чарм китоб ичига счет қоғозини солиб, столга қўйиб кетди. Табиатан жўмард Холли учун ҳам бу хисобдаги рақам анчайин катта эди. Икки киши еган овқатга шунча пулми? Ичи зил кетганини хотин олдида билдиришни истамаган Холли чарм китоб орасига картасини қўйиб, деновлик бачага берворди. Электросетдан февраль ойи учун олган ойлигининг ярми ресторан учун сарф бўлган эди. Ҳикоянинг қолганини Холлининг ўзидан эшитинг.

«Наҳотки, эркак киши бўлиб, умрим муҳтожликда ўтса? Ярим ойлигим ресторанда хотин билан емак ейишга кетса. Шуям хаëтми? Ҳали чиқишда мошинани парк қилган бачага чойчақа беришим керак. Байрам куни уйга меҳмон келиши мумкин. Холодильникни тўлдириб қўйиш керак. Раҳматли Тўлғоной аммам шу 8 март байрамида уйда катта дастурхон тузаб қўярди. Институтнинг музика факультетида ўқийдиган қизлар ва ўқитувчилар келарди. Қизиқ,Тўлғоной опам қанча ойлик оларди? Ўзи оддий ўқитувчи эди. Майли у пайтлар арзончилик эди. Фаррошнинг ойлигига 20 шиша ароқ берарди. Хотиним столда ейилмай қолган овқатларни ўратиб олди. Эртага иситиб еймиз деб. Мен аралашмадим. Ўзимга қолса, ҳеч қачон бундай қилмайман. Деҳқонободликнинг дастурхонидан қолган гўшт ва суякка маҳалланинг саккизта ити тўяди, деган ақиданинг пучга чиқишини истамасдим. Уйга кетяпмиз. Вивальди каби улуғ бастакорнинг онаси исмини ташиган Комиллахон, орқа ўриндиқда бир даста қизил гулни ушлаб, шодон ўтирибди. Ҳе энангни сени¸ бу гулни пишириб ейсанми деб, қулоғининг ортига шапалоқ тортгинг келади. Майли, байрам ўтсин, кейин кўради энасини.»

Тоғ чўққисидаги қарчиғай

Рестораннинг қимматлиги Холлининг миясида саволлар пайдо қилар эди. Холли йилда бир марта ресторанга оғринмай кириш учун ҳам топиш тутиши камлигини билиб эзилди. Йигит муҳтож бўлмасин. Бўлибам деҳқонободнинг йигити. Бургут ва қирғий тоғда яшайди¸ калтакесаклар эса чўлда. Тоғ одами сахий ва бой бўлишини отаси Қувондиқ ака мисолида кўрган эди. Қувондиқ аканинг хотини Холлига иккиқат бўлганида дўхтирлар, бола тушиши мумкин деб, хавотир билдиришган эди. Қувондиқ ака бўлса, агар болам соғ салим туғилса, ховлидаги икки қўчқорни биратўла сўйиб, хомталаш қилиб, элга тарқатаман, деб ният қилди. Холлининг тежамкор энаси эрига эътироз билдириб, биттасини сўйсангиз ҳам бўларди деганида, эшитадиганини эшитди. Холли туғилганида деҳқонободликлар этга тўйди. Ҳикояни қолганини Холлининг ўзидан эшитинг.

Шики шики мадам

Энг камида отамдек жўмард бўлишим учун ойига 800 доллар топишим керак. Бу юриш бўлмайди. Бўш қоп тик турмайди. Пулинг бўлмаса, хотининг ҳам сени бир тийинга олмайди. Кеча муштдай ўғлим балконга чиқиб, қўшнининг «Каптива» мошинига суқланиб қараб ўтирибди. Қулоғидан тортиб, кўтига бир шапалоқ туширдим. «Ҳеч қачон суқланма, болам. Қотган нон есанг ҳам бировнинг дастурхонига қарама. Ориятли камбағал бўл. Бировдан қолган сарқитни шоқоллар ейди.» Кошки тушунса бу гапларни. Аммам менга йтганди бу гапларни. Бизнинг уруғни энг машхур қилган одам аммам эди. Аммам мағрур¸ кибор ва қўли очиқ эди, раҳматли. Аммам тушимга кириб, муаммомни бир телефон билан ҳал қилганига эртага роппа-роса бир ой тўлади. Эҳ амма. Кошки бойиб қўлим узун бўлса, шартта билет олиб, Чехияга учардим. Энг зўр отелда қолиб, Прага филармониясида симфоник оркестр ижросида Вивальди концертини томоша қилардим. Дарвоқе, бугун кун бўйи муаммомни ҳал қилган қадимий коса ҳақида ҳам ўйладим. Агар коса мен туғилган қулқишлоққа оид бўлса, у Тошкентнинг арча кўчасидаги Сотволди аканинг токчасида нима қилиб юрибди? Бир клиентни арча кўчасига ташаб қўйдим. Ўша кўчадаги «карваш», яъни мошин ювадиган мойка олдида тўхтаб болларга мошинни ювдиришга бердим. Ўша ерда бир қари, собиқ алкаш бобой шўпирларга дуо қилиб, пул ундириш тизимини йўлга қўйган эди. «Дўда, сиз шу махалладанмисиз?» деб сўарасам, «Мен коренной тошкенликман. Сенга ўхшаб, пойизга осилиб кемаганман. Арча кўчада туғилдим. Маштда ўламан. Мен ўқиган дуо гаини кўзини кўр қилади¸ радарларниям куйдириб юборади,» деди. Мен бу дўдадан, «Сотволдиакани танийсизми?» деб сўрадим. «Сотволдими? Ҳа танийман. бир пайтлар чашма деган винони икки киши бўлиб ичардик. Арзон тушсин деб. Алкашлар уч киши бўлиб ичарди 20 тийиндан йиғиб. Сотволди билан биз 30 тийиндан ташашиб бир шишани бўшатардик. Сотволди уйига сани юртингдан кеганларни кирага қўярди. Истудент сурқаш болларни. Бир марта кира пули бермаган болани ëмон сўккан. «Сани тагинг паст. Қулсан. Қишлоғингди отиям қулқишлоқ,» деб. Ўша болани ҳайдаворган. Бечорани қишлоқдан обкеган сопол косасигача обқоган маши Сотволди бўлади. Аммо ичволиб, роса қўшиқ айтарди.»

Шундан кейин дуо бизнеси билан шуғулланадиган дўда столда турган тарелкани олиб, қошиқ билан уриб қўшиқ айтиб бошлади. «Эхх, шики шики Сотволди. Яримтани отволди. Яримтани отволиб, тўйхонада ëтволди. Шик шик мадам шик. Шик шик мадам шик.» Мошин ювадиган боллар қийқириб кулиб томоша қилишди. Битта крутой шўпр дўдага пул қистирди. Дўда пулни олиб кўзига суртиб чўнтагига солиб қўйди. Менга қараб: «Сен мана шу мойкани сотволмайсанми? Роса баракали¸ пулли жой,» деб қолди. Дўдани айтишича, мойкани эгаси Исроилга кетибди. Ўша ерда Фаластинга гуманитар ëрдамга берилган гўштни ярим нархида араблардан олиб, жуҳудларга килоси 10 доллардан сотаркан. Мен ҳайрон бўлдим. Чунки бу мойкада оқ дўппи кийиб, вовчик соқол қўйган боллар ишлайди. Эгаси икки ходка умра бир ходка ҳаж қилган ҳожиака. «Бу одам мусулмонлар душмани бўлган Исроилда нима қилади?» Дўда буни менга қозоқнинг тўққиз пулидай қилиб тушунтирди: «Хожи. Мойкани эгаси. 1963да туғилган. Ўша йили архивда пожар бўлиб документлар ëниб кетган. 10 минг кўкидан берсангиз, архивдаги метрика оригиналига жуҳуд деб ëзиб қўйишаркан. Кейин шу документ асосида Исроил элчихонасига бориб, мен жуҳудман, тарихий ватанимга кетишни хохлайман деб, очиритга ëзиласиз. Улар ўзлиги текширади ким жуҳут ким жуҳутмаслигини. Ҳожининг документи положительний чиқди. Бухарский еврей, деб оформления қилиб кетди. Бен Гурион аеропортида срази Исроил паспортини оволипти. Подьëмний пул¸ бошламасига текин квартира. Текин овқат учун талон. Хуллас, ҳожининг иши беш. Кейин қолаверса, Қуддуси шариф аслида мусулмонларники.»

Мен мошин ювадиган боллардан, мойка сотиладими, деб сўрадим. Улаар менга кўчмас мулк олди соттиси билан шуғулланадиган хотиннинг номерини беришди. Ярим украин¸ ярим венгер хотин экан. Исми Анна. Тасодифни қаранг. Антуан Вивальдининг севимли хонимининг исми ҳам Анна бўлган. Мойкани сотишга ўртакаш бўлган Анна эса ўрта бўй¸ каптар кўкрак. Яшил кўзлари чақнаб турибди. «Бўладиган нархи 50 минг доллар. Сиз бу пулни икки йилда чиқариб оласиз. Расходдан ташқари йилига 30 минг пойда келтиради. Ишонмасангиз бир кун мониторинг қилинг.» Ҳисоблаб кўрсам, роса фойдали бизнес кўринди. Аммо 50 минг доллар қани? Ким беради менга у пулни?

Рассом Туз

Давоми бор

Тағин ўқинг
14 декабр 2016
Ўзбекистон Олий Мажлиси сенати ва Қонунчилик палатасининг қўшма мажлисида Абдулла Орипов номзоди Бош вазирликка тасдиқланди. Телекоммуникация соҳасидаги коррупциялар боис ...
4 март 2016
Ўтган февраль ойида ҳам Ўзбекистон телеканаллари “эски ашулалари”ни баралла куйлашдан чарчамади. Яъни телеканалларнинг бош мавзулари яна ўша “маънавиятни юксалтириш”, ...
24 июн 2019
Ўзбек футболи тарихидаги “номи қоралар” рўйхатида биринчилар қаторида турадиган Самвел Бабаян мамлакатнинг бели энг бақувват футбол клубларидан бири – ...
29 ноябр 2021
Тармоқларда яланғоч видеоси тарқалгани ортидан Тошкент вилояти Ўртачирчиқ тумани ҳокимлиги биносида 3 декабрь куни бўладиган йиғилишда 43 ёшли депутат ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...