Асосий мавзулар
8 феврал 2022

Шиппак отган блогер президентни ҳақоратлаганликда айбланиб қамалди

2022 йил 3 февраль куни жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп тумани суди маҳаллий блогер Собиржон Бобониёзовни Ўзбекистон президентини ҳақорат қилишда айбдор деб топиб, уни 3 йилга озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм чиқарди. 

Суднинг “Элтуз”да мавжуд ҳукмидан англашилишича, 2021 йил 18 апрель куни блогер телеграм ижтимоий тармоғидаги “Блогерлар бирлашмаси” гуруҳида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ва амалдаги давлат раҳбари Ш.Мирзиёевни “ҳақоратловчи ва фаолиятини обрўсизлантирувчи” 2 та видеофайл ва 2 та аудиофайл қолдирган. 

Ҳукмдан маълум бўладики, Собиржон Бобониёзов бу “жинояти”ни маст ҳолатда содир этган. 

Ҳақорат эпизоди ўқувчига тушанарли бўлиши учун айблов хулосасининг шунга тегишли қисмини айнан келтирамиз: 

…Ўзбекистон Республикаси президентини сука қизини с….й деб ҳақорат қилгани аниқланди. Телеграм гуруҳга юборилган видеода Бобониёзов “шиппакнинг бир пойини ерга отиб юбориб, ушбу шиппак Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти И.Каримов эканини билдирган, шиппакнинг иккинчи пойини ерга отиб юбориб, ушбу шиппак Ўзбекистоннинг ҳозирги президенти, президент Каримовнинг шогирди Ш.Мирзиёев эканини гапириб, шундан сўнг иккала шиппакнинг ўртасига тупуриб,уларга нисбатан ўз муносабатини билдирган.

Хоразм вилоятилик блогер ютубда “Sobirjon Shavkatodich” номли канал очиб, асосан, ўзи яшаб келаётган Ҳазорасп тумани бозорларидаги нарх-наво ва бошқа воқеликлар ҳақида маълумот жойлаштириб келган. Каналда қарийб 23 мингга яқин обуначиси бор.

У телеграм тармоғидаги “Хоразм блогерлари” гуруҳига аъзо бўлган. Бу гуруҳда блогерлар фаолияти йўналишлари, каналларни қандай ривожлантириш, обуначилар сонини кўпайтириш каби масалалар муҳокама қилинган. 

Кейинчалик номини “Блогерлар бирлашмаси” дея ўзгартирган гуруҳда эса, Собиржон Бобониёзовнинг судда берган кўрсатмасига кўра, 20 дан ортиқ шахс мавжуд. Уларнинг баъзилари асли ўзбекистонлик, ҳозир хорижий давлатларда яшаб келаётган кишилардир. 

“Ушбу шахслар Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатидан норози бўлиб, турли фикрлар билдириб, бир-бирлари билан ёзишмалар қилгани гувоҳи бўлганман”, дейилади блогернинг суд ҳукмида келтириб ўтилган кўрсатмасида.

Бевосита айбловга асос бўлган воқеалар эса, юқорида эслатилганидек, 2021 йил 18 апрелда бўлиб ўтган. Собиржоннинг судда айтишича, у шу куни уйида усталар билан ароқ ва пиво ичиши оқибатида маст бўлиб қолган. 

Шундан сўнг “Блогерлар бирлашмаси” гуруҳи аъзолари Ўзбекистон сиёсатидан норози бўлиб, турли фикрлар билдириб, ёзишмалар қилаётганини кўриб қолган.  

Ишсизлик, баъзи жойларда табиий газ йўқлиги, автомобиль йўлларининг таъмирталаблигидан жаҳли чиқиб, шиппагининг бир пойини отиб, бу И.Каримов экани, бошқа пойини отиб, бу Ш.Мирзиёев эканини айтган ҳолда бу ишларини видеога олган ва гуруҳга жойлаган. 

“Шунингдек, Ш.Мирзиёев шаънига ҳақоратли сўзларни айтиб, аудиофайллар ҳам жойлаган”, дейилади суд ҳукмида. 

Суд материалларидан маълум бўлишича, суд жараёнида блогер аслида Ўзбекистон президенти Ш.Мирзиёев ва унинг давлат сиёсати, ислоҳотларига эътирози йўқлигини, ҳатто сўнгги президент сайловида унга овоз берганини эътироф этган.

Суд ҳукмида асли хоразмлик, айни пайтда Францияда истиқомат қилиши айтилган Отабек Зокиров исмли блогер тўғрисида ҳам маълумотлар мавжуд. 

Ҳукмда “Блогерлар бирлашмаси” гуруҳи аъзоси Отабек Зокиров ўзининг ютубдаги каналида президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсатини қораловчи материаллар жойлаштиргани жиноят сифатида талқин этилганини англаш мумкин. 

Чунки унда Отабек Зокиров ҳақида гувоҳлик берган маҳаллий блогерлар у амалдаги давлат раҳбарини ҳақоратлаш, давлат сиёсатини қоралаш тўғрисидаги материаллар эълон қилиб келганини айтгани кўп жойда эслатилган.

Қолаверса, Францияда яшовчи блогернинг сиёсий гаплар айта бошлагани ҳақида сўз борадики, ҳукмни ўқиган одам гўёки Ўзбекистонда бундай фикр билдириш мумкин эмаслиги тўғрисида тасаввур пайдо бўлади.

Судга тортилиши ортидан, ҳукмда айтилишича, Собиржон Бобониёзовга нисбатан 2021 йил 28 октябрь кунидан гаров эҳтиёт чораси қўлланилган. 

Хуллас, жорий йил февралида Ҳазорасп суди блогерни Жиноят кодексининг 158-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топиб, уни 3 йил озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм чиқарди.

ЖКнинг 158-моддаси 3-қисмида Ўзбекистон Республикаси президентини омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш, шунингдек, матбуот ёки бошқа оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникация тармоқларидан ёки интернет ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда уни ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилишда айланганлар уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўрсатилган. 

Ўзбекистонда сўнгги вақтларда блогерларнинг овозини ўчиришга уринишлар бўлаётгани айтилмоқда.

Хусусан, ўтган йили 10 майда Сурхондарё вилояти Музработ тумани суди блогер Отабек Сатторийни 6,5 йилга озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм чиқарган эди. 

Ўша йилнинг 15 июлида эса апелляция инстанцияси дастлабки суд ҳукмини  ўз кучида қолдирганди. 

Мустақил журналистлар ва халқаро ташкилотлар блогернинг танқидий чиқишлари амалдорларнинг кирдикорларини фош этгани унинг қамалишига сабаб бўлганини айтиб келади.

Жорий йил январда эса “ЛГБТ тарғиботчиси” сифатида кўриладиган блогер Миразиз Бозоровга нисбатан суд 3 йилгача озодликни чеклаш жазоси тайинлади. 

Eltuz.com

Тағин ўқинг
27 апрел 2017
Нотаниш аёлларнинг уйига бостириб келиб жанжал кўтариши ортидан Президент порталига мурожаат этган хоразмлик Шукуржон Мадраҳимова 27 апрел куни Вилоят ...
24 сентябр 2015
Ўзи мустақилликдан кейин туғилган, мажбурликдан Россияга ишлаш учун келган ёш юртдошимиз «СССР даврида ҳаммаси яхши эди» деди ярим алам ...
5 январ 2016
Янги ҳамкоримиз бизга жўнатган илк ҳажвий сурат «Каримовнинг амал курсиси» деб номланади. Elsevar тахаллуси билан ижод қилишни маъқул кўрган ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...