Интим чиқишлари учун айбланган блогер «Асалхоней» ўлдириб кетилди
Ижтимоий тармоқларда «Асалхоней» номи билан танилган 30 яшар блогер Асал Хўжаева ўз уйида ўлдириб кетилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу хабар юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизматига алоқага чиқди. Шаҳар ИИББ Ахборот хизмати Асал Хўжаевани ўлдириб кетилганини тасдиқлади.
Ҳолат юзасидан прокуратура иш олиб бормоқда. Аниқланишича, жорий йил 18 март куни Яшнобод тумани, Махтумқули кўчасидаги уйда А.Х.нинг мурдаси қотиллик аломатлари билан топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноятни фош этишга қаратилган тезкор-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Элтуз” мухбирига берган оҳирги интервьюсида Асалхоний интим блогерлик ва жинсий хизмат кўрсатишни тўхтатишини айтган эди.
– Энди фоҳишалик қилмайман. Ота-онамнинг олдида изза бўлдим. Қизим ҳам катта бўлиб қолган. Вақти-соати келиб инстаграм саҳифасидаги расмларимни ҳам ўчираман. Ҳуқуқларим ҳеч қачон қонун доирасида ҳимоя қилинмаган. Ҳар доим топталганман, деб биламан. Уйимга келиб, пул талаб қилган ва менга жароҳат етказган йигитларга ҳам ҳеч қачон, ҳеч қандай жазо қўлланмаган эди. Бундан ташқари, куч тизилмалари шаъним топталиши билан боғлиқ ўнлаб ариза ва шикоятларимни кўриб чиқмаган. Айб эса доим мендан қидирилган.
2020 йили Асалхоний икки маротаба Мирзо Улуғбек тумани ИИБга чақирилиб, унга расман огоҳлантириш берилган. Ҳовузда чўмилгани ҳолати акс этган, турли кийимларда тушган шахсий суратларини эълон қилгани учун огоҳлантирилган.
Сўнг бутун халқдан узр сўраттирилган. (Масаланинг иккинчи томони бор – узр сўраттирилди-ю, суратларни профилидан ўчириш сўралмади. Бу билан бирор нарса ўзгарадими?
-Ўзбек қонунчилигида вояга етган фуқароларга ижтимоий тармоққа эротик расм жойлашга ҳеч қандай тақиқ қўйилмаган. Қолаверса, жойланган эротик расм ва видеолар учун жавобгарликка тортиш кераклиги ҳеч бир қонун ҳужжатида ўз аксини топмаган. Фуқародан халқдан узр сўраттириш ҳеч қайси ИИБ ходими ваколатига кирмайди”, дейди “Элтуз”га бу ҳақда тушунтириш берган ҳуқуқшунос.
Ноябрь ойи бошида ўзбек интернет сегментида Асал Хўжаевага боғлиқ яна бир воқеа овоза бўлди. Бу гал унга бемаҳалда қўнғироқ қилган эркак кишини ҳақоратлаганлик ва суҳбатни интернетда эълон қилиб, уни обрўсизлантирганлик айби қўйилди.
Гўёки уни одобга чақириб қўйиш мақсадида қўнғироқ қилган навбатдаги мижоз – касби сартарош бўлган 30 ёшли Муроджон Абдуллаевга Асалхоний “200 доллар пулинг бўлса кел. Бўлмаса…”, деб сўкиниб кетади. Воқеа 2020 йилнинг 31 октябрь кечки вақт содир бўлган.
– Камига бу мулоқотимизни ўзининг инстаграмдаги шахсий саҳифасига жойлаб, номеримга қўшиб оммага намойиш этганини ҳазм қилолмадим. Олиб ташла, десам ҳам олмади. Сўнг ИИВга қўнғироқ қилишга мажбур бўлдим, – дейди жабрланувчи Муроджон Абдуллаев.
Ушбу иш Мирзо Улуғбек тумани маъмурий судида кўриб чиқилиб, Асал Хўжаева Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс асосида шахсни қасддан камситиш, ҳақорат қилиш, майда безорилик бўйича 5 сутка маъмурий жавобгарликка тортилди.
Икки кун ўтмасдан кассация тартибидаги судда Асал Хўжаеванинг вояга етмаган (10 ёшли) фарзанди борлиги ва қилмишидан пушаймон экани инобатга олиниб, муддатдан олдин озод этилди.
Асалхоний озод этилган кундан яна ижтимоий тармоқда чиқишлар қила бошлади. Унинг озодликка чиққанини эшитган оломон Асалхонийни ҳақорат қилишга тушди. Унга қўшиб судьялару ўзбек қонунчилиги ҳам қолмади. Асалхонийнинг эски видео, аудио ва расмлари интернетда айлана бошлади ва у аёвсиз сазойи қилинди.
“Элтуз” мухбири Асалхоний билан унинг ўлимидан анча олдин телефон орқали боғланганида, у келажакдаги режалари билан ўртоқлашган эди.
– Банкда сақлаб қўйган пулим бор. Уни айлантириб, бирорта тадбиркорлик ишини бошлашим мумкин. Тошкент шаҳрида ижарага бериб қўйилган гўзаллик салоним бор. Балки уни ўзим юритарман. Хорижга чиқиб кетмайман, деб яқинларимга сўз берганман. Аммо шунақа таъқиблар, тазйиқ ва оммавий сазойилар бўлаверса, Қозоғистон ёки Россияга кетишим мумкин”, деган эди Асал Хўжаева Элтузга берган суҳбатида.
Эндиликда Асалхўжаеванинг вояга етмаган қизи етим қолган. Воқеа тафсилотлари ўрганилмоқда.