Коррупцияга қарши кураш идораси деворига пора орқалаган «Шум бола» расми чизиб кетилди
Тошкентдаги Коррупцияга қарши кураш агентлиги биноси ҳовлиси деворида 26 апрел куни Ўзбекистондаги коррупция ҳажв қилинган янги расм пайдо бўлди. Унда қоп орқалаган «Шум бола» образи акс этган. Қопга «Коррупция» (Сorruption) деган ёзув ёзилган.
Расм муаллифи Тошкентдаги расмий идоралар деворларга монополия, бензин нархига доир ҳажвий-танқидий суратлар чизиб кетиши билан танилган, асосан тунда ижод қиладиган Inkuzart тахаллусли кўча рассоми Абдурахмондир. У Ўзбек Бенкси номи билан ҳам машҳур.
Одатда Абдураҳмоннинг айрим сиёсий долзарб деворий расмлари уч тўрт кун ўтмай деворлардан ўчириб ташланади.
Масалан, жорий йилнинг 19 ноябрь куни Тошкентнинг Учтепа туманида “Ўзбекнефтгаз”га қарашли ёқилғи қуйиш шохобчаси яқинидаги бино деворига ишланган Абдураҳмоннинг бензин нархлари ошганига оид янги асари пайдо бўлишидан кўп ўтмай оҳак билан оқланиб ўчирилган.
Бу галги расмда бензин тўппончасини пешанасига тираб отаётган, ўзбек дўпписидаги одам акс этган эди.
Бироқ «Ўзбекистон янгиликлари» сайти берган хабарга кўра, Коррупцияга қарши кураш агентлиги рахбари Акмал Бурхонов рассомни қўллаб қувватлашини билдирган.
Бурхонов ўз баёнотида, Inkuzart креатив тарзда графити чизиб, барча ватандошларни коррупцияга қарши курашга чақирганини ҳам айтган.
Айн и пайтдла Ўзбекистон коррупция индекси бўйича Transparency International 2021 йил эълон қилган сўнгги статистикага кўра 28 балл билан 180 мамлакат ичида 140 ўринда қолмоқда.
Transparency International 2022 йилнинг 29 мартида эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистонда коррупсияга қарши ислоҳотларнинг муваффақиятига тўсқинлик қилаётган талай муаммолар қайд этилган.
Жумладан мамлакатда кенг тарқалган непотизм; муассасалар ишига сиёсий аралашув; коррупцияга оид жиноятлар учун жазосиз қолиш; давлат харидлари ва давлат секторида бандликка оид қонун ҳужжатларининг мукаммал эмаслиги; Ахборотга кириш билан боғлиқ муаммолар ва бундай киришни рад этиш ҳолатларини суд томонидан текширишнинг самарасизлиги; жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича қонунчиликнинг номукаммаллиги (масалан, давлат мансабдор шахси таърифининг йўқлиги) қайд этилган.
Халқаро экспертлар айрим ислоҳотлардан кейин ҳам Ўзбекистонда коррупция билан боғлиқ аҳвол анча жиддийлигича қолаётганини айтишади. Элтуз ўз манбалари орқали рассом Инкузартнинг коррупцияга оид янги расми 26 апрел куниниг иккинчи ярмида ҳам хали ўчирилмаганини аниқлади.
Эслатиб ўтиш жоиз, бундан илгари Тошкентда Абдураҳмоннинг Ўзбекистондаги автомобиль бозори монополиясига бағишланган расми ҳам ўчирилган, бироқ кейингисидан сал узоқ “умр кўрган” эди.
АҚШнинг Тошкентнинг Чилонзор даҳасида жойлашган собиқ элчихонаси деворида шу йилнинг 3 сентябрида рассомнинг автомобиль хариди учун турнақатор навбат акс этган асари пайдо бўлган, бироқ кўп ўтмай у ҳам ўчирилган эди.
Жорий йилнинг 27 июнь куни пойтахтнинг Чилонзор туманидаги бинолардан бирининг деворига Леонардо да Винчининг стрит-арт услубида ишланган “Мона Лиза” асари ўчириб ташланганди.
Айни пайтда Тошкентлик кўча рассоми Абдураҳмоннинг 15 тадан ортиқ деворий расми ҳали ўчирилмаган, улар орасида ўзбек тили ҳимоясига бағишланган, қатағон қурбонлари Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат ва Чўлпонларнинг деворий портретлари бор.
Eltuz.com